Иблис девори (19-қисм)

0

-Нима, мени меров деб ўйловдингизми? Сизда бор тил менда ҳам бор. Сизни одам дебиззатингизни қилиб юрувдим. Мен ҳозир…
Махсума Ободхоннинг бобиллаб беришини кутмай чаққон ўрнидан турди. Унинг ҳаракатига тушунмаган Ободхон:
-Ҳа, қаёққа, бир пиёла чой ичиб кетинг, сингилжон, – деб пичинг қилди.
-Чойингиз ўзингизга сийлов, – деди Махсума жаҳл оловини пасайтирмай, – мен эримни чақирай, иғво гапингиз ичингизда ириб кетмасин, ҳозироқ айта қолинг. Ишнинг бу томонга оғиб кетишини кутмаган Ободхон шошиб қолиб, “вой, тўхтанг,
сингилжон, уйдаги гап кўчага чиқмасин”, деганича унинг йўлини тўсмоқчи бўлди. Махсума унинг ҳай-ҳайлашига парво қилмай кўчага чиқди-да, эрини бошлаб қайтди. Уларнинг орқасидан кирган Робия нохуш воқеадан четда туриш учун тезгина уйига кириб кетди.
-Опагинам, мана эрим, айтинг, айтадиганингизни, – деди Махсума. Эрнинг важоҳати, айниқса унинг чап иягидаги чандиқ Ободхонни сал чўчитди. Чандиқни безорилик аломати, деб ўйлади. Ўтган йили бу йигитнинг автоҳалокатга учраганини билганида бунчаликқўрқмасди.
-Вой, оповси, шунга шунчами, ҳазилни чинга айлантирманг, гиргиттон, – деб бир оз паст тушишни маъқул кўрди.
Махсума жавоб бермади, унинг ўрнига эри гап бошлади:
-Нима деди бу опачанг? Айт!
Махсума Ободхоннинг гапларини такрорлагиси келмади.
-Қўйинг, турган битгани туҳмат, – деди пастроқ овозда.
-Ў, менга қара, алвасти!-деди эр Ободхон сари бир қадам босиб. -Аввал ўзингни эпла. Сендақаларнинг иғвосини мен яхши биламан. Билиб қўй, мол эртага шу ерда бўлсин. Ё прасани билан тўлайсан. Мен билан ҳазиллашмаларинг. Ободхон бир қадам орқага чекинмоқчи ҳам эди, лекин чўчиганини фош қилишни истамади. Унинг жойидан жилмай тик қараб туришини кўрган йигитнинг шашти пасайди, яна бир қадам қўйишга журъат қилмади. Ободхон буни сезди, шу боис овозини бир парда кўтарди:
-Ҳой, ўғил бола, индамаса жа-а сапчиманг, ўзингизни тутиб олинг.
-Сапчиганда нима келарди қўлингдан. Сен милиса қариндошингга ишонма. Милиса-пилисанг билан инингга кирғизвораман. Эринг қани ўзи? Чиқсин, эркак билан эркакча гаплашиб кетай!
-Эркакча гаплашасанми? Вой савил, ҳали сен эркак бўлдингми? Эркак одам хотинини бозорга солмайди.
-Нима дединг,қаниқайтар-чи?
Эрнинг ҳалиги гаплари ёлғон пўписа деб ҳисобланса, буниси астойдил ғазаб эди. У важоҳат билан Ободхонга ташланмоқчи бўлди. Эрининг феълини билган Махсума уни енгидан ушлаб,
тортди. Ободхон аввалига орқасига тисарилди, кейин дод солиб уйига қочиб кирди. Аҳвол жиддийлигини кўрган Робия уйидан шошиб чиқиб, эрнинг йўлини тўсди. “Укажон, ўзингизни
босинг”, деб овутишга ҳаракат қилди. Эр бисотидаги барча ҳақоратларни айтиб бўлгач, сал ҳовури босилди шекилли, хотинининг сўзига кириб изига қайтди. Робия уларни кўчага қадар кузатди. Дарвозахонага қайтганида айвоннинг деразасини ланг очиб олган Ободхон уларнинг изидан қарғашни бошлаб юборган эди:
-Э, гўлаймайгина кўзларинг тешилсин! Э, молларинг билан қўшмозор бўлларинг! Қарзларингдан қутулолмай лаҳадда чириларинг!
Робия бу қарғишлар ёмғири остидан индамай ўтиб кета олмади:
-Ободхон, бўлди энди. Қўйинг, – деди-ю, бало ёмғирини ўз бошига ўзи чақирди.
-Нимага қўярканман!-Ободхон энди унга ғазаб билан тикилганича бақира кетди. – Кўриб қувоняпсизми! Чапак чалиб ўтираверинг. Шуларнинг ҳаммаси сизларни деб бўлди. Сизлар бизларни кўролмайсизлар, ҳа! Ичларинг қозоннинг куясидан ҳам қора! Билиб қўйларинг: ўша молларимни ўзим қайтариб оламан. Эримга “Мерседес” олиб бераман. Қизларимни бойваччаларга узатаман! Уччала чарларида уччала куёвимнинг қўлига биттадан
“Мерседес”нинг калитини тутқазаман. Ҳа! Кўриб, куйиб-куйиб адо бўлларинг! Робия бу гапларга чидолмай кафтлари билан қулоқларини беркитганича уйига кириб кетди. Шунда ҳам Ободхоннинг жағи тинмади:
-Хой, хўрозларингни йўқотларинг! Ҳаммаёқни ахлатхона қилиб ташлади. Ахлат пулини ҳам тўлаб қўйларинг. Сенлар учун тўлайдиган аҳмоқ йўқ!
Ободхоннинг дийдиёси дарвозахона яқинида катта юк машинаси тўхтагунча давом этди. Дарвоза эшиги очилиб, эри кўрингач, уни қаршилашга шошилди.
-Пул олиб чиқ, – деди Саттор уни айвон эшиги оғзида тўхтатиб. – Бозор нархидан арзон тушди. Курилишга олиб кетаётган экан, бу ҳам омадданда.

Машина ғиштни ағдариб, ҳайдовчи ҳаққини олиб кетгач, Саттор:
-Бозорга тушиб иккита мардикор олиб чиқай, – деди.
-Мардикорни нима қиласиз? Ғишт ташишгами? Ойниса келсин, қизларнинг ўз ташиб қўяди. Шунга ҳам пул сарф қилиш керакми? Сиз устанинг ҳаракатини қилинг. Қизиғида битириб олиш керак. Кейин гап-сўз кўпаяди.
-Бу ғишт етмайди, яна камида икки машина керак. Устани ўшанда топамиз.
-Шунча ғишт етмайдими? Менга қаранг: нима, ғиштга ҳам, устага ҳам биз тўлаймизми? Девор ўртада бўлгандан кейин чиқими ҳам ўртада! Акангизга айтинг. Қани эди шундай бўла қолса! Сатторнинг яширин муддаоси ҳам шу. Лекин девор олиш
ташаббуси улардан чикди, акаси бир тийин ҳам бермайди. Чиқимни зиммасига олишдан ўзга чора йўқ.
Саттор буни айтиб тушунтирмоқчи эди, Ободхон катта кўча томон имлади:
-Қаранг, амакингизми? Шу етмай турувди.
-Нимага унақа дейсан? Қўрқма, сенинг ош-нонингни еб кетмайдилар.
-Мен уни айтаётганим йўқ. Фақат… деворни айтмай туринг, гап чайналмасин.
-Сен айтмасанг ҳам ақлим етади, – Саттор шундай деб жилмайганича амакисига пешвоз чиқиб, қучоқлаб кўришди.
Баъзан кишининг ақли бовар қилмайдиган воқеалар юз беради. Кайфиятинг синиқ, ҳатто яхши одамлар суҳбати ҳам ёқмайди. Ана шундай пайтда албатта сенга ёмонлар дуч келишади-ю, шундоғам синиқ кайфиятингни парча-парча қилиб ташлашади. Тўлқин укаси билан бўлган кечки тўқнашувдан кейин бўлари бўлган эди. Агар укасининг гапи кутилмаганда янграганда бунчалик азоб чекмасди. Тўлқин шундай гап қачондир айтилишини кутиб яшаётган эди. Кутса-да, “эҳтимол адашаётгандирман, бу оқибатга бормас”, деган умид билан ўзини овутиб келаётганди. “Укам “уйни сотамиз ё ҳовлини ўртадан бўламиз” деб қолса, ер ёрилиб ҳаммани ер ютиб кетармикин?” деб ҳам ўйларди. Ўша гап айтилди. Ер ёрилмади, бировни ер ҳам ютмади. Шундай осонгина учар экан бу гап тилдан. Лаблар ҳатто титрамас ҳам экан… Бироқ… Қулоқлардан осонгина ўтган бу гап ўққа айланиб юракка қадалиши ўрнига ер ютгани яхшироқ эмасмиди. Акасига қарата ғазаб билан айтилган бу сўзлар ҳовлига сингиб кетмай, ўққа айланиши, учиб бориб қабристондаги икки гўрга санчилиши-чи?
Тўппончадан учиб баданга санчилган ўқнинг давоси бор. Қалбга санчилган сўз ўқлари давосиз. Агар бу сўз ўқлари жигаринг томонидан узилган бўлса сен учун қиёмат бошланибди…
Яраланган Тўлқиннинг туни тун эмас, гўё лаҳад зимистони бўлди. Ҳаётдан тўйиб кетди. Миллиардлаб одамларга етиб ортаётган ҳаво унга етмаётгандай туюлди. Бир вақтлар тасодифан йўлиққан фолбин унга “сен узоқ яшайсан, шундай узоқ яшайсанки, ҳаёт жонингга ҳам тегиб кетади. Ўлгинг келади. Аммо ўлолмайсан”, деган эди. Тунда фолбиннинг шу башорати беҳос ёдига тушди. “Ҳаётдан тўйишим бошландими? Яна қанча давом этади бу?
Ҳовлини бўлиш машмашаси бошимга битган балоларнинг ҳаммасими ё бундан баттарлари ҳам борми?” -уйқусиз тун унинг бу саволларига жавоб бера олмади. Шундай кайфиятда ишга борганида биринчи учрашгани Кўрқмас бўлди. Кеча у олиб
бораётган “Иш”билан танишиб, фикрларини бошлиққа баён қилган, унинг бу соҳага яроқсизлигини баён этувчи билдирги ҳам ёзиб берган эди. Қўрқмас тил учида салом берди, Тўлқин бош ирғаб, хоҳламайгина алик олди. Қўрқмас, гапни айлантирмай муддаога кўчиб қўя қолди:
-Келдиёровнинг ишидан четлатганингиз етмай, энди бутунлай хайдатмоқчимисиз?
-Бу соҳадан кетсангиз ўзингиз учун ҳам яхши бўлади, – деди Тўлқин маслаҳат оҳангида.
-Мен сизга нима ёмонлик қилдим?
-Шахсан менга ёмонлигингиз йўқ. Мен ҳам сизга ёмонлик қилмоқчи эмасман. Агар вақтида бошқа касб қилсангиз ўзингизга яхши.
-Ишимнинг нимаси сизга ёқмаяпти?
-Қизни ким зўрлаган деб гумон қиляпсиз? Ғайрат Санақуловми? Кимни қамоққа олдингиз?
Шуҳрат Санақуловними? Нега?
-Булар ака-ука.
-Биламан. Лекин воқеа содир бўлган куни Шуҳрат Санақулов Кореяда бўлган.
-Буни менам биламан. Мен айбни унга ағдармоқчи эмасман. Акасини уч-тўрт кун қамаб қўйсам, укасини топиб беришади. Бу синовдан ўтган услуб-ку, нега менга ёпишиб олдингиз?
-Бу синалган, лекин синовдан ўтмаган аҳмақона услуб. Жиноятлар бир-бирига ўхшамайди, уни очиш услуби ҳам ўзгача бўлади. Агар шунга ақлингиз етмаётган бўлса…
-Бу гапингизни кўп эшитдим, – деди Қўрқмас энди дағалроқ оҳангда. – Хўп, мени ишдан четлатишларини талаб қилибсиз. Мен шу соҳадан кетсам сизнинг бахтингиз очиладими? Йўлингизни мен тўсиб турувдимми?
-Менинг бахтимни ўзимга қўйиб беринг. Ўзингизни ўйланг.
-Унда сиз ҳам ўзингизни ўйлайверинг. Мени сиз ишга олмагансиз, бўшатиш ҳам қўлингиздан келмайди. Билиб кўйинг, бу адолатингиз билан узоққа боролмайсиз.
-Қаергача боришимни ўзим яхши биламан.
-Яхшиси билдиргингизни қайтариб олинг.
-Катта кетишингизга қараганда елка тираб турган тоғингиз бақувватга ўхшайди. Майли, суянаверинг. Телефон жиринглаб уларнинг суҳбати узилди. Тўлқин гўшакни ола туриб қатъи тарзда:
-Қайтариб оладиган билдиргини ёзмай қўя қоламан, – деди. Кейин гўшакни қулоғига тутди:
-Майор Илёсов.
-Адаси, бу менман…
-Ҳозир… – Робиянинг овозини эшитиб Қўрқмасга қаради:-Бошқа гапингиз бўлмаса мени ҳоли қолдиринг. Бу хонага бошқа кирмасангиз яна ҳам яхши. Қўрқмас унга ғазаб билан тикилганича: “ҳали кўрамиз, олдимга ўзинг эмаклаб борасан!”
деб чиқиб кетди.
-Тинчликми, нима гап? – деб сўради Тўлқин нохуш оҳангда.
-Адаси… Сатторжон бир мошина ғишт олиб келдилар, – деди Робия айбдор одам оҳангида.
-Олиб келса нима бўпти? – деди Тўлқин қўрслик билан.
-Билмадим… ростданам ҳовлини бўладилар шекилли…
-Бўлса мен нима қилай!-Тўлқин шундай деб бақириб столни муштлади. – Менга қара, ғишт олиб келадими, бало олиб келадими, ҳозир менга телпон қилишинг шартмиди! Мен ишдаман. Тушунасанми ё йўқми?!
-Адаси…
-Нима, адаси!
-Амаким ҳам келувдилар…
-Қайси амакинг?
-Иброҳим амаким…
Бу хабардан кейин Тўлқин шаштидан бир оз тушди. Ўғлининг Шербулоққа бориб келганини эслаб, амакисининг қандай мақсадда келганини англади-ю, кўнглига ёруғлик оралагандай
бўлди.
-Келган бўлсалар дарров овқатга уннамайсанми? – деди Тўлқин юмшоқроқ оҳангда.
-Пешинга келиб-кетармикинсиз, девдим… жуда ғалати бўляпти-да?
-Нимаси ғалати?
-Олдинлари тўғри бизникига кириб келардилар. Бу сафар… у ёққа кириб кетдилар.
Киришни ҳам кирмасликни ҳам билмай турибман.
-Бу нима деганинг?
-Ободхоннинг феълини биласиз-ку?
-Феълига ўт тушсин унинг. Афтига қарама, кириб сўрашиб чиқ. -Шундай деб гапни калта қилди-да, гўшакни ўрнига қўйди.
Энди нима қилишини билмай гарангсиб ўтирди. Амакисининг мақсадини билади. Ҳовлини бўлиш учун ғишт туширилгани ҳам унга маълум. Амакиси муросага келтириш йўлини қидиради.
Укаси айб ахлатини у томон ағдариши шубҳасиз. Амакиси бу айбловларга ишонадими? Ўртада Тўлқин моховдек бўлиб қолаверадими? Амакиси муросага келтириш йўлини қидириб топа
оладими? Иброҳим дарвоза олдида уюлиб турган ғиштларни кўрди-ю, руҳларнинг ҳавотири бежиз эмаслигини англади. Ўзича “кеч қолибман шекилли”, деб ўйлаб кўнгли ғашланди. Салоҳиддин билан бўлган суҳбатдан сўнг ака-укага айтиш учун ўйлаб қўйган гаплари энди фойдасиз эканини фаҳмлади. Энди бу хонадон остонасини босиб ўтгунига қадар янгича йўл ўйлаб
топиши керак эди. Қисқа муддатда ўйлаб топгани – бу сафар одатни канда қилиб, уканинг уйига қадам ранжида қилиш бўлди. Бу ҳолатдан бехабар Робия ҳам ажабланиб, ҳам хавотираниб, эрига кўнғироқ қилган эди. Саттор ҳам Ободхон ҳам Иброҳим амакиларини суюкли меҳмон каби қаршиладилар. Оғзи чаққон Ободхоннинг қўл-оёғи ҳам чаққон бўлиб қолди. Ичкари уйда ётган Офтобхонни турғизди, она-бола дастурхон тузашга киришди. Иброҳим салом-аликдан сўнг “озгина гина қилиб қўйиш фойдадан ҳоли бўлмас”, деган қарорга келди:
-Бормисан, жиян, аканг-у йилда бир бўлса ҳам хабар олиб туради, сен анқонинг уруғидай бўлиб кетдинг-ку, а?
Саттор “ҳа, энди…” деб гапиришга арзигулик баҳона излаятувди, мушкулини хотини осон қилиб қўя қолди:
-Амаки, тирикчиликдан ортмай қолдик. Ўзингиз кўриб турибсиз-ку, рўзғор деганлари ютворай деяпти.
-Рўзғорнинг оғзи карнайдай очиб ташланса – ютаман, дейди. Нафсга қараб эмас, қоринга қараб очилса – ютмайди, – деди Иброҳим келинига қараб.
-Вой. қизиқсиз-а, амаки, ҳозир шаҳарда қорин тўйғазиш ҳам осон эмас.
-Ношукур бўлманг, қизим. Сизга бир ривоят айтиб берайми?
-Ривоят билан қорин тўядими, амаки?
-Эҳтимол тўйиб қолар, сиз эшитинг, қизингиз ҳам эшитсин, ўтир қизим, – Офтобхон итоат билан ўтиргач, Иброҳим Ободхонга қараганича ривоятни бошлади:-Бир одам хуфтон намозини
ўқиш учун жала қуяётганига қарамай масжидга кетаётган экан.

Тохир Малик