Ўзбек аёллари учун яхши янгилик

0

Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда “Микрокредитбанк” АТБ ҳамкорлигида уч томонлама ҳамкорлик Меморандуми имзоланди, деб хабар берди қўмитаси матбуот хизмати.

Меморандумни имзолашдан асосий мақсад – республикамиз иқтисодиётида аёллар тадбиркорлиги улушини ошириш, хотин-қизларга оилавий ва хусусий тадбиркорликни ташкил этишда имтиёзли кредитлар беришни йўлга қўйиш, аёллар тадбиркорлигини ҳар томонлама ривожлантиришда моддий ва ташкилий кўмак беришда ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.

Мазкур келишувга кўра жойлардаги туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосари – хотин-қизлар қўмитаси раисининг имтиёзли кредитлаш бўйича тавсияномаси асосида “Микрокредитбанк” АТБ томонидан хотин-қизларга тадбиркорликни бошлаш ёки ривожлантириш учун энг кам иш ҳақининг 150 бараваригача миқдорда ҳамда хотин-қизлар ташкил этган юридик шахсларга энг кам иш ҳақининг 1500 бараваригача миқдорда йиллик 7 фоиздан имтиёзли кредитлар ажратилади.

Ушбу максадлар учун Хотин-кизлар ва оилани куллаб-кувватлаш жамоат Фонди томонидан 100 млрд.сўм ажратилиши кўзда тутилган.

Тадбирда хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини юритиш натижасида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг ечимини топиш, тадбиркорлик қилиш истаги бор бўлган хотин-қизларга тўғри йўналиш кўрсатиш юзасидан келишиб олинди.