Иблис девори (16-қисм)

0

-Кимни айтяпсиз?
Саттор “билмайсанми?” дегандай хотинига қараб олди. Гавдаси росмана катта одамникидек, аммо оёклари ўсмай қолган кишини маҳаллада ҳамма танирди.
-Ахлат пулини тўплайдиган паканани айтяпман, – деди Саттор таомга қўл узатиб. – Ҳали келувдими?
-Келувди, пул бермадим.
-Берсанг ўлармидинг, бошимни тозза қотирди.
Эрининг норозилигини жавобсиз қолдирмаслик учун Ободхон оғзидаги таомни чайнамаёқ ютиб юборди. Бунақа ҳолатлар тез-тез учраб тургани учун бўғиз ҳам, қизил ўнгачу ошқозон
ҳам қаршилик билдирмадилар.
-Нега биз берарканмиз? Ана, акангиздан сўрасин. Нима, милиса ахлат пули тўламайди, деган закун борми? Ўтган ойда сув пулини ҳам биз тўлаганмиз. Индамасак, ўликларини ҳам биз кўмиб беришимиз керак.
-Бўлди. Жаврама.
-Нега жаврамас эканман! Етим боққандай акангизнинг оиласини мен боқишим керакми? Ҳа, айтмоқчи, суюнчи беринг, кеннайижонингиз қиз овига чиқишни бошлабдилар. Боши кирса кети сиғмайдиган уйининг қаерига келин тушираркан, ҳайронман.
-Бу сенинг ишинг эмас, бунга ўзларининг бошлари оғрийверсин.
-Оғрийди, шунақаям оғрийди-ки… Шу тавия боласига қиз танлаганига ўлайинми! Милисага қайси аҳмоққизини бераркин?
Онасининг гапларига аранг чидаб ўтирган Офтобхон бу гапдан кейин қошиқни тарақ этиб лаган четигақўйди.
-Вой жинни, лаганни синдирасан-а? – деди Ободхон қизини яна жеркиб.
-Ойи, бўлди-да, энди! Гап деб гапираверасизми?
-Сен жим ўтир.
Офтобхон жим бўлди-ю, лекин опасига ниш санчиб олиш фурсати келганини англаган Ойниса гапга аралашди:
-Ойи бунингиз кеча яна Салоҳ акаси билан бирга кетган.
Ободхон қизига дакки беришга улгурмай, Офтобхон “шпион ўлгур”, деб синглисининг сонидан чимчилиб олди. Чақимчилиги учун шу оннинг ўзида жазо олишини кутмаган Ойниса сакраб тушиб:
-Нега чимчилайсан! Ойи, қаранг… – деб йиғлаб юборди.
Уларнинг қилиғини кузатиб ўтирган Ўғилой мазза қилиб кулганича масхара қила кетди:
-Келин-куёв, келин-куёв! Энди қоронғида ўпишади!
Бу масхарадан уялган Офтобхон синглисининг кичиклигага қарамай юзига тарсаки тортиб юборди-да, йиғламсираганича ўрнидан туриб, ётоғига кириб кетди. Ободхон астойдил йиғисини бошлаб юборган Ўғилойни бағрига босиб, Офтобхоннинг изидан “Ҳув урмай қўлгинанг синсин”, деб қарғаб қолди. Бир пиёла шайтоннинг сийдигига нафси ором олмай қийналаётган Саттор қизларига қараб бақирди:
-Жўна ҳамманг! Тинчгина овқатлангани ҳам қўймайсанлар.
Ўғилой онасига ёпишиб олди, Ойниса йиғламсираб опасининг изидан ётоққа кирди. Саттор қолган заҳрини хотинига соча қолди:
-Тузни текинга олганмисан, шунақа шўр қиласанми овқатни!
Аслида иблиснинг ўргатганига кўра “Тузни ҳам гўрков амакиваччангникидан олиб келганмисан, пешонаси шўрликдан ўлганларнинг тузларини йиғиб қўйгандир ҳойнаҳой”, дейиши керак эди. Лекин қарши ҳужумдан чўчиб, соддагина қилиб “Тузни текинга олганмисан?” деб қўя қолди. Лекин бу соддагина даъвоси ҳам жавобсиз қолмади:
-Вой савил, энди овқатим ҳам ёқмай қолдими? – деди Ободхон, қизчасини тиззасидан тушириб. – Қорнингиз тўйган бўлса, акангизнинг олдига чиқинг, – шундай деб лаганни нари сурди. – Гап сўрасам мени еб қўяй деяпти. Мижғовланмай дангал сўранг: молимизни олиб берса олиб берсин, бўлмаса орани очиқ қилиб олинг. Бўлди, шунча чидаганимиз етар.
-Чидолмаётган бўлсанг мен айтган беш хоналик уйни сотиб олиб, кўчиб чиқайлик. Бу гапдан кейин Ободхон ўрнидан туриб, қўлларини белига тиради-да, эрини босиб кетадиган танк мисол яқинлашди:
-Ҳо-о, шунча уйни теп-текинга ташлаб чиқиб кетаверадиган аҳмоқманми? Шу гапни учинчи марта айтяпсиз. Бошқа эшитмай. Уй ҳамма жойда кенжага қолади. “Акамда уй оладиган пул
йўқ”, деб довдираб юраверманг. Милисада ишлайдиган одам камбағал бўлади, деса ҳозир ҳамма кулади. Акангизнинг босиб қўйган миллионлари бор, сиз билмайсиз. Сиз -меровсиз! Агар
акангизни чиқариб юборишга кучингиз етмаса, бундай қиламиз: уйни сотамиз. Майли, пулнинг ярми уларга бўла қолсин. Агар адангизнинг васиятномасини беркитишмаганида уларга бир
тийинҳам бермасдим. Ободхон авжга чиққан маҳалда ичкари хонада қизларнинг шовқини кўтарилди.
-Бор, қизларингга қара, қиз эмас, бир балоларни туққансан, – деди Саттор.
-Вой савил, кўчадан орттирганманда, а уларни? -Ободхон шундай деб қизларнинг хонаси томон юрди. Эшикни очиб “Бўлди қилларинг!” деб бақиргач, яна эрига қаради:-Бўлақолинг.
Аммамнинг бузоғидай ўтирмасдан акангизнинг олдига чиқинг.
Саттор хотинининг амрини бажариш учун ўрнидан тураётган маҳалда Иброҳим шийпони ёнидаги гулханга ўт қалаб мудраб ўтирган эди. Олов четига қўйилган қумғондаги сув қайнаб жўмрагидан тўкилади, аммо оловни ўчиришга қурби етмайди. Ўтин пича тутагандай бўлади-да, сўнг яна аланга олиб, қумғон атрофини ялашни давом эттиради. Аҳён-аҳёнда олов бағридан учқунлар отилиб чиқиб, атрофга сачрайди. Ана шундай учқунлар сачраган маҳалда Шавкат билан Фарида яна пайдо бўлишди.
Улар мунгли кўзларини Иброҳимга тикиб жим тураверишди. Сачраган учқунлар уларнинг устига тушса ҳам жим тураверишди.
-Ҳа, ака, кеннайимни бошлаб яна келдингизми? Болаларнинг ноиттифоқлиги – ота-онанинг шўри. Ўлиб, гўрда ҳам тинч ётолмайсан. Мен бунақасини энг разил душманимга ҳам раво
кўрмайман. Неварангиз келиб кетди. Шу боланинг ақли етган нарсага ўғилларингизнинг фаҳми калталик қиляпти. Неварангизнинг ақли ҳали покиза, дунёнинг балчиқлари билан булғанмаган. Кейинроқ нима бўлади -Худо билади! Ўғилларингизнинг бунақа бемеҳр, беоқибат бўлиб қолганининг сабабини мен билмайман. Сизни ҳам кеннайимни ҳам айбламайман. Балки нотўғри тарбия қилгандирсизлар, балки луқмасига ҳаром аралашгандир? Сиз менга бунақа қараманг.
Биламан, тўғри яшаганман, демоқчисиз. Лекин ўқувчи шогирдларингиз “совға” деб кўтариб келган нарсаларни егансизлар. Агар улар бу совғани холис эмас, мажбурият юзасидан, оғриниб берган бўлсалар ҳаром луқма дегани шу бўлади. Сиз буни билмагансиз. Билсангиз ҳам ҳамма
яхшиликларни динга боғлаб, сарқит деб рад этавергансиз. Ҳатто меҳр-оқибатни ҳам бидъат, дегансиз. Ҳамма фақат ўз иши билан машғул бўлиши керак, деб ҳисоблагансиз. Ҳа, нега жим турибсиз? Гапирмайсизми? Қарашларингиз бошқача… Мендан хафамисиз? Ўлаётганингизда “болаларимдан хабардор бўлиб тур”, девдингиз. Ваъдам эсимда, унутганим йўқ. Мен ўғилларингиз кап-катта бўлиб қолишган, қишлоқи чолнинг зиёратига муҳтож эмсдир, деб
ўйлаб хато қилибман. Майли, яра мадда олмасидан бориб келаман. Гўрларингда тинч ётинглар… Иброҳим мудроқ кўзларини очди: учқунлар сўнган, акаси билан кеннойиси ҳам йўқ. Олов ўтинларни ямлаб тугатай деяпти. Иброҳим гулханни косов билан кавлаб, ғўлача ташлади.
-Одамларга нималар бўляпти, ўзи? – деб ўйлади у. – Бир қориндан тушган оға-инилар бир ҳовлига сиғмаса? Тўғри, ҳовли нима экан, дунё ҳам торлик қиладиган юраги тор бандалар ҳам
бор. Ака-ука шаҳзодалар тахт талашишиб, қанча-қанча бегуноҳ қонларни тўкишди-ю, барибир дунёга устун бўла олмай, лаҳаддаги битта гувалага эришишдан бошқа чора топишмади.
Одамлар нима учун ўшалардан ибрат олишмас экан? Нуҳ алайҳиссаломнинг биттагина чайлалари бор экан. Чайла ихчамлигидан оёқларининг учи ташқарига чиқиб тураркан.
Умрлари адоғига етиб, Азроил алайҳиссалом жон олгани ташриф буюрганларида Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳга муножот қилиб: “Эй яратган Тангрим, менга минг йил умр берувдинг, бу минг йилнинг бунчалик тез ўтишини билганимда овора бўлиб шу чайлани қуриб юрмасидим”, деган эканлар. Энди қандай замон бўлди? Вақтида ўн-ўн икки бола чакка ўтиб турган битта уйда катта бўлишади-ю, улғайишганидан кейин данғиллама уйларга, ҳовлиларга сиғмай
қолишади. Бу нимадан? Манманликданми? Ношукурликданми ё тўқликка шўхликданми? Одамларнинг юраклари бунчалик тор бўлиб кетмаса?.. Иброҳим хаёлида уйғонган саволларга жавоб тополмай анчагача ўтирди.У “яра мадда олмай” жиянлари ҳузурига бориб келишни ният қилган эди. Аммо яранинг аллақачон йиринглаб кетганидан бехабар эди. Ўғлининг Шербулоққа бориб келганини эшитган Тўлқиннинг кўнгли сал ёришди. Аслида амакисини йўқлаб, маслаҳатини олишни анчадан бери ният қилиб юрарди. Ишларга берилиб, бу зиёратни ҳадеб орқага сураётган эди. Бу ишни ўғли осонгина амалга ошириб қўя қолибди. “Вақт йўқ” деган баҳона кўп одамнинг оёқ-қўлларига кишан бўлиб тушган. Лекин кишаннинг калити ўз қўлларида. Қулфни очиб, чиқиб кетишлари мумкин, бироқ, уларга шу кишан ҳукмида умр ўтказиш маъқулроқ. Узоқ вақт кўришмаган қариндоши ёки дўстини учратганда эса бу кишан азобларидан зорланадилар. Аллақанча вақтларини беҳуда сарфлаб юрганларини эса тан олгилари келмайди. Тўлқин ўйлаб қараса, амакисини кўрмаганига бир йилдан ошибди. Ўтган йили невара тўйи қилганида борган эди. Шундан кейин амакиси икки марта келибди. Тўлқин уйда йўқ эди, тоғдан кўтариб келган меваларни ташлаб, салом деб кетибди. Узум- олмаларни татиб кўраётганида “эрта-индин албатта бориб келаман”, деб аҳд қилганича
юраверди. Ўғли эса бир кунлик ўқишидан воз кечиб, бориб келибди. Агар у эрталаб “Ада, опокдадамни кўриб келсам майлими?”-деб рухсат сўраганида бир кунлик ўқишни афзал
кўрувчи ота-онасидан рад жавоб олиши тайин эди. Ҳеч кимдан сўрамасдан бориб келди. Ўқишга бормагани учун командиридан дакки эшитгандир, лекин осмон узилиб ерга тушгани йўқ. Тўлқин ҳам ишларини ярим кунга нари суриб бориб келса бўларди. Бу вақт ичида оламни ўғрию каллакесарлар босиб кетмасди…
Шуларни ўйлаган Тўлқин ўғли олдида изза бўлди. Ҳам бу ҳижолатлик, ҳам ўғлининг ҳақиқатни тик айтиши унинг тинчини олди. Айвон деразалари очиқ бўлса-да, ҳаво етишмагандай туюлди. Она-болани телевизор қаршисида ёлғиз қолдириб, ташқарига чиқди. Кўпдан бери фойдаланилмай чирий бошлаган ёғоч сўрига ўтирди. Буни кўрган Робия чаққонлик билан туриб, эрига кўрпача олиб чиқди-да, тўшади. Тўлқин сигарет тутатиб, ўйга толди. Ўғлининг Шербулоққа бориб келгани унинг болалик
хотираларини қитиқлаб уйғотди. Иброҳим амакиси ўғил тўйи қилганида боришиб, ака-ука ўн-ўн беш кун қишлоқда қолиб
кетишган эди. Ҳандалак пишган маҳал эди ўшанда. Кўчадаги шум болалардан бири шаҳарлик ака-уканинг ҳам ғашига тегиш, ҳам ҳавасини келтириш учун уларнинг рўпараларига келиб иштаҳа билан ҳандалак ея бошлади. Буни кўрган Саттор “олиб беринг” деган маънода акасининг пинжига кирди. Тўлқин эса бу болага ялинишни истамади.
-Юр, ҳандалак егани олиб бораман, – деди.
-Қаёққа? – деди Саттор, ҳандалак еяётган боладан кўз узмай.
-Анави тоғнинг орқасида росалик кўп ҳандалак пишибди. “Сариқ машак” ҳам ўша ердан олиб келган. Егинг келаётган бўлса юрасан. Қишлоқ кўчаларида ялангоёқ юришга кўника бошлаган ака-укалар шу ҳолларича тоғ ошишни мўлжаллаб йўлга тушдилар. Қишлоқдан чиқиб сўқмоқ йўлга ўтганларида Саттор
“оёғимга тикон кирди”, деб йиғлаб юборди. Тўлқин қараса-ки, оёқ остида тиконнинг изи йўқ. Укасини етаклаб кетаверди. Бир оз юришгач Саттор энди “чарчадим”, деб хархаша бошлади.
Тўлқин укасининг райига қараб ортига қайтгиси ҳам келди, лекин ҳандалак ейиш истаги кучлилик қилди: укасини опичиб юқорилаб юраверди. Бироқ, тезда чарчаб, тўхтади. Шу пайт уларга эшак минган қария яқинлашди. Тўлқин унга салом бериб, ўзини четга олди-да, сўқмоқ йўлни бўшатди. Қария алик олиб ўтиб кетавермай тўхтади.
-Ҳа, тойчоклар, қаёққа? – деб сўради меҳрибонлик билан.
-Анава тоғнинг орқасига боришимиз керак. Укамнинг оёғига тикон кириб кетди. Эшагингизга мингашиб олса майлими, ўзи жудаям енгил, – деди Тўлқин унга умид кўзларини тикиб.
-Олдин эшагимдан сўраб кўрайчи, уканг ростданам енгил бўлса йўқ демас, – деди қария ҳазил оҳангида. Кейин эшакнинг қулоғидан ушлади:-Нима дединг, эшаквой, бу дўнгпешоналарни мингаштирсак сенга оғирлик қилмайдими? Оғирлик қилса, уялмай айтавер, мен ёнингда пиёда ҳам кетавераман, – қария шундай деб кулгач, Тўлқинга қаради, – Ана, эшак кўнди, ҳаммамизни кўтара оларкан, сенам мингашавер. Қария Сатторни олдига олди. Тўлқиннинг мингашиб олишига ёрдамлашгач, “хих” деб қўйди. Эшакнинг йўрғалаши учун шунинг ўзи кифоя қилди.
-Бу ерликка ўхшамайсан-ку, тойчоқ, сени танимадим? – деди қария орқасига қараб.
-Тошканли Шавкат аканинг ўғлиман.
-Ҳа… домланинг ўғлимисан? Лекин Тошканли деганинг қизиқ бўлди. Аданг шу тоғда туғилган, шу ерда ўсган. Адангни ҳам эшагимга мингаштирганман.
-Шу эшакками? – деб сўради Саттор қизиқиш билан.
-Йўқ, унда бу ҳали туғилмаганиди. Бу эшакнинг катта отасига мингаштириб юрардим. Ўзларинг бу тоғнинг орқасида нима қилмоқчисанлар?
-Ўша ерда ҳандалак росалик пишибди-, – деди Тўлқин.
-Ростданми? Кимдан била қолдинг?
– Шоди сариқ деган бола айтди. Уни танийсизми?
-Шоди сариқми? У шумтакани танимайдиган одам бормикин, бу атрофда? Менам сал-пал танийман.
– Ўзи мазза қилиб еганмиш, алдамаганмикин?
– Шоди сариқ айтган бўлса, ишонавер, у алдамайди. Кеча келиб, полизни анча пайҳон қилибди, эгаларининг жаҳли чиқиб юрувди.
– Эгасининг жаҳли ёмонми? – деди Тўлқин энди ҳавотир билан. -Жуда ёмон. Шоди сариқни ушлаб олса, нақ чукини кесиб олади.
– Ўзи кесилган-ку? -Унда қолганини ҳам кесиб олаверади.
– Бизниям ушлаб олса шунақа қиладими?
– Албатта. Агар катта одам ўғирлик қилса, қўли кесилади. Кичкина бола ўғирлик қилса чуки кесилади. Бу ернинг қоидаси шунақа. Бу гапдан Тўлқин росманасига қўрқиб кетди.
– Амаки, эшагингизни тўхтатиб туринг, – деб ялинди.
-Нега, тойчоқ? – деб ажабланди қария. У ҳазил гапининг болага бунчалик таъсир этишини ўйламаганди.
– Ҳандалак егимиз келмай қолди, уйга кетамиз.
– Йўқ, энди бунақаси кетмайди. Ҳандалак ейман, деб йўлга чиқдингми, энди қайтма. Аммо сен ўғирлик қилмай, эгасидан сўрасанг, у сенга учта ҳандалак беради. Биттасини ўша ерда
уканг билан мазза қилиб ейсан. Иккитасини уйингга олиб борасан. Амакинг Иброҳим мўйлов ҳам ҳандалакни жа-а-а яхши кўради-да. Амакинг ҳандалагини бир ҳафта кеч экувди, шунинг
учунам уникиҳали пишганича йўқ.
– Амакимни танийсизми? – деб сўради қўрқувдан бир оз қутулган Тўлқин.
– Сал-пал танийман. Менинг полвон ўғлим амакингни курашда беш марта йиқитган.
– Ёлғон гапиряпсиз.
– Ё алҳазар! Нега ёлғон гапирарканман? – Қария шундай деб яна орқасига қараб олди.

Тохир Малик