МЕН ГУЛИМНИ КЎЗДАГИ НУРИМ БИЛАН СЕВГАНМАН…

0

 

О, 18 йилдан бери ғарибона умрим қуёшига айланган зот! Фақат сенгина ғарибона умримни зарриндан-заррин нурларга буркадинг. Нурларинг билан бошим узра чарх урмиш қорадан-қора булутларни ҳайдаб синиқ кўнглимга осудалик ҳадя этдинг…
Сен эмасмидинг раҳматли бувижонимнинг ўрнини боса олган? Сен эмасмидинг ўксинган онларимда юпанчга айланган олий зот?..
Бугун мен фақат сенинг пойингда тиз чўкишни, сенга таъзим бажо айлашни ихтиёр этдим. Токи сен қуёш-у ой бўлиб менгинани ойдин лаҳзалардан, меҳр балқиб турган нурлардан мосуво этмагин!
Ҳаммаси учун раҳмат, Сусанна! Иқроримни қабул этасан!..

 

СУСАННА ҲАҚИДА БАЛЛАДА
(суюкли турмуш ўртоғим Светлана Макаровага)

Сени Сусанна деб атагим келди. Кечир!.. Сусанна арман миллатининг энг гўзал қизига қўйиладиган исм бўлгани боис, сени шундай аташга жазм этдим… Ўзбошимчалигим учун яна бир бор кечир, азизам!..

***

 

Қанийди, юлдузни ура олсайдим,

Қуёшга тик қараб тура олсайдим,

Абадий бахт уйин қура олсайдим…

Муносиб ёр бўлиб такрор ва такрор,

Сусаннамга жоним бера олсайдим…

Қанийди…

***

 

О, Сусанна, ойдан ойдинроғим-а,

Ҳатто олтинданам олтинроғим-а,

Сағир кўнглимга бир яқинроғим-а…

Дардларни даст ортга бура олсайдим,

Сен-ла даври даврон сура олсайдим…

Қанийди…

***

 

Қайсидир дунёга кириб қолганман,

Кимсасиз саҳрода туриб қолганман,

Қовжироқ ўтмисол қуриб қолганман…

Эҳ, сенинг дунёнгга кира олсайдим,

Пойингга бошимни ура олсайдим…

Қанийди…

***

 

Совуқ мудроқ аро аросатдаман,

Ўтмиш гуноҳлардан надоматдаман,

Қалтироқ қалбимдан хижолатдаман,

Садоқат шаҳрига бора олсайдим,

Сенгинани шодон кўра олсайдим,

Қанийди…

***

 

Онамдек бошимни силамоқдасан,

Дард чексам, сен юм-юм йиғламоқдасан,

Оёғимни қучиб ухламоқдасан,

Қанийди, қалбимни ёра олсайдим,

Сенинг соф дунёнгга кира олсайдим,

Қанийди…

***

 

Ўтмишга тош отиб қўйдиммикан ё,

Яқин дўстни сотиб қўйдиммикан ё,

Меҳрни қаҳрга йўйдиммикан ё?..

Сен каби соф хаёл сура олсайдим,

Бир қир-у, бир сирда тура олсайдим…

Қанийди…

***

 

Менга заҳру заққум ичирмоқда дард,

Мени тўзон бўлиб учирмоқда дард,

Ўз қўлим-ла кафан бичирмоқда дард…

Ёлғиз сенга сирим бера олсайдим,

Қошу қабоғингда тура олсайдим…

Қанийди…

***

 

Бир кун ўлишимни сезиб боряпман,

Дўзах водийсини кезиб боряпман,

Дунёдан кўнглимни узиб боряпман,

Сени такрор-такрор кўра олсайдим,

Яйраб ёнгинангда юра олсайдим.

Қанийди…

Қанийди…

Қанийди…

ГУЛИМ

(Суюкли умр йўлдошим Светланага)

***

 

Мен гулимни кўздаги нурим билан севганман,

Қалбимнинг қатидаги дурим билан севганман.

Қаҳратоннинг қаттоли қаҳр қилган бир маҳал,

Манглайимда тош қотган шўрим билан севганман,

Мен гулимни кўздаги нурим билан севганман.

***

 

Мен гулимни гулзорнинг баҳоридан қизғондим,

Ҳижрон азоби инган наҳоридан қизғондим,

Майин эсмиш насимнинг оҳоридан қизғондим,

Кафтимдаги бир тутам қўрим билан севганман,

Мен гулимни бахт эрмиш зўрим билан севганман.

***

 

Бахт тилашни билмаслар зинҳор қайрилмасинлар,

Бизнинг балогардонга такрор эврилмасинлар,

Бизлар каби оташда минг бор қоврилмасинлар,

Илоҳий ишқ қасрига зорим билан севганман,

Мен гулимни бағримда борим билан севганман.

***

 

Хиёнатнинг хаёли, нари кетгин, қайтмагин,

Офат-у, дард, ғам бўлиб пешонамга битмагин,

Ошиқ қалбим ёвларга ён бермайди, кутмагин,

Ўзим каби бир хаста хорим билан севганман,

Мен гулимни кўздаги нурим билан севганман.

 

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc