Иблис девори (сўнгги қисм)

2

Ғазаб оташида ёнаётганлар сўнгги чорага ризо бўлаётган Офтобхоннинг дераза ортидан маъюс қараб турганнини сезишмади. Усталар келиб, ажабланиб қараб туришди-да, яна иш бошлашди. Кун ўтиб яна кеч кирди. Яна тун ҳаммаёқни ғафлат чодирига ўради. Яна безовта руҳлар пайдо бўлдилар. Бу онда уйдан ғам исканжасидаги Офтобхон чиқиб, улар тўхтаб қолдилар. Офтобхон аста-аста босиб келиб деворга яқинлашди. Беихтиёр равишда икки ғиштни кўчириб ташлади. Бир оз ҳаракатсиз тургач, қўйхона томон юрди. Унинг муддаосини сезган руҳлар йўлини тўсмоқчи бўлишди. Офтобхон девордаги михқозиқда илиғлиқ турган арқонниқўлига олди. Бу онда Саттор ваҳимали туш таъсирида тўлғонаётган эди. Бир қараса, девор битганмиш.
Бироқ… девор остида адаси билан ойиси ётишганмиш.
-Сен деворни кўкрагимиз устидан қурдирдинг. Эзилиб кетяпмиз, – деб ингрармиш ойиси.
-Бунақада ойингни ўлдириб қўясан, – дермиш адаси.
Сатттор жонҳолатда деворни бузаётганмиш.
-Бу деворингнинг нархи қанча, қанчага тушди? – дермиш онаси.
-Ғиштга кетган пул билан устага… – Саттор ҳисоблаб бермоқчи бўлганида адаси эшитгиси ҳам келмасмиш.
-Деворингнинг нархи жуда баланд. Сен уни акангдан тириклайин ажралиш ҳисобига қурдиряпсан. Энди бунинг ёнига қизингнинг жони ҳам қўшиляпти. Ғафлат босмай, тур, ўрнингдан!
Шундай деб адаси билан ойиси кўздан йўқолди. Аммо бир қора шарпа келиб уни бўға бошлади…
Босинқираб бақираётган Сатторни Ободхон туртиб уйғотди.
-Эсхонамни чиқариб юбордингиз-а, шунақаям бақирадими одам деган. Ёнбошлаб ётинг.
Саттор ёнбошига ағдарилмай қаддини кўтариб, ўтирди. Ҳозир кўрган туши таъсирида боши гаранг бўлди. Тескари ўгирилиб ётиб олган Ободхонни туртиб:
-Қизингқани? – деб сўради.
-Қайси бири? – деди Ободхон уйқусираган ҳолда.
-Каттаси…
-Уйда ухлаяпти, гўрда бўлармиди?
-Нафасинг ўчсин, тур, қара, – Саттор шундай деб уни қаттиқ туртди. Ободхон “воей” деб қўйди-ю, тургиси келмади. Бундан аччикланган Саттор энди тиззаси билан туртгач, эринибгина
ўрнидан туриб, қунишганича айвонга чиқди-да, қизлар ётадиган хонанинг эшигини очди. Саттор беихтиёр унга эргашди.
Офтобхоннинг ўрни очилмаган, бу унинг ўринга ётмаганидан далолат эди. Ҳаммадан олдин хонасига кириб кетган қиз қаерда бўлиши мумкин? Эр-хотин шундай савол назари билан бир-
бирларига қараб қолишди. Шу пайт осмон қарсиллаб майда-майда бўлакчаларга ажралиб кетгандай туюлди. Офтобхоннинг “агар шу деворни қурсангиз ўзимни осаман!” деган аламли
гапи осмону ерни ларзага солиб жаранглагандай бўлди. Саттор ўзи ҳам билмаган ҳолда “Офтоб, қизим!” деб бақириб юборди-да, ҳовлига отилди. Гап нимада эканини англаб етмаган Ободхон ҳавотир билан унга эргашди. Катакдаги хўроз безовталаниб қуқулаб қўйди. Атрофга олазарак боқиб қизини излаётган
Сатторга бу бир ишорадай туюлиб қўйхона томон қаради. Бу онда бўйнига сиртмоқ илган Офтобхон ҳаракатини тезлатди – оёғи остидаги курсини тепиб юборди. Кўйхонада ниманингдир
тараклаганини эшитган Саттор шу томон югурди. Осилиб турган қизини кўрди-ю, униқучоклаб баланд кўтарди.
-Пичоқ олиб кел, тез бўл!-деб бақирди.
-Войдод, қизимдан айрилиб қолдим!-деб фарёд қилди Ободхон.
-Пичоқ олиб кел, деяпман!-деб бақирди Саттор ғазаб билан.
Бу шовқинни эшитган Тўлқин, унинг изидан Робия ҳовлига югуриб чиқдилар. Саросимада қолган Ободхон пичоқнинг қаерда туришини ҳам унутиб, пайпасланиб юрарди. Робия ошхонадан пичоқ олиб эрига узатди. Тўлқин шошилганича арқонни кесди. Офтобхон отасининг кўлида беҳуш ётарди. Ободхон тинмай дод соларди. Тўлқин қизнинг бўйин томирига бармоғини қўйди-да, унгақараб бақирди:
-Қизингиз тирик, додламанг!-Шундай деб Офтобхоннинг юзига аста-аста уриб қўйди:- Офтобхон, она қизим, кўзингни оч.
Робия косада сув олиб чиқиб қизнинг юзига сепди. Офтобхон сесканди, кейин кўзини очди. Отасига қараб турди-да, хўнграб юбориб, худди кичкина қизалоқ каби уни қучоқлаб олди.
Қўрқувдан бир оз ҳоли бўлган Сатторнинг кўзлари ҳам ёшланди. Қизини ерга кўймай, кўтарганича уйига қараб юрди. Тўлқин билан Робия уларнинг изидан боришни ҳам, бормасликни ҳам билмай бир оз турдилар. Кейин ноилож ҳолда эргашдилар.
Саттор қизини хонасига эмас, ўзининг ётоғига олиб кириб ётқизиб айвонга чиқди. Робия дарров чой қўйди. Ободхон қизи ёнида йиғлаб ўтираверди. Эрининг “бўлди қил!” деб тергаши
ҳам таъсир қилмади. Офтобхон кўзларини бир нуқтага қадаб ётаверди. “Худо менинг ўлишимни истамади. Дунёда қийналиб, эзилиб яшашимни хоҳлади…” деган фикр уни тарк этмади.
Саттор ҳам, Тўлқин ҳам айвонда жимгина ўтирардилар. Иккови ҳам қизнинг бу ишига нима сабаб бўлганини билолмай ҳайрон эдилар. Тўғрироғи, айнан ўртадаги девор сабаб эканини тан
олгилари келмасди. Робия чой дамлаб, ичкари кирди. Ширинчой қилиб Офтобхонга ичирмоқчи бўлди. Офтобхон аввалига лабини қимтиб ичишни истамади. Робия “Жон она қизим, ича қол,
енгиллашасан”, деявергач ноилож икки қултум ичди.
Ака-уканинг сукут ҳолатида ўтириши анча чўзилди. Тўлқин бу ерда ўтиришга ҳожат йўқлигини билиб, ўрнидан турди.
-Саттор, бу гап кўчага чиқмасин, қиз боланинг номига иснод бўлади, – деди укасининг елкасига қўлини қўйиб. Кейин қизларнинг хонаси томон имлади:- улар ҳам билишмасин.
Саттор тобелик билан бош ирғаб “маъқул” ишорасини қилди.
Уларнинг бу ҳолатини кузатаётган бирон бегона кимсага “кечагина ёвлашган ака-укалар шулар”, дейилса ишонмаслиги мумкин эди. Тўлқин ҳали айвондан чиқмай туриб яна бир мўъжиза юз берди. Буни аввал ҳовлига қараб ўтирган Саттор сезди: ҳовлида ер силкингандай девор қимирлади. Кейин ғиштлар сочила бошлади. Саттор беиҳтиёр равишда “Астағфируллоҳ!” деб юборди. Тўлқин тўхтаб, ҳовлидаги
манзарадан лол қолди. Ичкаридаги овсинлар ҳам шошилиб чиқишди. Ободхон буни зилзила деб гумон қилиб пичирлаганича ўтириб олди. Бир неча сония давом этган бу ходиса барчаларини даҳшатга солибқўйди. Тунни шу даҳшат чодири остида ўтказишди. Сиртдан қараган киши ҳар икки оила кунни одатдагидай бошлаяпти, деб ўйлаши мумкин. Одатдагидай нонушта, одатдагидай ишга, ўқишга отланиш… Катталар тундаги воқеа таъсиридан қутилишмаган. Болалар шовқинни эшитишгану буни девор машмашаси деб ўйлашган. Офтобхоннинг ўзини осмоқчи бўлганидан бехабар. Онасининг қийин-қистови билан Офтобхон ўрнидан туриб, бирга нонушта қилган бўлди.
