БИ-ИР КУЛИШМАЙМИЗМИ, ОКА?..

0

 

ПАЙНЕТЧИ

 

(ҳажвия)

 

Шоир

 

— Алё! Поти, ўзингмисан? Нима? Э, ман Нуркаман, Нурка! Қалейсан, “падруга”? Қаттасан? Нима? Эримникида? Туф-туф-туф-эй-й!!! Намунча қўрқитмасэнг одамми?.. Манга қара, қачон улгура қолдинг? Кимга? Вой ўлиб қолама-ан! “Аватар”га? Анави жингалаксочгами? Бошқага? Ҳа-а! Вой, апри-ис! Тўйгаям айтмабсан-а мани? Яқин падругангни-я!?.  Нима? Ҳали тўй бўлмади? Йўғ-э! Опқочиб кетди-и? Нима бало, “аватар”инг қозоғаканми? Йўқ? Нима-а-а??? Армани? Вой ман ўлиб қоламан ҳозир, Поти-и! Бошқаси қуриб кетганмиди? Арманларнинг… Ҳалиги… Нимайди?.. Бурни сал беўхшовроқ бўлади-ку-у!!! Нима? Буниси унақамасми? Вой қуриб кеткур Поти-и! Арманнинг бошини айлантирдингми? Гап-йў-ўқ!.. Хўш, қалейакан ўша “аватар” арманинг? Пайнет-майнет қибервоттими ишқилиб? Йўғ-э! “Чуда-а, чуда, Поти!..” Айтганча, мўйлови борми ўша арманингнинг? Йўғ-э, “прям” тақа мўйловми? Ўҳ-ҳў, жа кетворганакан-дэ-а?.. Манми? Э, “падруга”, юрибман ҳалиям. Нима? Аватарим? Қайси бири? Ҳа-а, уми? Э, ўлиб кетсин савил! Юргандир латтага ўхшаб шалпайи-иб! Сан ундан кўра гапимни эшит. Кеча бошқасини учратиб қолдим. Эшитсанг, ўлиб қоласан!.. Ишонасанми, “ва-абшэ” “аватар”акан. Санга ёлғон, манга чин, ҳе йўқ, бе йўқ тўсатдан тиз чўкиб оёғимга ёпишиб қолса бўладими! Жинни-пинними деб қўрқиб кетдим. Э, йў-ўқ, жиннимасакан. Биласанми кимакан? Шоиракан, шоир! Вой ўлиб қолама-ан! Хоҳ ишон, хоҳ ишонма, ярим соат тиззамга ёпишволиб шиғир ўқиди. Қон бўп кетдим, “падруга”, қон! “Туринг-э, йигит ҳам шунақа шалпайган бўладими?”, — дедим охири. — “Ундан кўра, пайнет қилворинг, ман бировминан гаплашишим керак!”, десам нима дейди дегин!?. Пули йўғимиш, ҳи-ҳи-ҳи-ҳи!..

Карочэ, кетвордим. Тўғри-дэ, бошимга ураманми унақа мажнунларни? Пайнет қилиб беролмаган ошиқ ошиқми, Поти? Юрувирсин шиғирини ёзэ-эб!..  Нима дединг? Ҳа-а, биласан-ку, ширали қизман. Тағин биттасини учратдим. Уф-ф! Ўша нусха эсимга тушса “сердечка”ларим сиқилиб кетвотти! Нега? Нега бўларди? Бунисиям бошимга битган бало чиқди… Тўхта, ҳозир “перезванит” қилвораман. Ман “исчўт”ни текширволий…

 

“Сердэчник”

 

Поти, бўлди, текширволдим. Карочэ, ўша нусхани гапирвотувдим-а? Туриши туппа-тузук эди. Айландик, кафега кириб ул-бул едик. Қарасам, бемалол хоҳлаганимча пайнет қилдирсам бўладиган ҳоли бор. Пули кўпакан киссасида. Э, билмасам, маошми, пенсиями олган-дэ ишқилиб. Кейин десэнг, иш битганда биратўла бита қолсин деб ўн доллар пайнет қилдирдим. Вой, Поти, ташқарига чиққандан кейин уялмасдан киссасидаги пулларни санаб кўрди, ҳа! Унисиям майли, чидаса бўларди. Бир маҳал қарасам, юрагини чангаллаб қолса бўладими!.. Поти, у нусха “настаяшший” сердечник экан. Жон-поним чиқиб кетаёзди қўрққанимдан. Дори берсам омийди. “Бу таъсир қилмайди, кучлисидан керак” дейди. Э, кучлисини битимдан оламанми?.. Ўша куни ошиқ у эмас, ўзим бўлдим, ҳа! Сердечникни амал-тақал касалхонага ётқиздим-у, жўнавордим. Ҳозир ҳам турибман-у, гўё ўша нусха йўлимдан чиқиб қоладигандай қўрқиб кетвобман. Ўлиб кетсин, савил! Шу қуён юраги билан манга севги изҳор қилишига бало бормиди?..

