Шаҳзода Муҳаммедова: «Бўлажак умр йўлдошим Москвада ателье очиб бермоқчи!»

0

«Тундан тонггача» фильмидаги бананхўр келин — Зилола роли орқали томошабинлар назарига тушган актриса ва дизайнер Шаҳзода Муҳаммедовани серқирра ижодкор, дея эътироф этиш мумкин. Унинг кино ва клипларда роль ўйнашдан ташқари, хонанда, тақлидчи, бошловчи, модельер-дизайнер ҳамда тадбиркор сифатида ҳам фаолият юритиши кўпчиликка яхши маълум. Бу гал шов-шувлар уммонида фаол бўлишни хуш кўрувчи Шаҳзодани суҳбатга чорладик.

— Шаҳзода, бугун нималар билан бандсиз? Қандай киноларда суратга тушяпсиз ёки иштирокингиздаги қайси фильмларнинг премьераси яқин?

— Биласизми, охирги пайтларда негадир кинога бўлган қизиқишим аввалгидек эмас. Иштиёқим ҳам сўнгандек. Ўзимни келажакда бу соҳада кўрмаяпман. Яхши режиссёр ва сценаристлар кўп, аммо пичоққа илинадиган сценарийлар, продюсерлар жудаям оз. Пухта сценарийлар тақдим этишгани билан актёрлар қониқарли даражада гонорар олишолмаяпти. Аксарият актрисалардан сўраб кўринг, улар топаётган гонорар кийиниши, пардоз-андози, еб-ичиши, йўл кираси ёхуд машина ёқилғисига базўр етаётганини, оила бюджетига ҳисса қўшолмаётганини куюниб таъкидлашади. Улар тўрт йил шу соҳа бўйича таҳсил олишган, ҳозирги даражасига меҳнати билан эришишган. Бироқ роллари орқали етарлича маблағ топишолмаётганидан хафа ҳам бўламан, ачинаман ҳам.

Мен учун эса актрисалик қизиқиш, холос. Асосий фаолиятим дизайнерлик ва тадбиркорликка бориб тақалади. Ўзбек киноси ҳамда театрида юксалишлар бўлиб, мазкур касб вакиллари яхшигина даромад топишини чин дилдан истаб қоламан.

— Гонорар тўғрисида сўз очдингиз. Агар сир бўлмаса, қайси фильмдаги ижронгиз учун яхшигина ҳақ олгансиз?

— Бу йил кино оламига кириб келганимга тўққиз йил тўлди. Ўтган давр мобайнида йигирмадан зиёд картина ҳамда кўплаб клипларда турли ролларни ижро этдим. Икки йил олдин режиссёр Дилшод Аҳмедовнинг «Салом, группадагилар» фильмидаги ролим учун 2000 АҚШ доллари миқдорида гонорар олганман. Ундан кейин эса бундай ҳолат юз бермади. Иложи бўлса, кўп режиссёрларга текинга роль ўйнаб берсангиз. Аммо пулга муҳтожлигим бўлмаса ҳам вақтим, меҳнатимни сарфлаганим туфайли таниш-билишчиликни ҳам эсдан чиқараман, текинга суратга тушишни рад этаман.

— Бир неча ой олдин ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларингизга патир ушлаб тушган суратингизни жойлаб, уни унаштирилганингиз ҳақидаги қисқа хабар билан изоҳладингиз. Буни кўриб, қувонган мухлисларингиз орасида «Доимгидек қандайдир пиар ўйлаб топгандир-да», дея ишонмаганлар ҳам бўлди. Ҳатто биз ҳам бироз иккиландик. Никоҳ тўйингиз бўлаётгани ростми?

— (самимий кулади) Ишонаверинглар, ҳақиқатан унаштирилдим. Тўй санаси ҳали аниқ эмас, аммо кузнинг охирларига ўтказишни режалаштиряпмиз.

— Бўлажак турмуш ўртоғингиз билан танишувларингиз қандай кечди?

— Хабарингиз бор, ўтган йили сентярбь ойида бир қанча ўзбек дизайнерлари Москва шаҳрига мода фестивалига бордик. Улар мени маросим давомида кўриб, ёқтириб қолибди ва бироз кузатибди. Охири кетма-кет совчилар жўнатди. Аввалига «Доимги совчилардан бўлса керак-да», дея эътибор бермадим. Нияти жиддий эканини билгач, рози бўлдим.

— У қайси хислатлари билан эътиборингизни тортди?

— Азалдан бир сўзли, танти ва мард йигитларга ҳурматим баланд. Бўлажак турмуш ўртоғимда ҳам худди шундай фазилатларни учратдим. Айниқса, аёл кишини ҳурмат қилиб, қадрлаши жуда ёқди. Бу эса оила мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим ўринга эга, деб ўйлайман. Жиддий, оғир-босиқ, ақлли ва ўзимдек бир нечта касб этагидан тутгани оила аъзоларимга ҳам маъқул тушди.

— Ижодингизга муносабати қандай? Тўйдан кейин фильмларда суратга тушишингизга қаршилик кўрсатса, оилани танлайсизми ёки баъзи аёл санъаткорлар сингари муқаддас қўрғонингиздан воз кечасизми?

— Улар ҳар бир фаолиятимдан яқиндан хабардор. Санъатдан воз кечишимни айтса, ҳеч иккиланмай рози бўламан. Негаки мен учун оила муқаддас. Кўплаб бахтли ҳаёт кечираётган санъаткорлар сингари ибратли оилам бўлишини ният қиламан ва бунга астойдил интиламан.

Турмуш ўртоғим Москвада ишлагани учун тўйдан кейин ўша ерда яшамоқчимиз. Ҳозирги ишларимни эса онам ва шогирдларим давом эттиришади. Қувонарлиси, бўлажак умр йўлдошим Москвада ателье очиб бериш мақсадида. Дизайнерлик ишимнинг бир қисмини ўша ерда давом эттирмоқчиман.

— Келинлик либосингизни ҳам ўзингиз тикасизми ёки?..

— Тўйимга либос совға қилмоқчи бўлган гўзаллик салонлари бир нечтани ташкил этади. Аммо қўлимга игна олиб, бичиш-тикишни бошлаганимдан бери никоҳ кўйлагимни ўз қўлларим билан тикишни ният қилганим туфайли либосимни бировга ишонгим келмаяпти (самимий кулади). Шунингдек, шогирдларим ҳам ўзлари тикишини айтишяпти. Очиғи, бу борада бирор тўхтамга келганим йўқ ҳали. Лекин никоҳ кўйлагимнинг қандай бўлиши ҳақида режалар тузиб қўйганман.

— Ўтган йили Ўзбекистон давлат консервоториясига хонандалик бўйича профессионал сабоқ олиш ниятида ўқишга ҳужжат топширмоқчи бўлганингиз ва шу сабабли Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Дилором Омонуллаева иккингиз ўртангизда кўнгилсиз ҳолатлар юз берганидан хабаримиз бор. Бу ҳатто ижтимоий тармоқларда ҳам анча шов-шувларни келтириб чиқарганди. Хўш, консерваторияда ўқиш орзуси нима бўлди?

— Бундай нуфузли даргоҳга ўқишга кириш орзусидан ҳозирча воз кечдим. Қўшиқ куйлаш ниятидан ҳам вақтинча қайтдим, десам бўлади.

Сир эмаски, битта қўшиқ яратиш ва уни оммага намойиш этиш учун катта маблағ сарфлайсиз. Айни пайтда менда ортиқча пул йўқ, продюсерлар билан ишлашни эса хоҳламайман. Бундан ташқари, аксарият инсонларда актриса актрисалигини, қўшиқчи қўшиқчилигини қилсин, деган тушунча мавжуд. Дунё киноматографисидаги ҳамкасбларимиз эса азалдан серқирра ижодкор сифатида ном қозонишган. Уларга биров бошқача назарда қарамайди. Охири ё актриса, ёки хонанда бўлиш керак экан, деган фикрга келдим.

Лекин 2017 йили дугонам Муқаддас Саъдуллаева билан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига иккинчи мутахассислик бўйича ўқишга кирдик. Ательедаги ишларим ва ижодий фаолиятимга зўрға улгураётганим учун ўз хоҳишимга кўра талабалар сафини тарк этдим. Муқаддас эса таҳсил оляпти. Балки, вақти келиб мен ҳам яна ўқишга кирарман.

— Бир неча йил бурун актёр Азамат Аҳроров ва сиз ҳақингизда ҳам турли миш-мишлар тарқалганди. У билан муносабатларингиз чин эдими ёки пиар?

— Азамат Аҳроров режиссёрлик қилган иккита кинода бирга роль ўйнаганмиз. Тўғри, суратга олиш жараёнларида севги-муҳаббат пайдо бўлган, аммо оилаларимиз бир-бирига тўғри келмади. Одамлар эса бизларни унаштириб юборишди. Аслида эса ундай бўлмаган. Уни инсон сифатида ҳам, ижодкор сифатида ҳам ҳурмат қиламан. Биз ҳозир фақат дўстмиз, холос. Тадбирларда кўришиб қолсак ҳам салом-аликдан нарига ўтмаймиз.

— Кўплаб санъат соҳаси вакиллари, айниқса, аёл ижодкорлар шоу-бизнесда ҳақиқий дугона топилиши мушкул эканини кўп такрорлашади. Аммо сиз актриса Муқаддас Саъдуллаева билан жуда қалинсиз, муносабатларингиз мустаҳкам. Дўстлик ришталари қачондан боғланган?

— Адашмасам, бундан саккиз йил илгари «Пой қадам» фильмида Гулчеҳра опа Саъдуллаева билан невара-буви ролини ижро этганмиз. Кинонинг суратга олиш жараёнларида Муқаддас ҳам онасининг олдига келиб турарди. У пайтларда санъатга кириб келмаган, талаба қиз эди. Ўша дамларда Гулчеҳра опа бизни яқиндан таништирган ва муносабатларимиз секин-аста дўстликка айланди. Биласизми, иккимизнинг ҳам табиатимиз бир-биримизга жуда мос тушган. Мен ўта шошқалоқман, у эса анча оғир-босиқ. Оилавий борди-келдимиз ҳам бор. Илоҳим, дугоналигимиз яна узоқ йиллар давом этсин!