Иблис девори (18-қисм)

0

Салоҳиддинга бўлган муносабатининг ошкор бўлишидан чўчиган
қиз бу борада қўзғалиши мумкин бўлган даҳшатли қуюн йўналишини опасига буриб, ўзи омон қолишни ўйларди.
“…Кеннайижонингиз қиз овига чиқишни бошлабдилар…”
Бу хунук хабар опасининг чимчилашидан минг карра азоблироқ эди унга. Хабарни эшитибоқ йиғлаб юборгиси келди. Офтобхоннинг чимчилаши қалбида тўпланаётган фарёд вулқонига йўл очиб бера қолди. Кейин уйга киргач, опасидан яна чимчилашми ёки шапалоқми кутиб, туртди. Муддаосига етди: юзига шапалоқ тушиб, янада авжга чиқди. Бу ҳунарларни сабр билан ўргатган иблис миннатдор устознинг жилмайиши билан унга қараб Қўйди. Синглисидан фарқли ўлароқ, Офтобхон ҳам йиғлагиси, дардларини юракдан чиқариб ташлагиси келарди, бироқ ўзини тутишга мажбур эди. Агар йиғласа, йиғисининг сабибини онасига ёки отасига тушунтириб бериши керак бўлади. Уларга қизнинг дарди бегона, айтгани билан фаҳм этишмайди. Чунки уларнинг олами ўзга, дарди бошқа. Дардсизнинг олдида
бошимни оғритма, деганларидек, қиз уларга юрагини очолмайди. Йиғласа-ю, сабабини айтмаса, шубҳасизки, Салоҳиддин билан ораларидаги муносабатдан гап очилади. Дардини Салоҳиддин тушунадигандай эди. Кеча у ҳам гапни ҳазилга буриб, онасини масҳара қилди. “Ҳазиллашдим, кечир”, деди, аммо бу узрхоҳлиги билан дилпора қизнинг яраланган қалбига малҳам қўя олмади. Онасининг нотўғри ишларини Офтобхоннинг ўзи ҳам билади. Лекин унга қарши гапиролмайди. Онасининг қусурларини бировнинг оғзидан эшитиш эса унга оғир, жуда оғир. Икки оила орасидаги муносабатнинг кундан кунга ёмонлашиб бораётгани, охир-оқибат эса ришталар узилиб кетиши унга оддий воқеа бўлиб туюлмасди. Ака-укалар юз кўрмас бўлиб кетган куни унинг назарида қиёмат бошланиши шарт эди. Қиёмат бошланиб, ҳаммани ер юта қолса-ку, яхши бўларди-я, қалб азобларидан қутуларди-я! Бошланмаса-чи, ер ютмаса-чи? Ана унда онаси ва отаси томонидан жорий этилган янги тартиб бўйича яшай бошлайди: бобоси каби суюмли бўлиб қолган амакисини кўрганда юзини тескари буради, салом бермайди. Саломига меҳрибонлик билан алик олиб, “илойим бахтли бўлгин, қизим”, деб дуо қилиб қўювчи кеннойисига қарамайди. Ака ва укалари ҳисобланган Салоҳиддин, Баҳриддин, Нуриддиндан юзини тескари буради. Салоҳиддин билан Баҳриддин-ку, вазиятни тушунишар, “опажон” деб қучоқлаб оладиган Нуриддин нима деб ўйлайди? Ота-оналари-ку, уй талашишяпти. Улар-чи? Фарзандҳарқандай вазиятда ота-онага тобе, дейишади. Наҳот бу қабиҳ вазиятда ҳам
уларга қулоқ солиш шарт бўлса? “Амакингга салом берма, болалари билан гаплашма”, деган буйруқни бажариш ҳам фарзандлик бурчига кирадими? Шу инсофданми? Офтобхонни шу саволлар қийнайди. Онасининг узатиб юбориш ҳақидаги гапларини эшитганда баъзан кўнгли таскин топгандай ҳам бўлади. Шу уйдан тезроқ чиқиб кетса, бу машмашалардан тезроқ нари кетса олам гулистонга айланадигандай туюлади. Бироқ, тўла
ҳотиржам бўла олмайди. Борган ерига “келиннинг отаси билан амакиси юзкўрмас бўлиб кетган экан”, деган гап етмайдими?
Бу ҳол кимгадир арзимасдай туюлар, аммо Офтобхон учун бу иснод. Бу иснод уни ертубан қилиши керак эди. Агар қиз бола номусини йўқотса уни лаънатлайдилар. Лекин ака-ука ёки
опа-сингил юзкўрмас бўлиб кетса биров индамайди. Ахир бу ҳам номуссизликка, виждонсизликка кирмайдими? Мана шу саволлар гирдобидаги қиз оила номуссизлигидан қутилиш йўлларини изларди, изларди-ю, топа олмасди. Баъзан онаси билан ёлғиз ўтирганда “Ойи, амакимлар кўчиб кетишса, бизларни ҳам турмушга узатсангиз адамлар билан шўппайиб ўтирасизми?” дегиси келарди. Бу саволига онасининг “Куёвлардан биттасини ичкуёв қиламан”, деб жавоб қайтаришини ҳам билади. Аммо “сизнинг бу феълингизга қайси ичкуёв чидаркин?” дея олмайди.
Офтобхон хаёлида чора излаб-излаб “бу дунёнинг нимаси яхши? Ундан кета қолган афзал эмаси?” деган тўхтамга ҳам келади. Шунда қўрқиб, юраги орқасига тортиб кетади. Бу кеч Ойниса билан ёвлашиб, онасидан қарғиш олгач, жойига ётиб олди. Унсиз йиғлади. Ойниса тинчигач, ҳовлида амакиси билан отасининг ғўнғир-ғўнғир овозларини эшитиб, сергакланди. Қанча диққат қилмасин, гапларини яхши эшита олмади. Фақат зина яқинида
овозлар баландлагач, эшитди. Ҳаммасини эшитди. Эшитди-ю, бадани музлаб кетди. “Бу дунёда яшашнинг ҳеч бир қизиғи йўқ…” Аҳён-аҳёнда уйғонаётган бу фикр хаёлини яна ёритди. Бу
сафар нима учундир қўрқмади… Тунни руҳ азоби билан ўтказган Офтобхон “бошим оғрияпти” деган баҳона билан мактабга
бормади. Қизларининг турли баҳоналар билан мактабдан қолишига Ободхон монелик қилмасди. “Ҳа, мактабинг ўла қолсин, тузукроқ ўқитмайдиям, дамингни ол”, деб қўя қолади. Бугун “ўқишларингнинг охири кўриниб қолди, энди бормасанг ҳам бўлаверади”, деб қизига узоқ муддатли таътил берди. Офтобхон бир пиёла чойни чала ярим ичиб, хонасига кириб ётганича ташқарига чиқмади. Ойниса ҳам яхши ухлолмаган эди. У ҳам мактабга бормасликни ният қилиб эди. Бироқ, опасининг ниятини билиб, фикридан қайтди. Синглисини эргаштириб мактабига жўнади. Эрининг кўчага отланаётганини кўрган Ободхон гўрков амакиваччасиникига бориб тўнларни олиб келишни яна тайинлади.
-Бугун вақтим йўқ, – деди Саттор, – ҳозир қурилиш бозорига бораман. Арзонроқ ғишт учраса олиб келаман. Амакиваччангга телпон қил, тўнларни сақлаб турсин.
Эрининг шу бугуноқ девор олиш ҳаракатига тушишини кутмаган Ободхон қувониб кетди:
-Вой аклгинангиздан айланай, – шундай деб Сатторни елкасидан қучди. – Тўн ачиб қоладиган нарса эмас, тура туради. Бу ишни тезлатинг.

Кўчани супураётган Робия қайнисини кўриб, саломлашиш учун қаддини ростлади. Бироқ,
Саттор қайнилик бурчини бажармади – салом бермади. Индамай ўтиб кетди. Робия аввал ажабланди, кейин хўрлиги келди. Ўзи айтган биринчи бомба ўз оёғи остида портлаб, руҳини мажруҳ қилди. Кўзлари ёшланди. Супургини четга отиб, уйга кириб хўнграб-хўнграб йиғлагиси келди. Робия бу хонадонга келин бўлиб қадам босиб келганида уларнинг муносабати кеннойи-
қайни эмас, опа-ука мартабасида эди. Сатторнинг ўзи бир неча марта “Менинг опам йўқ эди, сиз менга опасиз, уйлансам келинингизга овсин эмас, унга ҳам опа бўласиз”, дер эди. Робия бу гапдан қувонарди. Сингил-келин келишини орзиқиб кутарди. Қайнисининг кийим-бошларига гард юқтирмасди. Бирон сабаб билан акаси тергаса ҳамиша Сатторнинг ёнини олиб турарди.
Қайниси кеч қолгудай бўлса ухламай кутарди. Аввал қайнонаси билан бирга ўтириб кутарди. Фарида қайтиш қилгач, ёлғиз кутадиган бўлди. Чунки энди у фақат опа эмас, меҳрибон она
масъулиятини ҳам зиммасига олган эди. Робияни опа, ўзини ука деган инсон салом бермай ўтиб кетди… Кечқурунги ака-ука машмашасининг сўнгида айтилган аҳд Робия юрагини қалқитиб юборди. Жаҳлдан бўзариб уйга кирган эрига индамади. Овутиш учун айтилган ҳар бир сўз ғазаб оташига мой каби қуйилиши мумкинлигини билди. Робия туни билан ўз ёғига ўзи қоврилса-да,
“Сатторжон бу гапни жаҳл устида айтиб юбордилар, бунчаликка бормаслар”, деб умид қилган эди. Қайнисининг салом бермай ўтиши умидини пучга чиқарди, аҳднинг қатъий эканидан
далолат берди. Кечқурунги гапни онаси билан бирга айвонда ўтирган Салоҳиддин ҳам эшитган, отасининг қайтаётганини кўриб ўз хонасига кириб кетган эди. Эрталаб нонушта тайёр бўлишига қарамай, бир пиёла чой ҳам ичмади. Саф текширувига кеч қолиши мумкинлигини баҳона қилиб шошилиб чиқиб кетди. Робия ўғлининг баҳона қилаётганини сезди. Салоҳиддиннинг кўнглидан
нималар кечаётганини ҳис қилгани учун ҳам “бугун келасанми?” деб сўрамади. Тўлқин бугун ишга кечроқ бормоқчи эди, шу сабабли шошилмади. Робия кўз ёшлари билан кирса, эрининг кўнглини янада вайрон қилиб юбориши мумкинлигини билиб, супуришда давом этди. Ўғли ўқишга кетди, ўртоклари билан кўришиб кўнгил чигиллари бир оз бўлса-да, ечилади. Эри иш билан овунади. Бу ғурбатхонада бир ўзи қолади…
Ғурбатхона?!
Қайнонаси, қайнотаси ўтган уйни ғурбатхона дейиш? Хаёлига келган бу фикрдан ўзи ҳам ғашланди. Бундай бемаъни хаёлларни қувмоқчи бўлгандай тезроқ супура бошлади. Ўзи яшайдиган уй қаршисини супуриб бўлиб қаддини ростлади-да, овсини томонини супуриш ёки супурмасликни ўйлаб қолди. Қизлари ишга ярайдиган ёшга етганидан бери Ободхон қўлига супурги ушламайди. Баъзан қизлар “ҳадеб мен супуравераманми” деб аразлашиб қолишса, хонадоннинг бош келини Робия вазифасини беминнатгина адо этиб қўярди. Кўчага супурги билан чиққан кезлари ҳеч қачон ажратмаган. Ҳозир ҳам ажратиш нияти йўқ, фақат бу томонни супураётганимда овсиним чиқиб бир заҳарли гап айтвормасмикин, деган ҳавотирда эди. Тўлқин чиқиб, хотинига қараб “нега сен супурасан, ўзлари супурмайдими?” дегиси келди-ю, ўзини тутди. Совуққина қилиб “кетяпман”, деди. Робия синиқ овозда “яхши бориб келинг”, деди… Тўлқин кетиши билан “ҳорманг кеннойи, овсинингиз уйдамилар?” деган овозни эшитиб, орқасига қаради. Ободхоннинг мижозини кўриб, истамайгина сўрашди. Робия бу хотинни яхши танимайди, исмини ҳам билмайди. Овсинига мижоз эканини билади халос. Лекин остона ҳатлаши билан атрофга олазарак қарайвергани учун ёқтирмайди. Ҳозир ҳушламайгина сўрашганининг боиси ҳам шунда.
-Уйдалар шекилли, кираверинг, – деб ишини давом эттирди.
Мижозга унинг бу қилиғи малол келиб, лабини буриб қўйди. Остона ҳатлаб икки марта “Ободхон опа!” деб чақирди-да, жавоб бўлишини кутмай айвон сари юрди. Ободхон сохта жилмайиш билан уни кутиб олди. Мижоз ўтириб, дуо қилгач, ҳол-аҳвол сўраган эди, йиғламсираганича бошига тушган кулфатни баён қилиб берди. Мижоз азага келган хотин таъзия билдирганидай унга тасалли берди-да:
-Аттанг, ҳозир шу нарсаларнинг бозори чаққониди-я!-деб афсусланди. Кейин:-Муллакангиз милиса-ку, эплай олмадими? – деб сўраб, Ободхоннинг ярасига туз сепди.
-Вой, нима деяпсиз! Буларга иши тушган одамнинг икки дунёда косаси оқармайди-я!-деди Ободхон лабини буриб. – Турган-битгани – аммамнинг бузоғи. Шунинг учун ҳам кўкармайди-да..
Туғилганидан бери майорми, сержантми, бир бало.
-Вой, шунақами, овсинингизнинг димоклари жа-а баланд-ку? – Мижоз шундай деб “ҳеч ким йўқмикин?” деган ҳавотирда дарвозахонага қараб олди. Кўнгли тичигач, давом этди:-Мен
эрининг қўли анча узунмикин, депман.
-Димоққиналарига қурт тушсин. Ўзларининг назарларида эрларининг қўллари нақ қуёшгача етади. Шулар билан муроса қилиб яшаётганимга менга минг марта раҳмат дейиш керак.
-Ободхон опа!
Таниш овозни эшитиб дарвозахонага қаради. Остона ҳатлаб ўтиб, айвон томон қараб турган Махсумани кўрди-ю, афтини буриштирди
-Оббо… энди оғримаган бошимга шу етишмай турувди, – деди
-Нима дедингиз? – деди мижоз унинг бу гапига тушунмай.
-Нозик меҳмон келиб қолди, сингилжоним. Молни олишим билан сизга телпон қиламан. Бозордан кеч қолманг, эрталабки бозорнинг тушуми яхши бўлади, – шундай деб Ободхон ўрнидан турди.
-Молни бошқалардан олмай турайми?
-Озгина сабрқилинг.
-Сабр дейсиз-у, бу ёқда тирикчилик нима бўлади?
-Худо берса, тирикчиликка бало ҳам урмайди. Худо деб туринг.
Мижоз эътироз билдирмоқчи бўлганида Махсума яна чақирди.
-Ҳозир, – деди Ободхон ғашланиб, – вой-воей, одамлар бунча бесабр-а!
Дарвозахонада мижозни кузатиб, Махсумани ҳудди қадрдонидай кутиб олди. Ичкари бошлай туриб ҳовлидаги хўрозга кўзи тушди-да, меҳмонни ҳам унутгандай:
-Кишт-е, шунчаям сурбет бўласанми, а!-деб ҳайдагач, нариги айвон томон қараб овозини баландлатди:-Ҳой Нуриддин! Хўроз ўлгурингни қама, ҳамма ёқни титиб ташлади, – кейин меҳмонга қаради:-Махсумахон сингилжоним, тортинмай кираверинг. Шу каталакка боши сиғса кети сиғмайди-ю, хўроз боқишларига ўлайми. Ичкари киришгач, Ободхон дастурхон солмоқчи бўлди. Махсума унамади.
-Опа, ҳадеб телпонда безор қилавермай, йўл-йўлакай кириб, хабар олай дедим. Ишларимиз нима бўляпти?
-Нима бўларди, ҳаракат қиляпмиз, – деди Ободхон, бу саволдан энсаси қотганини яширмай.
-Тезроқ бўлгани яхшийди. “Муллакам милиса, бир соатда тўғирлаб ташлайди”, девдингиз.
-Вой, Махсумахон, бу дунёнинг одамига ярашмайдиган гапни айтасиз-а? Бир соатда ё бир кунда битадиган ишми шу?
-Буни мен тўқиганим йўқ, ўзингизнинг оғзингиздан чиққан гапни айтяпман.
-Озгина кутинг, бесабр бўлманг, сингилжон.
-Мен-ку, қанча бўлсаям сабр қилавераман-а, лекин кетишимда анча қарз олгандим, қистаб келишяпти.
-Қистаб келишса тушунтирингда.
-Тушунтиряпман… – Махсума шундай деб афсус билан хўрсинди, – аммо тепасида прасенти бор, кун ўтган сайин туғяпти.
-Энди бунисига мен айбдор эмасман. Мен сизга “қарз олинг, тепасига прасан қўйдиринг”, демаганман. Ўзингиз пиширган ош…
-Ўшанда гапингизга кирмаганимда шу ғалвалар йўқ эди.
-Менга осонми? – деди жеркиб Ободхон. – Отамнинг ўлишини билганимда бир қоп кепакка сотиб юборардим, дейишган. Мен билибманми ўлгурларнинг ҳийласини. Энди гап бундай: иш
шу бир-икки кун ичида пишади. Божхонадан ўзим битта одам топдим. Лекин озгина чиқими бўлади. Чиқим ўртада, яна “билмабман”деб юрманг. Бу гапни эшитиб, Махсума норози қиёфада бош чайқади:
-Йўқ. опажон, чиқимини мен билмайман. Ҳамма ғалвани ўзингиз бошладингизми, ҳар қанақа чиқимини ҳам ўзингиз тўлайсиз, – деди қатъий оҳангда.
-Вой савил, мен бўйнингиздан судраб мажбур қилибманми? Ёш бола эмассиз-ку, бурнингизни оқизиб, орқамдан эргашадиган. Ақлингиз энди кириб қолдими?
-Ҳа, ақлим кириб қолди. Майли, яна икки кун кутаман. Учинчи куни молимнинг ҳақини
тўлайсиз.
Жувондан бундай қатъийликни кутмаган Ободхон уни биринчи марта кўраётгандай тикилиб қараб қолди. Иблис “шу гапи учун сочларини битталаб юлиб ташламайсанми!” деб васваса қилди. Иблиснинг амрига жон деб итоат этгиси келса-да, ўзини тутди.
-Нима дедингиз, сингилжон! Вой, кўнглимнинг кўчаси! Сиз менга шарт қўйманг, оповси!
-Бошқа иложим йўқ, уч кундан кейин келаман, пулларимни тайёрлаб қўйинг.
-Шунақами, келинг, келинг, пояндоз солиб кутиб оламан. Билиб қўйинг: агар сиз шунақа ёмонликка юрсангиз, мендан яхшилик кутманг. Мендан бир тийин ҳам ололмайсиз. Мен сизга пулни эмас, эрингизга мойдек ёқадиган икки оғиз ширин хабарни тайёрлаб қўяман.
-Қанақа хабар яна?
-У ёкларда кимларнинг қўйнига кириб чиққанингизни айтаман. Пул керакми, оила керакми, ўзингиз танлаб олинг.
-Шунчалик пастмисиз? Ёлғон гапиргани Худодан қўрқмайсизми?
-Худони ишимизга аралаштирманг-у, шаштингиздан тушинг. Опа-сингиллигимизча қолайлик. Ҳали четга билла-билла кўп чиқамиз, роса бойиб кетасиз.
-Сиз билан билла бир ёққа боришдан Худо асрасин. Агар сиз дўзахга тушадиган бўлсангиз, дўзахдагилар ҳам сиздан хазар қилишса керак керак.
-А?! Тилингиз чиқиб қолибдими, оповси?

Тохир Малик