Иблис девори (5-қисм)

1

Иблиснинг бир гапини икки қилишни ўзига ор деб билган ука кетмонни қўлига олди. Иблис энди хотинларга: “Шундай томошадан четда турасанларми, аралашларинг, бир-бирларингни юлсаларинг бу дунёдан беармон кетасанлар. Овсинининг сочини юлмаган, юзини тимдаламаган хотин бу дунёда яшадим, демаса ҳам бўлади”, деган қутқу билан уларни ташланишга шай қилди. Аммо кетмоннинг қўлга олиниши Иблиснинг бу режасини бузиб юборди. Аканинг хотини эрини ҳимоя қилиш, уканинг хотини эса эрини бу жиноятдан тўхтатиб қолиш билан овора бўлиб қолишди.
Буни кўриб турган уста қўлидаги ғиштни ташлади-да, жанжалкашлар томон югурди. Уканинг кўлидаги кетмонни бир силташда тортиб олиб четга улоқтирди. Кейин икковини аканинг омонат қурилган чайласи томон бошлади. Хотинларни чайлага яқинлаштирмади. Унда анчагача қолиб кетди. Кейин ёнидаги буклама ўлчагични олди-да, ҳар иккала ҳовлини ўлчаб чиқди. Ҳар ўлчаганда тушунтириб турди. Ниҳоят, ўртага қозиқ қоқди. Ака-ука ихтиёрсиз равишда бир-бирига қўл бериб шу ажримга рози бўлишди-ю, иблиснинг тўйини расво қилишди.
Иблис бунда енгилса-да, кўнглидаги бир ишни бажариб олди: ҳамма жанжал билан овора бўлиб турганида Сатторнинг уй бурчакларига қўйган тангаларига нафасини уфурди.
Орадан ўн тўққиз йил ўтиб, Ободхон айнан шу уйга келин бўлиб тушди. Уста ака-ука жанжалига бефарқ қараган Шавкатдан чинакамига ранжиди. Шомга қадар пойдеворнинг бурчакларини расо қилиб берди. Кечки овқатни емай жомакорини йиғиштирди.
-Мулла ака, менинг ишим ўхшамай қолди. Ўйлаб қарасам, йўл менга узоқлик қилар экан. Мен бир кунлик ишимга розиман, сиз ҳам бир кунлик нон-тузингизга рози бўлинг, – деди-ю,
кетди. Шавкатнинг лафз, оқибат, номардлик деган гаплари жавобсиз қолаверди. Уста Шавкатнинг назарида ғишт терувчилик ҳунари билан рўзғор тебратувчи оми бир одам эди. Шу боис унинг
аҳдини нодонликка йўйиб кўя қолди. Бошқа уста топиш ташвишига йўлиқтиргани учун бир- икки кун орқасидан сўкиб юрди-ю, кейин унутди. Иблис эса устанинг кетганидан ғоят шод эди. Кувонмасинми! Ахир шу уста ишлаётган жойга яқинлашишга юраги дов бермасди. Ғиштни тераётиб ҳар “бисмиллаҳ!” деганида баданига худди ўткир мих қоқилгандай бўларди. Иблиснинг куни туғди. Чунки у одам иблис учун оддий ғишт терувчи эмас, ўн бир ёшидаёқ ҳофизи қуръон мартабасига етган иймон эгаси – Умар қори эди. Ўн бир ёшидан бери иблиснинг жонини қийнаётган уста ўша куни бир янглишди: Шавкатга аччиқ қилиб кетиб қолди. Иймон эгасининг вазифаси аразлаш эмас, даъват қилиб, адашганларни ҳидоят топишларига ёрдам қилиш эканини унутди. Шавкатнинг жоҳиллигига тоқат қилолмади, сабри ожизлик қилди. Бу гуноҳини кейинроқ англаб етди, тавба қилди. Тавбасининг қабул бўлган-бўлмагани бизларга номаълум, валлоҳи аълам!
Субҳи содиқ ҳеч бир хонадонга хиёнат қилмай барчаникига ўз вақтида баравар кириб келади. Бандаларнинг айримлари тонг хушхабарини янги кунга етказгани учун Яратганга шукрлар қилиб кутиб олса, баъзилари тўйиб ухлаб олиш қасдида иблиснинг ҳузурбаҳш чойшабига бурканганича қаршилайди. Ўртаси дарвозахона, икки томони бир ҳилдаги уй ва айвондан иборат, ҳовлининг этаги битта пастак иморат, ошхона, қўйхонадан иборат бу хонадон субҳи содиқ фазилатини айниқса ёз ойлари ҳис қилиб кўрмайди. Фақат наҳорги тўй ёки маърака ошларига бориш баҳонасида турилади. Юз-кўл шошиб-пишиб ювилади-да, худди
дошқозондаги ош у боргунича тугаб қоладигандай йўлга тушилади. Дарвоқе, баёнда адашилди. Бу хонадонда яшовчи биттагина даканг хўроз субҳи содиқни қаршилайди. Қанотларини патиллатиб қувонч билан қичқиргани туфайли уйқуси бузилганларнинг қарғишига қолса ҳам бир неча соат мобайнида ҳовлида яккаҳокимлик қилиб гердайиб юради. Ободхон уйғониб, остонада пайдо бўлиши билан унинг гердайиши барҳам топади. Қирқта товуққа ҳам бас кела оладиган мағрур хўрознинг қип-қизил тожидан қон қочиб, бир томонга шалпайибқолади.
Қуёш терак бўйи кўтарилди. Дастурхон устида нонушта тайёрлаб қўйган Робия ошхонада сомса пишираётган эди. Тўлқин сомса пишишини кутмай мураббо чой ичиб ўтирганида тўнғичи
Салоҳиддин талабалик кийимини кийиб чиқди-да, телевизорни ёқди. Милиция академиясини бу йил битирадиган Салоҳиддин уйига ҳафтада бир-икки келиб турарди. Кеча шом қоронғусида
кириб келганида амакиси оиласининг ташвишидан хабар топиб, ўзича “энди зўр ғалвалар бошланса керак”, деб ўйлаган эди. У отасидан фарқли ўлароқ, ҳар икки оила орасидаги муносабатни зийраклик билан кузатар, келажакда кўнгилни ёритадиган нур кўринмаётгани учун уйга иложи борича кам келишга уринарди. Кеча онаси овсинининг қандай балога учраганини айта туриб “ҳамма умид аданглардан, ёрдам бермасалар биз балога қоламиз,
ўқишингдаги домлаларингдан суриштириб кўргин, уларнинг танишлари кўп бўлади, эрталаб кетишингдан олдин адангларга сенам тушунтир”, деган эди. Салоҳиддин ота-онасининг феълини яхши билгани учун Робиянинг гапига “хўп”, деди-ю, бироқ, мураббо чой ичиб ўтирган отасига индамай қўя қолди. Уйқуси яхши ўчмаган кичик укаси Нуриддиннинг хўроз орқасидан
юришигақараб ўтираверди. Қаршидаги уйда ҳам ҳаракат жонланди. Саттор ётоқхонадан майкачан чиқиб келиб, кечқурун йиғиштирилмаган дастурхон устидаги рангли ширин сувдан ичди-да, керишиб олди. Кейин лабига сигарет қистириб, тутатди. Телевизорни ёқиб, ошхонада турган хотинига:
-Чойни офтобда қайнатяпсанми, бўлсангчи тезроқ, – деди.
-Ҳозир, ҳозирей, газ ўлгурам пасайиб кетди, – деди Ободхон норози оҳангда. Сўнг ўзига ўзи гапиргандай, аммо эри эшита оладиган баландликда давом этди:-Сомса пиширяпти шекилли.
Шу сомсаси ўлгурни бошқа пайтда пиширса бир жойи камайиб қолармикин. Атай қилади бу ўргумчак. Робия қайнота-қайнонасидан қолган ошхонадан фойдаланарди. Гарчи бу ошхона икки оила ҳожатини чиқаришга мослаб кенггина қилиб қурилган бўлса-да, ёғин-сочин кунлари ҳовли орқали қатнашга эринган Ободхон айвоннинг бир четини ажратиб, газ плитаси ўрнатиб олган эди. Пишган сомсаларни икки лаганчага солган Робия биттасини очиқ турган дераза орқали эрига узатиб, иккинчисини кўтариб Ободхон томон юрди.
-Вой, нима қилардингиз, овора бўлиб, кеча қайнингиз заказ сомса олиб келган эканлар, ейилмай шундайлигича турувди-я!-деди Ободхон узатилган лаганчага истамайгина қўл узатиб.
Робия “эрталабки насиба”, деб изига қайтмоқчи эди, Ободхон гапга тутиб қолди:
-Муллакам жа-а кеч келдиларми? Кечаги гапни сўраб кўрдингизми, опа? Робия ҳудди айбдор одамдай овсинидан кўзини олиб қочди:
-Сўрайдиган мавриди бўлмади. Жуда чарчаган эканлар. Ҳозир чой ичиб олсинлар, бафуржа гаплашаман.
-Сўраш шунчалик қийинми, опа. Ҳозир чойларини ичволиб яна ишга шошиб қолмасинлар. Кун ўтгани сайин иш қийинлашиб бораверади. Юкнинг ичида айнийдиган молларам бор, – деди
Ободхон зарда билан.
-Ободхон, ўзингиз юрақолинг, бирга чой ичамиз.
-Вой, опажоним, ҳозир томоғимдан чой ўтадими? Икки кундан бери нафас олишимнинг ҳам тайини йўқ. Қилтомоқ бўлиб қолганга ўхшайман
-Қўйинг, Худо сақласин, совуқ нафас қилманг, – Робия шундай деб изига қайта бошлади. Ободхоннинг айтадиган гапи тилга кўчмай қолди. Тил учига келиб қолган захар сўзи
тилдан учмаса Ободхон вужудини чўғдек куйдира бошларди. Бунга йўл қўймаслик учун у тезроқ чора топиши шарт эди. У овсини бериб кетган лаганчани стол устига зарда билан
қўйди-да, ҳовлига қаради. Райҳонлар орасини титиб юрган хўрозга кўзи тушди-ю, чорани топди:
-Ҳой, Нуриддин! Хўрозинг ўлгурни инига қама, деб неччи марта айтишим керак! Қара, ҳаммаёқни титиб юборди-я, яшшамагур!
Нуриддин кеннойисининг овозини эшитиб шошиб қолди. “Бу райҳонларни, бу гулларни менинг ойим экканлар, атрофини ҳам ўзлари супурадилар”, деган гап хаёлига ҳам келмади. “Хўрозингнинг калласини шарт узиб ташлайман”, деган пўписани кўп эшитган бола шу даҳшатли ишнинг амалга ошиб қолишидан қўрқарди. Хўроз ҳам бу хотиннинг гапига тушунадиган бўлиб қолганми, боланинг киш-кишлашини кутмай катаги томон юрди. Ободхон бу манзарага бир нафас қараб турди-да захарининг қолганини ҳам ташқарига соча қолди:
-Илойим тиқилиб ўлгина. Ҳудди эгасига ўхшаган без-а, тавба қилдим! Робия овсинининг хўроз баҳонасида бақиргани бежиз эмаслигини билса ҳам орқасига ўгирилмади. Салоҳиддиннинг ёнига ўтира туриб беиҳтиёр:
-Мол аччиғи -жон аччиғи бўлганидан кейин томоғидан албатта овқат ўтмайди-да, – деб қўйди.
-Ўзингча нималар деяпсан? – деб ажабланди Тўлқин.
-Икки кундан бери ўз ёғимга ўзим қоврилиб, адо бўляпман, -деди Робия нолиб. – Келинингиз эрталабдан дийдиёсини бошлаяпти. У ёқда у мени қовуради, бу ёқда сиз.
-Мен сени қовураётганим йўқ, – деди Тўлқин ҳотиржамлик билан, – мен индамай чойимни ичиб ўтирибман.
-Ҳа, сиз индамайгина чойингизни ичаверасиз. Келинингизни билмайсизда, а? Унинг тилидан томган бир томчи заҳардан юзта илон шишиб ўлади. Тўлқин қараса-ки, хотинининг авзойи бузила бошлаяпти. Бошқа хотинлардай жанжал қилиш Робияга хос бўлмаса-да, Тўлқин унинг кўнглига енгиллик бериш учун ҳазил қилди:
-Гапинг тўғри, шунинг учунам бу атрофларда илон зоти қирилиб кетган. Овсинингни кўрса суратдаги илоннинг ҳам ранги ўчиб кетади. Тўлқин адашди. Унинг ҳазили хотини хасратини баттар аланга олдирди.
-Масхара қилманг, – деди Робия йиғламсираб, – ўша заҳарли ниш менга санчиляпти.
-Хўп, нимақил, дейсан?
Ота-онаси ўртасида бошланаётган бу суҳбат иштирокчисига айланмаслик учун Салоҳиддин сочиқни олиб, лабини артди-да ўрнидан қўзғолди. Ўғлининг аҳдини англаган Тўлқин бир
қараши билан уни жойига қайтарди.
-Сен чойингни ичавер, сомсадан ол. Қани, ол, – шундай деб ўзи ҳам лаганчага қўл узатди. Кейин хотинига қараб, ўша ҳазил оҳангида давом этди:- ойижониси, сен гапиравер. Нима қил,
дейсан, келинимнинг тилини кесиб итга ташлайми? Унақада бу тилни еган ит заҳарланиб ўлса, уволига ўзингқоласан. Тўлқиннинг ҳазил ўқлари бу сафар ҳам хато кетди. Робия қўлига сочиқ олиб худди тахламоқчи бўлгандай силай бошлади. Тўлқин унинг арази бошланаётганини сезиб, ҳаракатини индамай кузатди.
-Мен сизга тўғри гапиряпман, – деди Робия ҳорғинлик билан. – Шу ҳовлида тинч яшайлик десангиз, ишини қандай қилиб бўлса ҳам тўғирлаб беринг. Сиз эрта кетиб кеч келасиз, унинг қовоқ димоғига мен қарашим керак.
-Қарагинг келмаса қарама, – деди Тўлқин қўлига олган сомсани яна қайта жойига қўйиб. – Мен ўша куниёқ Сатторга айтганман. Сенга кеча ҳам айтдим: бу ишга аралашмайман.
-Айнийдиган моллари бор экан…
-Айнийдиган моллари? Энг биринчи айнийдиган мол – унинг ўзи! Тўғри йўл билан кириб келиш керак эди. Энди менга деса ириб-чириб кетсин. Тағин ҳам қонун бунақаларни асрайди. Аслида…
Тўлқин аслида нима бўлиши кераклигини айтишга улгурмади. Робия унинг гапини бўлди:
-Унақа деманг, нима бўлганда ҳам жигарингизнинг оиласи. Мен бу хонадонга келинман. Келин ҳамманинг кўзига ҳамиша ёмон кўринади. Буларингиз ҳар қанақа ёмонликни биринчи мендан кўришади. Агар мени десангиз, ўша савил қолгур молини олиб берасиз. Бу шарт Тўлқинга малол келиб хотинига норози қиёфада қараб қолди. Унинг назарида Робиянинг бунақанги қатъий тарзда гапириши ножоиз эди. “Агар мени десангиз…” Робия илгари ҳеч бунақа демаган эди. Агар овсини билан юз кўрмас даражада уришиб “Ё мени дейсиз ё уларни!” деса эҳтимол бу шартни бажариш Тўлқинга унча оғир бўлмас эди. Ҳозирги ҳолат… Робия улар томонда. Бу томонда унинг бир ўзи… Эрининг ўйланиброқ қолганини кўрган Робия ҳужумни давом эттириш мақсадида
бармоғидаги икки узукни ечиб унинг олдига қўйди.
-Бу яна нимаси? – деди Тўлқин энди бир оз зардали оҳангда.
-Шуни сотиб ҳаражатига ишлатасиз. Бунақа матоҳ топилади. Орадаги оқибатни бузманг. Бу гап Тўлқинни портлатиб юбораёзди:
-Нима дединг?! Оқибатни мен бузяпманми? – у шундай деб ўрнидан туриб кетди. Отасининг қистови билан олган сомсани есамми-емасамми, деб иккиланиб ўтирган Салоҳиддин уни қайтариб жойига қўйди-да, лабини яна бир марта сочиққа артиб ўрнидан тургач, эр-хотин орасидаги можаро ўз-ўзидан тўхтади.
-Мунча шошяпсан, ҳали эрта-ку? – деди Робия ҳам ўрнидан қўзғолиб.
-Кеча автобус кутиб кеч қолай дедим. Вақтлироқ бора қолай, – деб баҳона қилган
Салоҳиддин “ёлғоним сезилиб қолмасин”, деган фикрда онасининг нигоҳидан кўзини олиб қочди.
-Болага тинчгина чой ичирмасанг, ўтириб нима қилади? Боравер, – деди Тўлқин ўғлига
қараб. Робия эрининг танбеҳига аҳамият бермай, ўғлининг елкасини силади.
-Бугун вақтлироқкеларсан?
-Бугун… – Салоҳиддин онасига тайинли жавоб қайтаришга иккиланди, – бугун келолмасам керак. Тадбирлар бор экан.
Робия ўғлининг бу баҳонасига ишонгандай бўлди. Ўғли нарсаларини олиш учун хонасига киргач, эрига қарши бошлаган ҳужумини бошқа томондан давом эттирди.
-Охирги курсдагилар казармада бир кун ҳам қолишмас экан. Бориб гаплашинг. Менинг боламни нега ҳадеб олиб қолаверишади?
-Биз ўғлинг билан тўрт йил аввал келишиб олганмиз: мен академиясига бормасликка сўз берганман.
-Унда ўзим бораман.
-Агар ўғлингнинг ўртоқлари орасида иснодга қолишини истасанг боравер. Ўғлингга бир қара-чи, эмиш ёшидан ўтгандир, а?
Салоҳиддин чиқиб, пичингга яраша жавоб излаётган Робия чорасиз қолди. Ўғли ёноғидан ўпиб хайрлашаётганида Робия уни билагидан ушлади:
-Тўхта, ўтир, – деди. Ўғли омонат тарзда ўтиргач, эрига қаради:-Адаси, индамай кетавермасин, дуоқилинг. Тўлқиннинг узундан узоқ дуо қилиш салоҳияти йўқ эди. Шу боис қисқагина:
-Омийн, омадингни берсин, Аллоҳу акбар!-деб қўя қолди.
Бу дуодан қониқмаган Робия билганича давом эттирди:
-Омийн, тупроқ олсанг олтин бўлсин, олтин бошинг Худонинг паноҳида бўлсин. Кўрганинг тўй бўлсин, еганинг қўй бўлсин. Ёмон кўзлардан Худонинг ўзи асрасин. Худо бизга ҳам яхши
келин ато этсин, – дуо шу ерга келганида Робия боя сўрамоқчи бўлган гапини эслаб қолди:- Холанг айтган қизни қачон бориб кўрасан?
-Имтиҳондан кейин, ойижон, ҳозир вақтим йўқ.
-Имтиҳондан кейин, деб юравер-чи, шундай попукдеккина қиз-а! Биров илиб кетганидан кейин чапагингни чалиб, аттанг, деб қоласан, бола! Турмоқчи бўлиб ўрнидан қўзғолган Салоҳиддинни Робия қайтармоқчи эди, Тўлқин аралашди:
-Гапни чўзма, боланг шошиляпти. Дуо қилятувдинг. Қани, келган жойидан: егани қўй бўлсин.

Тохир Малик

1 ТА ФИКР

Comments are closed.