Мактабга боришни ўйламади ҳам. Ойниса синфдошлари билан шаҳар айланамиз, деб келишиб кўйган. Уйдан “мактабга” деб чиқадию марказ томон йўл олади. Ойниса кетгач, Ободхон ҳам отлана бошлади.
-Адаси, бугун ҳеч ерга бормай қўя қолинг, – деб эрига озодлик берди.
-Қаерга борардим, юришга ҳолим йўқ. Сенам уйда ўтирсанг бўларди.
-Бирров бориб мижозларимга учрашмасам бўлмайди. Бораману қайтаман. Қизингиз, Худога шукур яхши. Ширин-ширин гаплардан гаплашиб ўтиринг.
-Ҳозир уста келади, – деди Саттор кейин девор томон имлади. – Нима қиламиз?
-Устангизга уч-тўрт кун дам бера қолинг. Бўпти, кетдим.
-Менга қара, тўхтасанг-чи, мунча шошасан? – деди аччиқланиб Саттор.
-Вой, мижозларим сочларимни битталаб юлишади. Гапингиз бўлса, тезроқ айтинг.
-Гапимми? .. Кечаси билан ўйлаб чиқдим… Шу ишингни йиғиштириб турсангмикин…
-Ўйлаган гапингизни қаранг! Йиғиштир, йиғиштир, дейсиз, нима мен ўзим учун елиб югуряпманми? Менга зарилми шу? Нима қилсам болларимга деб қиляпман! Эрта-индин қизингизга совчи келади. Қуп-қуруқ узатасизми? Мен Италиянинг мебелини тайинлаб қўйганман. Шунга пул керакми?
-Италиянинг мебели бўлмаса қизинг эрсиз қоладими?
-Билмасангиз, сиз жим ўтираверинг. Агар қудаларнинг олдида тилимиз бир қарич узун бўлмаса улар қиз бечорага кун беришмайди.
-Сенам мебелсиз келувдинг, тилинг барибир икки қарич-ку?
-Адажониси энди бўлди қила қолинг, тилимни бекорга қичитманг. Ҳозир ади-бади айтадиган пайтмас. Вақти келса сизам хасратингизни бир этакка тўкарсиз, менам. Ободхон шундай деб чиқиб кетаётганида дарвоза остонасида уста билан мардикорларга дуч келди. “Акангизнинг гапи бор, кираверинглар”, деди-да, шошилганича жўнаб қолди. Уста
сочилиб ётган ғиштларни кўриб, тўхтаб қолди. “Яна шу аҳволми?” деган маънода мардикорлар билан кўз уриштириб олди. Саттор чиқиб сўрашаётганда:
-Хўжайин, бу ёғи ғалати бўляпти-ку? – деб сўради.
-Ҳеч ғалати жойи йўқ, – деди Саттор чайналиб. – Уч-тўрт кун дам олиб турасизми ё бошқа иш оласизми… иш ҳақингизни ярмини берайми?
-Ярмини эмас, ҳаммасини бераверинг. Ранжиманг-у, бу ерга бошқа келмаймиз.
-Нега?
-Бу ернинг хосияти йўққа ўхшайди.
-Бу нима деганингиз? Нега хосияти бўлмайди?
-Билмадим… ишимнинг сустлигидан кўнглим ғашланаятувди. Яна бу аҳвол…
Тушунмаяпман. Иморат ғиштини териш бошқа-ю, ҳовлини иккига бўлиб, ўртадан девор олиш бошқа экан. Уста билан ҳисоб-китоб қилиб, жўнатгач, Саттор ҳовли ўртасида карахт ҳолда туриб қолди. Кейин энгашиб қўлига бир ғишт олди. Ҳудди унинг таркибини ўрганмоқчи бўлгандай тикилди. Кейин бир четга қўйди. Сўнг яна бирини олди. Шу зайлда ғиштларни четга тахлай бошлади. Бир айвонда Офтобхон адасининг ҳаракатини кузатиб турарди. Бошқа айвонда эса Робия билан Нуриддин. Нуриддин онасига яқин келиб: “амакимга ёрдамлашайми?” деб сўради.
Қайнисининг ҳаракатларига тушунолмаётган Робия ўғлининг бошини силаб: “ҳозирмас, кейин”, деб қўйди. Ўн бештача ғиштни тахлагач, Сатторнинг нафаси қайтиб, қаддини ростлади. Кейин
уйига кириб кетди. Уни айвонда қаршилаган Офтобхон “Адажон, чой дамлайми?” деб сўради. Саттор унинг айвондан бир қадам нарига чиқишини истамаётганди, шу учун “йўқ”, деб бош
чайқади. Офтобхон хонасига кириб кетди. Саттор хотини тайинлаб кетганидай қизи билан “ширин-ширин гапларни” гаплашиб ўтира олмади. Дивандаги ёстиққа ёнбошлади. Уйқусиз тундан мерос чарчоқ уни ўз ҳукмига олди: мудрай
бошлади. Туш кўрди: адаси раҳматли рўпарасида маъюс турганмиш:
-Ўзинг ҳам қийналиб кетдинг, болам, шу зарурмиди сенга? – дермиш.
-Айб менда эмас, акамнинг қайсарликларидан бўлди ҳаммаси…
-Уй талашиб ҳеч ким барака топган эмас.
-Талашганим йўқ. Уйни сиз менга васият қилган эдингиз?
-Васият қилган эдингиз, дейсанми? Қачон?
-Эсингизда йўқми? Ҳалиги… охирги куни… хатни акамнинг қўлларига бергансиз. Акам у васиятномани атай йўқ қилиб юборганлар. Тағин ҳам мен индамай келяпман.
-Адашибсан, ўғлим. Тўғри, у васиятнома эди. Аммо сен айтган маънода эмас.
-Қанақа маънода?
-Ўқисанг биласан.
-Қанақасига ўқийман? Акам йўқотиб ташлаганлар.
-Акангни айблама, йўқотмаган… Аканг хатни кўлимдан олган пайтда менга ғарғара келиб, шошиб қолди. Эсла: сен сувга чиққан эдинг. Аканг хатни ёстиғим ёнига қўйганида сен кирдинг.
Бу хатни кейин ғассол жавон устига олиб қўйган эди. Мен икковингнинг қўлларингда жон бердим. Шунинг ўзи аҳил яшашларингга берилган ишора эди. Сенлар буни фаҳмламадиларинг. Аканг хатни унутди. Сен унутмадинг. Гумон билан юравердинг. Хат ҳали ҳам ўз уйингда, жавоннинг орқасига тушиб кетган… Шундай дегач адаси оппоқ булутга айланиб учиб кетганмиш… Биқинига нимадир ботиб, Саттор кўзини очди. Қаддини кўтариб қаради. Қизчасининг ўйинчоғи қолиб кетган экан. Ҳозирги кўрган тушидан ажабланиб ўтирди. Кейин туриб қизининг хонасига қаради. Офтобхон каравотида ҳаракатсиз ўтирарди. Эшик очилганини сезмади ҳам. Саттор шарпа чиқармай изига қайтди. Ҳовлига кўзи тушди. Ҳали бошлаган ишини Нуриддин давом эттираёттганини кўриб ғашланди “Қўй, ҳой бола!” деб бақирмоқчи бўлди. Лекин овоз беришга ҳам ҳоли йўқдай туюлди. Ётоғига кирди-да, жавонни энди кўраётгандай синчиклаб қаради. Айрим аёллар уйдаги анжомлар жойини йилда бир ўзгартириб турмаса сиқилиб кетверади. Ободхонда бунақа фазилат йўқ. Келин бўлиб тушганида жавон шу ерга қўйилганича жойидан жилдирилган эмас. Шавкат оғирлашиб қолганида Тўлқин “ёлғиз ётмасинлар” деб уни ўзининг уйига кўчирган эди. Орадан бир ой ўтиб Ободхон “адангизни акангизнинг уйидан олиб чиқайлик, маҳалла гап- сўз қиляпти. Эртага ўтсалар, “кичик ўғли қарамаган, деган маломатга қоласиз”, деб хархаша қила бошлади. Сатторга хотинининг бу меҳрибонлиги маъқул келиб, акаси билан
маслаҳатлашди. Тўлқин отасини жилдириб, безовта қилгиси келмаса-да, рози бўлди. Рози бўлди-ю, Робиядан: “Энди маҳалла нима дейди? Отасига қарай олмасдан укасиникига чиқариб
ташлабди, деган иснодда юрамизми?”-деган гапни эшитиб, пушаймон бўлди. Бу хархашани бошлаган Ободхон ҳам пушаймон эди. Аслида унинг меҳрибончилиги пардаси ортида ягона
меросхўрлик даъвоси яширинган эди. Уй можароси чиққанда “ота-онага кенжаси қараган” деган гапдан умидвор эди. Бир ҳушдан кетиб, бир ўзига келиб ётган қайнотаси унинг мўлжалича бир ҳафтага қолмай узилиши керак эди. Пушаймони шундаки, бемор шу аҳволида яна тўрт ой яшади. Саттор бу гаплардан бехабар эди. Адаси тамшанган пайтда лабини ҳўллаш учун пиёлада сув йўқ экан, ташқарига чиққан эди. Акасининг қўлида хат кўргани эсида. Адаси тилдан қолган эди. Лабини ҳўлладилар. Кейин… Хатни қаерга қўйгани ёдида йўқ. Наҳот ҳозир тушида кўргани рост бўлса? Саттор жавоннинг орқасига қарашга уринди. Ҳеч нима кўролмади. Кейин жавонни силжитмоқчи бўлди. Кучи етмади. Бир оз нафас ростлади-да, жаҳд билан ишга киришди. Анча уринишдан кейин жавон салгина силжиди. Шунда жавон билан девор оралиғида оқ нарсага кўзи тушиб янада жаҳд билан уринди. Ниҳоят қўл сиғадиган даражада силжитгач, чанг босиб,
рангини йўқотаёзган оқ халтжилдни олди. Елими қуриб кетгани учун дарров очилди. Ичидан олган қоғоздаги адасининг дастхатини таниб кўз олди қоронғилашди. Деворга суяниб қолди.
Бир оз ўзига келгач, ўқий бошлади:
“Ота вафот этиб, икки ўғлига бир қопгина буғдой мерос қолибди. Ака-ука бу меросни тенг иккига бўлишибди. Кечқурун кенжа ўғилнинг уйқуси қочиб, ўйланибди:”теппа-тенг бўлишганимиз инсофдан эмас. Акамнинг оиласи бор. Рўзғор тебратишига ярим қоп буғдой етмайди-ку? Мен ёлғизман, қорнимни бир амаллаб тўйғазиб оларман”. Шундай деб у ўрнидан турибди-ю, ташқарига чиқиб, ўзининг улушидан акасининг қопига солиб қўйибди. Ўша кеча аканинг ҳам уйқуси қочибди. У ҳам ўйлабди: “Мен ноинсофлик қилдим. Укам ҳали уйланиши керак, ўзини тутиб олиши лозим. Менинг болларимга Худонинг ўзи ризқ берар”, деган қарорда чиқиб ўзининг буғдойидан укасининг қопига солиб қўйибди. Бу ҳол ҳар кеча такрорланаверибди. Кун ўтаверармишу буғдой сира камаймасмиш. Бу мўъжизадан ажабланган ака-укалар донишмандга бориб, ундан бунинг сабабини сўраган эканлар, донишманд “тўғрисини айтинглар, нима қилардинглар?”дебди. Улар қилган ишларини яширмай айтишибди. Шунда донишманд: “хонадонингиздаги бараканинг сабаби – бир-бирларингизга бўлган меҳр-мурувватда”, деган экан.
Болаларим, мен сизларга катта бойлик қолдирмаяпман. Ақлим етганича тўплаганим -илм қолдиряпман. Унга хиёнат қилманг. Яна ўқиганингиз шу ривоятни ҳам икковингиз мерос ўрнида қабул қилинг. Қиссадан ҳисса чиқариш ҳар бирингизнинг зеҳнингизга боғлиқ…” Сатторнинг оёқлари титрай бошлади. Деворга суянганича ҳолсизланиб ўтирди. Хатни яна бир марта ўқиди…
Ётоқда ҳаво етишмай айвонга чиқди. Шу пайт ташқарида Робиянинг овози келди:
-Нуриддин, қаердасан, болам, нима қиляпсан?
-Ғишт тахлаяпман, ойи…
-Сен тегмагин, болам, улар жуда оғир, оёғингга тушиб кетади.
-Оғирмас, ойи…
Она-боланинг гапларини эшитиб Сатторнинг юраги ҳаприқиб кетди. Назарида гапираётган Робия эмас, ўзининг онаси эди. Жавоб бераётган жияни Нуриддин эмас, балки ўзи эди. Неча
йиллар аввал уй қурилаётганида онаси шундай чақирган эди:
-Сатторжон, болам. Нима қиляпсан?
-Ғишт ташияпман ойижон.
-Сен ташимагин болам, оғир-ку?
-Оғирмас, мен катта боламан-ку, ана, акам ҳам ташияптилар…
Сатторнинг кўзлари ёшланиб дераза ёнига келди. Нуриддин ўгирилиб, амакисини кўрди-ю, “уришиб бермасмикинлар” деган ҳавотирда унга қараб қолди. Саттор унга қараб маъюсгина
жилмайди. Нуриддин унга жавобан қувонч билан кулиб қўйди-да, ишини давом эттирди. Мижозларига тезгина учрашиб келадиган Ободхондан пешинда ҳам дарак бўлмади. Офтобхон овқат иситди. Ота-бола тамадди қилдилар. Бу орада аввал Баҳриддин кейин Ойниса ҳам келишди. Офтобхон билан Ойниса имтихонга тайёрланиш баҳонасида хонасига кириб кетгач, Саттор ҳам бир пас дам олиш истагига ётоғига кирди. Имтихонга тайёрлаши лозим бўлган китоблар очилмади ҳам. Бир-бирига сирдош бўла
олмаган опа-сингилнинг гаплари бир-бирига қовушмади. Офтобхон сиқилиб, айвонга чиқди. Шу пайт Баҳриддиннинг хонасидан ажиб бир куй таралди. Офтобхон берилиб тинглади. Куй уни сеҳрлади. Ўрнидан туриб ҳовлига чиқди. Бир оз иккиланиб турди-да, амакисининг уйи томон юрди. Қизнинг ҳаракатларини кузатиб турган Робия уни айвонда қучоқ очиб кутиб олди. Ўтиришга таклиф қилган эди, Офтобхон унамади.
-Янги куйми? – деб сўради.
-Янги, – деди Робия.
Бу онда куй тиниб, ичкаридан Баҳриддиннинг ҳиргойиси эшитилди: Ҳиргойи тугаб, яна найнинг ноласи эшитилди. Робия билан Офтобхон бир-бирларига қарадилар. Икковларининг кўзларидан ёш оқаётган эди. Бадиий адабиётдаги анъанага хилоф иш тутиб баёнимизни шундай тўхтатамиз, қаҳрамонларимизнинг кейинги такдирларидан сизларни огоҳ қилмаймиз. Бу юмушни, яъниким, асарнинг хулосасини ўзингизга ҳавола этамиз. Ака-ука юзкўрмас бўлиб кетадими ё Офтобхоннинг ҳаракати туфайли кўзлари очиладими, ўзингиз ҳал қилинг. Эҳтимол деворнинг қуриб битказилгани дурустдир. Эҳтимол Баҳриддин тез кунларда шуҳратли санъаткорлар
қаторига кириб, бадавлат бўлиб, алоҳида уй қуриб чиқиб кетар? Эҳтимол инсофга кирмай, иблис етагида юрувчи Ободхоннинг умри хорлик билан тугар? Ҳар ҳолда биз бундай якунни
истамас эдик. Аллоҳ барча бандаларига ҳидоят берсин ва умрнинг хорлик билан тугашидан асрасин.

Тохир Малик

2 ФИКРЛАР

    • Раҳмат. Бозор дунё номли янги асар беришни бошладик. Албатта ўқинг, жуда яхши асар

Comments are closed.