Сули йўталда фойдали эканидан хабарингиз бормиди?..

0

Сули бўтқасини кўпчилик севиб истеъмол қилади. Уни еган болалар полвон бўлиб вояга етади, унга ихлос қўйган кексалар узоқ умр кўради, беморлар тез тузалади, соғломлар эса касал нелигини билмайди.

Бу ажойиб маҳсулот бошоқдошлар оиласига мансуб, бир йиллик ўтсимон ўсимлик бўлиб, бўйи 170 см гача боради. Гуллари майда, май-июнда гуллаб, июль-августда пишиб етилади. Меваси — бошоқларида бўладиган чўзинчоқроқ шаклли дон.

Сули дони — шифонинг кони. Ундан ёрма (овсянка, геркулес), талқон каби озиқ-маҳсулотлар тайёрланади. Шунингдек, озиқ-овқат, қандолатчилик саноатида ва тиббиётда ҳам қадрланади.

Сули таркибида оқсиллар, аминокислоталар, ёғ кислоталари, крахмал, глюкоза, фруктоза, мальтоза, рафиноза, сахароза, калий, кальций, кремний, магний, натрий, олтингугурт, фосфор, хлор, алюминий, ваннадий, темир, йод, кобальт, мис, молибден, никель, қўрғошин, селен, стронций, титан, фтор, хром, рух каби маъданлар мавжуд. Бундан ташқари, Е, В1, В2, В6, К дармондорилари, холин, биотин, каротин ва фолацин, ферментлар, эфир мойлари жуда кўп. Шу моддалар туфайли сули ҳатто жуда заифлашган беморларни ҳам тезда оёққа турғазишга ёрдам беради. Мисол учун, асаб тизими ўта чарчаганда, уйқусизликда, тери хасталикларида, куйишда, вирусли гепатитда, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак, жигар, буйрак касалликларида, ўпка силида қувват ато этувчи таъсир кўрсатиб, организмнинг хасталикка қарши курашиш қобилиятини оширади.

Сулининг ёрма ва кукун ҳолига келтирилган донидан шифобахш бўтқалар ҳамда турли ичимликлар тайёрланади. Сули ёрмасини барча озиқ-овқат дўконларидан сотиб олиш мумкин. Унинг ажойиб хусусияти шуки, ёрмасини қайноқ сувда дамлаб, 10-15 дақиқа қолдирилса, қайнатилмаса ҳам ейишли таом тайёр бўлади. Ёрмани қаҳва майдалагичда янчиб, кукун ҳолига келтириш ва шифобахш ичимликлар таркибига қўшиш мумкин.

Сули ёрмаси қондаги  ёмон холестерин миқдорини пасайтиради: сули ёрмаси таркибида клетчаткаларнинг табиий турларидан бири — бета-глюканларнинг беш фоизли концентрацияси мавжуд. Илмий тадқиқотлар бета-глюканлар борасида одамнинг ичаклари улар туфайли ёмон холестеринни камроқ сингдиришини, бу эса унинг қондаги миқдорини пасайтиришини исботлади.

Сули ёрмаси юрак хуружи ва инфарктнинг олдини олади: бу ёрма таркибида танадаги кўплаб муҳим жараёнларда қатнашувчи магний жуда кўп. Магний қон айланишини яхшилаш ва қон босимини меъёрида тутиб туриш билан юрак хуружи хавфини камайтиради.

Сули ёрмаси озишга ёрдам беради: сули таркибида бошқа ёрмаларга қараганда клетчаткалар кўпроқ. У ҳазм қилиш жараёнида ёрдам беради ва ўзингизни тўқроқ ҳис қилишга имкон беради. Узоқ давом этган тўқлик ҳиссиёти калориянинг кам сарфланишига ёрдам беради ва бу озишга олиб келади.

Сули ёрмаси саратоннинг баъзи турлари пайдо бўлиш хавфини пасайтиради: бир неча тадқиқотлар кўп миқдорда клетчаткалар истеъмол қилиш билан йўғон ичак саратонининг пайдо бўлиш хавфини бир-бирига боғлайди. Ҳозирча саратоннинг бу тарзда олдини олиш имкониятлари исботланмаган, лекин сули ёрмаси каби овқатлар ичаклар соғлиғини бутунлай яхшиловчи омиллар ҳисобланади.

Сули асосида тайёрланадиган
малҳамларни эътиборингизга
ҳавола этамиз.

Ишлаб чарчаганда: 100 г сули ёрмасини 1 стакан қайноқ сувда дамлаб, 10 дақиқа тиндириб, ҳосил бўлган бўтқани есангиз, кучингизга куч қўшилади.

Камқонлик, яъни анемияда: сули ёрмасидан 1 ош қошиғи олиниб, устига 200 мл қайноқ сув қуйилади. Ёрма 2 соат мобайнида дамланади. Сўнгра сузилиб, таъбга кўра асал қўшилади ва 50 мл дан кунига 3-4 маҳал илиқ ҳолда ичилади.

Йўталда: 1 пиёла сули дони 1,5 л сутга солиниб, пишгунча паст оловда қайнатилади. Мабодо қайнатиш жараёнида қуюқ масса ҳосил бўлса, устига яна сут қўшиш мумкин. Тайёр бўлган қайнатмадан кунига 4-5 маҳал иситиб, 1 ош қошиқдан қабул қилинади. Бунга асал қўшиб ичилса, самараси янада яхши бўлади.

