“Мен ҳаётни танладим!..” ёхуд саратонни енгган аёл ҳикояси

0

«Икки ойдан сўнг ўласиз!»

Ўша тун ҳамон ёдимда. Тўсатдан чап кўкрагимда турган қаттиқ оғриқдан ҳушимни йўқотаёздим. «Ўтиб кетар» дея ўйлаб, ўз билганимча муолажа қилдим. Оғриқ бироз тингандек бўлди. Аммо… Уч ойдирки, ўшанда уйғонган оғриқ ҳануз тўхтагани йўқ. Кўкрагим гоҳ шишиб, гоҳ ўз ҳолига қайтади. Далада ишлар кўп бўлгани боис шифокор қабулига бориш учун вақт тополмасдим. Бу ҳам етмагандек, эрим ҳар куни ичиб келиб, уйда тўполон кўтарар, бу менга дард устига чипқондек оғир ботарди. Ёлғизгина фарзандим Умиджонга ҳам қийин бўлди. Эсини танибдики, тўполон-жанжалимизни кўради. Дардингни кимга айтишни билмайсан киши…

Хуллас, шиш қайтмади. Ахийри синглим билан шифохонага бордим.

Кўзойнагини бурнига қўндириб олган оппоқ сочли шифокор мени узоқ текширгач, сўради:

— Синглим, касалликни ўтказиб юборибсиз-ку! Қариндошларингиз, фарзандларингиз борми?

— Битта ўғлим бор, — дедим шифокорга умидвор тикилиб.

— Бу саратоннинг учинчи босқичи. Узоқ даволанишингизга тўғри келади. Аммо бунга қоп-қоп пул керак. Агар Яратган умр берса, яна икки ой яшашингиз мумкин.

Эшитган сўнгги гапим шу бўлди. Юрагимга кимдир пичоқ ургандек, кўз олдим қоронғилашиб, оёқ-қўлим титраб кетди. Ташқарида кутиб турган синглимнинг кўзларига қаролмай:

— Мен рак эканман, — дедим-у, ўкириб йиғлаб юбордим.

Уйимга етгунимча фикр-хаёлим ўғлимда бўлди. Қанча орзу-ҳавасларим бор эди. Уни институтларда ўқитмоқчи эдим. Уй қуриб, келин олмоқчийдим. Энди нима бўлади? Эримдан хавотир олмасам ҳам бўлади. Бир шиша ароқ бўлса, дунёни унутади у. Аммо Умиджон-чи?! Ўн беш йилда Аллоҳдан тилаб олган фарзандимни кимга топшириб кетаман?! Унинг тақдири нима бўлади?! Ахир қилишим керак бўлган қанча ишларим бор-ку!..

Ҳовлига кирар эканман, гуркираб турган боғимга, янги таъмирдан чиққан уйимга термилиб қолдим. Умиджон дарс қилиб ўтирган экан. Унга қарарканман: «Наҳотки болам етим бўлиб қолса?!» деб ўйлардим. Боғда эндигина мевага кира бошлаган дарахтларга қараб, кўзларим жиққа ёшга тўларди. Наҳотки шу дарахтлардаги мевалар пишганида, мен йўқ бўламан?! Ахир бу дарахтларни кўкартиргунча озмунча қийналдимми?! Уйимни таъмирлатиб, дарвоза қурдиргунча не-не машаққатларни бошдан кечирмадим? Ўғлим-чи?! Фарзанд кўргунимча қанча дашномлар эшитмадим?!

Хаёлга берилиб кетганимдан ўғлимнинг овозини эшитмабман.

— Ойи, доктор нима деди?

— Озроқ шамоллабман, ўтиб кетади…

Аммо «шамоллаш» ўтиб кетмади. Навбатдаги чақириқдан сўнг уйимга келган «Тез ёрдам» машинаси мени тўппа-тўғри вилоят онкология шифохонасига олиб кетди…

У ерда Наргиза исмли ширинсухан шифокор мени қабул қилди.

— Опажон, касаллик тўртинчи босқичда. Аммо ташвишланманг, бунинг давоси бор, узоқ даволанишингизга тўғри келади. Сиздан ирода ва сабр талаб қилинади. Фақат бизга ишонсангиз бўлди!

— Мен бир шифокорга учрагандим, у менга: «Икки ойлик умрингиз қолди», деганди. Шу ой ичида кўп иш қилишим керак.

Наргиза менга ҳайрон бўлиб боқди.

— Ҳечам-да, бекорларни айтибди ўша шифокор. Бизга сиздан ҳам аҳволи оғир беморлар келишади. Биз уларни оёққа турғазамиз, кўпчилиги неварали бўлиб кетишган. Сиз ҳаётни танлашингиз керак, ўзингизга ишонишингиз, болаларингизнинг келажагини ўйлашингиз керак!

Наргизанинг гапи менга далда бўлди ва мен даволанишга, яъни ҲАЁТни танлашга аҳд қилдим.

Азобли кунлар

Мени кимётерапия бўлимига ётқизишди. Бу ердаги аёлларнинг ҳаммаси бир-бирлари билан иноқ экан. Мен ҳам Башорат исмли янгийўллик аёл билан танишдим. Башорат менга фарзанди йўқлигини, бир золимга иккинчи хотин бўлиб текканини, эрининг фарзандлари унга доим таъна тошларини отишини, чол вафот этгач, болалари уйдан ҳайдаб чиқарганини, айни дамда онасининг уйида яшаётганини гапириб берди. Уни тингларканман, бефарзандлик қанчалик ёмонлигини ҳис қилдим. Агар менга бирор кор-ҳол бўлса, демак, эрим ҳам бошқасига уйланиб олади-ю, Умиджонимнинг тақдири ўлда-жўлда бўлади. Ўгай онанинг қўлида қоладиган фарзандимнинг қийналишлари кўз олдимда гавдаланди. Шунда ич-ичимдан бир нарса отилиб кетай деб, ўзим-ўзимга сиғмай қолдим. «Мен яшашим керак!» дедим қатъият билан.

Шу тахлит даволана бошладим. Кетма-кет олган муолажалардан сўнг аҳволим бироз яхшиланди. Аммо олдинда мени кимётерапия кутиб турарди. Сингилларим ҳар куни мендан хабар олгани келишар, кўнглимни кўтаришга ҳаракат қилишарди.

Кимётерапия ўтказилгандан сўнг бошқа одамга айланиб қолгандек эдим. Вужудим зир қақшар, тинмай кўнглим ағдариларди. Овқатдан ҳам, сувдан ҳам беҳузур бўлаверардим. Палатадошларим, айниқса, Башорат менга дастлаб шундай бўлишини, кейин уларга ўхшаб, «боши текис» одамга айланишимни айтиб, далда берарди.

Чиндан ҳам, кимётерапиядан кейинги азоблардан сўнг сочларим тўкила бошлади. Бир куни синглим мени кўргани келди. Ўтган жойимдан туриб, уни қарши оламан десам, сочларим ёстиқда қолиб кетди. Синглим бу аҳволимни кўриб, тезгина ҳарир шарфини ечди-ю, бошимга ўраб қўйди.

Эрим ҳам мени кўргани келарди. Аммо ҳар куни ичиб келиб: «Ишлар қолиб кетди», деб докторлар билан жанжал қилавергани учун уни ёнимга бошқа йўлатишмади.

«Ўғлимни сенга топширдим…»

Орадан кунлар, ойлар ўтди. Шифокорлар турли дори-дармон, уколларни тўхтатишди. Бир куни Наргиза ёнимга келиб:

— Бизнинг бўлимимизда ишингиз қолмади. Кимётерапия саратон илдиз отган жойларни бир ерга йиғиб бериш учун керак. Сизни операция бўлимига ўтказамиз. Кўкрагингизнинг бир томонини олиб ташлашади, — деди.

Мен бу ҳақда ҳамхоналаримдан эшитганим учун шу кунга руҳан тайёрланиб, ўзимни бир сийнам олиб ташланган ҳолда кўп бора тасаввур қилгандим.

Ниҳоят, операция куни етиб келди. Бир кун аввал дадамга қўнғироқ қилиб: «Намозда мени дуо қилинг, операциядан эсон-омон чиқай», дедим. Дадам йиғлаб-йиғлаб, мени ҳамиша дуо қилишини айтди.

Мени операцияга тайёрлашаётган куни ҳамма яқинларим ёнимда туришди. Ўғлим Умиджон, сингилларим, уларнинг турмуш ўртоқлари… Яқинларимнинг йиғидан қизарган кўзларига қараб, менинг ҳам кўнглим чўкди. Айниқса, ўртанча синглим Лайло кўзларидаги ёш билан ҳазиллашишга, мени кулдиришга уринарди.

Палатага кириб келган ҳамшира қиз:

— Бўлди энди, беморни бизга берасизларми-йўқми? — дея менга халат кийдира бошлади.

Шунда Лайлонинг қўлларидан маҳкам ушладим-да:

— Синглим, биламан, сенга ҳам осонмас. Куёвнинг жаҳли тез. Агар менга бирор гап бўлса… ўғлимни сенга топширдим! — дедим.

Лайло бир зум индамай турди-да, ёшли кўзларини беркитганча: «Сизга ҳеч нима қилмайди, биз бормиз-ку!» деди. Аммо ундан менга сўз беришини сўрадим…

Мени операция хонасига олиб кириб кетишди. Тепамда ёниб турган каттакон чироқларнинг нури кўзларимга тушиб турар, шифокорлар атрофимда парвона бўлишарди.

— Зебохон, бир операция хоналарини кўриб кетай, дебсиз-да, а?! — ҳазиллашди бош жарроҳ. — Кўксингиздаги тиканакни олиб ташласак, сиздан зўр аёл бўлмайди. У ярамасни нақ илдизи билан қўпориб ташлайман…

— Мен яшайманми?! — сўрадим юрак ҳовучлаб.

— Албатта, бизга ишонинг! Ҳамшира, бошладик!

Қўллари юмшоққина ҳамшира қиз билагимга игна суқди.

— Ҳозир ухлайсиз, ҳеч нарсани ўйламанг, — деди сўнг жилмайиб.

Кўз олдимда унинг жилмайган чеҳраси қолди ва мен осмонга уча бошладим…

Кўзларимни аранг очдим: тепамда кенжа синглим Шаҳло ўтирибди. Қаердадир машҳур ҳофизнинг қўшиғи янграрди.

— Шаҳло, сув бер, — дедим зўрға.

Синглим кўзимни очганимдан хурсанд бўлиб, шифокорни чақирди.

— Ҳаммаси зўр ўтди, — деди мени операция қилган жарроҳ. — Бу ёғига фақат бизнинг айтганимизни қиласиз.

Кўксимдаги ғалати — тортишган, ачишган оғриқдан юзларим бужмайиб кетаётганини сезган шифокор оғриқ қолдирувчи укол буюрди.

Шу тахлит бир неча кун ўтди. Бу орада эрим касалхонага мени кўргани келди. Шифокорлар унга энди бу ёғига мени эҳтиёт қилишини, фақат тинчлик кераклигини айтишди.

Уйга келгач, ўзимни эҳтиёт қила бошладим. Қўшним Раъно чиқиб, тандирда нон ёпиб берар, сингилларим эса тез-тез келиб, уй юмушларида ёрдамлашишарди. Аммо уларнинг ҳам рўзғори, бола-чақаси бор. Секин-аста уй юмушларини ўзим қила бошладим. Аммо орадан кўп ўтмай, чап қўлим ишламай қолди. Синглим Шаҳло зудлик билан докторга олиб борди.

— Кимётерапияни давом эттириш керак, — деди Наргиза мени текширгач. — Суякларни синтеграфия қилдиринг, касаллик зўрайганга ўхшайди.

Мен энди ҳаммаси тамом, деб ўйладим. Ахир тузалиб кетишим керак эди-ку! Нега бундай бўлди?!

Кўкрак жарроҳлиги шифохонасида суякларимни синтеграфия қилдирдим. Улар бош чайқаб:

— Суякларда метастаза бор, — дейишди.

«Демак, бу ёғи оз қолди», дея яна тушкунликка туша бошладим. Рентген жавобини Наргизага олиб борганимда, у:

— Бунга дори бор, аммо қимматроқ, — деди.

Шундоқ ҳам барча харажатларни оиламдагилар, мулла акам, қайниларим кўтаришаётганди. «Бу гапни эримга қандай айтаман», дея иккиландим. Шунда Шаҳло:

— Дорини, албатта, олиб берамиз, қаерда бўлишини айтсангиз, бас, — деди.

Наргиза қоғозчага дорининг нархи ва у сотиладиган дорихонанинг манзилини ёзиб берди.

Синглим ташқарига чиқиб кетгач, аста сумкасини очиб, қоғозчани олдим. Унда дори номи ва нархи ёзилганди.

Оҳ, уйимдагилар бу пулни қандай топишади? Шаҳло қайтиб келгач, «Уйга кетамиз, нима бўлса бўлар», деб туриб олдим. Аммо у кўнмади. Касалхона атрофида яшайдиган синглим Лайлоникига бордик.

Иккала синглим бошқа хонага ўтиб, нималарнидир гаплашишар, тортишишарди. Оҳиста бориб, эшикни очдим-да:

— Сизларни ҳам қийнаб юбордим, мен энди ҳамма нарсага тайёрман, битта дори учун бунча пулни қаердан оласизлар? — дедим.

— Қарз оламиз, сизнинг соғлиғингиз ҳаммамизга керак, — деди Лайло гапни чўрт кесиб.

Ўша куни улар кўп жойга қўнғироқ қилишди. Қариндошларим барака топишсин, пул топилди: мен қайтадан кимётерапия қилдирдим.

Яна ҳаммаси бошидан бошланди. Тез-тез кўнгил айнишлар, бош айланиш, суякларнинг зирқираши… Буларнинг барига тоқат қилишим керак эди. Хуллас, қатор кимётерапиядан сўнг аҳволим анча яхшиланди. Кунлар ўтавераркан. Биздан фақат сабр ва матонат талаб қилинаркан. Хуллас, қўлимни ишлата бошладим. Шифокор менга дастлаб чап қўлимда аста-секин машқлар бажариб туришимни тайинлади. Бора-бора қўлим ўзимга бўйсунаётганини сездим.

«Мен саратонни енгдим!»

Бир куни Ҳайит байрами арафасида собиқ палатадошим Башоратни табрикламоқчи бўлдим. Анча пайт бир палатада ётавериб, у билан опа-сингилдек бўлиб қолгандик. Телефонни унинг синглиси кўтарди.

— Башоратни чақириб беринг, уни Ҳайит айёми билан табрикламоқчийдим, — дедим салом-аликдан сўнг.

— Зебохонмисиз? — савол бўлди у томондан. — Узр, опамни бериб қўйдик, бугун иккинчи кунлари…

Бу хабардан бошим узра чақмоқ чаққандек бўлди. Кўз олдимда Башоратнинг мунгли кўзлари, нимтабассуми жонланди.

— Сизни кўп эсларди, «Агар ўлсам, унга айтиб-нетиб юрманглар, шундоқ ҳам кўп сиқилади», дерди опам, — деди Башоратнинг синглиси.

Эҳ Башорат, Башорат! Яшашни, ҳаётни шунчалар яхши кўрардики, айниқса, сочларим тўкилиб кетиб йиғлаганимда, «Опа, онангиздан туғилганингизда сочларингиз бўлганми? Нега бунча сиқиласиз? Бу ерда ҳеч ким бир-бирини гапирмайди, чунки ҳаммамизнинг дардимиз битта», дея юпатганди…

Мана, орадан икки йил ўтди. Аммо кўзойнагини бурнига қўндирган шифокорнинг гаплари ҳануз қулоқларим остидан кетмайди. У менга: «Нари борса, икки ой яшайсиз», деганди. Аммо Аллоҳ раҳм қилди, шекилли, мен ҳануз ҳаётман! Бунинг учун Яратганга беҳад шукроналар айтаман.

Яқинда Умиджонни ҳарбий хизматга жўнатдик. Келинга атаб янги уй солдик. Ҳадемай тўй қиламиз.

Инсон бардошли бўлиши, ўзига ишониши керак экан. Агар одам тушкунликка тушиб, умидини узса, унга на шифокор ва на дори-дармон кор қиларкан. Айтмоқчи бўлганим, дарддан азоб чекаётган опа-сингилларим, сиз ҳам ҳаётга ишонинг. Машаққат-у ғурбатларга қарамай, ундаги энг чиройли нарсаларни кўра олинг. Ўз ўрнингизни, қадрингизни билинг. Шундагина фақат илдам одимлайсиз, акс ҳолда, чиғириқлар орасидан ўта олмай қоласиз. Нимаики бўлмасин, ўзингиз учун, оилангиз ва фарзандларингиз учун курашинг. Дард, азобни енгишга ҳаракат қилинг. Ҳеч иккиланмай ҲАЁТни танланг!

Озода ТУРСУНБОЕВА

(«Ҳордиқ плюс» газетаси хазинасидан)