Ғаройиб ҳодисалар изидан: «ЕР ОСТИДАГИ ШАҲАР…»

0

 

«Мен ҳозир айтмоқчи бўлган воқеага кўпчилик ишонмаслиги мумкин, — дейди Окунево қишлоғида истиқомат қилувчи Юрий Викторов. — Лекин мен ўйлайманки, ҳаммаси ўнгимда рўй берган. Яъни, мен аллақачонлар сув остида қолиб кетган шаҳарда бўлиб қайтишга эришдим…»

 

ШАЙТОН КЎЛ МЎЪЖИЗАСИ

 

Шайтон кўл бўйларига Викторовлар хонадони Юра тўрт яшарлигида кўчиб келишганди. Шундоқ кўл бўйида жойлашган Окунево қишлоғи Омскдан 250 километр узоқликда жойлашган…

Дастлабки олти ой ичида Юра, синглиси Лена ва акаси Андрейлар кўл ҳақида одамлар айтган ҳикоялар ҳақиқат эканига амин бўлишди. Чунки улар деÿрли ҳар куни кўл ўртасида симёғочларни кўришди. Бу симёғочларга ўрнатилган чироқлар тез-тез ёниб ўчарди. Ҳар замонда оловга ҳам кўзлари тушиб қоларди.

Юра саккиз ёшга тўлганда кўл бўйида чалқанча ётганча осмонда пайдо бўладиган булутсимон нарсаларни томоша қиладиган бўлди. Булутлар гоҳ от, гоҳ маймун шаклига кирар эди.

Отаси физик бўлгани учун бу ғаройиб ҳодисаларни илмий йўл билан тушунтирар, аммо моҳиятини барибир айтиб бера олмасди. Ахир, бу оддий ҳол эмас. Қирғоқда ўтиришганда кўл ўртасида қандайдир бинолар қад кўтариб турганини кўришди. Бинолар бирпас сув юзида турарди-да, яна пастга шўнғиб кетарди. Аслида эса, ҳеч қаерда бундай бино йўқ. Хўш, нима ўзи бу?..

 

САЁҲАТ

 

Ўша куни кечқурун Юра одатдагидек кўл бўйига келди. Севган қизи хафа қилганди. Аламига чидаёлмай, секин сувга тушди. Сўнгра олис-олисларга тикилиб қаради. Бироздан сўнг яна кўзига ўша бинолар кўрина бошлади. Фақат улар бу сафар узоқда эмас, Юранинг рўпарасида намоён бўлди. Юра эҳтиёткорлик билан бинолардан бирига яқинлашди. Бу қадимий мачит бўлиб, орқасида катта шаҳар қад кўтарганди…

Ҳа, бу шаҳарни таниди. Суратларда кўрган. Айтишларича, қачонлардир кўлнинг суви кўпайгандан-кўпайиб, кучли тўлқинлар шаҳарни сув остига ғарқ қилиб юборган экан. Наҳотки, у ўша шаҳарга келиб қолди?..

Эсида йўқ. Юра кўз очиб юмгунча шаҳар ичкарисига кириб қолди…

Бу ерда албатта сукунат ҳукмрон эмасди. Нотаниш одамлар ўзаро гаплашиб, кулиб у ёқдан бу ёққа ўтиб боришар, Юра уларнинг гапига сира тушуна олмасди. Лекин ишондики, бу одамлар рус тилида гаплашишяпти. Балки бу тил қадимий рус тилидир? Худо билади…

Кейинроқ билдики, одамлар уни кўришмаяпти. Арвоҳга айланиб қолдими, нима бало? Ахир, қанча одам ёнидан ўтиб кетяпти-ю, биронтаси эътибор бермаяпти!..

Ҳа, шаҳар одамлари ўз билганларича ҳаёт кечиришяпти. Кимдир қўшиқ куйлайди, кимдир савдо-сотиқ қилиб юрибди. Ҳатто, Юра бир жойда тўй бўлаётганини ҳам кўрди. Болалар тинимсиз чопиб Юра умрида кўрмаган ўйинларни ўйнашарди…

Йўқ, Юрани пайқашди. Фақат… Одамлар эмас. Итлар пайқашди. Ёнларига яқинлашди дегунча, безовта ҳура бошлашди. Демак, у арвоҳга айланиб қолибди…

Шу пайт мачит қўнғироқлари чалинди. Одамлар безовта бўлиб орқа-кетига қарамай қоча бошлади. Қочаётиб болаларини ҳам қўлларидан тутганча югуришди…

Шаҳар аста-секинлик билан сув остига ғарқ бўла бошлади. Энди сув юзида фақат мачит минораларигина кўринарди, холос…

Юра нафаси бўғилаётганини ҳис этди. Иложи борича минораларга яқин боришга уринди. Бироқ ҳеч қанча вақт ўтмасдан ҳушидан кетиб йиқилди…

Бир нарсани эслаб қолдики, қўлида ёғочдан ясалган қандайдир ўйинчоқ қолиб кетганди…

Мачит қўнғироғи тобора кучлироқ чалинарди. Бу товуш шу қадар баланд эдики, Юранинг мияси ғувиллаб, гўё тубсиз жарликка қулади…

Юра ярим кечаси қирғоқда ўзига келди. Ўрнидан турди-ю, кўл ўртасига қаради. Афсуски, ҳеч қандай мачит ҳам, шаҳар ҳам, одамлар ҳам йўқ. Сув осуда оқарди, холос. Аввалига у: «Касалга чалинибман-у, ҳушимдан кетганимда туш кўрибман», деб хаёл қилди. Чунки ўрнидан тураётиб, қўлларини мушт қилганда, баданида кучли оғриқ сезганди. Аммо кейин билса, қўлида ёғочдан ясалган юмалоқ нарсани ушлаб турган экан. Уйига келиб билдики, бу ўйинчоқ эмас, маймунсифат одамнинг ҳайкалчаси эди…

Юра музейларга бориб ҳайкалчани кўрсатди. Балки бирор музейда шундай ҳайкалча бўлган-у, йўқолиб қолгандир деб ўйлади. Йўқ, ҳеч қаерда ҳайкалчани танишмади…

Ҳа, Юра арвоҳлар шаҳрида бўлгани рост. Бунга худди ўша ҳайкалча  ҳам гувоҳ бўлиб турибди.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc