Ҳикоя: Туйғусизлар!..

0

— Кетяпсизми?

— Ҳа.

— Аминмисиз?

— Ҳа.

— Муҳаббатимиз-чи?

— Ўткинчи ҳиссиёт экан. Ўтди-кетди. Сен ҳам шундай қабул қилсанг, хурсанд бўлардим.

Зуҳра бошини қимирлатди.

— Балки, ҳақдирсиз. Эҳтимол, шундай бўлиши керакмиди?..

— Мен билан ҳамфикр эканингдан хурсандман.

— Иккиланмаяпсизми?

— Йўқ.

— Аминмисиз? Балки, ҳаммасини
бошқатдан бошлаб кўрармиз.

— Йўқ! Кутма мени. Қайтишимга умид қилма, илтимос. Ҳаммасини янгидан бошлашга эҳтиёж йўқ.

— Буни қачон англай бошладингиз?

— Сен билан охирги кўришганимиздан сўнг.

— Майли, агар кетишни лозим топган бўлсангиз эътирозим йўқ, аксинча бўлса…

Зуҳра гапини тугатолмади. Юзини кафти билан яшириб олди. Йиғлай бошлади. Йигит уни юпатишни истади. Бошини силамоқчи бўлдию, аммо… дарҳол фикридан қайтиб, қўлини пастга туширди.

Орқасига ўгирилиб, оғир-оғир қадамлар билан кета бошлади. Тайинли юролмади, ер қимирлаётганмиди, оёқ кийими сиқаётганмиди… У тўхтади. Шартта ортига ўгирилиб, унинг олдига қайтмоқчи бўлди. Аммо… қиз жойида йўқ эди.

Қайтадан йўлида давом этди. Уйига келди. Ҳаяжони заминдан каттадек ҳис этарди ўзини. Ярим оқшомгача мувозанатда яшади.

Хаёлини қиз бир зум бўлсин тарк этмади. Безовта эди. Ахир энди у нима қилади? Унинг эгизак опаси Фотима ва йигитдан бўлак ҳеч кими йўқ эди-ку?! Унинг ягона суянчиқлари опаси ва севгилиси эди-ку?!

Ортиқ чидолмади. Телефонини қўлига олди. Ярим тун эканига қарамай, рақам тера бошлади.

У томондан қизнинг овози эшитилди:

— Эшитаман.

— Салом, яхшимисан?

— Салом, ҳаммаси яхши.

— Аминмисан?

— Ҳа, худди ҳеч нарса бўлмагандек. Биласизми, сиз ҳақ эдингиз. Сиз кетганингиздан жуда хафа бўлганимни яширмайман, ҳатто тўйиб-тўйиб йиғладим ҳам. Аммо… кейин тушуниб етдимки, сизга шунчаки боғланиб қолган эканман, холос.

— Мен ҳам шундай ўйлагандим, кейин бирдан фикр келиб қолди. Балки, ростдан ҳам ҳаммасини қайтадан бошлашга  ақалли ҳаракат қилиб кўрсак, маъқулмиди?..

— Бўлиши мумкин эмас. Чунки сизни ҳеч қачон севмаганман. Кеч бўлмасидан англадим буни.

— Ёлғон гапираётганингни биламан. Азобланиш қандай бўлишини кўрсатмоқчисан-а?

— Нега унақа ўйлаяпсиз? Мен ичимдагиларни айтяпман. Агар бошқа гапингиз бўлмаса, хайр. Саломат бўлинг!

Йигит ўпкасини тўлдириб нафас олди.

Қиз алоқани узди. Кейин моргда узала тушиб ётган Зуҳранинг жасадига термилиб деди:

— Сўнгги истагингни бажардим, сингилжон. Энди у сени соғ-саломат деб ўйлайди ва тақдирга тан бериб, яшашда давом этади.

* * *

— Буни қачон англай бошладингиз?

— Сен билан охирги кўришганимиздан сўнг.

— Майли, агар кетишни лозим топган бўлсангиз, эътирозим йўқ, аксинча бўлса…

Зуҳра гапини тугатолмади. Юзини кафти билан яшириб олди. Йиғлади. Севгилиси унинг ёнига келиб бошини силашини, юпатишини истарди. Бироз кутди, бироқ йигит тескари томонга қараб одимлай бошлади. Эҳтимол қайтар, дея бир муддат кутди. Қайтмагаганидан сўнг эса ўрнидан туриб автобус бекатига қараб кета бошлади. Йўл-йўлакай опасига телефон қилди.

Фотима сабрсизлик билан сўради.

— Нима бўлди, гаплашдингми у билан?

— Ҳа. Сендан битта илтимосим бор.

— Нима бўлди? Нима деди у?

— Ажралишдик. Сендан битта илтимосим бор.

— Хафа бўлма, Зуҳра. Уйга кел, ўтириб бафуржа гаплашамиз. Хавотир олма!

— Сендан битта илтимосим бор.

— Қандай?

— У рақамимга қўнғироқ қилганида, менинг ролимни ўйнаб берасан. У билан гаплашасан.

— Тушунмадим?..

— Агар у овозингдан мен эмаслигимни фарқламаса, демак, чиндан ҳам мени севмаган.

— Бу нима деганинг?

— Шундай бўлса, унга айтасанки, мен ҳам уни ҳеч қачон севмаганман. Ҳисларим ёлғончи бўлган. Учрашайлик, деса рад этасан.

— Сен ҳозир қаердасан? Турган жойингни айт!

— Агар овозимизни ажратса, демак, у мени севади. Ўшанда бор ҳақиқатни айтасан. Сўз берасан-а?

— Қанақа ҳақиқат? Нималар деяпсан? Қаердасан ҳозир?

— Сўз бер менга!

— Хўп, сўз бераман. Аммо қаерда эканлигингни айт! Олдингга бораман.

— Ўзингни эҳтиёт қил, опажон. Сени жуда-жуда яхши кўраман. Келиб мени ўзимизнинг истироҳат боғимиздан олиб кет!

Алоқа узилди. Фотима унга бир неча марта, қайта ва қайта қўнғироқ қилди. Аммо телефон хизмат доирасидан ташқарида эди.

Турк тилидан
Ҳумоюн РЎЗИМУҲАММАД таржимаси