Ўзбекистонда 2,5 мингга яқин бола рўйхатдан ўтказилмаган ва туғилганлик ҳақида гувоҳнома олмаган. Нега?

0

Бугунги кунда Ўзбекистон бўйлаб Давлат хизматлари агентлиги томонидан умуммиллий бепул ижтимоий акция ўтказилмоқда. Бу ҳақда агентликнинг Telegram-каналидаги хабарига таяниб Daryo.uz нашри хабар бермоқда.

ФҲДЁ органларида тизимли текшириш натижасида мамлакатда, асосан чекка ҳудудлар аҳоли пунктларида, турли сабаблар ҳамда ҳуқуқий билимлари етарли даражада бўлмаганлиги учун, ота-оналар томонидан  фарзандларини ўз вақтида рўйхатдан ўтказмаганлиги ва туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларни олмаганликлари аниқланди.

Мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида, мамлакат раҳбари томонидан жорий йилнинг июнь ойида тегишли қарор имзоланди. Унга кўра, ҳокимият, хотин-қизлар, ФҲДЁ, халқ ва мактабгача таълим бўлимлари, туман тиббиёт бирлашмалари ҳамда бошқа манфаатдор органларнинг вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ шакллантирилиши белгиланди.

Ишчи гуруҳлар билан биргаликда жойлардаги Давлат хизматлари марказлари ходимлари ҳар бир маҳаллада уйма-уй юрмоқда. Бугунги кунгача, улар қарийб 48 000 га яқин оилани ўрганди. Уйма-уй юриш натижасида, 2 457 нафар қайд этилмаган бола ҳамда 1 053 та қайд этилмаган никоҳ билан яшаб келган оила аниқланди.

2 500 га яқин бола республика Конституцияси ва қонунларида белгиланган ўз ҳақ-ҳуқуқларидан тўлиқлигича фойдаланиш имкониятига эга эмас. Улар бепул таълим ва тиббий ёрдам каби муҳим ҳуқуқлардан маҳрум.

Дам олиш кунларида чекка ҳудудларнинг аҳолиси учун «мобил» давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Айнан «мобил» давлат хизматлари кўрсатилиши натижасида фуқароларга бугунги кунгача 2 мингга яқин ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатлар топширилди. Уларнинг 90 фоиздан ошиғини — туғилганлик ҳамда никоҳ тўғрисидаги гувоҳномлар ташкил этди.

2019 йилнинг 1 июлига қадар Давлат хизматлари агентлиги томонидан гувоҳномаси бўлмаган болаларни аниқлаш ва кейинчалик уларга мазкур ҳужжатни бериш  мақсадида Ўзбекистон бўйлаб тадбирлар ўтказиляпти. Ахир айнан шу ҳужжат болани у ёки бу давлат фуқаролигига мансуб эканлигини тасдиқлайди.

Фуқаролардан бундай муаммога дуч келган ҳолатда, Давлат хизматлари агентлигининг 1148 ишонч телефонига қўнғироқ қилиши сўралди.

Мазкур хизматлар бепул кўрсатилади. Фақат герб йиғими учун энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида тўлов тўланади. Ҳозирда бу 27 645 сўмни ташкил этади.

Герб йиғими давлат ҳужжатларида ишлатиладиган, давлат герби ифодаланган махсус қоғоз ишлатилгани учун ундирилади.