Кимнинг буйрагидан шикояти бор?

0

Буйрак кичик тос соҳасида жойлашган жуфт аъзо бўлиб, қонни фильтрлайди, пешоб ишлаб чиқаради ва танадаги кислота-ишқор мувозанатини таъминлайди. У шундай заҳматкаш аъзоки, ҳатто хасталаниб, бор-йўғи 30 фоиз кучи билан ишлаганда ҳам одамнинг меъёрий ҳаёт кечиришини таъминлай олади. Айнан шунинг учун ҳам буйрак жиддий зарарлангунча ўз ҳолидан «шикоят» қилмайди. Унинг соғлом фаолиятига бизнинг баъзи бир одатларимиз кутилмаган зарба бўлиши мумкин. Агар буйрагингиз соғлом бўлиб, сизга узоқ вақт хизмат қилишини истасангиз, қуйидаги одатларингиздан воз кечинг.

Ширин газли
ичимликларга
 тобеълик

Япониянинг Осака университети ходимлари ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, кунига икки ёки ундан кўп марта тўйиб газли ичимлик ичиш буйрак касалликлари ривожланишига олиб келади. Олимлар тадқиқотда 12 минг кишининг саломатлигини кузатишди. Улар орасида газли ичимликларни кўп истеъмол қилган иштирокчиларнинг пешобида оқсил ошиб кетгани аниқланди. Бу буйрак зарарланганининг биринчи белгисидир.

Кашандалик

Чекиш юрак-қон томирларида склероз деган хасталикни келтириб чиқаради. Бу муаммо оқибатида қон томирларининг торайиши ва чўзилувчанлигининг йўқотилиши барча органлар каби буйракда ҳам қон таъминотига салбий таъсир кўрсатади. Тиббиёт амалиётидаги маълумотларга кўра, кунига  чекилган икки дона сигарета ҳам бир неча йил ичида томирлар торайиши ва бошқа хасталиклар ривожланишига сабаб бўлиш учун етарли омилдир.

В6 витамини танқислиги

Соғлом овқатланишга риоя этиш буйракнинг яхши ишлашида катта аҳамиятга эга. Дунёда ўтказилган тадқиқотларда одам организмида В6 витамини етишмаслиги буйрак тошига сабаб бўлиши аниқланган. Буйрак ишини қўллаб-қувватлаш учун ҳар куни камида 1,3 миллиграм В6 витамини қабул қилиш керак. Бу витамин балиқ, нўхат, мол буйраги, картошка каби маҳсулотларда кўп бўлади.

Уйқусизлик

Биз тунда ухлаганимизда бошқа аъзолар каби буйрагимиз ҳам дам олади. Уйқунинг доимий равишда бузилиши, кунига 7 соатдан кам ухлаш буйрак касалликларини чақиради. АҚШдаги Торонто университети кардиолог олимларнинг аниқлашича, буйракнинг заиф тўқималари уйқу пайти қайта тикланар экан.

Камҳаракатлик

Жисмоний машқ — буйракни ҳимоя қилишнинг яна бир синалган усули. Умуман олганда, меъёрий вазн буйракда тош тўпланиши имкониятини камайтиради.

тарли миқдорда сув ичмаслик

Буйрак ўз фаолиятини яхши амалга ошириши учун етарли миқдорда сув ичишимиз керак. Агар етарли суюқлик қабул қилинмаса, қонда токсинлар йиғила бошлайди. Меъёрий ҳисобда кунига 10-12 стакан сув ичиш тавсия этилади.

Зарур дори-дармонларни ичмаслик

Юқори қон босими ва қандли диабет — бу ҳаёт тарзи ва нотўғри овқатланиш натижасида келиб чиқувчи касалликлар. Агар сизда шу хасталиклардан биронтаси бўлса, буйрагингизни эҳтиёт қилинг. Яъни зарур бўлган дори-дармонларни ўз вақтида қабул қилинг.

УЧ ХИЛ ТОШ, УЧТА ДАРД

Буйрак тошлари жойлашиши ва ҳажмига қараб турлича бўлади. Масалан, урат, оксалат, фосфат тошлари сийдикда шовул кислотанинг кўпайиб кетиши натижасида чўкмалар пайдо бўлишидан сўнг келиб чиқади. Кальций тузининг сийдикдан кўп ажралиб чиқиши оқибатида ҳам тош ҳосил бўлади. Хасталикнинг бу турини даволаш учун парҳезга қатъий риоя қилиш керак. Таркибида шовул кислота ҳамда таркибида тузлар мавжуд бўлган маҳсулотлар (масалан, шовул, исмалоқ, лавлаги, картошка, анжир, олхўри, қулупнай, какао, шоколад, қора чой) ни истеъмол қилмаган маъқул. Аксинча, магнийга бой маҳсулотлар (масалан, наъматак, ёнғоқ, сабзи, ўрик, гречиха, арпа, кашнич) ни кўпроқ истеъмол қилиш лозим. Булар организмда оксалат тошлари ҳосил бўлишига йўл қўймайди.

Буйрак тоши касаллиги бор бемор семириб кетишдан сақланиши, жисмоний ҳаракатда бўлиши, хамир овқат, нон, шакарни иложи борича кам ейиши керак. Қон-томир, юрак хасталиги бўлмаса, бир кунда 2 литргача суюқлик ичиши мумкин. Чунки суюқлик тошларни ювади. Спиртли ичимликлар ичиш асло мумкин эмас. Ичкилик организмдаги тузларнинг эришига тўсқинлик қилади. Бемор шифокор белгилаб берган парҳезга қаттиқ риоя қилиши зарур.

Тошларни майдалаш учун…

Тошларни майдалаш учун даволаниш мобайнида бемор уй шароитида қўшимча муолажаларни қўллаши, яъни халқ табобати усулларидан фойдаланиши мумкин.

Бўйимодарон ўсимлигидан Ибн Сино буйрак тошини майдалашда ва туширишда фойдаланган. Бунинг учун бўйимодаронни гуллаган пайтида гули билан узиб олиб, сояда қуритилади. Дамлама тайёрлаш учун оғзи ёпиладиган идишга 1 стакан қайнаб турган сув қуйилади ва ўсимликнинг ер устки қисмидан 1 ош қошиқ солиб, 1 соат дамланади. Сўнгра докадан сузилади. Дамламадан кунига 3-4 маҳал овқатдан олдин 1 ош қошиқдан ичилади. Бемор 10 кундан сўнг 3-4 кун дам олиб, муолажани яна такрорлайди.

Семизўт ўсимлиги таркибида кўп миқдорда C витамини, қанд, алкалоид, гликозид, фосфор, кальций унсурлари бор. Ибн Сино унинг дамламасини буйрак хасталикларини даволашда қўллаган ва ўта шифобахш эканини алоҳида таъкидлаган.

Дориланмаган қовун эти ҳам бу касалга даводир. Узум шарбатини истеъмол қилиб туриш янада фойдали. Бундан ташқари, Ибн Сино беҳининг сиқиб олинган шарбатига асал ва сирка қўшиб шифобахш дори тайёрлаган.

Оғриқ
қолдирувчи
воситалар

Биз қанча кўп дори-дармон қабул қилсак, фармацевтика препаратларининг аъзоларга, асосан, буйракка салбий таъсирини шунча оширамиз. Синтетик дорилар бир ёқдан фойда қилса, бир ёқдан зиёндир.