«Бозор дунё» ёхуд эрини ўзгага никоҳлатган аёл изтироби (3-қисм)

0

Наби Мусаевичнинг замони аниқ ўтган, шундай эса-да, у вақти аллоно бундай гапларни гапириб туриш керак деб ўйлайди. Шунда унинг кўнгли таскин топади. Асли ўзи Мансурни, йўлимдан юрсин, ҳунаримни олиб қолсин деб, тарихга киргизган эди. Олим бўлишини хоҳларди. Шу сабабли норози бўлиб юрди, айтгани бўлмади-да. Майли, омадини берсин.

Бир куни амвол тўғрисида азтахидил гапираётиб, бир мисол келтирди:

—  Бир одамни биламан, жуда камбағал эди. Оиласини амал-тақал тебратарди. Алвир-шалвир, йиртиқ-ямоқ кийим кийиб, бизнинг уйимиз яқинидаги ахлатхонани титгани-титган эди. Унда сизлар ёш бола эдинглар. Йиллар ўтиб унга худди ўзига ўхшаш, анво болалар қўшилди. Иштонсиз, кўйлаксиз ҳам юришаверарди. Ўшалар отасига ёрдам бериб, ахлатхонадан кир, кўкарган бухан-каларни теришарди, қоп-қоп қилишиб, орқалаб кетишар-ди. Шунга мол-қўй боқишиб, зўрға тирикчилик қилар эканлар. Бу бўлган воқеа, ўғлим. Ҳозир кўрсанг, шулардан бой одам йўқ. Ҳамма ўғлининг ўзига етарли уй-жойи бор, тагида машинаси. Кўрдингми, ҳалол меҳнатни, нонни азиз қилганни Худо азиз қилади.

Мансур табиатан камгап бўлгани учун ота бечора гапира-гапира энсаси қотиб, ҳафсаласи пир бўларди. Нари борса дадасининг гапларига одоб юзасидан «хўп» билан чегараланарди.

Мансуржон дадаси билан саломалик қилгунча, Нозима дарров дастурхон тузади. Ёғли патирларни ушатди. Икковларига чучвара сузди, чой дамлади. Ота-бола суҳбат қуриб овқатландилар. Ташқарида тимирскиланиб юрган Нозиманинг хаёлидан негадир «Жуда бўлмаса, шу ерга ҳам келиб олавераман-да» деган ўй ўтди. Ўйлашга ўйлади-ю, ўзи ғалати бўлди, бу ёмон фикрни қувишга уринди.

Бир вақт ота билан хайрлашиб уйга қайтдилар. Индамай рулни бошқариб кетаётган Мансуржон:

—   Дадамга бирон нарса дедингизми? — деб қолди тўсатдан.

—  Йўқ, шунчаки ўзим… Барибир биладилар-да… — жавоб қилди дудмолланиб Нозима.

—  Аввало, менга шу иш керакмас. Ўзингиз бошимни

24

қотиряпсиз. Сизнинг устингизга ҳеч қачон хотин олмайман. Майли, сиз айтган дўстларимнинг иккита хотини бўлса бўлсин. Меники бўлмайди. Бўлмайдиган гапни оқсоқолга айтиб нима қиласиз? У кишини энди кўраётган бўлсангиз экан.

—  Унчалик деганим йўқ эди… Шунчаки…

—  Профессорга қилча ишора бўлса бас, жаҳон тарихини чўнтагингизга солиб қўяди.

—  Хафа бўлманг, бегим, билмабман.

—  Кечиринг, эшитадиганимизни эшитдик-да. Узр, жоним, сизни койимоқчи эмасдим, — Мансуржон чин дилдан узр айтди, буни Нозима тушунди, тушунса ҳам:

—   Мени Анхел шоввасидан ташлаб юборсангиз ҳам заррача хафа бўлмайман, — деди йиғлаш ўрнига кулимсираб.

—  Анхелингиз нимаси?

—  Профессорнинг гапида.

—  Ҳа, шундоқ денг?

—  Ҳали тушлик келтирганимда шуни менга тушунтириб кетдилар. Венесуэладаги энг баланд шаршара экан. Шовва 1054 метр баландликдан тушаркан.

—  Сизга нима алоқаси бор экан унинг?

—   Мен ҳам сиз билан ана шундай соф ва узоқ яшашим керак экан.

—   Оббо, профессорей, келинига шунақаям хушомад қиладики, — кулди Мансуржон ва тез ўзини тутиб, куй-маланди. — Бу ёкда ўзи Анхелим чиқиб турибди.

—   Вой, нима қилди?.. — Нозима бу саволга жуда-жуда «дадаси» деган улуғ сўзни қўшгиси келарди-ю, ҳар гал тилини тишлаб коларди. Шунинг учунми, гапи узуқ-юлуқдай чиқарди.

—  Э-э, — деди хўрсиниб Мансуржон, — яна департамент.

—  Ие. Кечагина келишканди-ю?

—   Энди нариги дўконга… Яна сертификат йўқ, кассага урилмаган разница… Шундай бошоғриқ.

—  Э-э, кўнглингизга олманг. Берсангиз тинчишади.

—   Шу-да. Шуни индамай сўрайверишса-ку, берилади. Кўрмайсизми?

—  Кўйинг, арзимаган нарсага бошингизни оғритманг. Бор, берасиз. Улар ҳам нима қилсин, бола-чақаси бор… Ойликка яшаб бўладими?

—  Бўлади, дейди-ю, профессор…

Дадам,  дадамда.  Умрлари зиёда бўлсин.  Энди, мени гапимни гаплашайлик. Салимахон…

—  Қўйинг, беъмани гапни…

—  Қулоқ солиб туринг… — эркаланди Нозима.

—  Эшитмайман!

—  Эшитасиз!..

Бу вакт уйларига етиб келдилар. Нозима чаққон дарвозани очди, Мансуржон дарвозадан ўтишига ичкаридаги гараж эшигини очиб, чироғини ёқишга улгурди. У ҳар куни бу ишларни югуриб-елиб, аяси боғчага эрта келган боладай қувониб бажаради. Мансуржон машинадан тушган заҳоти, Нозима енгил парашют матоҳни ма-шина устига ташлади, гир айланиб ёпди.

—   Чўмилиб оласиз, — дея уй эшигини оча солиб, чироқларни ёқиб юборди.

Югуриб кириб, ваннахонани кўздан кечирди. Эри-нинг чўмилишига кўмаклашди. Унга совун суриб, орқаларини ишқалар экан: «Азизим, шаҳаншоҳим» дея гўдак-дек суяр, эркаланиб эркаларди.

—   Мана бўлди, энди артиниб оладилар, — амрикон сочиқни ёпди устига, сочларини артди. — Ҳозир, шаҳан-шоҳимиз чиққунча, чой дамлаб турамиз.

Мансуржон халатини кийиб, бир қучоқ бўлиб, меҳмонхонага кираркан тагига оромкурси сурди, югуриб телевизорни қўйди. Чой келтиргани чиқиб кетди. «Қизи бўлганда эди, ҳозир ўн иккига кирган бўларди, дадасига чойни ўша дамларди» хаёлидан кечди унинг. Оғир хўрсинди. Эй, дунёи бевафо! Чойни олиб кирганда Мансуржон оромкурсига ястаниб, телевизор томоша қилаёт-ганди. Нозима чойни қуйиб, унга қўшилди.

Телевизорда реклама кетар, Фаррух Зокиров бошлиқ ашулачилар иштирок этган фильмдан парча кўрсатишмоқда эди. Мансуржон:

—   Ўзбекистонда актёр қолмади, шекилли? — деди чой ҳўпларкан.

Нозима тушунмади ёки эътибор бермади, Мансуржон унга бироз қараб турдида, дастурни ўзгартирди. Бу ерда тадбиркорлар ҳақида фильм кетар, бир қиз ўзича ёпишмаган сунъий хатти-ҳаракатлар, гап-сўзлар қилар-ди. Мансуржон яна тугмачани босди, энди кўча тўла бахтиёр ўзбек жуфтлар ясан-тусан, ўрталарида шўхшодон болачаларини етаклаганича хиёбонни тўлдириб ўтмоқда эдилар. Мансуржон билмай Нозимага қаради, у эса ерга. Буни дарҳол тушунган Мансуржон яна дастурни ўзгартирди. «Россия» каналида Сталин бино бўлди. Кейин Гитлер… «Мюнхаузен» деган ёзувдан кейин кўкка бўй чўзган, тутун буруқсаётган улкан мўри экранга келди, ундан кейин сочи қирилган болаларнинг ўтга кираётгани…

Мансуржон: «Ётдик» деди ва телевизорни ўчирди, ётоқхонага йўл олди. Нозима телевизордагилар етовидаги шўх-шодон, чиройли болачалар билан бирга кирди, хаёлида ётоқхонага. Мансуржон магнитафонни паст қўйди, ундан «Баҳор айёми» мунгли таралди. Икковлон ёнма-ён ётиб кўксини тўлдирган ёқимли оҳанг оғушида тин олишди. Оҳанг аста-секин авжига чиқар, бутун оламнинг абадулабад саодатбахш торларини чертмоқда эди. Улар анчайин сукутда қолдилар. Қўшиқнинг сўнгги пардаларида Нозима Мансуржоннинг елкаларини силади. У оҳанрабо қўшиқ селига ғарқ, Нозиманинг тотли сирпанаётган кафти устига кафтини қўйди. Шу топда сўзлашиш ортиқчадек эди. Барибир, бу хушбахт сукунатни Нозима бузди: у бунга мажбурият сезаётганди.

—   Бегим, — дея майин, аммо жиддий сўз бошлади. — Мен сиздан сўроқсиз бир иш қилиб қўйдим, — гап бошлади-ю, эрининг эътиборини кутди.

Яхши, Мансуржон жим ётди. «Энди такдирга тан беради» ўйлади Нозима ва имконида мавжудки самимий-ликни ишга солди, гапни узокдан бошлади.

—   Менинг бахтим ҳам, тахтим ҳам фақат сиз. Мен сиздан бошқа кимга керакман? Тоғаларимни қўлида ўсган бўлсам, ўшалар чиқарган бўлса, институтда сизни — ўзимнинг бахтимни топган бўлсам! Сиздан бошқа кимим бор? Ўзимни бир дам сизсиз тасаввур қила олмайман ва сизни бахтсиз қилишга заррача ҳаққим йўқ. Сизга аввал ҳам айтганман, айб менда. Мен ўзим бахтиқаро яккатуғмаман. Буни биласиз. Сиздан яширганим йўқ ва кўзим тирик экан сиздан ҳеч нарсани яширмайман. Онам мени туғибоқ, у дунёга йўл олган. Унинг туғиши мумкин эмас эди. Ремокардит шунақа дард. Мени зўрға сақлаб қолишган. Яхшиям яшаб қолган эканман, мана, ўн уч йилдирки, бир ёстиқ иккимизники, дунёда энг севган кишимнинг оғушидаман. Мени бир марта ҳам кўз ёшимни оқиз-мадингиз, бирор дам бировга қарам ёки зор қилмадингиз. Тоғаларимнинг менга қилган яхшиликларини ҳам ўн чандон қайтардингиз.  Мендан ҳеч қачон кечмассиз, чунки сизда номардчиликнинг уруғи ҳам йўқ. Қўли очиқ, мард, меҳрибон одамсиз. Яхши одамнинг фарзандисиз. Ҳатто акам ҳам сизнинг кўп хислатларингиздан бегона. Буни мен биламан. Шунинг учун дадам ва мен сизни жуда яхши кўрамиз. Ҳамма сизни яхши кўради. Мен буни одамлар сиз билан гаплашаётганда кўзларидан сезиб тураман. Худо икки қўллаб берган сахий, олийҳимматсиз… Ишонаверинг, мен сизни жудаям, жудаям… севаман десам энди ярашмайди, бу ўзбекнинг гапи эмас, хуллас сизнинг қулингизман… Чин сўзларимни айтаё-тибман. Ахир шу бугун ҳам гапимни рад этсангиз, унда дадамга айтганимни қиламан… Шу ёқлардан йўқолиб кетаман…. Мени шу ерда, шу эшикда қулингиз бўлиб юрсин десангиз, гапимни иккита қилмайсиз. Мен бунга қатъий қарор қилганман. Туғади, кетади. Чидайман. Оғзимдагимни бериб қўйиш менга осон деб ўйламанг. Аммо сиз учун, битта фарзанд учун ҳозир жонимни оламан деса, бошимни кундага қўяман. Сиз айтган болалар уйидан олинган бегона қаёқда-ю, томирида сиздек одамнинг қони оқиб турган эт қаёқда? Ўша менинг болам бўлади. Ўзим катта қиламан. Она бўламан. Мени бу бахтдан мосуво қилманг, жон Мансур ака!

—   Кейин кетмаса-чи? — тилга кирди Мансур, овози хира чиқди.

—   Кетади. Шунга келишилди. Шунинг учун содда, қишлоқи, ўша ўзингиз кўрган келин билан гаплашилди. Шаҳарлик эчкидан қўрқ. У нима, бир қорнига пул топа олмай юрган пул гадоси. Яхши тўлаймиз, бизнинг айтганимиз бўлади. У олган пулидан хурсанд, ўз йўлига кета-веради. Бизнинг эса меросхўримиз пайдо бўлади. Осон топяпсизми, кечаю кундуз чопа-чопа… Этни тирнокдан ажратиб бўлмайди. Ўзингизнинг пуштикамарингиздан бўлганига нима етсин!

—  Уни сиз яхши билмайсиз…

—   Таваккал… Худодан қўрқар ахир. Ҳаммамиз ҳам Худонинг бандаларимиз-ку?

—   Мен қандай қилиб танимаган-билмаган бошқа хотин билан ётаман?..

—   Битта тирноқ учун одамлар нималар қилишмайди. Сиз ҳам, мен ҳам чидаймиз, Азроилнинг чангалида бўлса ҳам.

—  Бирон нарса бўлса, ўзингиз барчасига сабабчи, шу эсингиздан чиқмасин.

—   Бирон нарса бўлиши сизга боғлиқ. Эркак киши қаттиқ турса, гапида турса, ҳамма чигал ечилади. Гап ҳамжиҳатликда. Ҳамжиҳат ҳал қиламиз.

—  Одамлар нима дейди? Ҳожи бўлсам?

—   Э-э, ҳожиларни қўйинг. Ўша, ҳожиларми, ҳожи-лар… Уларни гапириб нима қиласиз? Сиз бошқача одамсиз. Биламан, ўлигим ҳам сизники.

—   Осони, бош оғриқ қилмасдан, бола олиб қўя қолсак олам гулистон эди…

—  Қаёқдан биласиз, кимнинг боласи, қайси ҳаромзода туғиб ташлаган? Улар тўғрисидаги гапларни эшит-сангиз, тепа сочингиз тик бўлади. Манави гапни эши-тинг: бир бизга ўхшаган оила фарзанд деб турган экан, синглисини эри бориб қолибди. Бу гапни эшитиб «Нима қиласизлар, бегонани олиб, бегона-бегона-да, мана бизда нечта фарзанд, яқинда хотин яна туғади, ўзингизни синглингиз, ўшани олиб келиб бераман, қўйинглар биров-нинг боласини, вафо қилармиди?» деб кетиб, улар ишониб юрса, бир куни бир янги туғилган болани олиб бориб берибди. Кунлардан бир кун болани катта қилаётган хотин синглисиникига келиб, «Боланг ажойиб катта бўляпти, ҳеч ташвиш қилма», деса, синглиси ҳайрон: «Қайси болам, икки йилдан бери туққаним йўқ-ку?» деб-ди. Қаранг, ҳалиги шоввоз божасига хотинимдан, деб ўйнашидан хуфя туғилган болани олиб бориб берган экан. Опа бўлса, эри ҳар: «Божамларникига борайлик» деганда, синглиси болани кўрса, барибир онада, меҳри тов-ланиб, зўрға топган боласини олиб қўйишидан қўрқиб эрига: «Улар узоқда яшашса, бола билан қийналаман» деб нақ саккиз ой деганда борган экан…

Ана кўрдингизми? Бу гапни асло оғзингизга олманг. Энди анови қишлоқи масаласига келсак, тузуккина, эсли-ҳушли жувонга ўхшайди. Камбағаллик тушовига тушган. Бошидан иссиқ-совуқ ўтган, яхши-ёмонни ажратган, бола-чақаликкина экан. Салима опа обдон сўраб-суриштирди. Билмадим, энди одамнинг оласи ичида. Худога айтганимиз бўлса, тўғри хотин чиқар, бўлмаса пешона-миз… Ўзиям сўлқиллаган, қорамағиз, офатижонгина. Эр-как зотини кўзини ўйнатадиган. Ҳали ишқилиб, қорачаси ўт бўларкан деб… — Мансуржонни туртди Нозима.

—  Э-э, ҳазил сиғадими ҳозир?

—  Энди, билиб бўлмайди-да, жодугаргина бўлса…

—  Қўйинг, умуман бас қилинг шу гапларни…

Айтдим-қўйдим-да, бегим. Инсофни ўзингизга берсин. Биз энди «Бисмилло» деб бу ишга қўл урдик, охири бахайр бўлсин.

Нозима нозли суйкалиб, эрининг пинжига суқиларкан, Мансур эрта-индин бу кошонада юз берадиган ёқимли янгиликлар мазасини туяр, хушбахтлик ила истиқ-болда турган аёл нафасини Нозимадан излай бошлади…

III

—   Ҳа, сал сийлаб қўядигани… бор экан, — жеркигандек жавоб қилди Каниза пастга ишора қилиб, кўрпа остидан бир кўзида қараб турган эрининг: «Хоҳ, ясаниб жуда ойтилла бўлиб кетибсизми?» деган писандасига.

—   Ҳой, тилингни узиб оламан, — тескари қаради Самад.

—  Ўзингникини узасан ҳали… — энди пастгина жавранди у ва тарақлаганча чиқиб кетди.

Самад кўрпанинг ичида сўкинди:

—  Бадбахт, бозорга ўрганган хотин ўзи…

У кеч келгани боис, Канизанинг устидаги кийимларни кўргани йўқ эди. Қолаверса, чироқ ўчган вақтда келди. Қорни оч ётди. Ҳозир ҳам кўнгли озиб, қорни ҳуштак чалаётганди. Яна бироз ухламоқчи эди, оч қоринга кўзи илинмади. Қизчаси ухлаб ётибди. Ўғли мактабга кетган чоғи. Бир пас ётди, устидан кўрпани ағдарган эди, совуқ чақди. Жунжикиб, яна ўраниб олди. «Ҳаётниям падарига лаънат. Бу нима ҳаёт бўлди? Макиён дакангга дўқ урса! Калтак егиси келиб қолибди, шекилли, чичанглаб қолди. Қаёққа кетди ўзи? Бозорга кетиб бўлишди, у бугун бормади, бир бўлса». Узалиб фуфайкасини тортди, кир, ситилиб кетган майка устидан кийди. Фуфайка елкасини муз-деккина чақди. «У-у-ув» деганча чўнтагидан «Карвон» олиб тутатди. Чекиб бир нуқтага тикилганча анча ўтирди, яна хаёли хотинига, ҳозиргина жеркиб кетган Канизага кўчди: «Бозорга бориб, тўртта нон топиб келиб, тили чиқиб қопти-я. Тур, топ қанжиқни. Сени отанг тўрт маҳал-лага гап бермаган. Онанг писган товукдек юрарди олдида. Буларнинг тизгинини бўш қўйиб бўлмайди. Бугуноқ оғзига тепмасанг эртага томга чиқиб бақиради, бу Ўктам таёқнинг туққани…»

