Иблис девори (9-қисм)

0

Салоҳиддин буни сезди, ҳозирги хатосининг ўзи ўйлагандан ҳам аянчли эканини ҳам ҳис этди. Ўзини оқлаш учун сўз айтмоқчи
бўлганида қиз гапиртирмади:-Тушуняпсизми? У менинг онам!-Бу сафар янада дадилроқ ва янада фахр билан айтди. – Мен қиз бола бўлсам ҳам, сизга ўхшаган милиса бўлмасам ҳам… –
Энди қизнинг гапларида онасининг кинояли оҳанги сезилди: ойимни оёқости қилишингларга йўл қўймайман. Ойим чўмичларини кўтариб сизларнинг қозонларингиз тепасида ўтириб
олганлари йўқ. Ойимни гапиргандан кўра адангизга айтинг, жигарлари ёмон бўлишса ҳам бизга озгина қайишсинлар. Битта ишимиз тушган экан икки кундан бери ҳаммамизни сарғайтирадилар. Офтобхон бу гапларни айтаётганда Салоҳиддиннинг кўз олдига кеннойиси келди. Назарида
бу гапларни қиз эмас, унинг онаси айтаётгандай туюлди, ҳатто кўзларини бир юмиб очди. Қизни овутиш мақсадида билагидан аста ушлади:
-Офтоб, – деб аста силтади, – Офтоб, шу гапларни ҳеч бўлмаса сен гапирмагин. Сен билан мен бошқача одамлармиз-ку?
-Қанақасига бошқача одамлармиз? – деди қиз зардасини бас қилмай. – Мен ойимнинг қизиман. Сиз – ота ўғилсиз!
-Офтоб, илтимос, жаҳлинг чиқмасин. Мен сенинг бу гапларингга хафа эмасман. Сен ҳам ҳазилимга хафа бўлмагин.
Айтадиганини айтиб иблисни қувонтирган Офтобхон энди шарт бурилди-да:
-Яхши ўқиб келинг, бўлажак лейтенант!-деб тез-тез юриб кетди.
Салоҳиддин унинг изидан бориб тўхтатмоқчи, шаштидан қайтармоқчи бўлди. Бир қадам босди ҳам, лекин фикридан қайтиб турган ерида:
-Бугун Шербулоққа бормоқчиман, хоҳласанг бирга юра қол, – деди.
Офтобхон бу гапни эшитди. Йигитнинг тамоман енгилганидан қаноат ҳосил қилди. Тўхтаб, орқасига қарамоқчи ҳам бўлди. Лекин иблиснинг “эсинг борми, нега қарайсан, аҳмоқлиги учун
энди ўзининг ёғига ўзи қоврилиб юраверсин. Сен бопладингми, энди бўшашма!” деган даъватига амал қилди. Тўлқин баъзан ажабланиб қолади. Бу тақдир ёзуғими ёки омадсизлигими, фарқлай олмайди. Дунёвий фикр билан чегаралангани учун ўзича “тақдир ҳазили бўлса керак”, деб қўяди. Бошқа ҳамкасблари юритган жиноий ишларга ҳаваси келган пайтлар ҳам йўқ эмас. Гап шундаки, қўли узунроқ жаноблардан бири у юритган ишлардан ҳеч бўлмаса бештадан иккитасига аралашиб, жиноятчини қутқариб олиш мақсадида уни гангитиб юборади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Бозорда қўлга олинганлар орасида олифтароқ кийинган, ўзини каттароқ тутаётган йигитчага қараб: “шунинг бир балоси бор”, деб қўйган эди, адашмабди. Биринчи
сўроқда ҳимоячи келмагунича гапирмаслигини маълум қилганидаёқ, иши осон кечмаслигини англади. “Бу бола жиноий иш юритиш жараёнини қаердан билади?” деган саволига жавоб
топиш учун уччала йигитчанинг ўтмишини аниқлашни жиноятга доир қидирув бўлими нозирига топширганда масала сал ойдинлашгандай бўлди.
-Биттасини танийман, ҳали бозорда айтмоқчийдим, кўпчилик олдида индамай қўяқолдим. Шу боланинг ишини унча чигаллаштирмаганингиз яхши. Отаси анча ҳурматли одамлардан.
Бу гап Тўлқинни ҳам сергаклантирди, ҳам жаҳлини чиқарди. Бўлимга яқинда ишга ўтган бу йигитни яхши билмасди, шунинг учун сир бой бермай арқонни узун ташлади. Гап қайси бола
ҳақида кетаётганини таҳмин қилса ҳам:
-Қайси бирини айтяпсиз? – деб сўради.
-Санжар Ўлмасовни айтяпман.
-Башанг кийинган, узуними? – деб қайта сўради Тўлқин.
-Ҳа, ўшаниси.
-Уни танийсизми?
-Қўшни туманда участка нозири бўлиб ишлаганимда бултур шунга ўхшаган иш билан қўлга тушувди.Отаси хамирдан қил суғургандай қилиб қутқариб олди. Тергов бўлими сал қаршилик
қилгандай бўлувди, уларнинг шўрини қуритди.
-Бизнинг ҳам шўримиз қурийдиганга ўхшаб қолдими? – деб пичинг қилди Тўлқин. Лекин нозир бу оҳангни англамай:
-Ҳурматингиз бор, пачакилашманг, демоқчиман, – деди.
-Менга қаранг, ука, исмингиз Қўрқмасмиди? Адангиз яхши исм қўйган эканлар-у, ҳар ҳил одамлардан кўрқиб юрмасин, деб дуо қилмаган эканларда, а?
-Мен қўрқаётганим йўқ. Сизни огоҳлантирдим. У боланинг отаси сиз айтган “ҳар хил одамлар”дан эмас.
-Огоҳлантирганингиз учун раҳмат. Энди бошлиқ номига билдиргини ўзингиз ёзасизми ё мен
ёзайинми?
-Қанақа билдирги? – деб ҳайрон бўлди Қўрқмас.
-Ҳозирча бу жиноий ишни юритиш жараёнидан четлатиш масаласида. Кейин умуман бу соҳадан кетиш тўғрисида. Ёш экансиз, умрингизни бекор ўтказманг бу ерда.
-Ака, мени ишга сиз қабул қилмагансиз. Бу соҳадан кетишим ҳам сизнинг гапингиз билан бўлмайди.
-Биламан. Лекин ҳозирги иш жараёнидан четлатилишингиз менинг гапим билан бўлади. Бу нохуш суҳбатдан сўнг болаларнинг ўтмиши билан Тўлқиннинг ўзи шуғулланган эди.
Жиноий иш очишга ижозат берувчи прокурор ҳужжатга дарров имзо чекмаёганидан Қўрқмас огоҳлантирган узун ва бақувват қўлнинг ҳаракатга келганини сезди. Прокурор мақсадни очиқ
айтмаса ҳам “жиноий иш очишга шошилмаяпсизми?” дегандай гап қилган эди, Тўлқиннинг далиллари олдида ожизқолди.
Санжар Ўлмасовни бугун ҳимоячиси иштирокида тергов қилишни тайинлаган Тўлқин ишга барвақт келиб, хаёлини чалғитадиган гапларга ўралашиб, чалғиб қолмаслик учун белгиланган
соатга бормоқчи эди. Укаси билан бошланган нохуш суҳбатдан тезроқ қутилиш учун нонуштани ҳам ниҳоясига етказмади. Шошилмаётгани учун автубус бекатида тўхтамай аста пиёда кетди. Қатор қилиб қурилган уйларга разм солди. Салкам қирқ йил аввал барпо бўлган маҳалла янги ўзгариш палласига кирган эди. Пойдевор тикланганда бир қувонган, уйнинг томи ёпилганда
Худога шукурлар қилганча, чаласини келгуси йили битказиб олармиз, деган ниятда қорасувоқ хоналарга кўчиб кириб, қувончдан кўзлари ёшланган авлоднинг кўпчилиги бу дунёда йўқ.
Чакка ўтиб турувчи уйларда болалиги кечган янги авлодга ота-оналари қуриб кетган бинолар кичик ва хунук кўрингани учун бузиб, данғиллама иморатлар тиклашни бошлаганлар. Тўлқин
шу иморатларга қараб баъзан ўйланади: “пули бор экан, майли қураверсин. Лекин бу қадар баҳайбат хоналарнинг нима кераги бор? Пул топиш учун ўзини ўтга-чўққа урмасдан, бойликка
етишаман, деб бировларни босиб-янчиб ўтмасдан тинч яшасалар бўлмасмикин?” Тўлқин бундай баланд иморатлар қурилишга берилиш қиёмат хабари белгиларидан эканлиги ҳақидаги
шарафли ҳадисни эшитмаган. Билганида эди, бошқачароқ фикрлаган бўларди. “Уйни буздираётганлар бу деворлар сувоғида ота-оналари панжаларининг излари қолганини фаҳм этармикинлар? Уй билан бирга хотиранинг катта бир қисми ҳам ўлимга маҳкум этилганини-чи?” Тўлқин ҳозир шуларни ўйлайди.
Пиёда юришни ихтиёр этганда автобуснинг кечикишини ҳисобга олмаган экан, шу боис ўзи белгилаган пайтга етиб келолмади. Адвокатнинг маъноли тарзда соатига қараб қўйганини
сезмагандай илиқ саломлашиб, хонасига таклиф қилди, сўнг соқчига маҳбусни олиб келишни буюрди. Отаси қанотида эркин яшашга ўрганган Санжар Ўлмасовга икки кунлик қамоқ ўз таъсирини ўтказган эди. Отаси ёрдамида тез орада қутилиб кетишига ишонгани сабабли вақтинчалик қамоқхонадаги қаттиқ ўриндиқда икки кеча ётиш унинг учун ғоят оғир жазо бўлиб туюлганди. Тўлқин ортиқча гап-сўз қилиб ўтирмади-да, адвокатни таништириб, терговни бошлади:
-Атҳам Синдоров билан қачон ва қаерда танишгансан?
-Қанақа Атҳам, қанақа Синдоров? Менинг бунақа оғайним йўқ!-деб бақирган Санжар “Тўғри қилдимми?” дегандай ҳимоячисига қараб олди. Ҳимоячи бу қарашнинг маъносини англамагандай унга бирон бир ишора қилмади. Тўлқин бақиргани учун йигитчага танбеҳ бериши мумкин эди, лекин бунақанги ҳолларни кўп кўргани сабабли эътибор бермагандай терговни ҳотиржам тарзда давом эттирди:
-Эҳтимол шунақа оғайнинг йўқдир. Лекин шеригинг бор… – шундай деб қоғозлар тахлами орасидан бир варақни ажратиб олиб, ўқиди:-Атҳам Синдоров, 1985 йилда туғилган. Сендан бир
ёш кичик экан, а? Лекин ҳаёт тажрибаси сеникидан кўпроқ. 2001 йилда ўғирлик учун қамалган. Қулф очишга уста бўлгани учун қамоқхонада “Маэстро” деб лақаб беришган. Сенам шундай
деб чақирармидинг? Бу саволдан кейин Санжар ҳимоячиси билан кўз уриштириб олди. Тўлқин адвокатнинг лабини сал қимтиб бош чайқаганини сезиб, йигитчадан жавоб кутмай, яна қоғозга тикилди:
-Амнистия туфайли қамоқдан мудатидан аввал озод қилинган. Мана шу бир ой ичида олтита машинанинг қулфини сенинг кўрсатманг бўйича очиб берганини бўйнига олди. Мени
қизиқтираётган нарса – у билан 2001 йилдан аввал ҳам танишлигинг бормиди ё қамоқдан чиққанидан кейин ош-қатиқ бўлиб қолдингми? Жавоб бер, адвокатинг ҳам эшитсинлар.
-Агар машина қулфини очган бўлса, ўзидан сўрайверинг, мен унақа болани танимайман.
-Сенларни қўлга олганимизда уччовларинг бирга эдинглар-ку, ё буни ҳам рад этасанми?
-Мен ўша ердан ўтиб кетаётган эдим, тўпалон бошланганида қизиқиб қарайман десам, одамларингиз ҳовлиқишиб мени ҳам ушлаб олишди.
-Менинг одамларим бекорга ҳовлиқишмайди, сенинг тўпалонга қизиқишингни видеотасмадаги тасвир кўрсатиб турибди. Ҳали шаҳар турмасига ўтганингда бурнингни ерга ишқашса эсинг жойига келиб қолар.
-Мен норозилик билдираман, – деди адвокат кескин оҳангда. – Сиз тергов юритиш жараёнини кўпол равишда бузяпсиз. Сиз мижозимга таҳдид қиляпсиз. Тўлқин унга жавоб қайтаришга улгурмай эшик тақиллаб, кейин қия очилиб, Қўрқмаснинг
юзи кўринди.
-Мумкинми, Тўлқин ака? – Руҳсат сўрашга сўради-ю, ижозат бўлишини кутмай, ичкарига бир қадам қўйди. Кеча бошлиқ билан гаплашган Тўлқин уни бу ишдан расман четлатган эди. Шунга
қарамай тергов чоғида унинг суқилиб кириши ғашини келтириб дағаллик билан:
-Йўқ, мумкин эмас!-деди.
-Бир оғизгина гап? – деб у яна бир қадам қўйди.
-Сизга “мумкин эмас”, дейилди, чиқинг, – Тўлқин ўқрайиб қараганича унинг чиқиб кетишини кутди. Эшик ташқаридан ёпилгач, адвокатга юзланди:-Сиз шу гапни таҳдид деяпсизми?
Айтинг-чи, жаноб ҳимоячи, – Тўлқин “жаноб ҳимоячи” сўзига киноя урғусини берди:- машинангиз борми?
-Бор, нима эди?
-Шунчаки сўрадим. Ҳар ҳолда машинангиз ҳали ўғрилар қўлига тушмаган бўлса керак. Агар бирон нимангизни ўмариб кетишганда менга бошқача даъво қилардингиз. “Уриб бўлса ҳам,
ўлдириб бўлса ҳам бўйнига қўйинг, қаманг, шармандасини чиқаринг”, дердингиз эҳтимол. Ҳайронман, ўғрини ҳимоя қилишга виждонингиз қандай йўл қўяркин? Одамзотнинг феъли қизиқ: баъзан “ҳақиқат борми!” деб айюҳаннос солади, баъзан эса
ҳақиқатга рўпара келганига қарамай уни тан олгиси келмайди. Сутнинг оқ эканини кўриб туриб ё “қора” дейди, жуда бўлмаса “нега энди сут жигарранг эмас?” деб гапни айлантира бошлайди.
Адвокат ҳозир шундай ҳолатда эди. Терговчи томонидан айтилган тўғри гапни одам сифатида қабул қилса ҳам вазифаси нуқтаи назаридан инкор этишга мажбур эди. Шу боис Тўлқинга тик
қарамай гапирди:
-Сиз чегарадан чиқяпсиз. Мен прокурорга шикоят қилишга мажбур бўламан. Сиз ўз ишингизни қилинг, мен ўз ишим билан бўлай. Виждон ҳақида кейин алоҳида гаплашармиз. Бу ерда виждондан ҳам муҳимроқ нарса – қонун бор. Қонунни бузмаслигингизни талаб қиламан! У шундай деб талаб қилгани билан гапи оҳангида қатъийлик йўқ эди. Шу боис Тўлқиннинг
энсасиқотди:
-Сиз мутлақо ҳақсиз, жаноб ҳимоячи, – деди у адвокатга тик қараб. – Ҳамма бало ҳам айнан шу нуқтага йиғилади. Бу муҳтарам жанобчамиз қонун бўйича ҳимоячи ёллашга ҳақлилар. Сиз эса ким бўлса бўлсин уни ҳимоя қилишга ҳақлисиз. Менинг эса бу ҳақларни муҳокама этишга мутлақо ҳаққим йўқ. Айбдорни жиноят устида ушласам ҳам исбот этишни талаб қилишади. Бу жанобчангиз аввалги йили бир юз олтмиш тўртинчи модда билан кетадиган пайтда ана шу исбот деган нарса сал етишмай қолиб, қутилиб кетганлар. Буни мендан кўра ўзингиз яхшироқ
биласиз. Ўтган сафар аъло даражада ҳимоя қилган экансиз, қойилман. Тўлқин кейинги гапларни гапираётганда Санжарга қараб, ундан анчагача кўзини узмади. Бу қараш йигитчанинг баданини илма-тешик қилиб юборгандай бесаранжом бўлди. Охири ўзини тутолмай:
-Туҳмат қилманг, мен у кишининг уйига кирмаганман, – деб юборди.
-Эшитяпсизми? – деди Тўлқин адвокатга юзланиб. Кейин киноя оҳангига қайтиб, давом этди:-Бу бола бечора ҳамиша туҳматга қолади. У босқинчилик қилмаган. Ўша уй ёнидан ўтиб
кетаётганида ушлаб олишган, – Тўлқин бир оз сукут қилиб жиддийлашди:- Сизга маълум қилиб қўйишни бурчим деб биламан: биз архивни кўтардик. Прокурор ўтган йилги ишни қайта тергов қилиш ҳақида кўрсатма берди. Энди сиз билан ҳам, мижозингиз билан ҳам бу ерда эмас, шаҳар турмасининг терговхонасида учрашамиз.
Бу кутилмаган янгилик уларни гангитиб қўйди. Йигитча ҳимоячисига нажот кўзи билан қаради.
-Сиз хулоса чиқаришга шошилманг. Мен эҳтиёт чорасини ўзгартириш ҳақида прокурорга сўровнома ёзганман, – деди адвокат чорасиз одамнинг овозида.
-Прокурор “Иш” билан танишиб чиқиб, илтимосингизни рад этди, – деди Тўлқин ҳотиржам равишда. – Тергов жараёни бўйича эътирозларингиз борми? Адвокат “йўқ” ишорасини қилгач, Тўлқин соқчини чақирди:
-Шу эшик атрофида капитан турибдими? – деб сўради.
-Ҳа, – деди соқчи.
-Бир ўзими?
-Ёнларида бир киши бор, галстук таққан.
-Улардан илтимос қил, ташқарига чиқиб туришсин. Даҳлиз бўшагач, кириб айбланувчини олиб чиқасан.
Терговнинг бу қадар тез, энг муҳими кутилмаган якун билан тугашидан безовталанган Санжар беҳос:
-Мен адам билан учрашишим керак!-деб юборди.
-Энди аданг билан… иш бир ёклик бўлганидан кейин учрашасан, ука, – деди Тўлқин. – Унгача бир йил олдин босқинчилик бўлган уй ёнида қандай пайдо бўлиб қолганингни, бозор кўчасида қулфи бузилган машина олдида нима учун ўралашиб юрганингни ўйлаб кўр. Соқчи Тўлқиннинг топшириғини бажаргач, Санжарни олиб чиқди. Адвокат Тўлқинга нимадир демоқчи бўлди-ю, кейин дарров фикридан қайтди. Тўлқин унинг муросага чақиришини кутган эди. Кутгани рўй бермагач, ажабланди-да, эшик томон юрган адвокатни тўхтатди:
-Оғайни, бир пасга тўхтанг, – энди унинг овозида киноя оҳанги ҳам, кескинлик ҳам йўқ эди.
– Сиздан бир гап сўрамоқчиман: аммо терговчи сифатида эмас. Сиз ҳам адвокат сифатида жавоб қайтарманг. Бир инсон дилдан сўраяпти, иккинчиси эса дилдан жавоб қайтаряпти, келишдикми?
Самимий тарзда айтилган гапга адвокат самимий равишда жавоб қайтармади:
-Сиз билан дилдан гаплашиш мумкинмикин? Қани, айтаверинг-чи? – деди қўпол оҳангда.

Тохир Малик