«Бозор дунё» ёҳуд эрини ўзгага никоҳлаб берган аёл изтироби (1-қисм)

0

Кишига насиҳат ҳилмоҳқа замоннинг ўзи

кифоя қилади. Ҳадисдан.

I

Бозор. Қисқа муддат тин олган бу марказий бозор сўфи обдаста кўтармасдан яна жонланди. Унинг чор тарафига турли хил ғийқиллоқ, эски машиналар алағда-жон етиб келиб, инқиллиб жон таслим қила бошладилар. Ҳозирда кучга тўлган, навқиронлик кезида автопоезд деганлари аллақачон дарвозалар ёнига тирбанд бўлган. Кабиналаридан афт-ангори гезарган, аёз ютиб қалтираётган кимарсалар тўну фуфайкаларга бурканиб, қимтиниб, ҳамон ерга тушишга юрак бетламай ўлтиришибди. Сон-саноқсиз аравачалар елка суриб, улоқ талошига қисталанг, маст-аласт отлардай димланмоқда. Улгуржи савдо авжланяпти. От кимники — минганники, хўрда кимники — урганники, лош кимники — тортганники, қоп кимники — сурганники… Калтак — ғўраники, пул — тўраники… Бозор дегани шу — торт-торт дунё…

Қаердан бино бўлди шунча оломон, худди ердан потирлаб чиққан қўзиқориндай одам босди бозор атрофини… Аксарият болалар, аёллар… Бозор ён-веридаги дўконлар, чойхоналар, ошхоналар ичи ғиж-биж одам эканми, осмондан ёққан қумурсқалардай тўлдирди гўшаларни. Кўзини ишқалаган, керишган, йўталган, оғзи йиртилай деб эснаган аҳли замона айни шу ерда. Кетига совуқ сув уриб келганлар чорсисини ёзади, юзини ҳўлла-ганларнинг кўзлари олазарак. Кимдир нон кавшайди, ошқозон ҳам бирга уйғонган бўлса нима қилсин, балки олдинроқ уйғонгандир… Оғзига нарса тиқаётганларни кўрган файласуфнамо сўзамоллар «буни қаранг-а, хайрият, одамнинг қорнини ҳам молникидай қилиб қўймаган экан, еб турса нима бўларди-а?» деганча мия чарх-лайдилар. Ғафлат уйқусидан уйғонасолиб, оғзига заҳри қотил тиққанларни айтмайсизми? Аллақачон ўрама қоғоз-ларда эриган нослар ахлат каби оқмоқда. Ҳализамон шаҳарга жон кириб, наъраси тезлашиб боряпти.

Маълум фурсат кечгач, бозорнинг ичига одам тўлқини денгиздай ёпирилди. Нимранг тун тонгга ўрин бергиси йўқ. Одамлар «виз-виз». Кўр эр-хотин етаклашиб, бирида рубоб, бирида чилдирма, ўз ўрнига шошилган. Хотин овоз чиқариб, томоғини синаб кўради. Эри рубобни ҳали тўрвасидан чиқаради, ҳали солади. Тиланчилар қўл ва елкаларини уқаламокдалар. Паттачилар қўлларини улардан-да ўтказиброқ қашишади. Дошқозон қайнашга келмоқда. Тунда яхши ухлаган ёхуд кечани оромбахш ўтказган кишиларнинг кайфи чоғ, харидор чорлаб, сайраб, гувиллаб осмонга ўрлаётган дошқозон товушига сайқал беради. Гувиллаган бу сасга янги ёпилган нонлар-нинг анвойи ҳиди, ҳамон уйқусираётган болаларнинг гўшткуйди тандирларига ёқиб юборган ўтидан кўтарила-ётган қора тутун, кабоб кўралардан буруқсаётган ўткир ҳидли оқ тутун, бир томондан нос, иккинчи томондан балиқ сассиғи омухта, аллақачон бурун ва томоқларни карахт этди. Жой талашиб, ёхуд дафъатан кириб қолган нотавон деҳқоннинг қопини тортиб жиққамушт бўлаётган, овози ўткир, оғзи шалоқ бозорчи хотинларнинг шанғиллаши, саҳармардонда айримларга нохуш бўлсада, бу ҳолга кўникиб кетган бозор аҳлининг ғайратини қўзға-моқда эди.

Каниза автобусдан тушди, автобус ўлгур ҳам эрининг қучоғига михланган очофатларнинг касрига кеч етиб келди. У жойига шошилди. Уч кундан бери кечки помидор сотади. Тузловчилар кўп. Ҳозир, шу харидоргир. Кечагина картошка сотаётган эди, картошкачилар бозорни босиб кетди. Шунча торозидан урмасин, тўртта нонга пул чиқмайди. Одамларнинг ҳам чўнтаги қуриб қоляптими, ким билади, сотувчи мингта, олувчи битта. Кечга қолганига куйиниб, елка кураги тортишиб, қақшаб турганига қарамай, жойига етиб келганда, бироз кўнгли таскин топди. Шериги — шаҳарлик Салима опа, яхши, улгуржи помидордан унга ҳам олибди. Яшикларни жой-жойига қўйиб, помидорларни кўздан кечириб, сотишга тайёрлар экан, энгашса, турса, кураги муз, тортишиб, чўғ босишни хоҳлаётганди. «Эркакларни ер ютиб кетса бўлмасмикин-а? Ишинг бошшингдан қолгур, пайпасламай ўл, алкаш, эшшак… Ёз, иссиқ бўлса ҳам гўрга экан».

Каниза оёғининг музлаганини хис қилди, чапига таяниб, ўнгини номига ердан узди. Барибир, оёғи муз қотарди. Шиппаклар иситармиди? Шундай совуқда махси зўрға илитар. «Яримта нон топиш қўлингдан келмайди, қорнинг очтўқ, падари лаънат». Сувни сал илитиб ювинай деса, ўт ёқиш керак, афтобусга кеч қолади. Битмаган, янги уйининг тешикларидан изғирин «салом» деб туриб-ди. Совуқ ич-ичига ўтиб кетди. Ошиқмай ер ютсин қай-нона-қайнотасини ҳам, битмаган уйга ҳайдашди. Ановининг юриши шу — юрмайдиган, ўлакса машинасининг тагидан чиқмайди…

—   Ҳа, эгачи, нималар деб шивирлаяпсиз? — хаёлини бўлди шериги Салима опа.

—  Йўқ, ўзим.

—  Нима, хўжайин…

Каниза елкасининг оғриғига карамай сал илжайди.

—  Сиздай хотинни қўйиб қўярмиди, жонидан? — ха-ёлида бир нарсалардан таъмаланиб сўз қичади Салима. — Вой-ей, шундоқ пулдор бойваччаларнинг арзанда хотини бўладиган одам қишлоқда бола-чақа боқаман деб юрсангиз-а?

Каниза, яна кечаги гапини бошлаяпти бу хотин, деб ўйлади-ю, кеч қолганда помидор олиб қўйгани боис қаттиқ теккиси келмади. Ҳозир Канизанинг хаёли бошқа нарсаларда эди. Қачонгача бундай бўларкин? Пул топиш кунданкун оғирлашиб кетяпти. Кузнинг охирги ойига ўтилди. Мактабга борадиган икки боласининг устига зўрға амалтақал нарса топиб беришди. Уйдаги бор нар-са — мевачеваю сабзавоту нима қўлга кирса қолмади. Ҳатто бир-икки қоп қишга асрашга ёйиб қуритилган пиёзни ҳам сотди. Энди, бу ёғи нима бўлади? Анов ер юткур, кўчакўйда лақиллаб гап сотгани-сотган. «У ёқ-бу ёққа кетаман» деб бир йилдан бери бошни оғритади. «Кетишга ҳам пул бўлиш керак-ку» дейди, санғигани-санғиган. Чўлда шерикчиликка ер экаман, дея ёз бўйи юрди, охири қовун-тарвузнинг палаги ўлиб кетганини баҳона қилиб қутулди. Ўша ёқдан келтиргани ярим прицеп сариқ сабзи бўлди. Мана, бир йилда топгани. Бу ёкда уч хона олди айвон қилиб бошланган уйнинг полсиз бир хонасида ўтиришибди. Қиш келяпти, ҳали печка ўрнатилгани йўқ.

Каниза бозорчиликни ўзича бошламади. Қимирламаса, тиришмаса — очдан ўлишар, агар? Сут-қатиқ сотиб юрганларга қўшилди. Тайёр автобус. Маҳалланинг сутқатиқчиларини ташийди. Мана, шу йил ёзигача елкала-ри майишиб, домлар орасида сут-қатиқ, тухум сотди, бақира-бақира томоғи қирилди. Бири икки бўлмади. Шерикларининг гапига қараганда,   олдинги йиллар  туппа-тузук пул топиш мумкин экан, борган сари, айниқса, бу йил қурғур сут-қатиқ ҳам ўтмаяпти. Юриб-юриб Канизанинг оёқларидаги кийими тўзиди, топгани, сут-қатиқ эгаларининг пулини бергач, нон пулидан ошмайди. Автобуснинг кираси ҳам малол келадиган бўлди. Шуни сездими, Саттор ошқовоқнинг ўғли Мутал ҳайдовчи бир куни автобусда якка қолганда нима дейди денг, шилқим, ўл, кечаси чиқиб турса, бепул юрар эмиш, бетингдан бузулгурни гапини қаранг!

Бу иш бўлмади. Каниза ўзини бозорга урди. Бозорни уйидан, ҳовлисидан чиқаётган нарсаларни сотишдан бошлади. Бир ҳафта деганда, бозорчиликнинг ҳадисини олди, пасту баландини ўрганди. Бу ерда талашиб-тортишиб кун кўрар экансан, ҳалол-ҳаром демас экансан, алдасанг сеники, алдамасанг бировники экан. Харидоргир молга от, пулга чанг солар экансан. Кўзинг ўйнаб, биров олаётган пулга суқинг кирадиган бўлиб қоларкансан. Сен билан савдолашган хира одамларни, закончиларни ўлдиргинг келаркан, ўзинг сингари бозорчиларга Худо уришни тиларкансан, бировнинг чўнтагидаги мўмай пулни кўрсанг эсинг оғаркан, анча-мунча ҳаром-харишнинг фарқи қол-мас экан. Ўзингни сотворгинг келади баъзан. Сотаётганлар йўқми, сотишяпти ҳам… Ўша мақтанчоқ, беҳуда ўзига ишониб, бино қўядиган, иккита темир тишидан бошқаси сап-сарғайиб кетган, носдан оғзи буруқсаб турадиган ўлаксанинг қучоғида юрибдида, гул юзини сарғайтириб… Бу ерда қош-кўзини сузаётганлар қанча? Ҳўв анови сўтак ҳозир ёнига яна келади. Қараб-қараб қўйяпти. Уй олганмиш. Яқинда машина олармиш. Каниза хўп десаёқ бўлди, дунёнинг у четига ҳам кетаверармиш. Топгани Канизаники эмиш. «Давай» деса бозорда ҳар куни топган пули Канизаники. Гўлайиб туриб, «хотин, бола-чақам йўқ» дейди. Шу ерларда ивирсиб, ковак-кандикларда ётиб юради. Хотини кўз ёши қилиб, рўмоли учини тишлаб, пул олиб кетиб туради. Ёлғонни ямламай ютади, ер ютгур. Узокдан хотини майшайиб, оқсоқланиб кўринди дегунча, уни бир четга тортади, алдаб-сулдаб жўнатади. Э, бунақанги афирислар, тайини йўқлар тўлиб ётибди атрофида…

Эркакларга ҳайрон қолади. Ғами пулда, кўзи олма теради. Шундай яратган эканда. Ана, суллоҳ яна шу ёққа юрди. Каниза тескари бурилиб олди. Елкаси бўйин аралаш санчди, бўйни толганга ўхшарди. Ишқилиб, калласи бурилмай қолмасайди? Қорни очиб, кўнгли озди. Суллоҳнинг етиб келганини ҳис қилиб, Салима опа томон силжиди. Яхши, анов йўл-йўлакай бир таниши билан кўришиб, гаплашиб қолди. «Ўша олиб кетса эди», барибир суллоҳ келди, прилавкага таяниб:

—   Қалай энди, қора мағизим, хўжайин яхши экан-ми? — рашкнамо гап учирма қилди.

Каниза индамади. Унинг ўрнига Салима:

—   Куёв деган шу маҳалда қуруқ сафсатага келадими, уят-е, — деди ва Канизани туртди. — Келинни қорни сурнай чаляпти.

—   Ие, ие, ана холос. Тўғри айтасиз. Калла қурғур ишламайди-да, — дея бурилди суллоҳ. — Ҳой бола, обке пиражкани бу ёққа.

Бола шу заҳоти етиб келди.

—   Бешта пиражка бер, — деди у, — қанчадан ўзи нархи?

—   Картошкали, йигирма беш сўмдан.

—    Мунча қиммат қивординг? Бўпти, пулини ҳали оласан…

Бола кўнмади. Тирхашлик қилди.

—   Ҳой бола, ҳў-ў-на жойим, биласан-а? Ўша жойга ўт, бераман, — деди суллоҳ ва Канизага пиражкаларни узатди, биттасини ўзи оғзига солди. — Ейверинглар, менга битта бўлади, ҳали қулинг ўргулсин қўй ёғида шўрва ичганман, икки порси манти ҳам едим. Узиям уч чойнак чой ичдимми?..

Салима билан Каниза икки донадан пирожкани зумда еб қўйдилар.

—  Ҳой, куёв, — деди ҳазилга олиб Салима тағин. — Келинга совуқ ўтиб кетибди, оёғидагини қаранг, қанақа куёвсиз?

—   Хих-хих-хих… Сўлаҳмон, пуллари тахмон, сувга пишгандир-да?! — Сўтакни узоқ йўтал тутди, охири қизариб-бўзариб, бўғилган овозда йўтал аралаш: — Оббера-миз, прансузскийсидан, сонларига ўт қалаворадиганидан…

Суюқ суҳбатга харидор чек қўйди. Салима ўн кило помидор сотди. Суллоҳ Соли сариқ анча вақт ишшайиб турди, сўнг кетди.

—   Оғзингдан сувинг келмай ўлсин, — деди Салима ва афти буришган Канизага ўгирилди, — инкубассани ўйлаяпсизми, бир қарорга келинг энди. Юрасизми, кам-бағал бўлиб, пулни тагида қоласиз. Бозорни елкамнинг чуқури кўрсин деб, яйраб-яшнаб, ками кўстингизни битириб оласиз. Ҳомиладор бўлганингиздан кейин ҳар куни пул олиб турсангиз ҳам бўлаверади. Қийинчилиги тўққиз ой экан, туғасиз, топширасиз, ҳеч нарса бўлмагандек кетаверасиз. Хурсандчиликларидан пулу тиллога кўмиб ташлашади сизни. Эру хотин ўзи хоҳлаганидан кейин ўйланиб ўтирадими, одам? Ўзлари боқишади, туғиб берсангиз бўлгани. Хотини Нозимахон жуда эсли хотин. Ён қўшним-да. Ўн уч йилдан бери фарзанд йўқ. Бормаган, қаратмаган жойлари қолмади. Айб хотинда. Эру хотин апоқ-чапоқ. Ажрашгани кўзи қиймайди. Вой, ўшандоқ уй-жойларни биров ташлаб кетадими-я?! Бўй етган қизим бўлганда, дод десаям, вой десаям ўраб-чирмаб олиб кириб берардим. У болани кўнгли нозик. Эрини айтяпман. Пул демаган, обрў демаган, машина, улфат-дўст ўшанда. Профессорни боласи-да. Ўнтами, йигирматами магазини бор, заправкасиям битди. Пулга кўмиб қўяди сизни. Нима, бирга яшармидингиз? Никоҳлайди, беш-ўн кун ров бориб-келиб турасиз, қарабсизки, ёпишади-қолади. Кейин кетоврасиз, туғиб берсангиз бўлди-да, пулни тагида қоласиз…

—   Мендан бошқа қуриб кетибдими, Салима опа? — деди Каниза бошини бир ёққа ташлаб чўзиниб, бўйин оғриғи азобида, аслида у бу гапларга ишонмасди…

—   Вой Канизахон, сиздан бошқасига унайди дейсизми, у жуда карранда, бой, нима деяпсиз? Сизга билдирмай неча марта кўриб, зўрға кўнди, — гўё зардали хулоса ясади Салима. — Бахт қушингизни учирманг… Камбағални бекорга камбағал қилиб қўймайди, ўзи. Оёғининг тагида тилло турса тепалаб ўтади.

Кузнинг куни қисқа. Яхши, помидорлар сотилиб бўлди. Салиманинг пулини берди. Ўзига саккиз юз сўм қолди. Каниза тўртта нон олиб, автобусга ўтирди. Оғриқ энди бутунлай белидан бўйнигача ўраб олди. Автобус «диқ» этди, жони зирқиллайди. Иўл ҳам бир узайиб кетдики, бора сола ётиб олади. Нон олди. Овқатга ёғ ҳам йўқ. Бир гап бўлар.

Ўғли ва қизи кўчада ўйнаётган экан. «Нон» деб югу-ришди.

—   Уйга кирайлик, — деди қизига, — тўртта нонни еб бўлишдингми? Ё ҳамма болаларга бўлиб бердиларингми?

Халтасини ушлаб кирган қизига нон ушатиб берди. Ўғлига ҳам.  Ўзи тўшакка ёнбошлаб қолди.  Бир оздан сўнг дилдираб исимагач, ўғлига:

—  Бор, ёғ баклашкани олиб келчи, — деди, — ўла, бир ҳўплам қолган бўлсин, ишқилиб…

Идишни қоқиштириб, елкаларига суркатди. Хонадаги совуқ суягини зирқиратарди. Тез кийиниб ўраниб олди. Яхши, улгуриб қолди, ўранаётганда чироқ ҳам ўчди. Ён-верига болалар чўзилди.

Ярим кеча эди чоғи, эри келди. Эшик олдида оёғини қоқди ва ичкарига кирди.

—  Ҳей, овқат қилдингми? бурчакдаги қозонни очиб кўрди у, тимирскиланиб нон топди-да, кавшашга тушди.

Ухлаб-ухламай, жони ором топмаётган Каниза аламини ичига ютди. Тишини-тишига қўйди. «Бу аблаҳ билан яшаб бўлмайди. Ажрашиш керак. Иккита боласи бўлса боқиб олади, барибир ўзи боқяпти. Падар лаънати юргани-юрган. Бир мундоқ эркак кишига ўхшаб ғам еса экан? Анов фалончиларни эри туппа-тузук топиб-тутишяпти-ю? Гап сотмай ергина ютгур! Қорни тўйса бўлгани. Қаёкдан ҳам шунга тегди? Онаси-да, нариги маҳалла, кўзимни олдида бўлади, деб қилди, уни шу ҳаромхўрга. Ака-укалари туппа-тузук, бу эса носқовоққа нос борми… Ҳе, ўл! Ергина ютсин сани. Ҳали кўрасан, шаҳарга кетиб, йўлимни топиб кетмасам, отимни бошқа қўяман. Очдан ўлиб ҳам кетасан ҳали мен бўлмасам…

Салима опа ўлгур ҳам ҳадеб инкубасса, инкубасса демасдан тузукроқ одам топса, ўшани этагини ушларди. Уни ҳам топган гапи шу. Қуриб кет. Инкубассанг бошшингдан қолсин. Никоҳ ўқитармиш, бола бўлгунга қадар бирга ётиб юрармиш, кейин туғиб бериб, кетаверармиш… Катта тўлайди, дейди. Нимани тўлайди? Ҳозир ҳамма эркак бир гўр, алдаса бўлди. Ҳузурингни кўриб олса ҳисоб. Афирисдан кўпи йўқ ҳозир. Анов сўтак ҳам шо-липояга бир сув қўйиб олса, бўлгани. Кўзлагани шу. Битта мардига учраган эди-ю, қўлдан чиқарди. Ёнидаги пиёзчи жувон уриб кетди.

Қимир этса жони оғриб, тонг оттирди. Бозор бормаса бўлмайди. Нима еб, нима ичишади? Тишини-тишига қўйиб уйдан чиқиб кетди. Бозор яна шу. Гувиллагани-гувиллаган. Кечгача помидор сотди. Охири бир яшик қолди. Салима опа тез тугатди. Тушдан кейин уйига кетди. Негадир, у қайтиб келди. Бу пайт Каниза галстуклик хира билан  олишаётган  эди.   Хира  бир  яшик охирги помидорни халталарига бўшатиб, юз сўм бериб кетяпти. «Тўхтанг, нима деяпсиз? Ўрнига қўйинг» деса, «Бозордан йўқотаман», эмиш. Ие, ўзинг кимсан? Дўқ-пўписа билан қанақадир книжка кўрсатиб халта тўлдирасан, ярамас. Салима опа қўшилгач, охири галстукли шляпа помидорни ербурун тўкиб ташлаб, «Эртага бозорга кириб кўргин…» дея дўқ урганча тупуриб кетди. Ка-низанинг елка оғриқлари ҳам унутилди. Қарғана-қарға-на помидорларни яшикка териб солди. Қани, битта одамнинг раҳми келса. Яхшиям, шу Салима бор.

—  Ўзингизни босинг, бу ифлоснинг тирикчилиги шу,

—  юпатди уни Салима, паттачилардан ҳам олади, бозор-қўмга харажат қилдиради, ер юткур!

—  Чатанағини кериб қўяман, энди келсин. Қўрқадиган энасини қорнида! — ҳамон овозини пастлатмасди Каниза.

—  Бунақалар кўпайиб кетди, — хулосалади Салима,

—  Келинг энди, бошини ўзи есин, парво қилманг, — дея халтасидан янгигина аёллар этигини чиқарди.

—  Ёмғир, ҳавони қаранг, мана буни кийиб олинг, шу ҳавода шиппакда юриб бўладими, рангингизни кўринг…

—  Нимага кияман? Ким берди буни?

—   Кий дегандан кейин кийсангиз-чи?! Худони меҳрибончилиги. Қўшним берди. Нозимахон ҳали оёғингизни кўриб кетган экан. Шунақа, сизга билдирмай хабардор бўлиб туради. Худо деган қиз экансиз. Кундошингиз бирам меҳрибон. Ўз қўли билан кўтариб чиқибди. Мана бу жемперни ҳам кийиб олинг, — Салима яна бир оҳорли, қалин, қишда ҳам кийса бўладиган узун товус суратли жемпер чиқарди. — Ҳали шошмай туринг…

Этикни кийган Каниза жемпер енгига қўл тиқаркан, оёғининг шу заҳоти илиганини ҳис қилди. Ён-веридаги бозорчилар Салимага:

—  Синглингизни ясатяпсизми, ҳа, куёв топдингизми, дейман, — дея ҳазил-мутойиба қилишди.

—  Ҳа, ўзим камманми, анча-мунча куёвдан, — жавоб қилди Салима.

«Қутлуғ бўлсин» кўпайди.

—  Энди, — деди Салима ёнидан пул чиқариб санар-кан, — бир, икки, уч… Манг, ўн минг пул, эгачи. Бу ҳам сизга. Қани, қўлингизни кўтаринг. Худо бизга ҳам берсин.

Каниза пулни дарҳол олди.

Тилаволди Жўраев