3 кун вайроналар остида ётган бир неча киши қутқариб олинди

0

Индонезияда юз берган зилзила оқибатларини бартараф этиш билан шуғулланаётган фавқулодда хизматлар уч кун давомида вайроналар остида ётган бир неча кишини қутқариб олди. Бу ҳақда Daryo.uz хабар бермоқда.

Қидирув-қутқарув хизмати томонидан хабар берилишича, Нурул исмли аёл 1 октябрга ўтар кечаси уй вайроналари остидан чиқариб олинган. Алфрида исмли бошқа бир аёл вайрон бўлган ресторан остидан топилган.

Шунингдек, ҳалокат ҳудудларида яна бир неча омон қолган киши қутқариб олинган.

Магнитудаси 7,7 га тенг бўлган зилзила Индонезияда 28 сентябрь, жума куни юз берди. Ер қимирлаши оқибатида минглаб уйлар, шунингдек, меҳмонхоналар, касалхоналар ва савдо марказлари бузилган. Ерости силкинишидан кейин оролга баландлиги икки метрдан олти метргача бўлган тўлқинлар ёпирилган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалок бўлганларнинг сони 1200 кишидан ошган. Қурбонлар сонининг ошиши кутилмоқда. Вайронларни очиш учун оғир техника етишмаяпти.