Иблис девори (3-қисм)

0

Ободхонда ҳам қўрқув уйғона бошлаганди, лекин вақтида ўзини
қўлга олишга унинг қурби етди. Ҳозиргинада уларга бас келаман, деб ўйлаган Ободхон бирдан тўнини ўзгартиди-да, йиғламсираганича ялина бошлади. “Милицияда ишлаган укасини
террористлар ўлдириб кетишганини” айтатуриб кўзларига ёш ҳам келди.Бу гапларни эшитиб ажабланаётган Махсума ўзининг “террористлар ўлдириб кетган милиция ходимининг беваси, бу
хотиннинг эса келини”эканини билиб “йўғ-е!” деб юборишига сал қолди. Хуллас, бешта етимчанинг оч-наҳор ўтириши айтилгач, дағдаға қилаётган йигит сал юмшагандай бўлди.
-Майли, етимларнинг ҳақи бор экан, қўйиб юбораман. Лекин изларингдан тушганимизни хўжайинлар кўришган. Бизга пулларинг керакмас, хўжайинлар “ўзлари олиб еб кетишди”,
дейишмасин.
“Хўжайинларга аталган” пуллар берилгандан кейин кажава эгалари билан келишилди.
Нариги қирғоққа ўтилгач, Ободхон “Худога шукур”, деб чуқур нафас олди-да, ҳамроҳига қаради:
-Оповси, ҳисобли дўст айрилмас, деган мақол бор. Шу ергача бўлган ҳаражатларнинг ярмини бериб қўйинг, – деб қанча бериши лозимлигини айтди.
-Опа, тенг ярмини бераманми, менинг молим озроқ-ку? – деб эътироз билдирди Махсума.
-Улар молнинг оз-кўпига қарашдими, оповси, битта қопга ҳам ўнта қопга ҳам шу пул, – деди
Ободхон зарда билан.
-Опа, битта нарса қизиқ, а? Милисанинг кийими бору погони йўқ? – деб сўради Махсума пул санай туриб.
Ободхон ваҳимада бунга эътибор бермаганини англаб, афсусланди, бироқ, айбини тан олгиси келмади:
-Бу ёқ бошқа давлат, уларнинг формаси ўзи шунақа, – деб қутулмоқчи эди, ҳамрохининг бу гапга ишонқирамаётганини сезиб қўшимча қилди:-Нима, бизни лақиллатмоқчи бўлишди,
демоқчимисиз? Мен шунчалик меров эканманми? Агар ниятлари ёмон бўлса иккаламизни шарт бўғиб сувга ташлашарди, молларимизни бўлволишарди. Биз берган сариқ чақага қаноат
қилишмасди. Бунчалик содда бўлаверманг, оповси.
Сийрак дарахтзор ортидаги икки машинага кўзи тушиб Ободхон қувониб кетди.
-Ҳайрият-ей, ўзимизникиларга етиб келдик. Бу ёғи энди бир қадам.
Соҳил томон қараб турган йигитлардан бири уларга яқинлашди:
-Эрталаб Худо деб чиқувдим, пешонаси ярқираган йигитманда, энди бўш бўлсам ҳам қайтавераман, деб турувдим, Худо сизларни етказди. Қани, юкларингизга ёрдамлашворай, – у шундай деб катта халталардан бирини кўтармоқчи бўлди.
-Олдин ҳақини келишиб олайлик, – деди Ободхон уни тўхтатиб.
-Опахон, хақи от билан туя бўлармиди. Дунё кўрган одамга ўхшайсиз. Ўзингиз кўнгилдан чиқариб, билиб бераверасиз. Барибир бўш кетмоқчийдим.
Арзон киракаш йўлиққанидан қувонган Ободхон “Нарёқдаги чиқимларни худойим бу ёқдан қоплайдиган бўлди”, деб шукур қилиб қўйди. Машина катта йўлга чиққач, шаҳар томонга эмас, чегара постига бурилгач, Ободхон хавотирланиб:
-Ҳа, қаёққа? – деб сўради.
-Атаганимни бериб кетай. Уларнинг ҳам нафси бор. Кунликни кунлик бериб турмасам, эртага тутун қайтариб, тирикчилик қилишимга йўл беришмайди, – деди йигит нолиган оҳангда.
-Унда жудаям яқин борманг, берироқда тўхтанг, – деди Ободхон.
-Ҳавотирланманг, бу ердагиларнинг ҳаммаси ўзимизники.
Йигит ёлғон сўзламаганди. Чиндан ҳам бу ердагиларнинг барчаси ўзига тегишли идора одамлари эди. У машинадан тушиши билан тўрт йигит яқинлашиб, эшикни очишди:
-Опажонлар, яхши етиб келдингларми? – деб ҳол сўраган бўлиб, ҳужжатларини кўрсатишди. Уларнинг погони ҳам, ҳужжати ҳам бор эди. Ободхон “Худо урди!” деди-ю, уввос тортиб
йиғлаб юборди. Йигитлар унинг овунишини кутмай, молларни тушира бошлашди. Кундузги ўғирликка доир ҳужжатларни расмийлаштириш билан овора бўлган Тўлқин уйига
кеч қайтди. Дарвоза эшигининг қия очиқлигини кўриб, ажабланди. Унинг ишдан кўпинча кеч қайтишига кўникиб қолишгани учун эшикни доимо қулфлаб қўйишар, у бошқаларни безовта қилмаслик мақсадида ўзининг калити билан очиб кирарди. “Меҳмон келиб, мени кутиб ўтиргандир”, деган фикрда остона ҳатлаши билан укасининг уйи томондан келини Ободхоннинг ўкраб йиғлаган товуши эшитилди-ю, баданига муз югурди.
-Вой энди нима қиламан, вой Худо уриб қўйди-ей!
“Кимдир ўлдими? Ким?” – Тўлқиннинг хаёлига келган биринчи савол шу бўлди. Шубҳасизки, у келинининг ўн дақиқа аввал бунданда аянчлироқ фарёд билан уйга кириб келганидан
бехабар эди. Ободхон азага келган хотиндек дод солиб остона ҳатлаганида чап томондаги уйда эри, ўнг томондаги уйда овсини Робия қўрқувдан тахтадек қотиб қолган эдилар. Бу фарёд қўлдан кетган молга очилган аза эканини билган Робия ичида “Ҳа, пулам ўлсин-а!” деб кўйса-да, қайниси билан биргаликда уни овутишга киришганди. Овунай деб қолган Ободхон фарёдининг сал юмшаган ҳолдаги иккинчи кўриниши бошланганида Тўлқин остона ҳатлаб уйга кираётган эди. Хавотир замбарагидан ўққа тутилган Тўлқин укасининг айвонига қандай югуриб кирганини ўзи ҳам билмай қолди. Уни биринчи кўрган Робия саломлашишни ҳам унутиб, шошилганича:
-Адаси, ҳавотирланманг, Ободхон молларини олдириб қўйибдилар, – деди.
“Э, молинг билан…”, деб ичида сўкинган Тўлқин бир пас шу ерда туришни ҳам, орқасига қайтишни ҳам билмади.
-Худонинг зорини қилдим-а, ер юткурларнинг биронтаси юмшамади. Ха, бўйларинг лаҳадда чиригурлар-а! Одатда келин, айниқса узоқ сафардан қайтган келин қайноғасини кўрганда салом берарди. Ободхоннинг ҳозирги қарғиши салом ўрнига янгради. Келиннинг саломига алик олган қайноға тил учида бўлса ҳам “эсон-омон бориб келдингизми?”-деб қўярди. Салом ҳам йўқ, алик ҳам йўқ. Хол сўраш ортиқча – ҳаммаси шундай билиниб турибди. Тўлқин бирон сўз айтмай, орқасига ўгирилди. Робиянинг эрига эргашиш нияти бор эди, бироқ, ўртадаги меҳр-оқибатга хиёнат қилмай, деб овсинининг ёнида қолди. Бечора аёл, содда аёл! Ака-укалар оиласи орасида мавжудлиги шарт бўлган меҳр-оқибатнинг лаззатли сувини иблис қурита-қурита саҳродаги ташна қудуқ ҳолига келтириб қўйганини у қайдан билсин? Мол
аччиғидаги овсинининг “Бу нега тепамда қоққан қозиқдек туриб олди, эрига қўшилиб гумдон бўла қолмайдими?” деган ўйда ўтирганини билса эди, ярим нафасга ҳам чидамай, юриб эмас,
учиб чиқиб кетарди бу уйдан. Акасининг индамай чиқиб кетаётгани Сатторга малол келиб, унга эргашди.
-Ака, бориб келсакмикин? – деди айвон зинасидан туша туриб.
Тўлқин тўхтаб, ўгирилди. Укасининг мақсадини англаган бўлса ҳам:
-Қаёққа? – деб сўради.
-Чегарага… божхонага.
-Хўп, бординг, дейлик. Кейин-чи?
-Гаплашиб кўрармидик.
-Молини бекорга олиб қўйишмагандир. Ишининг бирон чатоғи бордир, хат-ҳужжат қилиб
кўйишгандир?
-Айланма йўлдан ўтиб келишаётган экан.
-Ана, кўрдингми? Ҳақ улар томонда.
-Ака, шу пайтда ҳақ талашмай туринг. Ўша айланма йўлдан кунига миллионтаси ўтади. Иш чувалашмай туриб, бориб кела қолайлик.
-Қизиқсан. Менинг боришимдан нима фойда? Мен чегарачи бўлмасам, божхонада ҳам  ишламасам. Кичкинагина бир милиса бўлсам…
-Ўша ерда ҳам ўзингизга ўхшаш “кичкинагина” милиса бордир, эҳтимол таниш чиқиб қолар. “Кичкинагина милиса” баъзан катта муаммоларни ҳам ҳал қилиб ташлайди.
-Шундай абжир хотининг эплай олмаган ишни иккаламиз эплай оларканмизми, эсинг борми?
-Ака, бир иш тушганда қайсарлик қилмай, хўп дея қолсангиз нима бўларкин?
-Хўп, укажон, сен учун минг марта хўп. Лекин ҳозир ҳеч қаерга бормайман. Эртага суриштириб кўраман.
-Унда кириб “ёрдам бераман”, деб келинингизни овутиб қўйинг.
-Хотининг қуруқ гапга овунмайди. Молини олмагунича ўзи ҳам тинчимайди, сени ҳам тинчитмайди, – Тўлқин шундай деб уйи томон юрди-да, баландроқ овозда хотинини чақирди:-
Ишдан келган эрига чой-пой берадиган инсофли хотин борми бу уйда?
Тўлқин “сени ҳам тинчитмайди”, деб сал адашди. Келгуси кунлар ичи ўзининг ҳам ғалва тўфонига учрашини билганида “Ҳаммамизни тинчитмайди”, дермиди. У савдо аҳлининг бошига
шунақа, ҳатто бунданда баттар ташвишлар тушишини билгани сабабли уларга ҳамдард бўлмади. У ҳам, Робия ҳам буни ўткинчи ташвиш, деб билиб янглишишаётган эди. Бу ташвиш булутининг кўлами ғоят кенг – фақат Сатторнинг эмас, ака-ука хонадонини баравар эгаллаб оладиган эди. Ундан ёғиладиган ҳасрат ва надомат ёмғири ҳам ҳар иккала оилага етиб ортарди.
Бу бало булути, бу ғавғо ёмғири иблис бошлаётган тўю тантананинг даракчиси эди.
***
Шу иморатга дастлабки ғиштлар қўйилаётганда иблис бу уйда ҳам йиллар ўтиб бўлса-да, тўй қилишни ният этиб эди. Ниҳоят, умидига етай деб турибди. Ўттиз тўққиз йил муқаддам шу ерларда иблиснинг қиладиган иши деярли йўқ эди. Бундаги боғлар ҳам, ҳудди жаннатдан қувилгани каби, гўё унга ҳаром этилган эди. Доимий равишда иш билан банд боғбонлар дам олишга ўтирган чоғларида иблис уларнинг даврасига яқинлашарди-да, нафасини уфурарди. Уларни ғийбатга тортиб, лаззатланиб кетарди.
Катта шаҳар зилзиладан бир тебраниб олгач, одамлар атрофга тариқ сингари сочилдилар. Боғлар бузилиб, шаҳарликларга бўлиб берилди-ю, уйлар шитоб билан тиклана бошланди. У дамда Тўлқин тўққиз, Саттор эса беш ёшда эдилар. Тоғли қишлоқдан шаҳарга ўқишга келиб, сўнг олимликни ихтиёр қилган Шавкатга шу зилзила баҳона уй қуриш учун ер ажратиб берилганди. Унга қадар “ичкуёв” мартабасида яшаб келган Шавкатга бу бахтиёрлик саройи эшигининг ланг очилиши бўлди. Ер ажратилган куннинг эртасига Шавкат Фаридани бошлаб келди-да, режасини баён қилди:
-Ўртада дарвозахона, ўнг томонда уч уй бир айвон, чап томонда ҳам уч уй бир айвон қурамиз.
Бу гапни эшитиб иш кўламини кўз олдига келтирган Фариданинг ваҳми келди:
-Сал кичикроқ қилиб қура қолмаймизми? – деди у.
-Бўладиган ишнинг вақтида бўлгани яхши, – деди Шавкат. – Тасаввур қилгин: ўнг томонда катта келининг, чап томонда кичиги “ойижон, чой ичинг”, деб хизматингни қилиб турса…
-Биз-чи,қаерда яшаймиз?
-Бизми?.. Кейинроқ этакка сен айтгандай кичикроқ уйча қурамиз. Баланд бўлмайди, битта зина билан чиқилади. Қариликнинг ҳам ҳисобини олиб қўйганман. Шавкатнинг бу умидида “Худо хоҳласа” деган ниятнинг йўқлигидан мамнун иблис ўшанда
кулиб кўйган эди. Шавкат ўшанда узоқ қариликнинг ҳисобини олиб қўйган эди-ю, бироқ, умрининг қисқа бўлиши, бир йил ичида эр-хотиннинг дунёни ташлаб кетиши мумкинлигини
ўйламаганди. Пойдеворга биринчи ғишт қўйилаётганда ҳам иблис шу атрофда ивирсиб юрган эди. Уста қўлига ғишт олмай туриб хайрли дуо қилаётганида уни титроқ босди. Етти қат ернинг тагига кириб кетай деди. Лекин дуонинг кучини кесиб ташламай туриб нари кетишни истамади. Чидаб, пайт пойлаб, кутди.
-Қани, мулла ака, тангаларни беринг, – деди уста.
Шавкат устанинг кечаги гапи билан тўплаб қўйган тангаларининг ярмини тўнғичига, ярмисини кенжасига берди. Тўлқин тангаларини ўнг томондаги уй бурчагига биттадан қўйиб
чиқди. Уста пичирлаганича дуо қила-қила тангалар устига лой ташлаб, ғишт бостирди. Саттор тангаларини маҳкам чангаллаганича устанинг ҳаракатларига тушунмай қараб тураверди.
-Ҳа, той бола, сен нега пулларингни қўймаяпсан? – деб сўради уста унга кулиб қараб.
-Амаки пулни нега қўйяпмиз? – деб сўради Саттор.
-Таомили шунақа-да, бу уйга Аллоҳ хайру барака, ҳотиржамлик беради. Ака-ука тотув яшасанглар, Аллоҳ сенларни бою бадавлат қилади. Иноқлик бўлмаса – уйдан барака қочади. Саттор “таомил”, “хайру барака” деган сўзларга тушунмасди. Шу сабабли чангалидаги тангалардан ажралишни истамай яна бир оз турди. Шавкат ўғлининг бу ҳолатини англаб кулимсиради-да, қўлидан етаклаб чап томондаги уй бурчагига бошлади. Эвазига қоғоз пул
ваъда қилингач, Саттор тангаларини бурчакларга чаққон равишда қўйиб чиқди. Бу онда кўчанинг нариги бетидаги уй томондан шовқин эшитилди. Уста савол назари билан Шавкатга қаради.
-Ака-укаларга ёнма ён уй теккан экан, – деди Шавкат унга жавобан. – Қозиқнинг ўрни талаш. Ука “ярим қадам нари бўлсин”, дейди, акаси:”тўғри қоқилган, тегма”, дейди. Бир ҳафтадан бери шунинг жанжали.
-Битта ривоят бор, – деди уста, жанжал бўлаётган томондан кўз узмай. – Икки одам шуларга ўхшаб “бу ер меники, йўқ, меники!” деб жой талашаётган экан, ер тилга кириб “Э, нодонлар, талашмаларинг, икковинг ҳам меникисан”, деган экан.
-Яхши ривоят экан, – деди Шавкат мийиғида кулиб. – Аслида одам боласига икки қарич ер кифоя.
-Икки қулоч еру икки қулоч оқ сурп, – деб изоҳ берди уста. – Дунёни талашиб-талашиб етишганимиз шу бўлади. Лаҳадга бир сандиқ тилласи билан қўйилган одамни ким кўрибди?
-Қўйилди, деб тасаввур қилайлик, фойдаси борми?
-Гапингиз тўғри. Энг аввало шу тиллани қандай топганига ҳисоб беради. Шунча тиллани ҳеч қачон ҳалол йўл билан топиб бўлмайди. Демак, йиққан дунёси ўзининг бошига бало
бўлади. Қолаверса, қил кўприкдан тилла тўла сандиқни миниб ўтмайди.
-Фикрингиз хурофот бўлса ҳам қизиқарли, – деди Шавкат.
-Сизга ўхшаган олим одамларнинг шу одатларингиз чатоқ. Қиёматдан гап очилса, дарровда хурофот деб маломат қиласизлар.
-Илм шунақа бўлади, уста ака. Бор нарсани бор деймиз, йўқ нарсани йўқ деймиз. Одам туғилади, яшайди, ўлади. Тамом. Бошқа гап йўқ.
-Мулла ака, мен оми одамман. Гапингизга қарши бўлсам ҳам бир нима дея олмайман. Келинг, мен ғиштимни терай, сиз ўша илмингизни қилинг. Қолганини қиёматда Аллоҳнинг ўзи бир ёқликқилиб олар.
-Яна қиёмат дейсиз-а?
-Мулла ака, сиз ишонган илмингизда қаттиқ турасиз, мен ишонганим Аллоҳдан қайтмайман. Келинг, бошқа гаплардан гапиринг. Биров Аллоҳга қарши бир нима деб қўйса қаттиқ
ғазабланадиган одатим бор. Ишни бошламай туриб аразлашмайлик.
-Жоҳил бўлсангиз ҳам доно экансиз. Тамом. Бошқа гап йўқ.
Ўзига “жоҳил” жандаси кийдирилганидан устанинг астойдил жаҳли чиқса-да, тинчлик сулҳини ўзи таклиф қилгани учун қарши сўз айтмади. Бу орада кўчанинг нариги бетида даҳанаки жанг олиб бораётган оға-инига иблис “сўкиб хумордан чиқармидинг, жағига мушт сол!”, деб акага фитна қилди. Фитна амалга ошгач, укага: “кетмонни олиб елкасига бир туширгин, эси дарров ўзига келиб қолади”, деб васваса қилди.

Тохир Малик