Андижонлик Робихон момо 97 ёшида ҳам велосипед ҳайдайди (+фото)

0

Журналист Миролим Исажонов велосипед ҳайдашни канда қилмайдиган 97 ёшли онахон Робихон Имяминова билан эксклюзив интервью уюштирди.

—Турмуш ўртоғим Солижон Имяминов кўмаги билан от минишни ўрганиб, институтни отда қатнаб битирганман. Велосипедга меҳрим ҳам шу инсон сабаб тушган. Ўшанда 22 ёшда эдим. Бир куни ишдан қайтаётсам, Солижон ака ёнига чақириб, велосипед минасан, деб қолди. Унга ҳайрон бўлиб, эплай олмаслигимни айтдим. У эса уч марта, минасан дея, шарт қўйди. Мен ҳам минмайман, аёл киши ҳам велосипед минадими, деб ўз сўзимда қатъий туриб олдим. Сўнг у ҳазил аралаш велосипедга чиқариб қўйиб, олдинга итариб юборди. Кўчада ҳеч ким йўқ. Бир ўзим узоқ масофага тезлашиб кетяпман. Турмуш ўртоғим эса орқада қолиб кетди. Анча йўл босиб ўтганимдан кейин бир катта ариқ томон қаршисидан чиқдим. Шунда нима қилишни билмай, велосипедни қуруқликка итариб, ўзим эса сувга тушиб кетдим. Шу воқеадан сўнг велосипед минишга қизиқиб қолдим (кулади). Орадан 75 йил ўтса ҳамки, велосипед яқин ҳамроҳим. Қишлоқда тўй-маърака бўлса ҳам, мактабга ҳам велосипед миниб бораман. Бунга маҳалладошлар ўрганиб кетишган.

—Фарзандларингиз велосипедда юришингизга қандай муносабат билдиришади?

—Саволингизни эшитиб, бир воқеа ёдимга тушди. Анча йил олдин қўшни маҳаллага тўйга кетсам, Амурмуҳаммад исмли ўғлим велосипедимни янги қураётган уйимизнинг пойдевордаги бетонига ташлаб юборибди. Сабабини сўрасам, «Катта аёл бўлиб қолдингиз, энди минмайсиз»,— деди. Шу манзарадан кейин касал бўлиб қолдим. Икки йил велосипед минмадим. Сўнг раҳматли Дилшодхон қизим магазиндан менга велосипед олиб, уни совға қилди. Ҳозиргача тўртта велосипедни миндим. Қизларим ҳам, қиз невараларимнинг барчаси ҳам велосипед минишни уддасидан чиқишади. Улар мени велосипедсиз бирор жойга бормаслигимни яхши билишади ва тўғри тушуниб, ўзлари ёрдамлашиб туришади.

—Ҳаётий тажрибангиздан келиб чиққан ҳолда узоқ умр кўриш сирлари хусусида ҳам гапириб берсангиз?

—Аксарият инсонлар аёл кишининг велосипед ёки машина ҳайдашига салбий назар билан қарашади. Аммо мен бундай муносабатни оқламайман. Аллоҳга шукр, шу кунларга етиб келишимда велосипед минишимнинг жуда катта аҳамияти бор. Велосипед минсангиз, юрак фаолиятим яхшилангандек бўлади, нафас олишим ҳам ўзгаради. Қўл-оёқларим чигалини ёзиб, завқланаман. Одамзот ким ва неча ёшда бўлишидан қатъий назар, велосипедга ошно бўлиши керак. Бундан ташқари, яёвда қўйлар боқаман, уларга ўт тераман. Уйда ҳам келинларимга кўмаклашгим келади. Хурсандчилик давраларида рақс тушиш, қўшиқ ҳиргойи қилишни ёқтираман. Муҳими инсон бағрини кенг қилиши, доим хушкайфиятда, ҳаракатда бўлиши лозим. Шундагина умрига умр қўшилиб борилаверади.

Мен ўзимни орзулари ушалган бахтли аёл, деб ҳисоблайман. 5 нафар фарзандим, 18 нафар неварам, 23 нафар чеварам, маҳалла-кўй ардоғида кексалик гаштини суряпман. Бутун умр халқ таълими соҳасида ишладим. Касбим орқали обрў-эътибор, бахт топдим. Ҳукуматимизнинг неча-неча фахрий ёрлиғи-ю, Ўзбекистон Халқ маорифи аълочиси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени сингари юксак мукофотларига сазовор бўлдим. Барчасидан беҳад мамнунман ва Яратганга чексиз шукроналар айтаман!
daryo.uz