БИ-ИР КУЛИШМАЙМИЗМИ, ОҒА?..

0

 

СКЛЕРОЗ
(ҳажвия)

 

Кейинги вақтда хотирам жуда панд беряпти-да! Мана, оддий мисол, сковородкани газга қўйдим-у, ичига нима солишим кераклигини унутдим. «Балки бармоғимни солиш керакдир?» деб ўйлаб бармоғимни сковородкага қўйдим… Иҳ-ҳ-ҳ! Ёмон оғриди, ёмон!..

Таваккал сковородкага чойнакни солдим-да, телефон қўнғироғини кута бошладим. Аслида менинг телефоним жирингламай қўйганига бир йилдан ошган. Бир йил олдин кимдир қўнғироқ қилиб: «Мен кимман? Люсяманми?» деб сўраганди. Мен бўлсам, ўйлаб туриб: «Йўқ, бу ўзингсан» деб жавоб бердим. Овоз эгаси хурсанд бўлиб «Раҳмат, раҳмат!» деди-ю, гўшакни жойига қўйди…

Яқинда ўйланиб ўтириб, исмимни эсимдан чиқариб қўйибман. Паспортимни очиб кўрмоқчи бўлдим. Афсуски, қаердалиги эсимда йўқ.

Музлаткични очдим, лампочка ёниб турибди. Жавонни кўрдим. Қандайдир дорилар қалашиб ётибди. Ҳойнаҳой, неварам солиб қўйган бўлса керак. Шундай фикрлаб туриб, ҳайрон бўлдим. Неварам ўзи қайси хотиним туққан фарзанддан? Биринчисиданми, иккинчисиданми? Роса-а бош қотирдим. Барибир топа олмадим. Лекин ўғлимнинг қайси хотинимдан экани аниқ эсимда. Биринчи хотинимдан. Чунки у ҳам буғдойранг. Ярамас хотиним бир пайтлар роса бошимни қотирганди. «Менга ўхшайди! Кўрдингизми, буғдойранг!?. Чунки уни кечаси туққанман» деявериб хит қилганди…

Эҳ, исмим нима ўзи? Эшакми?.. Ҳа, ҳа, қачонлардир, кимдир мени шундай деб чақирганди. Паспортим қани ўзи? Қани?

Чўнтакларимни ағдариб кўрдим. Йўқ. Шимимнинг чўнтагидан кичик қоғозча чиқди. Ўқиб кўрсам, «Мишка шимолда» деб ёзиб қўйишибди. Ие, менинг исми-шарифим Михаил Борисичмиди? Наҳотки ёдимга тушган бўлса? Ахир, шундай исмни қандай унутиб қўйиш мумкин? Бутун умр Миша, Миша деб чақиришган. Жуда алам қиларди. Михаил Борисич деб чақиришмаганидан ранжирдим. Лекин бир инсон мени «Ўзимни суюкли Мишам» деб эркалаган. Уф-ф, ким эди ўзи мени шундай деб эркалаган-а? Тағин хотира панд беряптими? Онаммиди? Тоғорада чўмилтираётиб шундай эркалармиди? Демак, «Миша ҳайвон, қаерда санғиб юрибсан?» деган ҳам ўша кишимиди? Йўқ, у хотинчам эди. Ундан ярим метр узоқлашдимми, тамом, «Қаерда эдинг? Нега сендан атир иси келяпти?» деявериб қулоғимни ерди. Ўзингиз ўйланг, унинг ёнида юрганимдан кейин мендан атир иси келмай, нафталин ҳиди келсинми?..

Сковородкадан ниманинг ҳиди анқияпти? Чойнакнингми?.. Балки туз ташлаш керакдир? Туз қаерда ўзи? Эҳ, ҳозир тузни топсам-у, шошилинчда полга тўкилиб кетса нима қиламан? Кимдир «Полга туз тўкилса, ким биландир жанжаллашасан» деганди. Лекин мен қўрқмасам ҳам бўлади. Чунки уйда ўзимдан бўлак ҳеч ким йўқ. Бундан чиқди, жанжаллашишга одам топилмайди. Кел, шу тузни атайин полга тўкай. Кимдир келсин-у, тўйгунча жанжаллашай, ха-ха-ха-ха!!!

Мана, тўкдим… Оббо, қандай аҳмоқман-а! Ахир, бу шакар экан-ку, каллаварам!..

Қизиқ, ҳозир қайси фасл? Ёзми, қишми? Илгари жемпрда юрсам, билардим, қиш бўларди. Ҳозир эса ҳамиша жемпрда юраман. Барибир совқотавераман. Ойнадан қараб кўрсаммикан? Ҳозир… Кўзойнагимни тақиб олай… Ие, дарров қоронғи тушиб қолди-ку! Эссиз умр, ахир, бу қорайтирилган кўзойнак экан-ку!..

Эсимга тушди! Ҳожатхонага кириб чиқишим керак! Негадир нимадир безовта қилаётгандек! Ниманингдир бадбўй ҳиди димоққа урилаётгандек бўляпти. Э, чойнак куяётган экан-ку! Қандай аҳмоқ, овсарман-а!..

Йўқ, кечки овқатни тановул қилиш пайти етди чоғи. Ие, қанақа кечки овқат? Ҳали нонуштаям қилмадим-ку! Ана, соат миллари «7»ни кўрсатяпти. Лекин… Бу кечки еттими, ё эрталабкими? Қанча уринмай, барибир эслай олмадим.

Оббо, тағин чойнак чумагидан нимадир оқяптими? Нимайкан? Э, йў-ўқ, бу чойнак чумагимас, менинг кўзларимдан оқаётган ёш экан. Нима бало, йиғлаяпманми? Нега? Майли, пича ётиб турай-чи, нега йиғлаганим ёдимга тушиб қолса, ажабмас!

ВИКТОР КОКЛЮШКИН

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc