​Депутат кўтарган муаммо: кўчада қолган аҳоли ва кредит ажратмаган банклар

0

Депутат битта, муаммолар эса мингта. Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев ўз сайлов округи Янгийўл шаҳар аҳолисининг муаммолари билан танишиб, уларга ечим излашда давом этмоқда.

Уйи бузилган аҳоли кўчада қоладими?

Депутатнинг биргина Янгийўл шаҳрида ўрганган масалалари тизимда ҳамон бир қанча камчиликлар борлигини, масъуллар аҳоли муаммоларига бефарқлигини намоён қилмоқда. Мисол учун, бузилиш ва қурилиш ишлари шаҳар ташқарисидаги аҳолининг ҳам тинчини бузган. Қурилиш, ободончилик ишлари бўлгани яхши бироқ, бунда аҳолини кўчириш ва уларни яхши шароит билан таъминланмасликлари кўпгина норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Депутат шахсан жойларга бориб ўрганган муаммолари ҳақида шундай дейди: “Маълум бўлишича, Янгийўл деҳқон бозори замонавий кўринишда кенгайтирилиб, қайта бунёд этилаётгани сабабли, 17 та хонадон бузилиб, уларнинг майдони бозор ҳудудига қўшилган. Уйлари бузилган оилаларга янги қурилаётган кўп қаватли уй-жойлардан ажратилган. Бироқ, ваъда қилинган уй-жойлар ҳамон эгаларига топширилмаганлиги, қўлларига уй-жой олишни кафолатловчи бирор ҳужжат берилмагани, вақтинча ижарада яшашдаги қийинчиликлар одамларнинг эътирозига сабаб бўлмоқда”.

Расул Кушербаев ушбу муаммолар юзасидан шаҳар ҳокими Ф.Мирзаевга ҳам мурожаат этган ва ҳокимликдан бир ҳафта ичида одамларга ҳужжатлар берилиши бўйича ваъдани олган. Шунингдек, депутат уйлари бузилган аҳоли учун қурилаётган 7 қаватли уйларнинг шароити билан ҳам танишганини айтиб, ҳеч бир хонадон уйсиз қолмаслигига ваъда бермоқда.

“Обод маҳалла” дастури аҳоли чўнтаги ҳисобиданми?

Расул Кушербаев жойига бориб ўрганган муаммолардан яна бири, Янгийўл шаҳар “Ишчилар шаҳарчаси” маҳалласидаги Эрматова кўчасининг таъмирталаблиги ва “Обод маҳалла” дастуридаги таъмирлаш ишлари аҳоли бўйнига қўйилгани бўлган. Мазкур маҳалладаги асфальтларни таъмирлаш ишлари аҳоли “чўнтаги”дан амалга оширилиши режалаштирилган. Аммо, депутат муаммони ўрганиб, мутасаддилар ва масъуллар билан мулоқот олиб боргач, кўчага шу йилнинг сентябрь ойи якунига қадар асфальт тушиши ва маҳалладаги икки нафар моддий ёрдамга муҳтож оила уйлари таъмирланиши маълум бўлди. Бу ишлар эса ҳомийлар томонидан амалга оширилиши айтилмоқда.

“Уйлар куз-қиш мавсумига тайёр эмас”

Янгийўл шаҳар аҳолиси муаммоларини ўрганган депутатнинг фикрича, ушбу шаҳарнинг «Файзли» маҳалласида қад кўтарган бир қатор кўп қаватли уйларнинг том қисмини алмаштириш ва сув тармоқларини таъмирлаш ишлари ҳамон бошланмаган. Чунки ширкатлар учун “Агробанк” ва Халқ банки филиаллари томонидан ҳукумат қарори билан ажратилиши белгиланган кредит маблағлари ҳалигача тўлиқ берилмаган. “Агробанк” масъуллари бир ҳафта давомида режадаги маблағларни кредит сифатида ажратишга ваъда берган бўлса-да, Халқ банки филиали ҳукумат қарори билан белгиланган режани бажаришдан очиқчасига турли баҳоналар билан бош тортмоқда. Расул Кушербаев мазкур масала юзасидан банк раҳбариятига махсус сўровнома тайёрлашдан ўзга чораси йўқлигини айтмоқда.

Депутатнинг бир кунлик ўрганишлари орқали аҳолида талайгина муаммолар борлиги аниқланди. Бу муаммоларнинг ечимсиз қолиб, депутатни “кутиб туриши” эса назаримизда, ҳокимиятнинг масъулиятсизлиги билан боғлиқ. Уларни ҳал қилиш учун эса биргина Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевнинг фидойилиги камлик қилади. Янгийўл шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари ҳам мазкур масалаларнинг ечимига бефарқ бўлмайди, деб ўйлаймиз.

 

uza