Иблис Девори (17-қисм)

0

-Амаким сираям йиқилмаганлар, энг биринчи полвонлар, менга адам шунақа деганлар.
-Шунақа дегин… Агар аданг айтган бўлса, эҳтимол тўғридир, мен адашгандирман. Яна Худо билади.
Шу зайлда суҳбатлашиб, полизга етиб бордилар. Тўлқин атрофга аланглаб, полиз эгасини қидирди. Буни сезган қария кулимисраб қўйиб:
-Бировни қидиряпсанми, тойчоқ? – деб сўради.
– Ҳеч ким йўқ-ку? – деди ажабланиб Тўлқин.
– Мен ҳам ҳайронман, ростданам ҳеч ким йўққа ўхшайди, – деди қария мийиғида кулганича унга саволомузқараб.
-Унда кимдан рухсат сўраймиз? – деди Тўлқин бўшашиб.
– Ҳа, бу ёғи чатоқ бўлди. Балки ҳандалакнинг ўзидан сўрармиз? Қани, “хандалакжонлар сизларни жудаям егимиз келяпти, олсак майлими?” деб сўранглар-чи?
Тўлқин бу гапга унча ишонқирамади. Қария таклифини яна такрорлагач, Саттор айтди, кейин уҳам бўшашганича:
-Индашмаяпти-ку? – деб қўйди.
-Нега индамаяпти? Э, ҳа, сенлар ҳандалакнинг тилини тушунмайсанлар-ку, мен эсам тушунаман. Улар ҳозир менинг қулоғимга шивирлаб: “Тойчоқларга айтиб қўйинг, бизлар
шунақа яхши болалар учун пишиб турибмиз. Ким сўраб олса, қувонамиз”, дейишди. Ана, руҳсат тегди, энди сен манави ҳандалакни уз, – қария шундай деб полиз четидаги ҳандалакни
Тўлқинга кўрсатди. Бундан қувониб кетган Саттор ёнидаги ҳандалакни кўтармоқчи бўлди:
-Бунисиниҳам, – деди у.
– Йўқ, буниси ҳали хом. Сен мана буни уз. Ҳа, баракалла!
-Амаки, ҳандалакнинг гапини ўзингиз тўқидингиз-а? – деб қолди Тўлқин, қарияни ажаблантириб.
-Нега унақа деяпсан, тойчоқ?
– Одамдан бошқа ҳеч ким гапирмайди.
– Шунақами? Буниям аданг айтганмилар? -Ҳа.
-Аданг айтган бўлсалар тўғридир. Яна Худо билади.
-Унда биз ҳандалакни ўғирлаяпмизми?
-Нега ўғирларканмиз? Ҳаппаи ҳалолидан оляпмиз. Тўғрисини айтсам… мен эгасидан кеча рухсат сўраб қўйган эдим. Майли, деган эди.
-Бизнинг келишимизни қаердан билувдингиз?
-Тушимда кўрувдим, сен бола жуда эзма экансан, улғайганингда қози бўласан шекилли. Қани, юр-чи, тилимлаб берай, – қария Тўлқиннинг адоқсиз саволларидан шу зайлда қутилган эди. Кун ботгунча ҳандалакхўрлик қилган болалар яна қариянинг эшагига мингашиб қайтганларида амакиларидан қулоқ чўзма ҳам еган эдилар. Уларни йўқолиб қолди, деб гумон қилган Иброҳим билан Муниса то улар келгунларига қадар ҳавотир оловида қовурилиб адойи тамом бўлаёзган эдилар. Буни англамаган болалар қулоқ чўзма учун Иброҳимдан астойдил ранжидилар. Саттор амакисига атаб кўтариб келган ҳандалакни бергиси ҳам келмади… Тўлқин
“амаким энди бизни уйимизга ҳайдаб юборадилар”, деб чўчиган эди. Йўқ, ҳайдамади. Аксинча, уларни яна уч марта ҳандалакхўрликка олиб борди… Тўлқин шу ширин хотиралар булутида анчагина сузди. Хотинидан қатъий топшириқ олган
Саттор унга дераза орқали бир оз қараб турди-да, сўнг ховлига чиқиб акасининг ёнига ўтирди. Ширин хотиралардан аччиқ ҳақиқатга ўтган Тўлқин унга сигарет узатди. Саттор олди-ю, аммо
тутатмади. Сатторнинг изидан умид билан чиққан иблис базм ноғораларини шай қилиб, уларнинг оғзини пойлади.
-Уйқинг келмаяптими? – деб сўради Тўлқин.
-Шу… юракни сиқадиган ҳаво бўляпти.
-Ҳаводан сиқилаётган бўлса ўтиб кетади. Мен… кеча ғалати туш кўрибман: иккаламиз ёш бола эмишмиз. Қумдан уйча ясаб ўтирибмиз… Эсингдами уй қурилаётганда кўп ўйнардик. Бу гапдан Сатторнинг энсаси қотди.
-Эсимда, – деб қўйди нохуш оҳангда.
-Мен ясардим, сен эркалик қилиб бузиб ташлайверардинг. Бувимникидан чиқиб, олтинчи қаватда турганимиз ҳам эсингдами? – Саттор жавоб бермади. Тўлқин бунга парво қилмай
гапини давом эттирди:- Агар бахт ҳақида ўйласам, ўша уйимизни кўп эслайман. Биттагина хонада яшардик. Биз учун ҳеч қандай ғам-ташвиш йўқ эди. Ўша ширин дамлардан ўтадиганини
мен ҳали учратганим йўқ. Сенам шуни ҳеч ўйлайсанми?
-Ўйладим нима-ю, ўйламадим нима? Бахт бир ҳил бўлмайди. Бир қориндан тушганимиз билан, бир ҳовлида яшаётганимиз билан меники бошқа, сизники бошқа.
-Яхши гапирдинг. Бахтимиз ҳам худди қозон-товоғимизга ўхшаган бошқа-бошқа. Ҳаётнинг ҳукми шунақамикин ё бизнинг нодонлигимиз учун шундай бўлиб қолганмикин?
-Билмайман, – деди Саттор жеркиш оҳангида.
-Менам билмайман, – деди Тўлқин босиқлик оҳангини ўзгартирмай. – Лекин ҳар қандай бахтсизликнинг аввал бошида одамнинг нодонлиги туради.
-Ҳар кимнинг нодонлиги ҳам ўзига яраша ҳар хил бўлади.
-Бу гапингҳам тўғри. Мана сен…
-Мени кўя туринг, ака, ундан кўра ишимиз нима бўляпти, шуни гапиринг.
Бу кескин гапдан кейин иблис базмининг бошланишини ошкор қилувчи дастлабки оҳангларини чала бошлади. Тўлқин укасига норози қиёфада қараб олди. У укасининг бекорга чиқиб ўтирмаганини биларди. Шу ҳақда гап очилишини ҳам кутган эди. Лекин болалик хотиралардан сўз очилганда шашти сал пасайгандир деб ўйлаганди. Ўйлагани сароб бўлганидан ғашланиб, у ҳам кўполроқ оҳангга ўтди:
-У ерда танишларим йўқ, деб айтувдим-ку?
-Танишларингиз йўқми ё ёрдамлашишга хоҳишингиз йўқми?
-Саволингга жавоб беришим шартми?
-Шартмас, нима дейишингизни биламан. Ака, тўғрисини айтинг, нега бунақа бемеҳрсиз? Биз сизга нима ёмонликқилдик?
Аслида бу саволни Тўлқин укасига бериши керак эди. Бир мавриди келса сўрарман, деб кўнглига тугиб юрарди. Саттор чаққонлик қилиб, мавриди келишини кутиб ўтирмай,
бетгачопарликдан ҳам қайтмади. Шу боис Тўлқин сал довдираб қолди:
-Нима, нима дединг?
-Ушлаш-қамашдан бошқа нарсани билмайсиз. Одамларга ёрдам беришни истамайсиз?
-Одамлар деганда сен ўзингни назарда тутяпсанми? – деди Тўлқин қўрслик билан.
-Биламан, сизнингча биз одам эмасмиз.
-Сен гапни тескари бурма. Мен пичинг билан сўраганим йўқ. Тўғри маънода сўрадим. Агар “одамларга ёрдам беришни истамайсиз”, деб ҳозирги ишингни айтаётган бўлсанг, тўғри, бу
ишингга ёрдам беришни истамайман. Буринларингга сув кирса, тўғри яшашни ўрганасанлар.
-Одамлар қандай яшашса, биз ҳам шундай яшаяпмиз, – Саттор шундай деб ўрнидан туриб кетди. – Таталаган таталаб топяпти, ҳовучлаган ҳовучлаб топяпти. Мен сизнинг қозонингизга
чўмич солаётганим йўқ.
-Гапларинг ғалати-ғалати, укажон. Бир сўз айтишдан олдин ҳеч ўйлайсанми? Аспирантурада ўқиётганингда бошқача фикрлардинг?
-Замон ўзгарди. Сиздан бошқа ҳамма ўзгарди.
-Шунақамикин? – Тўлқин шундай дегач, ўрнидан туриб укасига тик қаради:-Балки сендан бошқалар ўзгармай қолишгандир. Менда илмга қобилият йўқ эди. Адам раҳматли сенинг олим
бўлишингни истаган эдилар. Мен уринишларим бекор кетганига ачинаман.
-Ўқитганингизни миннат қилманг. Илм билан тирикчилик қилиб бўларканми ҳозир.
-Илм билан тирикчилик қилиб юрганлар-чи? Ҳамма сенга ўхшаб ўзини тижоратга ургани йўқ-ку? Жасур ўртоғинг “укангиз илмга хиёнат қилди”, девди. Шу гапини ўйлаб кўр. Худо
берган қобилиятингга хиёнат қилсанг, биринг барибир икки бўлмайди.
-Ака, қандай яшашни ўзимга қўйиб беринг. Сиз менинг ҳаётимга аралашманг, мен сизникига аралашмай. Шунда иккаламизга ҳам яхши бўлади.
-Мен айтдим-қўйдим. Қўлингдан етаклаб юрадиган ёшдан ўтгансан. Ҳа, сенга бир нарсани айтиб қўяй: қўйхонани бузишга унамадинг, унда адамнинг хоналарини бўшатиб қўй, бўяб-
оқлаб қўяман. Астойдил ҳужумни давом эттириш қасдидаги Сатторга бу қарор кутилмаган зарба бўлди:
-Нега?
-Айтувдим-ку, Баҳриддинга ижодхона керак.
-Яхши, ўша хона сизга бўла қолсин. Лекин аввал ишимизни тўғирлаб берасиз.
-Ака-уканинг оқибати ҳам савдо-сотиқ билан битадиган бўлибди-да?
-Бу савдо-сотиқ эмас. Санжар деган бола туҳмат билан ушлаб турилган экан. Агар шунинг ишини тўғирлаб берсангиз, отаси бизнинг ишимизни тўғирларкан.
-Ишлар зўр-ку!-деди Тўлқин бармоқлари орасидаги сигарет қолдиғини жаҳл билан ерга ташлаб. – Сенга ҳам йўл топишибди-да! Ҳозиргина ўзинг бир-биримизнинг ҳаётимизга аралашмайлик, девдинг. Шартни биринчи бўлиб ўзинг бузяпсан. Ўша валломатингга айтиб қўй, ука, ўлган отасини тирилтириб олиши мумкин, лекин ўғлини қамоқдан қутқариб қололмайди.
-Шунақами? Бўпти! Энди менинг елкамда гуноҳ йўқ. Энди ора очиқ!
Саттор шундай деди-да, уйи томон юрди. Зинага етганида ўгирилиб қаради:
-Тинчгина юзкўрмас бўлиб кетақолайлик. Ҳовлини сотайликда иккаламиз икки томонга кетайлик!
Бу гап гурзига айланди-ю, Тўлқиннинг кўзларидан олов учқунлари сачрагандай бўлди. Бу гап иблисга мойдек ёқиб, ноғорасини авж пардага кўтарди. Қия очиқ деразадан ака-ука машмасини жон қулоғи билан тинглаётган Ободхон чеҳрасига
бу гап мамнунлик шабадасини уфурди. Тўлқин бир зумгина қотиб турди-да, сўнг укасига яқинлашиб, ёқасидан олди.
-Нима деяётганингни биляпсанми!-деди хирқироқ овозда. – Уйни сотасанми?! Билиб қўй бола: мен бу уйни сотгунча кўчаларда хор бўлиб яшашни афзал биламан. Бу уйда сенинг ҳам менинг ҳам ҳаққим йўқ. Буни адам билан ойим қуришган. Биз бу уйда вақтинча яшовчилармиз. Эртами-индин сенам менам ташлаб, ота-онамизнинг ёнларига борамиз. Ана ўшанда уларга нима дейишингни ўйлабқўй. Тўлқин шундай деб укасини бир силтади-ю, қўйиб юборди. Саттор чекиниб зинага оёқ босди. Акаси ёқасидан олганида юрагида уйғонган саросима босилди. Яна аввалги ҳолига қайтди:
-Сотмасак, ҳовлини иккига бўламиз. Бошқа йўл йўқ.
-Эсингни йиғ, жиннилик қилма! Адам билан ойим гўрларида тик туришади.
-Бунисига сиз айбдорсиз. Аслида сиз уйни бўшатиб чиқиб кетишингиз керак. Адамнинг хатларини атай йўқотгансиз.
-Адам сенинг уйингда жон берганлар. Хатни ўша хонангда олганман-у, кўйганман. Ишонмасанг қасам ичайми?
-Энди фойдаси йўқ.
Саттор шундай деди-ю, “акам яна сапчиб қолмасин”, деган ҳавотирда зинадан тезгина кўтарилиб уйига кириб кетди. Айвонда уни Ободхон очиқ чеҳра билан қаршилади. Иблиснинг базми тун бўйи давом этди. Тўлқиннинг оиласи тунни мотам азоби билан ўтказди… Эрининг жасорати туфайли қувонч уммонида яйрай бошлаган Ободхон бир неча дақиқага бўлса-да, мол аччиғини унутди. Хонадонига асқотиши лозим бўлган бу “қувонч” қизлар хонасига кира олмади. Ака-уканинг, айниқса опа-сингилнинг бирон нимани талашиб аразлашиб қолиши ҳар бир
оила учун одатий ҳол. Лекин Ойниса билан Офтобхон орасидаги муносабат ҳар бир оилада ҳам бўлавермайди. Ойнисанинг опаси хусусидаги чақимчилиги шунчаки гап эмас. У чиндан ҳам
Офтобхон ва Салоҳиддин орасидаги муносабатни синчиклаб кузатади. Мактабдаги миш- мишларни ҳам жон қулоғи билан тинглайди. Битта гап эшитса, ёнига ўзи яна иккитасини қўшиб
онасига етказиб туради. Онасининг Офтобхон билан Салоҳиддин орасидаги яқинликка билдирган салбий муносабати унга ёқади. “Қиз ўлгур”ни мактабни битириши биланоқ бегонага узатиб юбориш қарори эса Ойнисанинг айни муддаоси. Сабаб: Салоҳиддин Ойнисага ёқади. Офтобхон амакиваччасини ака ўрнида кўрса, уни сингил муҳаббати билан яхши кўрса,
Ойнисанинг севгиси бўлакча эди. Бўйи етган қизлар оламига эндигина қадам қўйган, севги-муҳаббат ҳақида мубҳам тушунчага эга бўлган Ойниса амакиваччасини опасидан қизғана
бошлаган эди. Уйда ёлғиз кезлари Салоҳиддиннинг чеҳрасини кўз олдига келтириб муҳаббат кўшиқларини бир-бир куйларди. Баъзан шу қўшиқлар орқали севгисини йигитга изҳор этишни
ҳам хоҳларди. Аммо уят деган фазилат уни бу ҳаракатдан тўхтатиб турарди. Салоҳиддин уйига келган кунлари Ойниса учун гўё байрам эди. Унинг ҳовлига кўпроқ чиқиб туришини истарди.
Баъзан дераза пардаси ортидан кузатарди. Юраги ўйнарди. Ширин орзулар қанотида учарди. Нодон қиз буни чин муҳаббат деб ҳисобларди. Иблис юрагига ҳавас солаётганини у бечора
қайдан билсин? Ойниса ва унга ўхшаш қизлар ана шу тўрга ўралиб қолиб азоблар чекадилар. Айримлари бу ҳолатни ҳавас эканини англайдилар, баъзилари эса “менинг ақлу ҳушимни
муҳаббат оташи оляпти”, деб гангиб юраверадилар. Ақллари муҳаббатга эмас, иблисга банди бўлиб қолганини тушуниб етгунларича ҳаётнинг аччиқ меваларини териб юраверадилар.
Яхшики ҳаё деган ҳис-туйғу бор, уларни кўп балолардан сақлаб қолади. Бундай фазилатдан маҳрум қизлар эса умрларини барбод қиладилар. “Билмайин босдим тиконни, тортадурман жабрини, билсам эрдим, тортмас эрдим, ул тиконни жабрини” дейилмиш мақол шу каби қизлар ҳаётига таалуқли. Чунки севги деб аталмиш ёлғон оламга ялангоёқ кирган Ойниса ёшидаги
қизлар оёғига дастлабки тиконлар айнан шу даврда санчилади.
Ойнисага ҳали бу азоблар бегона. Унинг учун энг муҳим муаммо – йўлига тўғаноқ бўлаётган опасини олиб ташлаш. Опасининг тўйи куни, куёв навкарлар карнай-сурнай, ноғоралар билан кириб келишганда, опасининг кўзлари ёшланганида унинг қалби бахтиёрлик билан тепа бошлайди. Бу кунни орзиқиб кутаётган Ойнисанинг йўлида янада мураккаброқ муаммо пайдо бўлди. Онасининг “кеннайижонингиз қиз овига чиқишни бошлабдилар”, деган гапи у бечоранинг қўл-оёқларини боғлаб, тубсиз жар сари улоқтириб юборгандай бўлди. Опасини олиб кетгани келган куёв унга бахтиёрлик жомини тутқазса, куёв сарпосидаги шодон
Салоҳиддиннинг келинни олиб келиш учун дуо олиб чиқиб кетиш манзараси унга ўлим заҳри билан лиммо-лим тўла жомни тутқазарди. Бу ҳар икки манзара амалга ошгунича ҳали анча фурсат бор. Аммо ҳозирдан икки муқобил тўлқин каби олишади. Опасини йўлдан олиш қийин эмасдай туюлганди. Энди буниси-чи? Кимга арз қилади? Кимга юрагидаги сирни очади? Кимга дод дейди? Унга фақатгина онаси ёки опаси сирдош бўлиши мумкин. Қалбини таталаётган ишқ можаросидан онасини огоҳ қила олмайди. Ойниса европалик қиз бўлганида йигит билан ишини пишириб олиб “ойи, танишинг, бу йигит билан турмуш
қурмоқчиман”, дейишдан қайтмасди. Шукрки, Европа қизи эмас. Агар Салоҳ акасини опасидан қизғанмаганида сирини унга айтиб маслаҳат сўраши мумкин бўларди. Бу жиҳатдан ҳам сирдошлик дарвозаси тақа-тақ ёпиқ. Ҳамма қизлар муҳаббат саройига киришни дилдан истасалар-да, интилсалар-да, остона ҳатлашда ҳавотир булути ичида қоладилар. Сирларининг ошкор бўлишидан қўрқадилар. Ойниса ҳам шулардан бири.

Тохир Малик