Самад қизчасини уйғотмай, онасиникига йўл олди. Бориб бирон нарса емаса, бўлмайди. Қорин ҳуштак чалворди. Борса, бозорчи сатанг ўша ерда ўтирибди. Ҳасрат қилгани келибди-да. «Самад — у, Самад — бу. Ичади. Нонни Канизахон топяпти, болаларнинг устига ҳеч бало йўқ ва ҳоказо…»

Кириб бориши билан бувиси ва Каниза икковлон унга қарашди. Самад бир муддат индамай турди, сўнг:

—   Буви, ейишга бирон нимангиз борми? — деди.

—    Иўқ, ҳозир ошхамир оляпман, — деди онаси астойдил тоғорани нуқилаб.

—  Сатанг нима қиляпти бу ерда? — кесатди Самад.

—    Қўй болам, ҳозир уриш-жанжал қиладиган замонми? — бир нарсани сезгандай гапнинг индаллосини айтди Хосиятби. — Уриш-жанжалларни ўрнига бола-чақани ўйланглар. Қишлоқда ҳамманинг этаги кетига етмай турибди. Оса олибди устивош. Буям ёш, кийинадиган пайти. Эртага мендай яғири чиқиб, кўйлагинг-ниям ювиб беролмайдиган бўлиб қолади. Ҳозир кийса ярашади. Хўп қипти, ажаб қипти. «Шу нарсаларни бекор олдим» деб келган экан, боплабсиз, хўп қипсиз, деб ўтирган эдим, сен келиб қолдинг. Арзон-гаров олибди. Оса олибди-да. Сен олиб бермаганингдан кейин, биз олиб бермасак…

Хосиятби тоғорадаги хамирни эзишга мос нафас олиб гапирар, гапида қўпиши мумкин бўлган довулнинг олдини олаётгани аниқ-тиниқ сезилиб турарди. Каниза атай бурнини қаттиқ тортиб, бурилиб ўтираверди. Самад айвон пештахтасига ўтирди. Бурнини пилпиллатиб, айвонга яқинлашган жиянига:

—   Наси, бор бизникига, укангдан хабар ол, — деди. Қизча хираланиб жўнади.

—   Энди, ўзингдан қолар гап йўқ, болам, — яна гап бошлади Хосиятби кир дастурхон билан хамирнинг ус-тини ўраб, тўшак ташларкан. — Бунинг ҳам оғриб қолиб-ди. Уч-тўрт кун дўхтирда ётсам, деб келибди. Ўша ёкда бир опахони бор экан, таниш дўхтирга қаратаркан. Бола бечора ўтган йилдан бери бозор қатнаб, тиним билмади. Тирикчилик қурсин. Совуқларда нарса кўтариб, касал оширган бўлса бордир? Иссиқ жон, ахир. Қолаверса, бировнинг боласи. Ўзи куймаса биров куярмиди? Даволанса, ана, даволансин, ётсин, болам. Бўйида борми, Худо билади? — чуқур хўрсинди Хосиятби. — Э-э, хотин кишининг жони қирқта бўлган билан ичидан ўтганини ўзи билади. Сенлар қўниб-қўниб кетаверасан. Сен-ларни туққунимча ичим ағдарилиб, кетимга тушиб қолди, бплиб қўйдингми? Биттаси отангми? Юкини энанг кўтарган холос, Макиёнчалик қадрим йўқ отангга. Пешини қайиришни билади холос. Ҳамманг бир гўрсан.— У Канизага ўгирилди. — Даволанинг қизим. Болларни ўзим қарайман. Шунча даҳани ўрага етган нон икковига етмай қоладими? Ташвиш чекманг.

Тилаволди Жўраев