ҚОРА ҚИСМАТНИНГ ҚУЛИ… (28-қисм. Иккинчи фасл. Воқеалар реал ҳаётдан олинган)

0

 

* * *

 

Шу кунларда ишқнинг тогли лаҳзалари ҳам татимасди. Сусаннанинг кўзларига тик боқишга-да ожиз эдим. Унинг қаршисида ўзимни жуда нотовон банда каби ҳис этардим. Оқибатини ўйламай тутган ишим учун ўзимни сира кечира олмасдим. Энди нима қиламан? Уни ишонтирдим. Унга сўз бердим. Нима деган одам бўлдим? Рўзғор тебратишни бўйнимга олиб, Сусаннани севги изҳорларига кўмиб ташладим. Унга ҳеч ким эриша олмайдиган бахт ваъда қилдим. Қани ўша бахт?! Бозорга ишониб бир шўрликни дарбадарга айлантириб қўймоқдаман. Эрта-индин қолган-қутган пулларни йиғиб ижара ҳақидан қутулсам, тамом! Кейин қаерга бориб пул топаман-у, рўзғорни қандай бутлайман?

Аламдан ёрилгудек аҳволда ер остидан Сусаннага боқдим. У каравотда ётганча деразадан тўлин ойни томоша қиларди. Бирпасдан сўнг елкамга бошини қўйганча оғир хўрсинди. Шундан кейингина сал ғуборлар тарқалгандек кўнглим ёришди.

— Сусанна, — шивирладим мен ҳам ойга боқиб. — Худди шу ой каби қалбингни доғлаб қўйдим-а?

У кескин бошини кўтариб бармоқларини лабимга босди.

— Бу нима деганингиз? — деди маҳзун оҳангда. — Мен бахтиёрман.

— Ахир, кўраяпсан-ку! Бозорниям белига тепишди.

— Уларгаям боққан бало бордир. Шунгаям қайғуриб ўтирамизми? Бир кунимизни кўрармиз ўлмасак.

— Ўлиб кетсак-чи? Пулларимиз камайиб бораётган бўлса. Кейин нима бўлади?

— Хавотирга ўрин йўқ. Худо беради.

— Ё таваккал қилиб бозорга чиқаверсаммикан? Ҳарқалай уриб ўлдириб қўйишмас мени?

— Йўқ, — деди қатъийлик билан Сусанна. — Чиқмайсиз бозорга!

— Нега?

— Чунки сизнинг ўз касбингиз бор. Қаёқдаги бозорчилар билан ёнма-ён ўтириб писта сотиш сизга ярашмайди.

— Ие, ўша ерда танишмаганмидик? Энди ярашмайди деганинг нимаси?

— Ўшандаёқ кўнглимга тугиб қўйгандим.

— Нимани?

— Агар шу йигит билан турмуш қурсам, бозорга чиқармайман деб ўзимга ўзим сўз бергандим.

— Вой, айёр-эй, — суюклигимни маҳкам қучоқлаб олдим. — Ҳали турмуш қуришимизни билгандим, де?

— Албатта-да, — кулиб юзимни чимчилади Сусанна. — Ҳар келганимда тикилавериб жонимни олардингиз. Ўшандаёқ сизники бўлишимга кўзим етганди.

— Бахтимдан ўргилай! — унинг юзларидан оҳиста бўса олдим. — Яхшиям сени учратдим. Мана, қийин лаҳзалардаям ўзинг далда бўлаяпсан. Сендан бошқаси бўлса…

— Бошқаси бўлмайди! — сўзимни кесди Сусанна. — «Бошқаси» деган сўзни ҳеч қачон оғзингизга олманг!

— Сен абадий меники бўласанми?

— Қасам ичаман! Сиздан бошқасига қайрилиб қарамайман!..

Бу дил изҳори вужуд-вужудимни титратиб юборди. Бир зумда аламлар, қайғу ва хавотирлар тумандек тарқаб, енгил тортдим.

 

* * *

 

Шу кеча туш кўрдим. Ойсиз, зулматли кечада ўзга бир юртда, сўнгсиз саҳрода дарбадар кезармишман. Саҳрода на дарахт, на гиёҳ бор эмиш.

Қайноқ қум оёқларимни куйдирар, чидай олмаганимдан тўхтамай югуришга маҳкум эдим. Шу кўйи ҳарсиллаганча сувсиз кўл бўйига етдим.

Кўл ёқасида мен каби ташна ва оч қарға-қузғунлар изғир, егулик қидиришарди.

Шу пайт кўл бўйида сочлари пахтадек оқарган, озғинлигидан елка суякларигача туртиб чиққан, аммо ёшамол аёл пайдо бўлди. У менга орқа ўгирганча суви қуриган кўлга тикилар, чуқур ўйга толганди.

Негадир унинг жуссаси менга таниш туюлиб яқинроқ бордим. Қадам товушларини эшитган аёл илкис бошини мен томон бурди.

Мен… Тахта бўлиб қолдим. Чунки у Наргизам эди. Менга боқарди-ю, кўзларидан ёш ўрнига қип-қизил қон оқарди.

— Шу ергаям топиб кепсиз-да! — деди Наргиза бошини қайтадан кўл тарафга буриб. — Сиздан қочиб мана шу саҳрога келгандим.

— Нега бунча озиб кетдингиз? — сўрадим ундан титроқ аралаш. — Сочларингиз нега бунчалар оқ?

— Очман, оч! — Наргиза даст ўрнидан турди-да, суякдангина иборат оёқларини, шалвираган қўлларини баравар олдинга чўзди. Шу заҳоти озғин гавдаси чамаси бир метрча юқорига кўтарилиб, шу кўйи ҳавода муаллақ қолди. — Кўрмаяпсизми аҳволимни? Минг йилдан бери ейишга ноним, ичишга сувим йўқ. Мен макон қурган жойларда фақат меҳрсизлар яшашаркан.

— Қанийди сизга кўмак бера олсам, — дедим хафа бўлиб. — Ўзим ҳам сиздан баттар ҳолдаман. Менам шу саҳрога тирикчилик илинжида келувдим. Афсус, адашибман.

— Э, сиз қачон одам бўлгандингиз ўзи? — мени жеркиб ташлади Наргиза. — Тириклигимда ёрдам бермаган одам энди дардимга малҳам бўлармиди?!.

— Бу нима деганингиз? — қўрқиб кетдим мен. — Ахир, сиз билан ёмон яшамадик! Сизни қабрга қўйганимиздан кейин ҳам қанча вақтгача суҳбат қурганларимизни биласиз-ку!..

— У даврлар ўтиб кетди! — деди ҳануз тескари ўгирилган ҳолда Наргиза. — Лекин сиз ўзгармадингиз. Тадбир тузишни билмайсиз. Ўлгудек нўноқсиз. Агар шу тахлит кетаверсангиз, билиб қўйинг, ўлганингиздан кейин менданам баттар аҳволга тушасиз.

— Айтинг, нима қилай? — бақирдим бор овозда. — Нима қилай? Қайга борсам, қай деворга бош урсам, қаршиликлар, шафқатсизликларга юз тутаверсам!

— Нон топинг, нон! — бирдан ҳайқириб қоча бошлади Наргиза. — Ортимдан чопсангиз, албатта топасиз, топасиз! Фақат ортда қолиб кетманг! Бургутларга, қашқирларга ем бўласиз! Мен сизни улар чангалидан қутқара олмайман! Ожизман, ожиз!..

Мен жонҳолатда Наргизанинг ортидан югура кетдим. Чопиб борардим-у, қайноқ қум оёқларимни чидаб бўлмас даражада куйдирар, оғриққа бардош бера олмаганимдан шердек ўкирардим.

 

* * *

 

— Сизга нима бўлди? Тинчланинг! Кўзингизни очинг!..

Беихтиёр уйғониб кетдим-у, сакраб ўрнимдан турдим. Нуқул ҳансирар, аъзойи-баданим қора терга ботганди.

Тепамда йиғлагудек жавдираб турган Сусаннага боқдим-да, шоша-пиша оёқларимни кўздан кечирдим. Ҳаммаси жойидалигига амин бўлгач, бўшашганча каравотга ўтириб қолдим.

— Ёмон туш кўрибман, — дедим ҳансирашим ҳийла пасайгач. — Қўрқиб кетдим. Кимсасиз саҳрода эмишман. Сувсизликдан, очликдан азобланибман.

— Тушга нималар кирмайди, — мени юпатиб пешонамдаги маржон терларни енги билан артди Сусанна. — Ҳеч нарсани ўйламанг. Ҳаммаси яхши бўлади. Бу кунлар ўтиб кетади.

Эндигина юз-қўлимни ювиш ниятида ваннахонага йўл олгандим, Ваня амаки хонасидан чиқиб йўлимни тўсди.

— Ука, сен хафа бўлмагин-у, — қовоқ уйиб сўз қотди у. — Лекин бошқа жой топмасанг, бўлмайдиганга ўхшаб турибди.

— Нима бўлди? — сўрадим кутилмаган гапдан юрагим орқага тортиб. — Тинчликми, амаки?

— Россиядан ўғлим оиласи билан келаяпти. Улар беш киши. Сизларни кўрса, жаҳли чиқиши мумкин-да!

— Ш-шунақами? — дедим тарвузи қўлтиғидан тушган кимсадек ортга тисланиб. — Хўп, бугуноқ бошқа квартира излаймиз, амаки!

— Тушунаман, — деди Ваня амаки қўлларини мушт қилиб. — Ҳозир қийналиб турибсан. Бозоринг ҳам анавиндай… Ўхшамай турибди… Менга қара, сенга яна битта яхшилик қилай.

— Қанақа яхшилик? — уй эгасига умидвор боқдим.

— Бир ойлик ижара ҳақини беришинг керак эди, тўғрими?

— Тўғри.

— Ўшани бермай қўяқол! Менга берадиган пулингни янги квартирага сарфла. Бир ой амаллаб турсанг, у ёғига худо пошшо.

— Раҳмат сизга! — қувониб Ваня амакининг қўлини сиқдим. — Ўзингизам топилмас одамсиз-да! Шу ердаям мени ўйладингиз-а!

— Қўявер, мен шунақа одамман. Сен яхшиси ҳаракатингни қил! Эр-хотин бирпас елиб-югурсангиз, топасиз бошқа жой. Фақат мендан ранжима! Ўғлимнинг феълини фақат мен биламан…

Шу куни Ваня амаки билан маҳзун хайрлашиб, Сусанна иккимиз бошқа уй топиш илинжида кўчага йўл олдик.

 

* * *

 

То кечга қадар икковлашиб ижара уй қидирдик. Бир-икки марта бундай иш билан шуғулланмаган одамга осон кечмас экан. Шундайлар дуч келардики, савол берсангиз, юзингизга бақрайганча боқиб, тўсатдан дўқлаб қоларди. Илож қанча? Тилни тийишдан нарига ўтолмас экан киши.

Мен-ку, майли, бундай ҳаётга озми-кўпми кўникканман. Чидашга, сабр қилишга мажбур эканимни ҳис эта оламан. Сусаннанинг менга ҳамроҳ бўлгандан бери тортаётган азобларига ачинардим. Уй топилавермагач, хафа бўлганида, оғир хўрсиниқ билан олға юрганида ер ёрилса-ю, кириб кетсам дердим. Ора-сирада елкамдан қучиб мени овутган онларда эса юрагимни фахр туйғуси қуршаб оларди. Яратганга шукр қилганча янги қувват билан илдам қадам ташлардим.

Ниҳоят, бир кекса одамнинг уйидан нажот топдик. Бизни ижарага қўйишга рози бўлди.

Қариянинг уйи кўримсизгина, тор бўлса-да, бизга ажратилган хонада яшаб турса бўларди. Умуман, кеч шомгача уй қидириб ҳолдан тойганимиз учунми, ҳеч нарсага қараб ўтирмадик. Бизга шу тобда тинчлик, хотиржамлик тақдим этишса, ҳеч ким безовта қилмаса, шунинг ўзи кифоя эди.

Оёғимизни қўлга олиб майда-чуйда буюмларимизни янги квартирага олиб келдик ва енгил нафас олгандек каравотга чўкдик.

 

* * *

 

Очиққандик. Аммо Сусанна мени дўконга чиқиб келишга қўймади. Сумкада пича ун қолиб кетган экан. Ўша ундан хамирча қорди. Сўнгра нон шаклига келтириб, бир дона пиёзни майдалаб тўғради, унга помидор томатини қўшди-да, нон устига сурди.

Кўз очиб юмгунча дастурхонимизда қизариб пишган мазали нон ҳозир бўлди.

Очиғи, бу қадар мазали нонни ҳеч қачон тановул қилмагандим. Сусаннага ташаккур назари билан боқдим. Ахир мамнун бўлишга ҳақли эдим! Бир чимдим ун, бир дона пиёз ва шунча помидордан бу қадар ажойиб таъмли нон ёпиш мумкин эканлигини етти ухлаб тушимда кўрмаганман.

Қалбимни ҳам фахр, ҳам қўрқув ҳисси қамраб олди. Суюклигимнинг тиззаларини қучганча қора кўзларига меҳр билан боқдим.

— Сен топилмас аёл экансан, — дедим шивирлаб. — Қара, ҳеч қачон татиб кўрмаган таомни менга ҳадя қилдинг.

— Бунинг нимаси зўракан? — деди Сусанна хотиржамлик билан. — Ҳар қандай одам пишира олади буни.

— Хаёлига келмаса-чи? — дедим даст ўрнимдан туриб. — Умрида шундай нон борлигини ўйлаб кўрмаган бўлса-чи?

— Тўғри, — маъюс кулимсиради Сусанна. — Бундай нон пишириш учун бизнинг кунимизга тушиб кўриши керак.

Мана шу гапи мени ҳушёр торттирди ва баттар хавотирим ортди. Миямда бўлмағур хаёллар чарх ура бошлади. Худди яқин орада севгилимдан айрилиб қоладигандек қўрқувга тушиб қолдим.

Даст ўрнимдан турдим-да, энди дастурхонни йиғиштиришга тутинган Сусаннани маҳкам бағримга босдим.

— Ҳа-а, нима бўлди тағин? — сўради у ҳайрон бўлиб. — Тинчликми ўзи?

— Ростини айт, — дедим унинг кўзларига тик боқиб. — Менга хиёнат қилмайсанми? Мени ташлаб кетмайсанми?

— Уф-ф, — дея ўзини секин орқага олишга уринди у. — Ҳалиям ишонмаяпсизми менга?

— Йўқ, очиғини айтмагунингча қўйвормайман!

— Биз энди эр-хотинмиз, — деди Сусанна босиқлик билан. — Шундай экан, ташлаб кетиш ҳақида гап бўлиши мумкинмас. Хиёнат масаласига келсак, хотирингиз жам бўлсин. Мен сиз ўйлаган аёллардан эмасман. Ҳеч қачон хиёнат йўлига кирмайман.

— Сўз берасан-а?

— Ҳа, сўз бераман. Бўлдими?

Сусаннанинг майин жилмайишидан эриб секин уни қўйиб юбордим ва ҳазил аралаш дедим:

— Энди бемалол ишингни бажаришинг мумкин.

У ҳам ҳазилимга ҳазил аралаш жавоб қилди.

— Хайрият-ей, шу кеча қўйиб юбормасмикансиз деб қўрққандим!

 

* * *

 

Эрта тонгда Сусаннанинг пиқ-пиқ йиғлашидан чўчиб уйғондим.

У менга терс ўгирилганча йиғларди.

Ҳайрон бўлдим. Чамаси уни кечқурун ранжитмагандим. Ёмон туш кўрдимикан? Унда нега мени уйғотмасдан ўзи дард чекаяпти?

Жоним халқумимга келгудек икки елкасидан тутиб ўзимга қаратдим. Сусанна қаршилик билдирмади. Аксинча елкамга бош қўйиб баттарроқ йиғлай бошлади.

— Нима бўлди? — сўрадим меҳр билан сочларини силаб. — Ким сени хафа қилди? Мен эмасми?

— Уйимдагиларни туш кўрибман, — деди хўрсиниб Сусанна. — Ойим нуқул мени уришаётганмиш. Укам, опам тескари ўгирилиб олишибди. Қанча гаплашишга уринмай, фойдаси бўлмабди. Уларни соғиниб кетдим…

Бу ҳасратлар юрагимни эзиб юборди. Афсуски, ожиз эдим. Ахир қандай қилиб уни юртига юборай? Ҳазилакам пул кетадими у ёқларга бориш учун?! Нима қилсам экан? Қай йўл билан овутай? Нима қилсам дардлари арийди?..

— Мени кечир, — дедим бошимни чангаллаб. — Сен билан турмуш қуришдан олдин шу тарафларини ўйламабман. Соғинч азоби сени эзиши хаёлимга келмабди.

— Жиннивой, — дея билагимни маҳкам сиқди Сусанна. — Шунгаям ўзингизни айблаяпсизми? Бу туш эди, холос. Бирпасдан кейин ўтиб кетади. Ҳадеб ғам чекаверманг-да!..

— Барибир қийин. Бу қийноқларни ўзим ҳам бошимдан ўтказганман. Нималигини жуда яхши биламан.

Бир маҳал Сусанна сапчиб ўрнидан турди-да, елкамдан тортқилаб мени ҳам туришга ундади.

— Биласизми, нима қилсак бўлади? — деди у кўзлари чақнаб. — Айтайми?

— Айтақол! Мени қийнама, тезроқ айт!

— Келинг, сизнинг қишлоғингизга борамиз! Қайнонам, қайнсингилларим билан таништирасиз. Уларни кўрсам, уйимдагиларни кўргандай бўлармидим. Нима дейсиз?

Бу таклифни эшитиб, менга қайтадан жон киргандек бўлди. Оғзимнинг таноби қочиб суюклигимга ҳазиллашдим:

— Балосан, Сусанна, балосан! Қара-я, шунча пайтдан бери хаёлимга келмаганини! Ахир аллақачон қишлоққа олиб боришим керак эди сени! Нимага ўйламадим?

— Ҳалиям кеч эмас, — деди Сусанна жилмайиб. — Ҳозирча пулимиз бор. Бориб келишга бемалол етади. Қайттгандан кейин бир гап бўлар.

— Тўппа-тўғри. Қани, унда отлана қолайлик! Кечикмайлик!

— Бўпти, мен тезгина буюмларни йиғиштирай!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here