Иблис девори (15-қисм)

0

Йигитларга ёрдам беринг, шу иш бир ёқлик бўлсин, кейин иккаламиз баравар дам олишга чиқиб келамиз, – деди бошлиқ.
Тўлқин Кўрқмас юритаётган ишга аралашгиси йўқ эди. Агар ҳозир бу ҳақда фикр билдирса, албатта бошлиқ уни майдакашликда айбларди. “Кенгроқ бўлинг, ёшларнинг камчилигига осилманг, аксинча, ёрдам беринг”, деганга ўхшаш насиҳатларни қалаштириб ташларди. Шу боис топшириқни қабул қилиб, хонасига қайтди. Бироқ, Қўрқмасни чақиришга, “Иш” билан
танишишга хуши бўлмай, ташқарига чиқди. Кўчада мақсадсиз равишда бир оз юргач, уйига кетди. Робия эрини хурсандчилик билан қаршилади. Тўлқин унинг қувончини ҳайдаб, ташвиш
тўзонига буркашни истамади. Ҳатто “ўғлинг келмадими?”деб ҳам сўрамади. Баҳриддиндан келган қувончли хабардан маст Робия тонгни яхши кайфият билан қаршилади. Тўнғич ўғли ташвишида бўлган Тўлқин эса тунни азоблар чиғириғи остида ўтказди.
Назарида бу тун унга ялдо кечасидан ҳам узунроқ бўлиб туюлди.
Нонушта қилгиси келмаса ҳам, хотинининг кўнгли учун икки пиёла чой ичди. Рўпарадаги айвонда жонланиш сезилмай туриб, ишига шошилди. Ишга шошиш баҳона эди, тўғри Академияга борди. Навбатчига учрашмай, бирон таниш учраб қолар, деган умидда четда қараб турганида бир йигит келиб салом берди. Тўлқин уни таниса-да:
-Салоҳиддин билан бирга ўқийсизми? – деб сўради.
-Ҳа, – деди йигит. – Ўғлингизни чақириб берайми?
-Шу ердамикин, уни бугун кўрдингизми?
-Бугун кўрмадим. Холам қайтиш қилиб, қишлоққа кетувдим. Энди келяпман.
Йигит шундай деб ичкари кириб кетди. Сал ўтмай чиқиб, Салоҳиддиннинг вилоят милициясида амалиётда эканини, кеча шошқич равишда Беговотга юборилганини маълум қилди. Тўлқин бу гапга дарров ишонгиси келди. Лекин касбида одат бўлиб қолган қараши билан йигитнинг кўзларига тикилди. Бу ердагилар беруҳсат чиқиб кетган дўстларининг айбини яшириш учун шунга ўхшаш ёлғонларни тўқишарди. Тўлқиннинг қарашига дош беролмай кўзларини олиб қочган йигит ёлғонини фош этиб қўйди. Лекин Тўлқин уни айбситмай “Беговотга кетган бўлса бугун келиб қолар, келиши билан менга қўнғироқ қилсин”, деб изига
қайтди. Ишхонасига бориб, тушликка ҳам чиқмади. Телефон ҳар жиринглаганда гўшакни умид билан кўтарди. Кун асрга яқинлашганда ниҳоят, интиқ кутгани – ўғлининг овозини эшитди.
“Қаерда эдинг?” деб сўрамади, саломга алик олди-ю, “Командирингдан сўраб, бугун уйга кел”, деб гапни калтақилди.
Гўшакни жойига қўйган онда вужуди бирдан бўшашиб кетди. Кечадан бери уни сиқувга олаётган ташвиш уни тарк этгач, назарида танасида ҳеч нарса қолмагандай эди. Ташвиш
ҳукмрон пайтида иблис унинг хаёлларини ўғирлаб қайси кўчаларга олиб кирмади! Шундай кўчаларки, ҳар бирининг боши берк, ҳар бири зулумотга ўралган, ҳар бири юракни эзади.
Вужуддаги бўшлиқ узоқ давом этмади. Иблис яна ташаббусни қўлга олди. “Қаерда бўлди экан?” деган саволни иблиснинг ўзи кўндаланг қўйиб, ўзи жавоб истай бошлади. “Биронта суюқ
хотиннинг кетида юрибдимикин?” деган гумон кеча ҳам хаёлини бир ёритиб ўтган, жонига қасд қилиниши эҳтимоли бош кўтарганда бу гумон унга ҳатто тасаллидай бўлиб кўринган эди. Энди эса шармандаликнинг муздек суви устидан қуйилгандай туюлиб этлари жимирлашиб кетди. “Худо сақласин!”деб беиҳтиёр пичирлади. “Ўғлим тўғри юряптимикин?” деган ўй авваллари ҳам
бот-бот хаёлига келиб турарди. Номусига тегиб, зўрланганлар милицияга арз-дод қилиб келишганда юраги бир зирқираб оларди. Қизларнинг айримлари кўчада тасодифан тутиб зўрланса, аксари шу йигитлар тўдаси билан зиёфатдан кейин номуссизлик балчиғига беланган бўлиб чиқарди. “Ғунажин кўзини сузмаса буқача арқонни узмайди”, деган мақолни қонун тан олмасди. Ҳали мўйлаби сабза урмаган кўпгина йигитчалар бадном бўлиб кетишарди. Тўлқин ўғилларининг бу йўлга юрмасликларига ишонса ҳам барибир, баъзан ҳавотирга тушарди. Биронтаси ҳадеб кўзини сузаверса, ишва қилаверса ҳар қандай ақлли, одобли йигитни ҳам иблис бу йўлга тортиб олиши мумкин. Салоҳиддинни уйлантириш масаласини Робия ўтган йилиёқ кун тартибига кўйган эди. Лекин Тўлқин “аввал ўқишини битирсин, ишласин, ҳаётнинг паст-баландини кўрсин”, деб галга солаётган эди. Алҳол, кеча кутилмаганда ғойиб бўлишини хаёли аёлларга боғлагач, “шу йили
уйлантириш керак, ҳаётнинг паст-баландини кейин кўраверади”, деган тўхтамга келди. Ўғли билан гаплашиб олиш ниятида уйга эртароқ қайтди. Салоҳиддин ҳадеганда келавермади. Тўлқин бундан тутоқиб, кимгадир заҳрини сочгиси келди. Ишхонада бўлганида биронтасига бақириб бўлса ҳам хумордан чиқиши мумкин эди. Бунда кимга бақиради, кимдан аламини олади? Хотиниданми? Сал овозини кўтарса ўша заҳоти Робиянинг кўзларида ёш милтиллайди-ю, юраги баттар сиқилади. Укасига ёки келинига сочсинми заҳрини? Худо сақласин! Уларга сочилган бир мисқол заҳар ўзига ботмон-даҳсар бўлиб қайтиши аниқ-ку?
Тўлқин кеча хотинидан ҳавотирини яширган бўлса, бугун ғазабини ичига ютишга мажбур эди. Телевизорда олти одам тўпланиб олиб масала сўқирди. Тўлқин уларнинг тузсиз гапларига
бир зум қулоқ тутди-да, ўчириб қўйди.
-Бугун кайфиятингиз йўқроқми ё тобингиз қочдими? – деб сўради Робия унга синовчан тикилиб.
-Телевизордаги аҳмақона гапларни эшитгиси келмаган одамнинг тоби қочган бўладими? – деди Тўлқин.
-Кечадан бери юрагингиз сиқилаётганга ўхшаяпти.
-Юрагим жойида. Фақат ўғлингнинг ақли жойида эмас!
Робия бу гапдан чўчиб тушди, эрига нажот кўзлари билан қаради:
-Вой, яна нима бўлди?
-Ҳеч нима бўлгани йўқ, боя телефон қилувди, вақтлироқ келгин, маслаҳатли гапим бор, девдим.
-Қанақа маслаҳат?
-Ғалвани бошлаб қўйиб яна “қанақа маслаҳат?”дейсан-а? Уйлантириш маслаҳати!
-Вой Худойим-е, бир гап бўптимикин, деб жоним чиқай деди-я. Бўғилманг, пайшанбада кечки пайт маърифат дарси бўлади-ку, дарсидан чиқиб келади-да. Робия айтганидай бўлди. Салоҳиддин отасининг “Нега кеч қолдинг?” деган саволига худди шундай жавоб қилди. Овқатланиб бўлишгач, ота-бола ичкарига киришди. Робия айвонда қолди. Ўзи истаган мавзуда суҳбат бўлишига ишонгани учун унинг кўнгли хотиржам эди. Бироқ, ичкарида бошқача суҳбат бошланган эди. Юзма-юз ўтирганларнинг бири – узоқ йиллар давомида тергов ишида суяги қотган одам, иккинчиси – бу соҳага эндигина қадам қўяётган йигит, ота-боладай эмас, айбланувчи ва сўроқ қилувчи каби ўтиришарди. Суҳбат оҳанги ҳам шундай бошланган эди. Тўлқин ўғлига эмас,
айбланувчига тикилгандай кўзларини унга қаттиқ қадаган эди. У ҳозир фавқулотда бир нарсани фош қилишга ишониш кайфиятида эди.
-Кечақаерда эдинг?
-Ўқишда.
Суҳбат шундай қисқа ва қуруқ оҳангда бошланди. Агар айни чоқда бирон одам кириб сўроқ баённомасини ёзиб ўтирганида бу ҳолатни “тергов жараёни” деб атасак ҳам бўларди. Бу онда
иблис Тўлқиннинг елкасига жойлашиб ўтириб олиб, уни ўғилга қарши қайрарди.
-Нега ёлғон гапиряпсан? Ўқишга бормадинг-ку?
Салоҳиддин отасидан шундай савол кутган бўлса ҳам, унга тик қарай олмади, айбдор одам каби кўзини олиб қочди. Бу ҳолдан қувонган иблис отага зардалироқ оҳангга ўтишни буюрди.
-Қаерларда санқиб юрувдинг?
-Санқиганим йўқ, керакли ишлар билан юрувдим.
-Шунақа ишчан бўлиб кетдингми? Қанақа иш, билишим мумкинми?
-Амалиётга доир иш.
-Кўзимга қараб гапир. Яна алдаяпсан. Академиянгда “отани алдаш” дарси ҳам ўтиладими? Бу дарсдан имтиҳонни аъло баҳога топширмоқчмисан? Тушингни сувга айт. Мен лақма оталардан эмасман. Кўзимга қара, деяпман!-Салоҳиддин отасига иложсиз равишда қаради. – Ана энди менга очиғини айт: сенга нима бўляпти? Уйда тургинг келмаяпти, онанг тўйдан гапирса ўзингни олиб қочасан? Салоҳиддин яна пастга қаради. Отасига дарров жавоб қилмади. Иблис “яна бир-икки қаттиқроқ сўк”, деб даъват қилса-да, Тўлқин унинг айтганига юрмай, ўғлидан жавоб кутди.
-Тўғрисини айтаверайми? – деб сўради Салоҳиддин паст овозда.
-Айт.
-Дада, нима учун амакимлар билан чиқиша олмайсизлар?
Айбланувчи каби соме ўтирган ўғлидан бу саволни кутмаган Тўлқин довдираб қолди. Миллион ҳийла эгаси бўлган иблис ҳам суҳбатнинг бу тарзда бошқа томонга бурилишидан ажабланди.
-Бу гапни қаёдан олдинг? – Тўлқин саволга савол билан жавоб беришдан ўзга чора топмади. Аслида чора бор эди, чора – ҳақиқатни айтиш эди. Лекин Тўлқиннинг елкасида ўтирган иблис бунга йўлқўймасди. Ҳақиқат қўрғонини забт этиш мақсадида отган ўқининг нишонга текканига ишонч ҳосил қилган Салоҳиддин энди дадилроқ гапира бошлади.
-Бизни ҳали ҳам ёш бола деб ўйлайсизлар. Ҳеч нимани кўрмайди, эшитмайди, сезмайди, фаҳмламайди, дейсизлар тўғрими? Биз фақат сиз истаган нарсани кўришимиз керак, сиз хоҳлаган гапларни эшитишимиз шарт, сизга маъқул нарсаларни фаҳмлашимиз зарур. Бунинг учун кўзларимизни юмиб, қулоқларимизни беркитиб, сиз етаклаган йўлда кўр одамдай
юришимиз керакми? Биз бу шартга кўнганимиз билан ҳаёт йўл қўймайди-ку? Шу уйда яшаб, бу уйда нималар бўлаётганини сезмасак, билмасак, довдир ёки лақма ёки тентак эканмиз.
Ойимнинг гаплари тўғри, ҳовлимизга бомбалар кўмиб ташланганга ўхшайди. Портлай-портлай деб турганини биз ҳам сезиб турибмиз. Лекин сизлар буни тан олгингиз келмайди.
Уйланишимдан гап очяпсиз, келинни бомба кўмилган шу ҳовлига туширасизми? Ҳар икки томон бу суҳбатга ўзича тайёргарлик кўрган эди. Гарчи “тергов” Тўлқин истаган тарзда бошланган бўлса-да, давоми телба дарёни буриб юборган сел оқими каби бўлди. У ўзи тайёрлаб қўйган йўлдан воз кечиб, ўғли таклиф этган йўлга ўтишга мажбур эди. Аввалги шашти пасайган бўлса-да, зардали оҳангини сақлаб қолди:
-Сенга бошқа ҳовли олиб беришим керакми?
-Бошқа ҳовли керакмас, фақат амакимлар билан…
Шу ерга келганда иблис ортиқ чидай олмади, Тўлқиннинг қулоғига шивирлади: “Шунча чекинганинг етар, қандай отасан, ўғлингни гапиртириб қўйиб лаллайиб ўтирасанми!” Бу танбеҳ
таъсир қилиб, Тўлқин ўғлининг гапини шарт бўлди:
-Буни эшитдим. Битта гапни ҳадеб чайнайверма. Сезгирман, деяпсан, а? Агар сезгир бўлсанг билишинг керак эди. Сен айтган бомбаларни мен кўмиб қўйганим йўқ. Портласа ҳам менинг айбим билан портламайди. Сезгир бўлсанг, амакингнинг ҳам кеннайингнинг ҳам феъли қанақа ёмонлигини билишинг керак эди. Агар ақлли бўлсанг, бунақа феълли одамларни тузатиш мумкинмаслигини фаҳмлашинг шарт эди. Менинг муросадан бошқа чорам йўқ.
-Дада, сиз каттасиз…
-Менга ақл ўргатма.
-Ақл ўргатмоқчи эмасман. Балки… кеннайимнинг молини олиб берсангиз орадаги совуқлик кўтарилар?
-Сен калта ўйлаяпсан. Молини олиб берганим билан улар ўзгаришмайди. Ўй-хаёли пул билан банд одамларда ака-укалик меҳри бўлмайди. Улар меҳр-оқибатни мендан талаб қилаверишади. Ўзлари томондан ҳам оқибат бўлиши шартлигини ўйлашмайди. Чунки ўйлаши зарур бўлган ақлларини бойлик ҳаваси чандиб ташлаган.
Тўлқиннинг бу гапидан кейин орадаги тўқнашув ҳолати йўқолиб, ҳар икки томон ҳам яхшиликка олиб борувчи йўл ҳақида ўйлай бошлади.
-Дада, наҳотки ҳеч чораси бўлмаса? – деб сўради ўғил боши берк кўчада нажот кўрмай.
-Очиғини айтсам… – Тўлқин юрагидаги оғир дардни фош қилиб хўрсинди-ю, иблис орада жиддий низо чиқишидан умидини узди. – ўзимнинг ҳам бошим қотиб кетди. Нима қилишга ҳайронман.
-Сизлар келиша олмасангиз, унда бизлар ҳам…
-Нима демоқчисан?
-Бизлар ҳам бемеҳр бўлиб юрамизми? Наҳотки бу ҳаётда уй талашишдан ҳам муҳимроқ
масала бўлмаса?
-Ким учундир шундайдир… Лекин… ҳамманинг қаричи ҳар ҳил. Алам қиладиган ери ҳам шунда.
-Дада, мен кеча Шербулоқда эдим. Опоқдадам эрта-индин келадилар. Мен ҳамма гапни айтдим.
Тўлқин ўғлига қаради-ю, “тўғри қилибсан”, демади. Танбеҳ ҳам бермади. Робия кутаётган уйланиш ҳақидаги масала ечилмай қолди. Тўлқин билан Салоҳиддин гаплашаётган онда қаршидаги уйда кечки овқатни сузиб, жам бўлиб ўтиришган эди. Баъзи оилалар таом пайтида сўзлашмасликни одат қилишган. Бу оилада
эса акси, Ободхон гапирмаса ҳамма бараварига иштаҳадан қолади. Ҳозир ҳам Саттор пиёлани тўлдириб шайтон сийдигидан ичиб, иштаҳасини очиб олгач, хотинининг гапи бошланди:
-Эртага эрталаб тоғамнинг ўғлиникига бориб келасиз.
Бу топшириқ ёқмаганиданми ё ароқнинг аччиқлигиданми, ҳар ҳолда Сатторнинг афти буришиб сўради:
-Қайси тоғангнинг ўғлиникига?
-Менинг битта тоғам, битта тоғаваччам бор. Сизникига ўхшаган итуруғ эмасман, Худога шукур.
-Гўрковникигами? – шундай деб Сатторнинг яна афти буришди. – Кимга гўр қазиб бериши керак экан?
-Нафасингиз қурсин, совуқ бўлмай, – деди Ободхон лунжининг ярмини бўшатиб олгач. – Ҳали атай уйига бориб келдим. Анча тўн йиғилиб қолибди. Бозорнинг ярим нархига сотаётган экан. Бизга янаям тушириб беради. Йигирмата тўн олиб келасиз.
-Шунча тўнни нимақиласан?
-Вой, тавба! Кўзингизни очинг: учта тўй қаторлашиб турибди.
-Калланг борми, ўликка ёпган тўнни қудаларингга кийдирмоқчимисан?
-Ўликка ёпилган бўлса нима бўпти! Охори тўкилмаган яп-янги тўн. Гўрковдан олганимизни биров билиб ўтирибдими?
-Ойи!-деди Офтобхон норози оҳангда. – Овқат пайтида шунақа гапларни гапирманг, илтимос.
-Сен менга акл ўргатмай, овқатингни е!-деб жеркиди она. – Менинг бошимда мингта ташвиш. Қайси иш қайси пайтда эсимга келса ўша пайтда гапираман. Тўн топиб қўйишни ҳам мен ўйлашим керак, отанг юраверсин лаллайиб. Иблис Ободхоннинг ҳам овқат чайнаб, ҳам гап топиб беришига маҳлиё бўлиб мириқиб
ўтирди. Кейин “Яна олмайсанми”, деб Сатторни туртиб қўйди. Бу туртки Сатторнинг нафсига маъқул келиб яна қуйиб ичмоқчи эди, Ободхон шишани олиб қўйди. Саттор хотинига эътироз
билдиролмади, аммо минғирлаб қўйишга ўзида куч топди:
-Қизинг тўғри гапиряпти. Овқат пайтида оғримаган бошни ҳам оғритиб юборасан.
-Сизнинг бошингиз нимага оғриб қолди?
-Менинг бошимми… Ҳозир келаётсам, девнинг чала туғилган боласи рўпарамдан чиқиб турибди.

Тохир Малик