Иблис девори (11-қисм)

0

Ўлмас шундай деб таҳдидининг таъсирини билмоқчидай унга яна бир оз тикилиб турди. Тўлқиннинг юзида ўзгариш сезилмади:
-Агар бу ишимиз қимор ўйини бўлса, сиз эҳтиёт бўлинг. Мен яхши қиморбозман, ҳеч қачон ютқизмаганман. Ўзингиз айтинг-чи, қўлида иккита “туз” бор ўйинчи ютқизадими?
-Зўрсиз-ку?
-Зўрман. Кўлимдаги “туз”лар қанақалигини нега сўрамаяпсиз?
-Менга қизиғи йўқ. Истасангиз, майли, айтинг.
-“Туз”нинг биттаси виждоним, иккинчиси қонун.
-Катта кетманг, бу ўйинда икковини ҳам урадигани топилади.
Ўлмас “ўзингга ҳам кўлингдаги шу икки “туз”ингга ҳам тупурдим!” деб терговчининг юзига росманасига тупурмоқчи ҳам бўлди-ю, ўзини бир амаллаб тутиб, шарт ўгирилди-да, чиқиб
кетди. Бу онга келиб Тўлқиннинг ҳам сабр косаси тўлган эди. Ўзаро гаплари яна пича давом этса у ҳам тупурадиган ҳолга келиб қоларди. Эшик ёпилгач, аламини қўлидаги қаламдан олди.
Бармоқлари беиҳтиёр равишда уни сиқиб, синдирди. Кейин майда бўлакчаларни эшик томон отди.
Унга бу пайтгача турли таҳдидлар қилишган, ҳатто болаларини эслатиб ҳам туришган. Лекин бу одамнинг таҳдиди ўзгача таъсир этди. Олдингиларини қуруқ таҳдид сифтида қабул қилганди, бир оз ҳавотирланиб кейин унутганди. Буниси эса амалга ошиши бошланган фожиа бўлиб туюлиб, баданида титроқ турди. Агар телефон қўнғироғи жиринглаб қолмаганда балки шу телбалик таъсирида Ўлмаснинг изидан югуриб чиқиб “сен ҳали менинг ўғлимнинг тақдири билан ўйнашмоқчимисан!”, деб ёқасига ёпишишдан ҳам тоймасмиди… Ғазаб – қисқа муддатли
телбаликдир, дейдилар. Шу аҳволда телефон гўшагини кўтарди. Шаҳар прокурорининг ёрдамчиси тез етиб келишни буюрди.
Қишлоқдан узилиб, оролчага ўхшаб қолган дўнгликка боғ қилган Иброҳим ўрик дарахти ғўра туккан маҳалда шийпонга кўчиб чикқан эди. Кампири “ҳали ернинг захи қочгани йўқ,
эртага белингизни кўтаролмай менга иш орттирманг”, деб тўсқинлик қилса ҳам унамади. “Мен уйда бўлсам келинларга озодлик йўқ, ё бирон иш буюраман ёки мендан ийманишиб хоҳлаганча ўтириб, хоҳлаганча юришолмайди”, деб баҳона қилди. Аслида кенгликка интилиш болаликдан қолган одати. Айниқса ёшлик йиллари қамоқ азобини тотиб келгандан кейин кенг ҳовлиси ҳам тордай туюладиган бўлиб қолган. Дўнгликка сув чиқариб боғ қилиши ҳам шундан. Бу ердан гўё бутун олам кўринадигандай. Гўё бутун олам унинг ўзиникидай. Бу йил чиндан ҳам баҳорнинг тафти сал пастроқ келди. Кундузи қайси бир ғовакларда беркиниб ётган қиш нафаси қуёш ботиши ҳамоноқ шийпонига бостириб келиб, кечаси билан зириллатиб чиқади. Хуфтон намозига ҳали пича вақт бор эди. Иброҳим одати бўйича шийпон ёнида кичикроқ гулхан ёқиб, харсанг устига тўнини ташлаб ўтирди. Шу ўтиришида мудради. Туш кўрдими ё
акасининг руҳи яна пайдо бўлдими, билолмай қолди. Гулхан ёнига қадар аста юриб келди акаси… Ўйчан тикилди акаси…
“Яна келдингизми?”-деб сўради Иброҳим.
“Болаларимдан кўнглим нотинч. Бир бориб келсанг бўларди”, – деди акаси. “Мен бордим нима-ю, бормадим нима? Болаларингиз ёш бўлса экан, қулоқларидан чўзиб танбеҳ бериб келсам. Болаларингиз ҳам ўзингизга ўхшайди. Бировнинг насиҳатини қулоққа илишмайди”, – деди Иброҳим. “Уйимга бир бориб кел, Иброҳим, мени инжитма…” Ит ҳуриб, Иброҳим чўчиб тушди. Беихтиёр равишда атрофига аланглади: ҳеч зоғ йўқ. “Учинчи марта келиши. Болаларига бир гап бўлгандирки, арвоҳи нотинч. Эртами-индинми бориб келмасам бўлмас”, деб ўйлади. Алангаси пасая бошлаган гулханга ўтин ташлаб, косов билан титиб қўйди. Юзлаб учқунлар осмоннинг ягона ҳукмдори бўлиш қасдида бир-бирлари билан жой талашганча юқорига интилишди. Аммо биронтаси ниятига етолмади, гулхан бағридан бир қулоч ҳам кўтарилмай совуқ ҳаво уларни ямлаб ютди. “Умрнинг шу учқунга ўхшашини кўпчилик билмайди”, деб ўйлаган Иброҳим гулханнинг бу аёвсиз ўйинига узоқ тикилиб қолди. Хаёлида туғилган саволларга ўзича жавоб излади. Аллоҳнинг “қиёматда менинг бир куним сизларнинг эллик минг йилингизга тенг”, дейишига
қараганда одам умри шу учқун умридан ҳам калтароқ бўлиб чиқади. Шу калта умрда одамлар онадан туғилишади-ю, осмонга интилишади. Энг юқори мартабаларни эгаллашга шошилишади.
Осмон бойликларига эга бўлишни исташади-ю, ўлимнинг чангалида сўниб, лаҳадда қўним топишади. Гулхандан сапчиётган учқунлар сўндими, тамом, улардан ном-нишон қолмайди.
Бизга шундай туюлади. Аслида улар кулнинг кўзга илинмас заррасига айланадилар. Эҳтимол ерга қўниб, тупроққа айланиб, кўкат илдизига ҳаёт бериб ҳаётини яна давом эттирар? Буни биз
билмаймиз. Одам ўлганидан кейин уни таниган тириклар онгида яхшими-ёмонми хотираси қолади. Руҳ жасаддан ажралади, дейилади. Ёмонларнинг руҳлари азоб чекади, дейилади. Балки руҳлар азобдан нолалар қиларлар? Лекин руҳларнинг фарёдини ҳеч ким эшитмайди. Уларнинг азобига ҳеч ким гувоҳ бўлмаган. Азоб исканжасидаги руҳни фақат тафаккур кўзи билан кўриш мумкин. Руҳларнинг азоблари тирикларникига нисбатан аянчлироқ бўлса керак. Чунки тириклар жон берадилару бу дунё азобларидан қутуладилар. Демак, тирикларнинг азобдан қутилиш чораси мавжуд. Руҳлар-чи? Руҳларни азоблардан нима қутқаради? Иброҳим акаси билан кеннойиси руҳларининг азоб чекаётганини ақл кўзи билан кўриб, мулоҳаза қиларди. Руҳларнинг дардига дуо малҳам бўлишини биларди. Лекин азобларни фақат дуо билан муолажа этиш етарлимикин, деган саволга жавоб топа олмай, қийналарди. Акаси билан кеннойисини кўп ўйлаганиданми, кўзига кўринаверишади. Тушларига ҳам
киришади. Ҳадеб узр сўрайверишади, тавба қилаверишади. Иброҳим бу ҳолга ҳам ҳайрон. Чунки ҳар иккови жон беришдан аввал рози-ризолик тилаган. Иброҳим кўнглида гина
сақламаганини, у гапларни аллақачон унутиб юборганини бир неча марта айтган. “Агар қабр азобида бўлишса, бу азобларга ўша гуноҳларини асосий сабаб деб ўйлашаётгандир”. Иброҳим
ҳар сафар шу тўхтамга келади. Ҳар сафар бошини саждага қўйган ҳолда Яратганга муножот қилади, уларни мағфират этмоғини сўрайди. Ўлим тўшагида ётганларга розиликни билдириб
кўйиш лозимлигини билмайдиганлар йўқ ҳисоб. Аммо баъзилар қалбларини гинадан тозаламаган ҳолда тил учида, хастанинг кўнгли учунгина “розиман” деб қўйишади. Қалби рози
эмаслигини Аллоҳ билиб турганини эса ўйлашмайди. Қалб рози эмас экан, марҳумнинг у дунёдаги аҳволи қандай бўлар экан? Иброҳим қалби билан рози бўлган эди. Тўғри, ундан аввалроқ ёшлик ғурурига банди бўлиб “буларни ҳеч қачон кечирмайман!” деб онт ичганди. Бу қасам бузилмас даражада қалбининг туб-тубига муҳрланиб қолган эдими? Шуни ўйлаганда Иброҳим баттар эзилади. Аслида айрим одамларнинг баъзи гуноҳларини сира кечирмаган ҳам маъқул. Лекин мусулмонлик бурчи бунга йўл қўймайди. Мусулмон фарзандининг уч кундан зиёд аразлашишга
ҳаққи йўқлиги, кечиримли бўлишга мажбурлиги кўп гуноҳларнинг баҳридан ўтилишига сабабдир. Иброҳим зиммасида ана шу мажбурият борлигини билгунига қадар кўп вақт акаси ва
кеннойисидан нафратланиб юрди. Кейин уларнинг ҳузурига ўзи келди… Уларга бу ғалати туюлди. Акаси “Янганг билан бориб сендан узр сўрамоқчи эдик”, деди. Иброҳим аслида акасининг бундай нияти йўқлигини, гап тил учида айтилганини сезди. Лекин сир бой бермай: “Сиз акасиз, ҳар қандай шароитда ҳам узр укадан лозим”, -деди. Янгаси “ўшанда айб иш қилиб қўйган эканман”, демади. Аксинча, эри ошхонага кирган пайтда “укангиз бекорга кечирим сўраб келмагандир”, деб қўйди. Иброҳим буни ҳам сезди. Ош пишиб, бир-икки ошам олингунича гап-гапга қовушмаса ҳам чидаб ўтирди. Кетар маҳали ёнидан газетага ўралган бир даста пул чиқарди: “Ака, катта қурилиш қилибсиз, ука бўлиб ҳашарга келолмадим. Ҳали чала ишлар кўп экан, усталарга ишлатарсиз”, деб узатди. Шавкат “олмайман”, деявергач, дастурхоннинг бир учини қайириб хонтахта устига қўйди-да, хайрлашиб чиқиб кетди. Пулнинг кўплигини кўриб Фарида ажабланди. “Укангиз шунақа топарман бўлиб кетганми, қаерда ишлаяпти ўзи?”-деб сўради. Укасидан мутлақо хабар олмайдиган ака бу саволга нима деб жавоб берарди: елкасини қисиб “билмайман” дейишдан ўзга чораси йўқ. Пулга маҳлиё бўлиб турган эр-хотин Иброҳимнинг яқин танишидан қарз кўтарганини ўйлаб ҳам кўришмасди. Бу пулни берган киши шу уй пойдеворига биринчи қатор ғиштларни териб, сўнг кетиб қолган уста экани уларнинг етти ухлаб бир тушига кирмаган эди. Иброҳимнинг бемеҳр акаси айнан шу Шавкат эканини ўшанда уста ҳам билмас эди. Шавкат вафот этганида Иброҳимга таъзия
билдириш учун келгандагина бундан хабар топди-ю, аммо бу хонадон эгаларини танишини ошкор қилмади. Акасидан кечирим сўрашдан аввал Иброҳимнинг тушига онаси кираверди, “акангдан хабар ол”, деяверди. Ундан аввал уста Умар қори кечиримли бўлиш ҳақида қанча гапирмасин, қулоғига олмаётган эди. “Улар мусулмончиликни билишмаса ҳам мен уларга мусулмончилик
қилайинми, йўқ, қори, бу ҳақиқатингизни тан олмайман”, деб қаттиқ гапирган вақти ҳам бўлди. Уста унинг ўжарлигидан ранжиса-да, даъватини сабр билан давом этган эди. У Иброҳимни
кибрда айбларди. Ҳолбуки, Иброҳим ўзининг камситилгани учун эмас, онасига меҳр кўрсатилмагани учун акасидан ранжиган эди. Буни у ҳеч кимга, ҳатто қадрдони бўлиб қолгани уста Умар қорига ҳам айтмаганди. Бу дунёда онасига меҳр кўрсатмаган оқибатсиз фарзандлар оз эмас. “Оқ сутимга рози эмасман”, деб оқ қилувчи оналар эса кўп эмас. Онаси жон берганида Иброҳим қамоқдан чиқиб келаётган эди. “Ҳар иккала ўғлимдан мингдан-минг розиман”, деган гапини қўшниси эшитиб, кейин унга билдирган. Шу кўшниси икки ўғил номидан розилик сўраган экан… Иброҳим бу одатнинг тўғри ёки нотўғри эканини билмайди. Ҳар ҳолда йўқдан кўра бор, дегандек жигарнинг номидан бегона розилик сўраса ёмонмасдир. Иброҳимнинг йўриғи бошқа. Акасиники… Бошқа одамнинг розилик сўрашига ҳам чидаш мумкин, лекин жанозада, тобут ёнида бегонанинг туриши. “Икки ўғлим , икки қанотим бор”, деб умид билан яшаётган онанинг сўнгги йўлга кетаётганида қанотларсиз қолишига чидаш мумкинми? Бегона одамнинг “қарзлари бўлса мен тўлайман” деб туришига-чи? Бомдодга чиқариш мўлжалланган майитни асрга қадар
сақлаб туришди. “Ўликнинг эгаси келсин”, дейишди. “Аёлни лаҳадга ўғли қўйиши керак”, дейишди. Лаҳадга ҳам бегона қўйди… Буларнинг барчасини Иброҳим ўлим тўшагидан туриб,
уйига қайтгач эшитди. “Акам жон берай деб ётган бўлса ҳам етиб келиши керак эди, нега келмабди?”-деб сўради. “Шу куни аканг номзодлик диссертациясини ёқлаши керак экан”, деб ёлғон айтишди. “Э Худо!-деб нола қилган эди ўшанда Иброҳим. – Акамни бир умрга бадном қилиб қўйибсан-ку? Агар заррача акли бўлса, энди бу дунёда бош кўтариб юролмаслиги керак. Ундан кўра ўша диссертациясига қўшиб оловда ёндириб юбора қолсанг бўлмасмиди?! Акамни мен учун тириклайин ўлдириб берибсан. Тирик-ўлик акам борлигини билиб яшаш менга ҳам қийин. Шу азобга лойиқ кўрдингми мени?!” Бунинг шунчаки азоб эмас, балки имтиҳон эканини Иброҳим у дамда билмасди. Уста Умар қори англатди. Иброҳим имтиҳондан ўтиш учун кибрни енгиши керак эди – енгди. Онаси тушларига кириб акасининг уйига боришга ундайверди. Уста Умар қорига ўжарлик қилган Иброҳим онасининг руҳига эътироз билдиролмади. Иброҳимнинг назарида онаси тўнғич ўғлини кичигига нисбатан яхшироқ кўрарди. Ҳа, бу
фақат Иброҳимнинг фикрича шундай эди. Аслида она фарзандларини, айниқса эридан ёдгор қора кўзларини бирини иккинчисидан афзал кўрмайди. Шавкат болаликдан илмга ихлосманд эди. Шу сабабли дарс тайёрлашига ҳалал бермаслик мақсадида онаси уни турли ишлардан озод қиларди. Иброҳимнинг ўқишга тоқати йўқ эди, оқибатда юмушларнинг асосий қисми унинг зиммасига тушарди. Кундузлари далада ишлашарди, ёрилган товонлари азоб беришига қарамасдан машоқ теришарди. Шунда онаси “Шавкатим китобини ўқисин”, деб уни уйда
қолдиришга турли баҳоналар изларди. Бригадир ҳам кўпинча унинг баҳонасига кўнарди. Агар Иброҳим ишга чиқмаса дакки эшитарди, баъзан қулоқ чўзма ерди, бироқ, Шавкат бундай
жазолардан мустасно эди. Ёғоч оёғини дўқиллатиб юрувчи, табиатан қўпол бўлган бригадирни Иброҳим яхши кўрарди. Қишлоққа чўлоқ бўлса-да, тирик қайтган биринчи аскар шу киши эди. Ҳадеб “қора хат” келавериб юраклари зада бўлган қишлоқ аҳли учун ўша кун ҳақиқий байрамга айланганди. Кимдир ҳатто қўй сўйган ҳам эди. Қўйни ким сўйгани Иброҳимнинг ёдида
йўқ, аммо тўйиб гўшт еганини унутмайди. Бригадир Иброҳимга “Сен кимнинг ўғлисан. Биласанми? Билмасанг билиб қўй: сен зўр одамнинг ўғлисан!” деб қўярди. Уруш қаҳрамонидан бу мақтовни эшитиш унинг учун ғоят катта бахт эди. Ёрилиб, азоб бераётган товонларига кечаси сурилган ёғ бир оз даво бўларди-ю, тонг отар- отмай яна далага йўл олиш унинг учун одатий бир ҳолга айланиб қолганди. Бригадир машоқ тераётганларни қизиқтириш учун “барака” топганларга мукофот эълон қилгани билан
ваъдасини бажармасди. Шу сабабли қўшалоқ башоқ чиққан тақдирда ҳам суюнчи сўраб унга йўлиқишмасди. Бир куни бригадир ёнидан ўтиб кетаётганида Иброҳим топган “барака”сини
кўрсатди. У эса ҳаммани ҳайратда қолдириб Иброҳимга мукофот тарзида тўрт ҳовуч буғдой берди. Ўша куни онаси иситмалагани сабабли далага чиқмаган эди. Мукофот шодлиги билан қайтган Иброҳим “онам ҳам қувонарлар”, деб ўйлаган эди, ундай бўлмади. Онаси: “дарров қайтариб бер, бизнинг бошқалардан бир тишлам ошиқча нон ейишга ҳаққимиз йўқ”, деб гапни калта қилди. Иброҳим онасининг гапини сўзсиз бажаришга одатланган эди. Айниқса отасининг ўлими ҳақидаги хабар келганидан бери онаси бир нима дейдиган бўлса ҳатто кўз қараши билан ҳам норозилик билдиришдан ўзини тиярди. Лекин бу сафар астойдил қаршилик билдиргиси келди. Тўрт ҳовуч буғдойнинг ҳалол эканини исботламоқчи бўлди. Бироқ, онанинг маъюс, айни чоқда қатъий боқиши уни шаштидан қайтарди. Ноилож кўчага чиқди. Бир оз юргач, олти хонадон наридаги қўшниси Мунисага дуч келди. Ўзидан икки ёш кичик бўлган бу қиз тўрт кундан бери машоқ теришга чиқмаётган эди. Отасидан “қора хат” келгач, онаси ётиб қолганди. “Бу хонадоннинг рўзғор ташвиши шу кичкинагина Муниснинг елкасига тушди” – қишлоқдагиларнинг ҳаммаси шундай дерди. Иброҳим қизга яқинлашиб, ундан “Тузалиб қолдингми?” деб сўради-да, бошқа гап-сўзсиз тугунчани узатди. “Нима бу?”-деб ажабланди Муниса. “Бригадир бува бериб юбордилар, озгина буғдой” – Иброҳим хаёлига келган ёлғонни қайтармай тилига чиқарди. “Ўзлари яқинда келиб кетдилар”-Қиз шундай деб, ёлғони фош бўлиб уятдан қизариши кутилган болага қаради. Иброҳим дарров фош бўладиган, дарров уяладиган болалар тоифасидан эмасди: “Далада эсларидан чиқиб қолган экан”, деди. Қиз тугунни олди. Ўшанда Иброҳим ғоят қувониб, ўзига ўзи: “Умримда энди битта яхши иш қилдим”, деб қўйган эди. Шу яхшилигининг орадан йиллар ўтиб мева беришини, шубҳасизки, у ўшанда ўйламаганди.
Қамоқдан қайтганида кўча эшик қия очиқ, ичкарида онаси хазонларни супураётган бўлади… У шундай ўйлаганди. Онасининг вафот этганини ҳали билмасди. Кўчада келаётганида йўлда учраган ҳамқишлоқлари саломлашишганда ғамгин қараб қўйишганининг боисини ҳовлига кирганидан кейин билди. …кўча эшик очиқэди… аммо… …ҳовлини Муниса супураётган эди…
Иброҳим уни кўриб, “онамга қарашгани чиқибди-да”, деб ўйлади. Қиз билан саломлашди. “Аям қанилар?” деб сўради. Муниса саволга жавобан: “Ҳозир”, деди-ю, Иброҳимни ажаблантириб, кўча томон шошилди. Юракни тилим-тилим қилиб ташловчи хабарни ён қўшниси чиқиб айтди. Орадан ярим йил ўтмай Муниса шу хонадонга келин бўлиб тушди. Улар орасида китобларда
ёзиладиган севги-муҳаббат йўқ эди. Муниса “Иброҳимни севарди, шунинг учун унинг қайтишини кутди”, дейилса ёлғон бўлади. Қизга кўп совчилар келди, бироқ, ёзуғида Иброҳим бор экан, қишлоқ аҳлининг ҳаракати билан тақдир уларни қовуштирди.

Тохир Малик