Н.Йўлдошев: “Халқ вакиллари ташаббус кўрсатмаса, оддий одамлар нима қилиши мумкин?”

0

Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси давом этмоқда.

Мажлисда маъруза қилган Сенат раиси Н.Йўлдошев мажлис иштирокчиларига “Муаммоларнинг ечими бўйича халқ вакили бўлган депутат ёки сенатор ташаббус кўрсатмаса, масъул тузилмаларнинг яхши маънода “тинчини бузиб”, бонг урмаса, оддий одамлар нима ҳам қилиши мумкин?” дея мурожаат қилди.

ЎзАнинг берган хабарига кўра Сенат раиси кўп бора қайд этилганига қарамасдан, айрим сенаторларнинг тармоқлар ва ҳудудлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш борасидаги ташаббускорлиги сезилмаётганини қаттиқ танқид қилди.

Аксарият қўмиталар аъзолари жорий йилда соҳалар ва ҳудудларга хос бўлган муҳим масалаларни Сенат қўмитаси, Кенгаши ёки ялпи мажлиси муҳокамасига киритиш бўйича тайинли бир таклиф билан чиқмаганини қандай изоҳлаш мумкин?!

Соҳалар ва ҳудудлардаги долзарб масалалар ечимини топишда қонун берган имконият – сенаторлик сўровидан самарали фойдаланилмаяпти.

Айрим қўмиталар, айрим сенаторлар жорий йилда ўзи бевосита вакили ҳисобланган ҳудудлардаги долзарб масалалар юзасидан масъул идоралар ва ташкилотларга бирор марта ҳам сенатор сўрови юбормаган. Баъзи сенаторлар эса нафақат сўров, ҳатто оддий мурожаат билан ҳам бирорта идорага чиқмаган.

Ваҳоланки, тегишли ишчи гуруҳлар томонидан олиб борилаётган ўрганишларда биргина Хоразм вилоятининг учта туманида қарийб 11 мингта, Бухоро вилоятининг битта туманида 9 мингдан ортиқ муаммо аниқланган.

Шу пайтгача мамлакатимиз ҳудудига, шаҳарларимизга киравериш жойларидаги, шунингдек вилоятлараро ўтиш жойларидаги постлардаги тирбандлик, асоссиз ўрнатилган тўхташ белгиси ва тўсиқлар биринчи навбатда туристлар, айни пайтда аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб келаётган эди.

Сенат қўмитаси томонидан киритилган биргина сўров асосида Ички ишлар вазирлиги томонидан бу борадаги аҳвол зудлик билан қайта кўриб чиқилди.

Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида бу борадаги камчиликлар тўлиқ бартараф этилди, жойларда эса тегишли ишлар бошланди.

Сенат қўмиталарининг Президент фармон ва қарорлари билан тасдиқланган давлат ҳамда ҳудудий дастурлар ижроси юзасидан масъул раҳбарларнинг ахборот ёки ҳисоботларини эшитиб бориш бўйича ишларини ҳам қониқарли, деб бўлмайди.

Зотан, жорий йилда бирорта қўмита бундай ахборотларни эшитиш натижалари бўйича Сенат Кенгашига бирорта жўяли таклиф ва тавсия билан мурожаат қилмади.

Шу боис, кўпинча ялпи мажлисларда вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотларини эшитиш билангина чекланиб қолаяпмиз.

Маърузачи ваҳоланки, бундай амалиёт қўмиталарда йил давомида узлуксиз давом этиши зарурлигини алоҳида қайд этди.