Бронхитда: ярим пиёла сули дони 2 л сутга солиниб, газ печида 2 соат давомида қиздирилади. Кейин ҳар куни кечқурун 1 пиёла (200 мл) дан ичилади.

Оёқ терлашида: сули пояси билан эман пўстлоғидан 10 г дан олиниб, устига 100 мл қайноқ сув қўшилади. Паст оловда 5 дақиқа қайнатилади. Тайёр қайнатмадан ванна қилинса, оёқ терлаши тузалади.

Уйқусизликда: сулининг 100 г кўк поясининг юқори қисми олиниб, обдан майдаланади, устига 0,5 л 40 фоизли спирт қўшилади ва қоронғи жойда 21 кун мобайнида тиндирилади. Кейин сузилиб, сиқиб олинади. Тиндирмадан 30 томчиси 1 ош қошиқ сувга аралаштирилиб, кунига таомдан олдин 3-4 маҳал ичилади.

Сули поясини топиш имконияти бўлмаса, унда сули донидан 100 г олиниб, 0,6 л қайноқ сувда паст оловда иситилади. Дон ёрилиш даражасига етганда оловдан олинади, совитиб сузилади. Кейин олинган шарбат 3 га бўлиниб, кунига 3 марта илиқ ҳолда ичилади.

Ҳазм тизими хасталикларида: 2 пиёла сули дони ювилиб, 1 л қайноқ сув ёхуд сутда паст оловда 2 дақиқа қайнатилади. Ярим соат дам бериб, сузилади. Кейин таомдан ярим соат олдин кунига 1 пиёладан 3 маҳал ичилади. Даволаш давомийлиги — 2 ой. Зарурат туғилганда 1 ой танаффусдан сўнг такрорлаш мумкин.

Қандли диабетда: тенг миқдорда сули пояси, ловия қўзоғи, зиғир уруғи, қулупнай ва дафна баргларидан йиғма тайёрланади. Ундан 3 ош қошиғи 600 мл қайноқ сувда дамланади. Ярим соатдан сўнг тайёр дамлама сузиб олиниб, кунига 50 мл дан 6-8 марта таомдан олдин ичилади.

Қандли диабетда иккинчи усул: 100 г тозаланган сули дони 4 соат мобайнида истеъмол сода солинган сувда ивитилади. Кейин ювилиб, паст оловда 1 соат пиширилади. Кунига таомдан ярим соат олдин 0,5 л дан 3 маҳал ичилади.

Куч-қувватни оширишда: сули дони узоқ қайнатиб қўйилса, шифобахш кучи сувга чиқади. Касалликдан соғайиш даврида шу сувни ичган киши, кучига куч қўшилиб, қуввати ошади, руҳи енгиллашади.

Тайёрланиши: 1 пиёла сули дони сувда бир неча марта ювилади-да, 400 мл қайноқ сувда сувнинг ярми буғланиб кетгунича қайнатилади. Кейин суви қуйиб олиниб, унга 2 ош қошиқ асал қўшилади, яна қайнатилиб, илиқ ҳолида ичилади.

Астма хасталигидаги йўталда: 1 ош қошиқ сули донига 400 мл қайноқ сув қуйилиб, 30 дақиқа қайнатилади. Таомдан олдин кунига 3 маҳал ярим пиёладан ичилади.

Қуруқ йўталда: 100 г сули дони ва ўртача катталикдаги пиёз олиниб, устига 1 л қайноқ сув қуйилади, 10 дақиқа қайнатилади. Совигач, 2 ош қошиқ асал қўшилади ва кунига 1 ош қошиқдан 4-5 маҳал ичилади.

Асабни тинчлантиришда: уй шароитида сули донидан спиртли тиндирма тайёрлаб ичилса, асабийликда яхши наф беради. Бунинг учун 20 г сули донига 200 мл 40 фоизли спирт қуйилади ва 15 кун тиндирилади. Сўнгра сузиб олиб, кунига 1 ош қошиқдан 3 маҳал ичилади. Тиндирмага арслонқуйруқ ўтидан озроқ қўшилса, самараси яхши бўлади.

Бўғимлар оғришида: катта жомга ёки челакка сулининг 0,5 кг майдаланган пояси ва қариқиз барглари солинади, устига 10 л қайноқ сув қўшилади, 30 дақиқа мобайнида қайнатилади. Кейин оғриқли қўл-ёки оёқ ванна қилинади.

Cувга ботирилади. Сўнг ҳар куни кечаси оғриган бўғимга қўйилади.

Қон босими меъёридан ошишида: 5 чой қошиқдан сули дони, наъматак меваси, 1,5 чой қошиқдан қуритилган момақаймоқ илдизи ва барглари, сачратқи илдизи, 1 ҳиссадан мойчечак гуллари, бўймадорон ва дала қирқбўғини ўсимликлари аралаштириб, йиғма ҳосил қилинади. Бу йиғмадан 2 ош қошиғи устига 0,5 л қайноқ сув қуйиб, 45 дақиқа дамланади. Сўнгра сузилиб, таъбга кўра асал ва лимон суви қўшилиб, ҳар сафар овқатдан ярим соат олдин илиқ ҳолида ичилади.