Иблис девори (21-қисм)

0

Тўлқин қошиқни қўйиб, беихтиёр равишда чўнтагидан сигарет чиқариб лабига қистирди.с Шундагина амакисининг зийрак нигоҳига кўзи тушиб, сигаретни қўлига олиб ғижимлади:
-Узр, амаки, – деди ҳижолатлик билан.
-Аввал кўришганимизда “чекишни ташлайман”, деб ваъда берувдинг?
-Ваъда бериш осон-ку… – Тўлқин шундай деб ҳазин жилмайди, – бажариш қийин экан.
-Адангнинг иродаси ҳам бўш эди. Эркак одам бир гапли бўлиши керак. Тўнғичинг ўқишни битирай деяптими?
-Худо хоҳласа бир-икки ойдан кейин тугатади.
-Шу болангни қишлоққа ишга юборсанг бўларди. Ўша ёқда уйлантирардик. Адангга аталган уй шундайлигича турибди.
-Невара келинни ўша уйга туширинг, деганман-ку?
-Йў-ўқ, у уй адангга аталган эди. Демак, энди сенларники. Акамнинг қайси невараси бўлса ҳам бир кунмас бир кун бориб, яшайди. Агар милиса ўғлингни юбормасанг, манави қўзивойим
албатта боради. Бу болангда далага меҳр бор. Бунинг бошқача, менга ўхшаяпти. Хўп десанг, эртагаёқ олиб кетарди. Ўзим тарбиялаб, катта қилиб олардим.
-Майли, фақат мактбини шу ерда битириб олсин.
-У ёқдаги мактабни назарга илмайсан, а? Аданг ўша ёқда ўқиса ҳам олим бўлиб кетди-ку?
Сен шаҳарда ўқиб нима каромат кўрсатдинг?
Тўлқин гап мавзуини буриш мақсадида Робияни чақириб, лаганни узатди-да, амакисига қараб:
-Бу ерда ётишингиз ғалати бўляпти. Уйга кирайлик, – деди.
-Йўқ, бунақа соз ҳавони қўйиб, уйда ётиш мен учун зиндонга тушиш билан баробар, қўй жиян, мени зўрлама.
-Унда менам чиқиб ётай.
-Йўқ, сенлар нозик одамсанлар. Пашшанинг қанотидан чиққан шабадаги ҳам шамоллайсанлар. Уйингда ётавер. Қўзивой, кўзинг юмилиб кетяпти, сенам кира қол. Нуриддин ўрнидан туриб опоқдадасини қучоқлади-да, сўридан тушиб, уйига кириб кетди.
Тўлқин жойидан жилмади. Амакисини бўлаётган воқеалардан хабардор қилишни ихтиёр этди-ю, бироқ гапни нимадан бошлашни билмай қийналди. Жиянининг аҳволини сезган Иброҳим унинг мушкулини ўзи осон қилиб қўя қолди:
-Жуда шаштинг паст, уканг ҳовлини бўлмоқчими?
Бундай саволни кутмаган Тўлқин бир сесканди, ялт этиб амакисига қаради:
-Сездингизми?
-Бу сезилмасдан қоладиган иш эмас, жиян. Аммо яхши бўлмабди.
-Укамга насиҳат қилиб қўясизми?
-Сенам, уканг ҳам насиҳат қилиш ёшидан ўтгансанлар. Ақлни ишлатиш керак. Ҳар қанақа ҳолатда ҳам муросага келса бўлади. Илгариги замонларда одамлар мол-ҳол кириб экинни
пайҳон қилмасин, деб деворни ўйлаб топганлар. Кейин-кейин девор одамларни одамлардан ажратадиган бўлди. Энди акани укадан ажратяпти… Бу ғишт деворга чидаса бўлар, вақти
келиб ё ўзи емирилар, ё бошқа бир сабаб билан олиб ташланар. Лекин ака билан уканинг юраклари орасига девор тушса ёмон… жуда ёмон… Ҳовлини ғишт девор ажратса, юракни бемеҳрлик девори парчалаб ташлайди. Билиб қўйларинг: бу девор кўнгилларингга пича ором
бергандай бўлар-у, аммо қиёматдаги жавоб оғир кечади. Шуни икковларинг бир ақллашиб кўринглар. Худодан қўрқмасаларинг, қиёматдан қўрқмасаларинг, ҳеч бўлмаса болаларингдан
уялинглар.
-Мен тушуниб турибман. Бу ташаббус мендан чиқмади. Ҳозирги гапларингизни укамга ҳам
айтинг.
-Айтдим, бундан баттарроқ қилиб айтдим, ақли бўлса тушуниб олар.Шариатда бир масала бор, англаб олишинглар керак. Ота-онадан кейин мулк ворислар орасида бўлинади. Аслида
ота-она ўлимидан олдин васият қилиши керак. Меросхўрлар эса бу васиятга бўйсунишлари шарт. Кимки васиятни ўзгартирса гуноҳкор бўлади. Аданг раҳматли шариат йўлини тан олмай
яшади. Васият ҳам қилмади. Сенлар ҳам шариат йўлини билмайсанлар. Шунинг учун бошларингга бунақа ғам-ташвишлар тушяпти. Аданг раҳматли васият қилмаса ҳам бу икки
уйни икковинг учун атаб қурган. Шу ниятни балки васият ўрнида қабул қилармиз.Сен яшаётган уйда укангнинг ҳаққи йўқ, уканг яшаётган уйда сенинг ҳаққинг йўқ. Адангдан бошқа бойлик
қолмаган, бўлинадиган нарсанинг ўзи йўқ. Ҳовлини бунақа қилиб бўлиб олиниши, ака-уканинг юзкўрмас бўлиб яшаши эса шариатга зид. Сен – акасан. Зиммангдаги бурч улуғроқ, жавобинг
ҳам шунга яраша бўлади. Ука тўғри йўлдан чиқса, ака ҳам айбдор, гуноҳдан ўзимни четга оламан, деб овора бўлма.
Бошини эгиб ўтирган Тўлқин бу гапларни эшитди-ю, индамади. Хаёлидаги гаплар айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Чуқур “уф” тортди. Бошини кўтариб, беихтиёр укасининг уйи томон қаради.
Дераза пардаси ортида Ободхоннинг турганини кўриб:
-Укамга гапирганнинг фойдаси кам, ҳамма бало ана унда, – деди.
Иброҳим унинг кимни назарда тутаётганини билиб:
-Гап фақат ўшанда бўлса муаммоларинг бунчалар оғир бўлмас эди, – деди тагдор оҳангда. – Энди кириб ёт, менам ҳордиқ чиқарай. Тўлқин ноилож равишда ўрнидан турди. У укасининг айвонига қараганда Ободхон чиндан ҳам дераза яқинида турган эди. Ҳовлидагиларнинг гапларини эшитишга ҳаракат қилса ҳам,
қулоғига ғўнғир-ғўнғирдан бошқа нарса кирмай, ғашини келтираётган эди.
-Нима қилиб турибсан у ерда, қочсанг-чи? – деди ичкари уйдан чиқиб келган Саттор. – Амакимнинг гапларига тушундингми? Девор урмоқчи бўлганимизни сезганлар.
-Уйда ўтириб-ўтириб шу гапни ўйлаб топдингизми? – деди Ободхон унга яқинлашиб. – Сезсалар нима бўлибди? Ана, жиянларига насиҳат қилиб қўйсинлар. Бу ерда турмай, чиқинг
ташқарига.
-Нега?
-Чиқинг дегандан кейин чиқинг. Амаки-жиян боятдан бери нималарни висирлашяпти. Бир ниманинг иғвосини қилишаётгандир балки? Лалаймасдан дадил-дадил гапиринг. Одамлар бизни айблаб юришмасин. Туринг, ана, акангиз уйга кириб кетяпти.
-Қўй. Кеч кирганда гапирадиган гапмас. Амаким дам олмоқчилар.
-Воей! Бунақада оғзингиздаги нонингизни ҳам олдириб қўясиз!
Кундузи ғишт ортилган машина дарвоза ёнида тўхтаганида иблис ўзини дунёдаги энг бахтли махлуқлардан ҳисоблаган эди. Аммо дам ўтмай катта кўчада Иброҳим кўрингач, “барча ҳаракатларим энди мева берай деганда бу келиб совуриб кетадими?”деб талвасага тушди. Ким бўлса бўлсин, юзидан иймон нури порлаб турса иблис талвасага тушаверади. Уста Умар қорининг тарбиясини олган Иброҳим иблиснинг умидларини синдириб ташлаши мумкин эди. У бир Ободхоннинг елкасига қўниб, бир Сатторга васваса қилиб уларнинг чекинишига йўл кўймади. У Иброҳимнинг ака-укани юзма-юз қилиб гапиришини кутган эди. Назарида бу ҳол у учун кечириб бўлмас мағлубият эди. Лекин Иброҳим бошқа усулни маъқул кўриб, унга шодлик бахш этди. Иброҳим айтилган ибратли гаплар кифоядир, деб янглишди. Ибратли ривоятлар мавжуд иймонга қувват беради. Иблис ботқоғини ҳақиқат деб англовчи ака-укаларнинг ҳали бу
мартабадан анча йироқ эканиликларини у англамади. Иблис ҳавотиридан бутунлай қутулмаган бўлса-да, туни билан базм қилиб чиқди. Тонг сахар Иброҳим бу хонадонни тарк этганида унинг базми садолари кўкларга етди. Тўлқин уйига кириб кетгач, Иброҳим ака-укани муросага келтириш йўлларини ўйлаб ётди.
Қанча ўйламасин хайрли оқибатга олиб борувчи йўлни кўрмади. Бунақа пайтда ҳамма насиҳат қилади. Ака-укалар ёки опа сингиллар бу насиҳатларни эшитгилари ҳам келмайди, аксинча
ўзларини оқлаб қарши томонни балчиққа булашга интилаверадилар. Ҳеч бирлари “шу одам менга яхшилик истаб гапиряпти, дарров рад этмай ўйлаб кўрайин, бугуним учун ҳам, охиратим учун ҳам фойдаси тегиб қолар”, дейишмайди. Яхшилик умидидаги музокаранинг аввалида ака- укалар ёки опа-сингиллар кибр, иғво, риё, туҳмат ботқоғига тиззага қадар ботган бўлсалар,
охирида бўғизларига қадар ботиб кетадилар. Ҳовли-жойни сотиб, пулини бўлишадилар ёки ўртадан девор оладилар. Бу девор иймонсизликка қўйилган ҳайкал бўлиб тикланади. Ҳовлини
бўлмасликка даъват қилувчи сўзлар шу пайтгача яхши натижа берган эмас. Шу боис ҳам Иброҳим жиянларини юзма-юз қилмади. Алламаҳалда кўзи илинди. Тушида қишлоқ қабристонида юрганмиш. Онаси билан акаси гўр қаздириб уни кутишаётганмиш.
-Ака, сиз бу ерда нима қилиб юрибсиз? – деб сўрармиш Иброҳим.
-Ойимни кўргани келдим, қара, сенга чиройли гўр қаздириб қўйдим-дермиш Шавкат.
-Мен ҳали ўлганим йўқ-ку, жоним чиққунгача бу гўр оғзини очиб ётадими, кўмдириб ташланг, – дермиш Иброҳим.
-Тураверсин, – дермиш акаси, – жойни бошқалар эгаллаб олишади. Бу адамники, бу ойимники… Буниси сеники.
-Адамники бу ерда эмас-ку?
-Олиб келдик…
-Буни кўмдириб бошқа қазитамиз. Мен адам билан ойимга орқа қилиб ётолмайман…
Очиқ гўрдан бир тутун кўтарилиб, Иброҳимнинг кўзларини ачиштириб юборганмиш. Кўзларини уқалаб очса, акасининг ҳовлисида, сўрида ётганмиш. Тепасида онаси турганмиш.
-Ойи, бу ерга қандай келиб қолдингиз? Тириклигингизда бу уй йўқ эди-ку? Қандай топдингиз?
-Мен ҳар куни шу ердаман. Аканг жон талвасасида ётганида ҳам тепасида эдим. Оғриқни қолдирадиган дорилардан эмлаб туришарди. Мен Худога сиғинардим: “боламга бераётган
азобингни менга бер”, дердим. Аканг жон бергунича мен минг марталаб жон бердим, болам. Иброҳим унга қўлини узатди. Лекин онаси чекинди. Чекина-чекина зулмат қаърига сингиб
кетди.
-Ойижон, тўхтанг, бирга кетамиз!-деб бақирмоқчи бўлди Иброҳим. Лекин овози чиқмади. Ҳозиргина онаси турган ерда акаси пайдо бўлди.
-Ҳа-а, ўзингиз келдингизми? – деди Иброҳим. – Гапимни қаранг, “келдингизми?” дебман. Ҳамиша шу ердадирсиз? Аҳволни кўрдингизми? Мен кетганимдан кейин бу ерга девор урилади.
Индамайсизми? Энди чидайсиз. Ўзингиз пиширган ош…
-Кетма, укажон, уларни муросага келтир.
-Бу менинг кўлимдан келмайди. Мен ҳозир тураману кетаман. Улар шундан хулоса чиқариб
олишади…
Шундай деб уйғониб кетди. Тун яримлаган эди. Таҳорат олиб таҳажжуд намозини ўқиди. “Жиянларимни шайтон макридан, васвасасидан Ўзинг қутқар, уларга ҳидоят бер”, деб Аллоҳга
муножот қилди. Сўнг елкасига оғир бир дардни ортган ҳолда бу хонадонни тарк этди. Яна бир машина арзон ғишт учрагач, арзон-гаровга териб берувчи усталар ҳам топилди-ю, ҳовлида иш бошланди. Бу ҳовлига ташвиш билан шодлик бир кунда кириб келди. Робия Баҳриддиннинг келишига чиройли дастурхон безаш ниятида ярим кечагача тинмади. Турли ширинликлар пиширди.
Сахар туриб чала ишини давом эттирди. Салоҳиддин кутиб олишга чиқолмаслигини айтиб узр сўраган эди. Нуриддин “акамни кутгани чиқаман”, деб хархаша қилиб мактабига бормади.
Тўлқин кийинаётганда Саттор уста билан икки мардикорни бошлаб кириб келди. Ошхонадан шошиб чиқаётган Робия уларни кўриб “ким экан?” деб ажабланиб қаради.
-Хўжайинингиз кетганлари йўқми? – деб сўради Саттор зина олдида тўхтаб.
“Хўжайинингиз?”
“Акам” демай “хўжайинингиз” дейиши Робияга малол келди. “Энди “акам” дейишга ҳам орланадиган бўлиб қолдиларми?” деб оғринди. Бошқа пайт бўлганида эҳтимол қайнисига танбеҳ берарди. Ҳозир бегоналар олдида, яна хурсандчилик кунида машмаша бошланишини истамади.
-Акангиз уйдалар, кийиняптилар. Бугун жиянингиз келадиган, кутгани кетяпмиз, – деди. Саттор “ҳайрият, эсон-омон келяпти экан”, дейишни хаёлига ҳам келтирмади. Унинг ўрнига
дарвозахона ўртасига қоқилган қозиқни кўрсатиб:
-Хўжайинингизга айтинг, чиқиб кўрсинлар, девор шу ердан олинади, кейин гап-сўз бўлиб юрмасин, – деди.
Қозиқни ҳозир чиқиб кўриш шарт эмасди. Кеча оқшомга яқин қайниси билан овсини ҳовлини ўлчаб, қозиқни қоқишаётганда Робиянинг кўзларига ёш келган эди. Гўё қозиқни ерга
эмас, унинг қалбига қоқишган эди. Бундан эрини хабардор қилиш мақсадида телефон гўшагини кўтарган, лекин бунинг фойдасизлигини билиб, фикридан қайтганди. Тўлқин дарвоза
остонасини ҳатлаб кирганидаёқ қозиққа кўзи тушиб тўхтаб қолган эди. Эрининг бу ҳолатидан Робия ҳавотирланиб, шошилганича уни қаршилаганди. Тўлқин Робия айтмаса ҳам укасининг гапларини эшитди. Чиқиб сўкиб бергиси, ҳатто ургиси
келди. Агар шундай қилса маҳалла эрта-индин фақат уни айблаган бўларди. Шу боис ўзини тутди. Бахтига Робиянинг ўзи жавоб қилиб қўя қолди:
-Деворни қаердан олсангиз олаверинг. Бу ишни сиз бошлаяпсиз, ҳамма ихтиёр ўзингизда, – деди. Йиғлаб юбормаслик учун бошқа гапирмади.
Бу орада телефон жиринглади кейин Ободхоннинг ҳам қувноқ, ҳам дадил овози янгради:
-Ҳа, айланай оповси, сизмисиз? Вой, меҳрибонимга гиргиттон бўлай. Муллажиринг бор жойда пишмайдиган иш бўларканми? Молни кеча олиб чиққанман. Лекин олдинги нарх сал
ўзгарди-да. Қизиқсиз-а, нархини оширмасам, шунча ҳаражатимни ким қоплайди. Ўзингиз биласиз, олсангиз олинг, оповси, хоҳламасангиз бошқа харидорларим бор. Робия уйдан ҳаммадан кейин чиқди. Эшикни ёпиб зинадан тушмоқчи эди, Тўлқин “Эшикни қулфламайсанми?”, деб уни тўхтатди. Уларнинг эшиги шу пайтгача қулфланмаган эди. Эрининг жиддий боқиб туриши Робияни гангитиб қўйди. Ҳовлида бегоналар борлиги учун
қулфлатмоқчими ё бундан кейин ҳамиша шундай бўладими? Робия ичкарига кириб калитни топиб чиққунича озгина вақт ўтди. Тўлқин уни кутмай, ўғлини бошлаб кўчага чиқиб кетди.
Калитнинг буралиши осон бўлмади. Робия ҳам бундан, ҳам руҳ азобидан қийналиб, кўзларига ёш олди.
Баҳриддинни кутиб олишгач, Тўлқин ишга боришини шартлигини баҳона қилди. Йўловчи машина тўхтатиб, уларни кузатиб қўйди. Қувончи осмонга сиғмай қайтаётган Баҳриддин ота-
онасининг чеҳрасидаги маъюслик соясини илғади. Гарчи Тўлқиннинг ҳам, Робиянинг ҳам лабларида кулгу бўлса-да, қалблари ғам исканжасида эканини яширишга қодир эмасдилар.
Баҳриддин уйга келгунча укасининг саволларига жавоб бериш билан банд бўлди. Робия уларнинг ширин суҳбатларини ҳазин жилмайгани ҳолда тингларди. Баҳриддин остона ҳатлаб ўтди-ю, режа тортиб ғишт теришни бошлаган усталарга кўзи
тушиб, савол назари билан онасига қаради. Робия “уйга киравер, кейин тушунтириб бераман”, деган маънода уни елкасидан аста ушлади. Индамай ўтиб кетгиси келмай усталарга “Ҳорманглар”, деб кўйди. Ободхон айвон деразасидан уларни кўрди-ю, ўзини дарров ичкари олди. Баҳриддин унга салом беришга ҳам улгурмади. Ҳовлида иш бошлангани учун Робия жойни ичкари уйга қилган эди. Кириб, фотиҳа ўқишгач, ўғлини яна бир борқучиб ўпди.

Тохир Малик