Ҳақиқий ҳангоманинг бундан баттари бўлмайди…

0

 

«УЗГАЗЕЛ» ТЎРТ ЮЗ ЕТМИШ ОЛТИНЧИ

(ҳажвия)

 

Безиш

 

Мен «Узгазель» тўрт юз етмиш олтинчи Тўланбий мавзесининг сермижоз йўлларини кезиб бораман.

Мижозлар қувончдан ёрилгудай бўлиб бағримга чўкишганда, азбаройи яйраб кетганимдан, фалончикалнинг бошидек силлиқ баллонларимни эзиб бораман.

Не қилай? Хўжайиннинг димоғи осмон, мен ишлаб топгувчи жарақ-жарақ пуллар кайфини чоғлаган.

У мижозларимни, қулфи ойналаримни кўзга суришга тайёр қадрдонларимни менсимай қўйди.

Шуларни ўйлагач, бензин-у газлардан тотлироқ умримдан безиб бораман…

 

Ўй

 

Мен «Узгазель» тўрт юз етмиш олтинчи авжи мавсум пайтида зиқна хўжайиннинг эски ва қоронғи гаражида ўтириб ўйга толаман.

Зум ўтмай бор бўйим қоп-қора матога ўралади. Салонимдан эса белдир-бемаза ашула таралади.

Калитим буралишини, моторим гуриллаб-гуриллаб ҳайқиришини тасаввур этаман. Ҳадеганда орзум ҳақиқатга айланавермайди. Хўжайин қур-қур гаражга мўралаб, баллонимга тепиб қўйишдан нарига ўтмайди.

Ҳали вери бағрим йўловчига тўлмаслигини кўз олдимга келтириб, мулзам тортаман. Минг бор тириламан, минг бор ўламан…

 

Беўхшов кулги

 

Мен «Узгазель» тўрт юз етмиш олтинчи йўл четида аланг-жаланг турган, мендангина нажот кутиб жавдираётган мижозларнинг кўзига қарашга қўрқиб бораман. Қишнинг қаҳрли тонгида неча марта ер тепинганча туришганини кўрганда номусларга ўлиб бораман…

На илож? Димоғдор, ноинсоф хўжайиннинг парвойи фалак. Қўлидаги гуммани тишлай-тишлай, йўл четида турган, қўллари ҳавода муаллақ қолиб кетганларга қараб беўхшов кулишдан нарига ўтмайди.

Ўлганнинг устига кўмган қиладими, уларга чўзиб-чўзиб сигнал чалиб қўяди. Бунга чидардим. Мижозларимни масхаралаб чироқларимни ёқиб-ўчирганда ер ёрилса-ю, ерга кириб кетсам дейман.

— Ҳой, хўжайин, — дегим келади тилга кириб. — Ўзи… Еганимиз гумма-ю газ бўлса! Сал пастроқ тушайлик! Мениям бойлаб бермаган. Куним битган куни кетаман бир ёқларга! Инсофга кели-инг!..

Хўжайиндан садо чиқмайди. У қандайдир ёқимсиз, бачкана ашулага жўр бўлиб, рулимга шапатилай бошлайди.

Сал анақароқми дейман шу хўжайин!?.

 

Ётоқ қўймисиз, оға?

 

Мен «Узгазель» тўрт юз етмиш олтинчи Тўланбий мавзесининг сўнгги бекатида мудраганча бўш бағримни ерга бериб ўйга толаман…

Бакимни бензинга тўлдирган, хўжайииннинг чўнтагини қаппайтириб қўйган йўловчи қаерлардадир ярим йўлда маҳтал турганини биламан.

Ниҳоятда ёлғизланганимдан синиб тушаёзган суянчиқларим қимирлаб-қимирлаб кетади. Хўжайин эса ўриндиғимга ястаниб олади-ю, бағрим тўлишини кутишдан, сигарет тутатишдан бўшамайди…

— Ётоқ қўймисиз, оға? — дея ҳайқираман унсиз. — Нега турибмиз? Чўнтакларингиз пулга тўлган бўлса, бировларни сарсон қилиш керакми? Пул ўшаларнинг пешона тери эди-ку! Наҳотки, шунчалик беор, шафқатсиз бўлсак?..

Хўжайин қимирлаб ҳам қўймайди. Вақт ўтиб асабийлашганимданми, виждоним қийналганиданми, радиаторимдан сув оқиб кетса-да, пинагини бузмайди. У худди шу ернинг ўзидан салоним тўлишини хоҳлайди. Мендек хокисор хизматчисини тингламайди.

Ҳаш-паш дегунча кеч ҳам тушади…

Мен «Узгазель» тўрт юз етмиш олтинчи энди манзилнинг нариги тарафидаги сўнгги бекатда мудраганча бўш бағримни ерга бериб ўйга толаман…

 

Мен ҳаммолманми?

 

Мен «Узгазель» тўрт юз етмиш олтинчи ост-устимга юк ортмоқлаганча, севимли рақамим кўксимдан юлиб олинган ҳолда бўзлаб бораман…

Шундоғам баллонларим эскирган, бўёқларим кўчиб тушаёзган, бир чироғим юлиб олинганди. Ҳасратимни тутун чиқаргичимга айтаман. У дардимга бардош қила олмаганидан бурқситиб-бурқситиб тутун ўрлатади.

Хўжайин бўлса…

Одатдагидек қўл кўтариб, жавдираб, умидвор тикилиб турган йўловчиларни кўради-ю, негадир ғазабга тўлади.

— Мана шулар устимдан ёзибди, — деб қичқиради у юклар орасида пишиллаб-пишиллаб нафас олаётган хўппа семиз аёлга. — Ношукрлар! Арз қилишибди! Тамом! Энди мана шуларга умуман тўхтамайман!..

— Ўв, бойвачча, — дегим келади хўжайинга. — Пастроқ туши-инг энди! Айб ўзингиздалигини биласиз, барибир мижозларимга тўнкарасиз! Мана, ҳозир нега мени инқиллатиб юк юкладингиз? Нима, мен сизга ҳаммолманми? Ундан кўра ўша йўловчиларни ташисам ярашмасмиди? Ҳа-а, окахонларингизга ишонасиз-да-а? Улар сизни ҳимоя қилишади. Кимдир юзингизга қора сурса, келиб артиб қўйишади. Эҳтиёт бўли-инг! Бузоқ сомонхонадан нарига югуриб бора олмайди…

Бахтга қарши хўжайин менинг нолаларимни эшитмайди. Мен бўлсам… Инқиллай-инқиллай, юкни кўзланган манзилга етказишдан бўлак чора топа олмайман…

 

Қайдасан штрафстоянка»?

 

Мен «Узгазель» тўрт юз етмиш олтинчи юм-юм йиғлаганча, тутуним бурқсиб-бурқсиб шаҳардаги «штрафстоянка» ёнидан ўтиб бораман…

Бу жой менга жуда таниш. Кўп бора ётиб чиққанман.

Ҳозир эса у менга жуда қадрдон туйилиб кетди. Ихтиёрим ўзимда бўлса, аллақачон унинг бағрига сингиб кетардим.

— Қадрдоним, ҳимоячим «штрафстоянка», — дедим дардимни ичимда сақлай олмай. — Йўловчиларнинг дилини оғритавериш, қарғишга қолавериш жонимга тегди. Ана, тунов куниям хўжайинни «Илоё «Газел»инг куйиб кетсин!» деб қарғашди. Ахир, куйсам мен куяман-ку! Гуммахўр бойвачча хўжайинимга жинам урмайди. Илтимос, тезроқ мени қучоғингга ол! Шунда тинч бўлардим. Мижозларнинг ўксик нигоҳларини кўрмасдим, қарғиш эшитмасдим, темир бўлсам-да, виждоним азобланмасди. Ажабмас, шундан кейин Тўланбий мавзесига инсофли, виждонли, қалби қайноқ хўжайинлари бор «Газел»лардан қўйишса…

Мен «Узгазель» тўрт юз етмиш олтинчи сендек ҳимоячимнинг доғида куя-куя кетиб бораман.

Ҳормасбой ТОЛМАСБОЕВ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc