ПАТИРНИНГ “ДОДА”СИ… (ёхуд мухбирнинг нон бозорига саёҳати)

0

 

 

Мулоҳаза

 

Ҳормасбой Толмасбоев жуда синчков журналист. Ҳар бир жумла устида ҳафталаб бош қотиради.

Масалан, яқинда бозордаги патирчилар ҳақида мақола тайёрлаганди. Мақола деярли тайёр бўлди. Бемалол муҳаррирнинг столига ташласа бўларди. Бироқ миясига кутилмаганда бир савол ўрнашиб олди-ю, тинчи йўқолди.

– Тўхта, – деди Толмасбоев мақоласига тикилиб. – Асосийси эсдан чиқиб қолибди-ку! Агар шу саволга жавоб топмасам, мақоламнинг қиммати бўлмайди. Хў-ўш… Ҳа, нега энди бозорчилар ўтган сафар борганимда “патирнинг додаси” деб қичқиришди?  Наҳотки, патирниям додаси бўлса? Одатда дода сўзи қария, мўйсафид, оппоқ соқолли одамларга нисбатан ишлатиларди. Хўш, унда нега бозорчилар патирга дода сўзини қўшиб олишди? Йў-ўқ, бунинг тагига етмасам бўлмайди. Агар жавоб топсам, мақоламнинг қиммати яна камида минг долларга ошиб кетади.

Толмасбоев шоша-пиша қўлтиғига дилдини қистирди-ю, бозорга жўнади. Аммо бу гал бошқа бозорга боришни маъқул кўрди.

– Унисига бормайман, – ўйлади ўзича. – Анави патирчи қиррабурун, сўйлоқтиш хотин жонимга текканди. Бошқа бозорда “нармальний” патирчилар бордир, ахир!..

Толмасбоев автобусдан автобусга алмаша-алмаша каттакон бозорлардан бирига кириб борди. Аланглай-аланглай патир бозорини ҳам топди. Бахтга қарши бу ерда ҳам кўнглига ўтиришадиган, истаралироқ, мулойимроқ патирчи кўзга ташланмасди. Айниқса, ўртароққа борганда хўппа семиз, бошига дуррани алламбало ўраб олган, туриши худди футболчилар коптогига ўхшаб кетадиган аёлни кўриб ҳушидан кетаёзди. Тезроқ шу ердан ўтиб кетиш илинжида қадамини тезлатди. Афсуски, айни ўша аёл патирлар жойланган аравачасини айланиб ўтиб, унинг йўлини тўсди.

– Дода, патирларнинг додаси бор! – қичқирди аёл икки қўлини белига тираб. – Қўй ёғи, қўй гўшти, қора қўчқорнинг думбасига бўлган патирлар! Нечта берай?

Толмасбоев бу чақириқни эшитиб, яна ўзича мулоҳаза қила бошлади:

“Қора қўчқор дедими? Буни қандай исботлайди? Ёнида йўқ-ку қора қўчқор!..

Шундай ўйда иймана-иймана патирчидан сўради:

– Э-эгачи… Ҳалиги… Ростдан қора қўчқорнинг думбасига бўлганми? Балки… Чарвидир?..

– Ие, – патирчи бирдан гезариб Толмасбоевга яқинроқ келди. – Нима дедингиз? Чарви? Вей, оғзийзга қараб гапиринг, дода! Чарвиймиш! Нима, энди қора қўчқорнинг калласини патир бозорга опкеб қўяйми сиздақаларни деб?

– Опкелинг, – деб юборди Толмасбоев беихтиёр. – Шунда…

– Ҳўв, оповси, – патирчи афтини бужмайтириб, атрофидаги бозорчиларга қараб олди. Қалин қошлари учиб-учиб кетди. – Қора қўчқорнинг калласи-чи, Сотим аканикидаги дошқозонда қайнаяпти!

Патирчининг бу гапи Толмасбоевга негадир ғалати таъсир қилди. Ўзи сезмаган ҳолда яқинда эшитган бир шеърни тилига кўчирди:

– Қора қўчқор, қора қўчқор,

– Сенда менинг аламим бор…

 Шеър охиригача айтилмай қолди. Патирчи даъфатан Толмасбоевнинг тирсагидан олиб, нарига судраклаб қолди.

– Вой, шоирмисиз, дода? – деди у оғзининг таноби қочганча Толмасбоевни судракларкан. – Эртароқ айтмайсизми шуни? Қани, юринг!

-Н-нима қиламан? Қ-қўйворинг мени! Мен…

– Шоир экансиз, ўз оёғийзминан кеп қопсиз, дода, менга шеър бағишлайсиз!

– Мен ш-шоирмасма-ан, – дея патирчининг қўлидан халос бўлишга уринарди Толмасбоев. – Шунчаки…

– Патиримнинг додасидан битта бераман, – шармандаларча бозорни бошига кўтариб қичқирди патирчи аёл. – Гапим гап!..

Яхшики, бозорда инсофли одамлар ҳам бор экан. Сал нарида савда қилаётган юзлари бўрсилдоқ нондек қизил патирчи Толмасбоевнинг иккинчи билагига ёпишди.

– Ҳой, Сатина опа, уятмасми? Журналист окани  тортқилашингиз нимаси? Қўйворинг!..

Патирчи уялдими, Толмасбоевни қўйиб юборди. Аммо бўрсилдоқ юзли аёл уни ўз пештахтаси томонга судраб кетди.

– Мана шу ярамас аёлни ёмонлаб ёзсангиз-чи, – Толмасбоевнинг қулоғига шивирлади аёл. – Ўзим сизга бир сават патир бервораман, ҳа! Мен шунақа мард бозорчиман! Хўш, ёзасизми устидан?

– Мен… Менга қаранг, аслида мен бир саволга жавоб қидираётгандим.

– Мен жавоб бераман, сўранг!

– Нимайди?.. Ҳа, мана… Шу аёл ҳам патирини “дода” деб атади. Дода сўзи аслида мўйсафидларга қарата айтилмасмиди?

– Э, – гапни илиб кетди аёл. – Уни бошийзга урасизми, дода? Ундан кўра, асосийсини эшитинг. Бу ноинсоф-чи, патирига қора қўчқорнинг думбасини солмайди.

– Шунақами? – жонланиб қаддини ростлади-да, аёлга қаттиқроқ тикилди Толмасбоев. – Хўш, хўш, кейин-чи?

– У патирига сигирнинг чарвисидан солади. Келган харидорни тишлаб олишни яхши кўради. Уйида-чи, эрдан чиққан қизи бор, ўшангаям кун бермайди. Шўрлик қиз қачон кирсам бурни оққудай бўлиб чарви тозалаётган бўлади. Патирига тузниям йиригини солади. Ишонмасангиз, еб кўринг, дарров тишингизга ўша туз ботмаса, патирчи отимни сомсачи қўйвораман, дода!.. Мана, мен ростакамига қора қўчқорнинг думбасини ишлатаман. Ишонаверинг!..

Толмасбоев азбаройи асабийлаша бошлаганидан бошини икки кафти орасига олиб шивирлади?

– Менга… Патирга нима сабабдан дода деб ном берганларингизни тушунтири-инг!..

Шундай деди-ю, беихтиёр дуч келган тарафга чопа кетди. Унинг ортидан бўрсилдоқ юзли патирчи аёл бақирганча қолаверди:

– Ҳай, дода, патир-чи, патир? Патирнинг додаси ўзимдайди-ку!..

Толмасбоев патирчилар ҳақида ёзган мақоласини йиртиб ташлади. Мақола ёзишдан воз кечди. Бунинг ўрнига қўлига қалам олди-ю, кўнглидаги аламларини шеърга солди:

“Дода”ладим, минта бозор ораладим,

Гоҳ дўкон, гоҳ чойонага мўраладим.

“Доданг”, ана, сомсада-ку, дейишвотти,

Улар сизни сўкиб-сўкиб ейишвотти.

“Дода”, энди бир умр хор бўламизми,

Бозорига кирмай қўйсак, ўламизми?

Алам қилди “дода туршак” дейишганда,

Пистачини “дода”латиб қўйишганда.

Пистачидан қув, баттоли йўқ-ку, ахир,

Чин “дода”нинг соч-соқоли оқ-ку, ахир.

Патирчини айтмайсизми, шармандайкан,

Топган гапи “Ҳай ер юткур, зорманда”йкан.

Худди ўша савдолашсам, тўнглаб турган,

Сизни қора қўчқорларга тенглаб турган.

Ундайларнинг уйи куйиб кетса дедим,

Қаримасдан сочига оқ битса дедим.

Ана шунда сизни ҳурмат қилишарди,

Асл дода кимлигини билишарди.

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc