БУРГА…

0

 

 

Учарга қанотим йўқ

 

Биз бургаларга беқанотлик йўргакда теккан экан. Ота-буваларим ҳам ўз кучи билан ҳатто кичик ариқчадан ҳатлаб ўта олмайдиган ожиз бургалар бўлишган. Тўғри-да, учарга қанотинг бўлмагандан кейин чирангандан нима фойда? Мана, менам ҳар худо берган кун шунинг жабрини тортиб яшайман. Парвоз қилишдек бахт таъмини фақат қуш, мушук, итнингми юнглари орасига беркиниб олсамгина тотишим мумкин. Айниқса, ит акаларим боплашади буни. Ҳар берилиб чопишганда, яйраб кетасан бурга. Худди ўзинг югураётгандай ётган ерингда гердайиб қўясан. Азбаройи жўшиб кетганингда, сакраб юборай дейсан-у, тирикчиликнинг мазаси қочиши мумкинлиги эсингга тушиб ўзингни тиясан.

 

Мени ҳамма ёмон кўради

 

Тан оламан, кўримсиз, ёқимсизман. Бировлар мени турган битгани зиён деб ўйлашади. Нимаймиш, мен касаллик тарқатармишман. Туҳмат ҳам эви билан-да! Кимдир мен тарқатган касалликдан ўлганини эшитганмисиз? Ҳаётда эшитмагансиз. Тўғри, мен меҳмон бўлиб кетган масканларда бурга изи қолади. Аммо бу из унча-мунча излардан эмас. Мана, мисол учун бир куни ўзимизнинг қишлоқда яшайдиган Тошқул аканинг билагини астагина чимдиб қочдим. Шўрлик бир ой бурун хотини билан ажрашиб, жуда хафа эди. Сал чалғирмикан, ҳеч қурса мени қидириб вақт ўтказармикан девдим. Тўғри қилибман. Бургага аллергияси боракан. Тошқул ака қичинишга тушди. Аламига чидолмай, билагидаги қизил доначаларга қараб мени қидирди. Биламан, тополмайди. Чунки биз бургалар кичкинамиз. Игнанинг тешигигаям сиғиб кетаверамиз. Охири нима бўлишини кутиб Тошқул аканинг кўйлаги енгига беркинганча тек ётавердим. Тошқул ака жонҳолатда дўхтирхонага чопқиллади…

Ишонасизми, ўша куни Тошқул ака дўхтирхонадан оғзи қулоғида қайтди. Доначаларга дори сурган ҳамшира билан танишиб қолибди. Бир ҳафтадан кейин тўй бўлди. Тўй менинг шарофатим билан бўлди, ока! Шундай экан, мени ёмон кўрманг! Баъзида бўлсаям қадримга етиб турэ-энг!

 

Ҳасадгўй қариндошим

 

Олапарнинг юнгида яшайдиган жияним билан уришиб қолдим. Бир кунга унинг ўрнига навбатчиликда туриб берармишман. Зарил кептими? Олапарнинг қанақалигини яхши биламан. Нуқул ерга думалайди, оғайни, жўралари билан муштлашгани муштлашган. Жияним шуни билади. Ўзиям неча ўлимлардан қолган. Олапарнинг жўралари сўйилдай тирноқларини билиб-билмай белига ботириб олганда, ўзим бориб малҳам сурганман, кўнглини кўтарганман. Ўлимдан сақлаб қолганман. Энди ўша жафони мендек меҳрибон, оқибатли тоғасига раво кўрганига ўлайми? Ҳа-а, ҳасади келаркан менга жиянимнинг. Гоҳ Тошқул ака, гоҳ келинчакнинг кийимларига ўралишим, ўйноқлаб-ўйноқлаб, ирғишлаб-ирғишлаб қорин тўйдиришим жиянимга ёқмаскан. Нимаям қилардим? Биттагина қариндошим бор эди, униям йўқотдим. Умуман-чи, унақанги қариндошдан ниши ўткир пашша яхши. Ҳарқалай ўша ҳасад қилмайди. Калтак есаям, қувғинга учрасаям, дихлофосга бўғилиб ўлсаям, бировга ола қарамайди.

 

Мушукнинг ўзбошимча бургаси

 

Пешона қурсин, кейинги пайтларда биз бургаларга қирон келтирадиган бўлишди. Чигирткалар тўдалашиб келиб ҳамманинг ризқини ўмариб кетсаям тек ўтиришади. Нари борса, қувлашади. Биз бургаларни авайлабгина чимдиб қочганимиз учун дарров дорихонага чопиб дорилаш пайига тушишади. Дориси рисоладагидай бўлсайкан, алам қилмасди. Ҳиди бурнингга ёпишса, жонингни узиб олади. Эпини топсанг, қочасан, йўқса, ўлиб кетаверасан.

Яқинда урғочи бургахон танишимни кўриб қолдим. Рангида ранг қолмабди. Бир четда қилтиллабгина зўрға турибди.

— Ҳа, фалончихон, сизга нима бўлди? Жа абгорсиз-ку! Тинчликми? — деб сўрадим атрофида гиргиттон бўлиб. — Бир ҳафта олдинам гулдай очилиб юргандингиз. Биров хафа қилдими?

— Мош опа мушукнинг юнгини худо менга кўп кўрди, бургабой ака, — деди танишим йиғламсираб. — Бир ўлимдан қолдим.

— Маҳалла мушуклари билан юлишганмиди? Биров яримининг тирноғи кириб кетдими?

— Шундай бўлса алам қилмасди, — ув тортиб йиғлай бошлади бургахон. — Мош опани эгалари дорилаб ташлашди. Яхшиям пинакка кетиб қолмаган эканман. Йўтала-йўтала, аранг сакраб чиқдим. Ана энди нима қиларимни билмай гарангман.

— Албатта гаранг бўласиз, — дедим бургахонни койиган бўлиб. — Ҳазилакам дори суртишармиди!?. Заҳарнинг ўзи-ку ер юткур дориси!

— Энди нима қилсам экан-а, бургабой ака? — мўлтираганча менга боқди бургахон. — Бу туришда расво бўламан-ку!

— Одамларнинг кийими ичини макон тутишингиз керак, — дедим меҳрим жўшиб. — Хоҳласангиз, икковимиз Тошқул аканинг кофтаси ичида яшаймиз.

— Сиз билан-а? — бургахоннинг бирдан чеҳраси ёришди-ю, ноз аралаш сўради. — Қандай бўларкин?

— Ахир… Мен сизни севаман, бургахон, — дедим баттар бургабойлигим тутиб. — Топганимиз ўртада бўлса ёмонми? Бир оила бўлардик!..

Бургахон ийманибгина бош эгди. Сукут аломати ризо деганлар. Аста қўлтиғидан олдим-у, севимли маконимга — Тошқул аканинг кофтаси ичига сакрадим.

 

Яқинда янги йил экан

 

Бу байрамни менам жуда яхши кўраман. Боиси, ҳеч кимнинг биз билан иши бўлмайди. Уй эгалари дастурхон тузаб, ашулани варанглатиб қўйиб олишади. Бақир-чақир авжига чиқади. Нималарнидир ичишади, ейишади, қотиб-қотиб кулишади. Гарчи уларнинг тилини тушунмасам-да, менам гоҳида кулгиларга жўр бўламан. Йўқ, қизиқ гапдан кулмайман. Бургахон иккимиз ниҳоят эркин сакрай бошлаганимиз хуш ёқади. У билакдан бу билакка, у белдан бу белга сакраб ирғишлаймиз. Азбаройи қувонганимиздан ўзимизнинг тилда бир-биримизни қутлаб чарчамаймиз.

Асосийси, шу байрам баҳона бўлиб биз ҳам антиқа таомлар, витаминларга тўйинамиз. Танамиз яйрайди, негадир кайфиятимиз ҳаддан зиёд чоғланганидан думалаб тушар даражага етамиз.

Шуларни ўйлаб турсам, Тошқул акани яхши кўриб кетаман. Нега деганда, бунақанги байрамни Тошқул ака бир ойгача тўхтатмайди. Байрам кутишни бир бошладими, тамом, охиригача кутади. Кимга яхши? Бургахон иккимизга яхши. Бир ойгача роҳатда яшаймиз. Кайфият дегани умуман тушмайди. Тошқул ака йўл қўймайди. Қани, ҳамма бургаям шунақа жойни, Тошқул акадай одамни топсин-чи! Топиб бўпти!.. Шундай одамнинг баданига доначалар тоштирмасам, Тошқул акага жабр етказмасамми дейман-у, илож қанча? Бизгаям тирикчилик керак-да!

Фақат бир нарса алам қилади. Янги йилда Қорбобони кўра олмайман. Қорбобо келганда бургахонимни олиб ташқарига чиқай десам, канкурэнт кўп. Жойни эгаллаб қўйишларидан чўчийман. Ҳа майли, шунисигаям розимиз. Ишқилиб, келаси янги йилгача эсон-омон етиб олайлик! Ҳурмат билан кушандангиз Бургабой! Саломат бўлинг, ока!

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc