Британия ҳукумати нега яна Гулнора Каримовани эслаб қолди?

0

Буюк Британия ҳукумати Гулнора Каримованинг қироллик ҳудудидаги кўчмас мулк объектлари ва бошқа активларини хатлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Британиядаги Ўта йирик миқдордаги фирибгарликларга қарши курашиш бюроси (Serious Fraud Office) хабарига асосланиб kun.uz ёзмоқда.

«Бошқарма 2002 йили жорий этилган қонунга мувофиқ объектларни фуқаролик тартибида мусодара қилиш ҳақида суд даъвоси билан мурожаат қилди. Даъво бир неча активларга, шу жумладан, Ўзбекистонда Гулнора Каримова ва Рустам Мадумаров иштирокидаги коррупциявий битимлардан олинган даромадлардан фойдаланиб сотиб олингани тахмин қилинадиган учта кўчмас мулк объектига таалуқлидир», дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова 28 сентябрь куни Тошкентдан Лондонга учиб кетгани хабар қилинганди.  У Лондондаги иқтисодиёт мактабида (London School of Economics) таҳсил олмоқда. Унинг акаси Ислом Каримов ҳам бир неча йиллардан буён Лондон шаҳрида истиқомат қилиб келмоқда.

Шунингдек, 1 октябрь куни Имон Каримова онаси Тошкентдаги уйда экани ҳақида ёзди. У Instagram’даги саҳифасида шундай деб ёзган: «Онам энди уйда».

Бу хабар ортидан Гулнора Каримова 2 октябрь куни Дубайга учиб боргани ҳақида хабар тарқалди. Бош прокуратура эса бу хабарни инкор этиб, Имон Каримова Ўзбекистонни ҳеч қандай тўсқинликсиз тарк этгани, Гулнора Каримова эса қонун билан белгиланган тартибда жазо ўташни давом этаётгани ҳақида маълум қилди.

Маълумот учун, 2017 йилнинг июлида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси Гулнора Каримовага нисбатан иккита жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълум қилганди.

Унга кўра, Каримова 2015 йилнинг августида жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди томонидан бир қатор жиноятларда, жумладан, жиноий гуруҳ тузишга алоқадорлик, ўғирлик, пул ундириш, давлат маблағларини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юбориш, солиқлар тўлашдан бош тортишда айбдор деб топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Яна бир жиноят иши бўйича тергов давом этмоқда. У ўзига қўйилаётган барча айбловларни рад қилган.

Маълум қилинишича, ушбу уюшган жиноий гуруҳ 10дан ортиқ хорижий давлатда легаллаштирилган маблағларга эга. Жумладан, гуруҳнинг Буюк Британияда 4,2 миллион фунт миқдорида пул маблағлари, шунингдек, Лондонда умумий нархи 22,9 миллион фунтлик уй-жойлар, квартиралар ва виллалари борлиги аниқланган.

Бош прокуратура маълумотига кўра, Швейцарияда Каримованинг 810 миллион доллар миқдоридаги маблағи музлатилган.