 

“Еврей”

 

Куни кеча Славик деган йигитминан танишувдим. Йигитмисан йигит эди. Бўйлари узун, сочлари силлиқ таралган, елкасигача тушиб тураркан. Юришниям қотириб, синдириб қўяркан ўзиям. Ҳойнаҳой, бахтимни топдим, “пастаянний” пайнетчимни учратдим деб ўйлабман. Чучварани хом санабман, Поти! Нимага? Эркалигим тутиб, “Жоним, кам пайнет қилдийз, бу падругамминан гаплашишга етмийди”, деса-ам… Бирпас ўйланиб туриб нима дейди дегин?!. “Хоним, эътиборингиз учун сизга икки доллар-у ўттиз саккиз ярим сент пайнет қилдим” дейди-я! Ҳайрон бўлганимданми, аламданми, кўзим косасидан чиқиб кетаёзди. Хуллас, шундай келишган бўлсаям воз кечдим ундан. Яхши қилибман. Кейин билсам, ўша Славик деганлари шаҳардаги қайсидир еврей дўкондорнинг шогирдлариданакан. Ахир, муҳаббатни ҳисоб-китоб, пул билан тенглаштириб бўладими, Поти?..

 

Окахон

 

Поти, уч-тўрт кундан бери қанақадир ғалатиман. Ишгаям боргим кемийди. Нуқул ётгим келувради. Кеча секин кўчага чиқсам, Наташа кеннэйини кўриб қолдим. Қайси? Уф-ф, Поти, бориди-ку, карянка кеннэйи, ўша! Карочэ, Наташа кеннэйи манга қара-аб турдила-дэ, “Вой, Нурка, рангинг ўчиб қопти. Ичингдаги жинлар қўзғолон қивотти шакилли! Юр, сани бир окахонникига обораман. Уч марта борсэнг, жинларинг тинчланади”, деб қолди. Поти, ишонмийсан этсам, олдинига-чи, кулворий дедим. Аранг ўзимни тўхтатиб қолдим. Кейин аста суриштирдим. Бе, қанақа жин, жиннимисан санам? Ўша окахонни суриштирдим дивобман. Вей, “падруга”, мана буни ростакам пайнетчи деса бўлади. Борсам дегин, одамлар очритда туриб олдига кираркан. Кўрпачасининг теги тўла пул. Ваҳ, буям майли. Окахон анча “шўх”гаям ўхшади. Мани кўрди-ю, безовталаниб қолди… Бе, мани биласан-ку, унақа эркакларни бир қарасам бас, илинтирволаман. Тўғри, окахон аввалига гапиришга қўрқдими, андиша қилдими, гапни узоқдан бошлади. Айтдики, мани жинларим жуда қайсар ва тўполончи хилиданакан. Билама-ан, Поти, гаппи айлантирвотти окахон. Шунинг учун чидаб ўтируврдим. Роса нуқтасига келганда, шартта отни қамчиладим. Тўғри-дэ, Поти, бунақасини қўлдан чиқариб бўларканми?!. Хуллас, окахонни илинтирдим ҳисоб. “Ман сизнинг чиройли кўзлариззи тез-тез кўриб турсам бўлди” дейди. Вой, ўлиб қоламан, Поти!.. Карочэ, бирдан ўн доллар пайнет қилиб берди!.. Аммо-чи, жинларни тинчлантириш учун ҳали анча вақт уникига қатнашим керак экан. Билмадим, Поти, бошида “ваабще” ишонмовдим. Кейинги кунларда негадир ўша жин қуриб кеткурига ишонгим кевоттими-ей! Дабдалам чиқиб қовотти! “Исчўт”имда пул кам қолдими, тамом, жинларим роса қўзғолон қиладиган бўлди. Уёққа ўтаман, буёққа ўтираман, ҳеч ким йўқ бўлса, овоз чиқариб, уларни тинчлантирмоқчи бўламан. Унамийди-дэ, унамийди, Поти! Мани окахонникига судраклайверишади!..

Вой, Поти, ана, юрагим ҳовлиқа бошлади! Ҳойнаҳой, “исчўт”им бўшаб, жинлар қўзғолон қила бошлашди шакилли! Бўпти, қайсаргиналарни тинчлантирволий, санга ўзим қўнғироқ қивораман!.. Айтганча, иложи бўлса, мангаям ўзингникидақанги зўр арманидан топиб қўй! “Запасной” пайнетчи қилволардим, ҳи-ҳи-ҳи-ҳи!.. Ҳазил, ҳазил, Поти! “Пака”!

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc