Қўлбола спиртли ичимликдан 168 киши заҳарланди

0

Эроннинг Ҳурмузган вилоятида қўлбола спиртли ичимликдан 16 киши ҳалок бўлди, дея хабар беради «Haber7.com» нашри.

Ҳурмузган Тиббиёт институтининг аҳоли билан алоқалар бўлими мудири Фотма Наврўзияннинг маълум қилишича, чоршанбадан бери вилоятда 168 киши спиртли ичимликлардан заҳарланиб, шифохоналарга тушиб қолган.

Заҳарланганлардан 16 нафари ҳалок бўлган, 8 нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда. Ҳурмузган вилояти ички ишлар бўлими бошлиғи Азизуллоҳ Малакийнинг айтишича, айни пайтда воқеа юзасидан суриштирув олиб борилмоқда. Қўлбола спиртли ичимликлар сотувчи уч киши аниқланган. Улар сўроқ қилиняпти.

Спиртли ичимликлар истеъмол қилиш ва сотиш тақиқланган мамлакатга бундай ичимликлар контрабанда йўли билан кириб келаётган экан.

Эрон қонунларига кўра, спиртли ичимлик ишлаб чиқарган, савдо қилганларларга қамоқ ёки дарра уриш жазоси тайинланади.

 

xabar.uz