КУН КУЛГИСИ…

0

 

ХЎРОЗ

 

(ҳажвия)

 

Ота-онасининг тайини йўқ йигит

 

Макиёним Гулчитойнинг айтишига қараганда, иккимиз Матхўжа фермернинг инкубаторида дунёга келган эканмиз. Ҳали довдирамай юришни ўрганиб улгурмасимиздан Гулчитой иккимизни Эгам этикдўзникига олиб келишди. Биринчи куни мени аллақандай титилиб кетган эски маҳсининг ичига солиб қўйишди. Маҳсининг эгаси ким бўлган билмадим-у, локигин ичи жа бадбўй экан. Туни билан ҳиқичоқ тутиб чиқди. Хайрият, эртасига катакка ташлашди. Гулчитой билан бирга бурчакка бориб, бир-биримизнинг пинжимизга кирганча улғайдик. Этикдўз зиқналик қилмади. Ҳали маккажўхори, ҳали буғдой сепиб бизни катта қилди.

Катак тор, бунинг устига қўноғи бўлмаса-да, хафа эмасдим. Чунки мен ўша ерда ҳақиқий муҳаббатнинг илк тотли лаҳзаларини бошимдан кечирдим. Гулчитойга кўнгил қўйдим. Муҳаббат деганлари ғалати нарса экан. Кап-катта бўлиб қолибмиз-у, Гулчитойни эргаштириб томорқа, ҳовли кезганимда қўшни хўрозлар кўриниб қолса, рашким келарди. Дарров қанотимни қоқа-қоқа севгилимнинг олдини тўсар, унга бегона хўрознинг кўзи тушишига йўл қўймасдим.

 

Қичқириқ

 

Жўжалигимда кўрганман, катта хўрозлар баланддан- баланд ток устига чиқишарди-да, қанотларини силкита-силкита чўзиб қичқиришарди. Шунда қўшнимиз Сертук макиён холадан сўраганман.

— Хола, анави амаки нима қиляпти?

— Уми? — деганди Сертук макиён хола. — Хотинларига, уй эгаларига, бутун оламга хайрли тонг тилаяпти!

— Менам шунақа қичқираманми? — сўрагандим холадан.

— Албатта, агар худо умрингни узун қилса, хўроз бўлганингда қичқирасан.

— Ҳозир-чи? Ҳозир хўроз эмасманми?

— Йўқ, ҳозир жўжасан. Ҳали боласан, бола…

Хайрият, Сертук макиён холанинг дуолари ижобат бўлиб, хўроз ҳам бўлдим. Фақат этикдўзнинг уйида ток йўқ. Шуниси сал алам қилди. Бироқ диққинафас катакдан кўра ҳов анави букри анжир дарахтиям тешиб чиқмайди. Вужудимда хўрозлик қони қайнаб ғизиллаганча анжир дарахтига яқин бордим. Тепага сакрашдан олдин Гулчитойга қарадим. Ока, макиёним, ёшлик муҳаббатим анча қариб қопти. Туклари тўкилиб, нигоҳлари ўтмаслашибди. Семириб, қандайдир беўхшов муқомлар билан юрадиган бўпти. Унга бир томондан ачинсам, иккинчи томондан этим увишди.

«Нега бундай бўлди? — ўзимга ўзим савол бердим. — Мен девдек хўроз бўлдим, у-чи? Наҳотки, макиёнлар шунча эрта қариб қолишса? Энди нима қиламан? Шунинг учун кеча катакда «Кел, дардлашайлик» десам, «Э, боринг-э, шилқимлик ҳам эви билан-да» деганча ҳурпайиб ётиб олган экан-да!.. Худойим, биз хўрозларга макиёнларни ҳимоялаш, назорат қилиш, қайта тарбиялаш ва севиш вазифасини топширгансан. Ўзинг етказгин энди ёш макиёнлардан! Умрим армонда ўтиб кетмасин! Ўзинггагина аён, Гулчитой қарибди, семирибди, ҳали замон табака қип ташлашлари ҳеч гапмас. Ишқилиб, ёлғизлик ўтида куйдирмагин!..»

Бир қарорга келгандек сўнгги бор Гулчитойга алам аралаш қараб қўйдим-да, терс ўгирилиб, анжирнинг тепасига боқдим. Дарров жўшиб кетдим ва бир сакраб анжир дарахти тепасига чиқдим.

Анжир ҳам ёмон эмаскан. Эгам этикдўз худди мен учун экиб қўйганми, кўнглим кўтарилди. Бу ердан қўшнининг ҳовлисигача бемалол кўриниб тураркан. Ҳовлида дон чўқиб юрган даканг хўроз оғага мағрур тикилиб турдим-да, қанотларимни патиллата-патиллата илк бор қичқирдим. Қичқириғим чиройли ва жарангдор чиқдими дейман, даканг хўроз оға уёқда қолиб, ёнидаги макиён янгаларгача бурилиб қарашди. Ораларида ёш макиёниям бор экан. Оппоқ, дўмбоққина макиён қалин думларини силкитганча мендан кўз узолмай қолди. Уни кўрдим-у, ҳаракатларим беҳуда кетмаганига амин бўлдим ва қайтадан қичқириб-қичқириб қўйиб, аста пастга тушдим. Энди бир нарсага амин эдим. Дўмбоқ макиённинг юрагига ғулғула соп қўйдим. Энди фақат мени ўйлайди. Эрта-индин даканг хўроз оғанинг кўзини шамғалат қилади-ю, менинг ёнимга чопқиллаб чиқади.

 

Камбағаллик қурсин!

 

Бир таниш хўроз оға: «Камбағаллик қурсин, укам, йигирмата макиёним бор, хўжайин эса ойига атиги икки кило буғдой, бир кило маккажўхори ҳисобида маош беради. Ишонсанг, тез-тез оч қолиб кетаман, макиёнларнинг мўлтираб туришига чидолмай, ўзимнинг донимниям уларга бераман-да! Буям етмагандай, йигирмата макиён тез-тез чўқишиб қолади, уларга қозичилик қилавериб чарчадим! Баъзида бошимни олиб узоқ-узоқларга кетиб қолсам дейман-у, яна ўйлаб қоламан. Ахир, шунча рўзғор, бола-чақани ташлаб қаерга бораман? Барибир кўз қиймас экан. Шунда аламимни жўжаларга пўписа қилишдан оламан. Керак-нокерак уларга насиҳат қиламан. Жа нерв чиқиб кетса, макиёнларни ҳовли айлантириб қуваман. Ҳарсиллашини кўриб сал аламимдан чиққандай бўламан. Шундай экан, сен, укам, ўйлаб қадам бос, макиёнларнинг макрига учма! Уларнинг жодуси сени қайнатма шўрвага тиқади!» деганди. Шуларни ўйлаб туриб, Эгам этикдўзга раҳмат дегим келади. У менинг ғамимни еган, иккитагина макиён сотиб олган. Еганим олдимда, емаганим кетимда. Макиёнларим бир-биридан ақлли, фаросатли. Ҳадеганда калламни қотириб, оғзимдаги луқмани тортиб олишмайди. Барака топ, этикдўз!..

 

Кексалик

 

Мана, йиллар ўтиб табакага тортаверса бўладиган ёшгаям етиб қолибман. Лекин биз хўрозларни табакага тортишмайди-да! Нари борса, шўрвага ташлашади. Шунисигаям шукр!

Буёғидан келсам, Матхўжа фермернинг инкубатори ҳалиям ишлаб турибди. Демак, ёш авлод дунёга келяпти. Насиб бўлса, яқин ойлар ичида Эгам этикдўзнинг ҳовлиси яна хўроз, макиёнларга тўлиб қолади. Ёш-ялангнинг қичқириғи бутун қишлоқни тутади.

Фақат ҳозирги авлод сал капризнийроқ. Улар бизга ўхшаб этикдўзнинг анжири устига чиқиб қичқиришга ор қилишади. Шунинг учун сиздан муҳим бир илтимосим бор. Мабодо этикдўзни кўриб қолсангиз, айтинг, албатта ҳашаматлироқ қўноқ ясаб қўйсин!

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc