Эктор Купернинг кетиши борасидаги хабарлар ростми?..

0

30 сентябрь куни Испания ЛаЛигасининг 7-турида «Уэска» жамоаси ўз майдонида Каталониянинг «Жирона» клубини қабул қилиб, 1:1 ҳисобида дуранг натижани қайд этди.

Бу «Уэска»нинг ЛаЛиганинг сўнгги тўртта турида қўлга киритган биринчи очкоси бўлди, холос. Аргентиналик собиқ дарвозабон Лео Франко қўл остидаги «Уэска» учун мавсум старти қониқарли даражада ўтаётгани йўқ. Жамоа ортда қолган етти турнинг фақат битта баҳсида ғалаба қозониб, иккитасида дуранг ўйнади, тўрттасида эса мағлубиятга учради. «Жирона»га қарши ўйиндан сўнг эса Испаниянинг «Маrcа» нашри Лео Франконинг мураббийлик курсиси «қимирлаб қолгани» ҳақида ёзди. Нашр айни дамда футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи бўлиб ишлаётган Эктор Купернинг «Уэска» раҳбарияти жамоа бошқарувида кўришни истаётган мураббийлари рўйхатидан ўрин олганини маълум қилди.

«Тuron24» эса Эктор Купернинг мазкур вазиятдан хабардор ёки бехабарлигини билиш мақсадида ЎФА раҳбарияти билан боғланди. Маълум қилишларича, Купернинг «Уэска»га кетиши борасидаги хабарлар ҳақиқатга мос келмайди. Аргентиналик мутахассиснинг ўй-хаёли айни дамда Ўзбекистон терма жамоаси билан банд. У жамоани 2019 йил январида Дубайда ўтадиган Осиё кубоги-2019 баҳсларига тайёрлашда давом этади. Шундай экан, ўзбекистонлик футбол мухлисларининг хавотир олишларига ҳеч қандай асос йўқ.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентда 13 октябрда Шимолий Корея, 16 октябрда эса Қатарга қарши ўртоқлик учрашувларини ўтказади

 

turon24