ҚОРА ҚИСМАТНИНГ ҚУЛИ… (29-қисм. Иккинчи фасл. Воқеалар реал ҳаётдан олинган)

0

 

* * *

 

Қишлоқ кўчасига етганимизда кун пешиндан оғгганди. Ўтган-кетганлар ортимиздан ҳайрат аралаш қараб қолишар, қиз-жувонлар ёнимиздан ўтди дегунча ўзаро шивир-шивир қила бошлашарди.

Бу манзарадан қалбим фахрга тўлди. Азбаройи қувонганимдан сал қурса сакраганча ўйнаб кетаёздим.

— Қара, — дедим Сусаннани туртиб. — Қишлоқдагилар сени кўриб қотишаяпти.

— Нега? — ҳайрон бўлиб менга боқди у. — Одам кўришмаганми булар?

— Бошқа миллат қизларини кўришмаган-да! Кўргин, ҳаваслари келганидан тамшаниб қўйишаяпти.

— Тавба, — деди Сусанна елка қисиб. — Менам уларга ўхшаган одамман. Ортиқ жойим бўлмаса.

— Қўявер, илгари мен келсам, биров кимсан демасди. Сенга уйланиб ҳар ҳолда эътиборга тушиб қолибман. Бу зўр-ку!

— Қаерга кетаяпмиз? Етмадикми?

— Айтгандим-ку, биттаггина туғишган синглим бор деб! Ўшаникига борамиз. Ҳарқалай ўзимники. Шундай гўзал келинойиси борлигини кўрса, хурсанд бўлади. Жиянларни айтмайсанми? Ҳар келганимда югуриб келиб бўйнимга осилволишади. Улар мени жуда яхши кўришади. Ҳали етайлик, ўзинг кўрасан!

— Синглингизам сизга ўхшаганми? — қизиқсинди Сусанна. — Қуйиб қўйгандек ўзингиз бўлса керак-а?

— Йўқ, онамга кўпроқ ўхшаб кетади. Лекин жуда кўнгли бўш. Мени кўрди дегунча йиғлайверади. Соғинади-да!

— Аёллар шунақа бўлишади, — деди Сусанна бош силкитиб. — Улар бир умр яқинларини соғиниб яшашади.

— Ташвиш чекма! Ҳали шундай кунлар келадики, биргалашиб Арман диёрига жўнаймиз. Маза қилиб дам оламиз.

— Худо хоҳласа!

Таниш тор кўчага бурилганимиздан сўнг синглим Сайёранинг дарвозасига кўзим тушди-ю, кўнглим алланечук бўлиб кетди.

 

* * *

 

Синглимнинг дарвозасини қия очдим-да, бақирдим:

— Ҳой, ким бор? Сайёра! Одам борми?

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, синглим югурганча чиқиб келди. Мени кўриши билан лаблари титраб, бўйнимга осилишга тутинди. Лекин Сусаннани кўргач, таққа тўхтади. Ичкаридан чопқиллаб менга пешвоз чиққан жиянларим ҳам синглимнинг ҳаракатини такрорлашди. Дарвозахонада тек туриб қолишди.

— Ака, ким у? — сўради синглим ранги-қути учиб. — Нимага индамайсиз? Ким у аёл?

— Ким бўларди? — дедим ҳайрон бўлиб. — Келинойинг. Ие, нега бақрайиб турибсан? Кўришмайсанми?

— Йўқ! — дея худди душманига кўзи тушган одам каби ортга тисланди синглим. — Қаёқдаги қаланғи-қасанғиларни кеннойи демайман! Мен фақат Шарифа кеннойимни тан оламан!

— Нима?!

Кутмагандим. Бу гапни эшитиб кўзларимдан ўт чақнаб кетаёзди. Танамни совуқ тер босди. Нима дейишни билмай бир муддат гарангсиб қолдим.

— Вей, бу нима деганинг? — ниҳоят ўзимни қўлга олиб, синглимга ўшқирдим. — Ким қаланғи-қасанғи? Оғзингга қараб гапиргин, Сайёра!

— Қарамайман! Мен бу аёлни уйимга киритмайман! Тезроқ опкета қолинг! Маҳалладагиларга мени шарманда қилманг!..

— Шунақами? Ҳали акалик қадр-қимматим шу бўлдими? Яхши, киритмасанг, зорим бор, зўрим йўқ! Онамнинг уйига борамиз.

— Бориб овора бўлманг! — деди синглим совуққонлик билан. — Ҳеч ким сизларни уйига киритмайди. Бекорга шарманда бўлганингиз қолади.

— Нега? Нима ёмон иш қилдик?

— Ҳаммасини эшитдим, ака.

— Нимани эшитдинг, нимани?

— Шарифа кеннойимни хафа қилганингиз учун ишданам ҳайдалибсиз, касал бир аёлга уйланибсиз. Барибир хотинга ёлчимабсиз. Энди бунисини топибсиз. Барибир…

— Ўчир овозингни, ўчир! Ҳали сен… Шунақамисан? Пушаймон бўласан! Умрингнинг охиригачаям қорамни кўрмайсан, ҳа!..

— Шунақа шармандаликдан кўра кўрмасам яхшийди, — бўш келмай терс ўгирилганча сўзланарди синглим. — Бети қурсин тор шим кийволиб жилпангламай!

Бу маҳал Сусанна тилимизни дуруст билмаса-да, ҳаммасига тушуниб етганми, йиғлаганча катта йўл томон жўнаб қолганди.

Сайёрани сўка-сўка унинг ортидан югурдим.

 

* * *

 

Ана энди бахтимдан буткул умидимни узгандим. Сусанна қанча уринмай, менга қулоқ тутмас, нуқул унсиз йиғларди.

Машинада катта шаҳарга қайтардиг-у, мен ўзимни худди қувғинга учраган дайди итдек ҳис этардим. Чунки бу итни қай гўшага бош суқмасин, ҳайдаб солишади. Унинг ҳеч кимга кераги йўқ, нафсиз бир жонзот.

Бу ҳам камлик қилгандек, буёғига тағин ёлғизлик, бахтсизлик, омадсизлик, саргардонлик, хўрлик таъқибида қолишимни ўйлаганим сайин қалбим музлаб борар, қопқонга тушган жонивор янглиғ нуқул типирчилардим.

Аксига олгандек осмондаги булутлар туннинг юзига яна бир қора парда тортди. Сал ўтмай ёмғир томчилай бошлади. Бундай ҳавони ёқтирмаслигим сабабли баттар тундлашдим. Ер остидан Сусаннага боқдим. У йиғлашдан тўхтаган бўлса-да, лаблари билинар-билинмас титрарди.

Балки шаштидан тушгандир, кечиргандир деган хаёлда таваккал елкасига қўлимни қўйдим. Афсуски, у қўлимни елкасидан олиб ташлади ва менга терс ўгирилиб олди.

— Майли, мен айбдорман, — дедим ёнимдагиларга эшиттирмай. —

Мен туфайли шунча ҳақоратлар эшитдинг. На илож? Мен шундай омадсиз одамман. Шу кунгача сениям қийнаб келдим. Нима қилайки, шундай туғилган эканман. Шунча ҳаракат қилдим, тақдирим ўзгармади. Буёғига ҳам шундайлигимча қолсам керак… Ҳа, сен ҳали ҳақиқий бахтингни топасан. Ярқираган машиналарда сени олиб юришади. Керак бўлса, ўша бахтиёр йигит пойингда тиз чўкиб яшайди. Сен бунга арзийсан! Ҳозир катта шаҳарга етамиз-у, хайрлашамиз. Бир умрга видолашамиз. Сен менга қайғуриб азобланма. Шўр пешоналар мендай хор-зорликда яшашга маҳкум. Кетаётганингдаям ортингга ўгирилма! Мени қийноқлар чангалида қолмасин десанг, шундай қил!

Жуда қисқа бўлса-да, сен билан кечган лаҳзаларимга мингдан минг розиман!

Машина хуфтонга яқин катта шаҳарга кириб йўл четида тўхтади. Биз машинадан тушдик.

Ҳозир хайрлашиш онлари жуда яқин қолганини сезардим.

Сезганим сари ичимдан зил кетардим…

 

* * *

 

Мен сўнгги бор Сусаннага аламли нигоҳ ташладим. Афтидан у ҳам хайрлашиш учун арзирли сўз тополмай ҳалак эди. Ер чизган кўйи лаб тишлаб-тишлаб оларди.

Унинг қалин ва олтинранг сочларига суқ билан боқардим-у, юрагим гўёки ҳўнг-ҳўнг йиғлар, миям чирмалиб олиши мумкин бўлган оғриқдан эмас, яқин орада саҳро каби ҳувиллаб, қуриб қолишини сезган каби тинимсиз қақшарди.

— Менга нима бўлган ўзи? — ўйлардим эмлашлардан безган бемор каби ёруғ дунёга қўрқув аралаш боқиб. — Ҳеч қачон бошимга қўнган бахт қуши учиб кетишидан ҳозирчалик чўчимагандим. Ҳатто, Наргизани сўнгги йўлга кузатаётганимда бу бевафо оламга мағрур боқа олганман. Шарифа уйдан ҳайдаб солганда, таваккал олдинга интилиб, ўзим учун тўғри йўл қидирганман. Ҳозир эса мурда каби танам совиб бораяпти. Қалбимда йилт этган чўғ йўқ. Ичим узилиб тушадигандек тобора букчайиб бормоқдаман. Қаддимни ростлашга, менга озми-кўпми қувонч бахш этган аёлга охирги марта тик боқишга ўзимда куч топа олмаяпман. Нега? Биламан, уни йўқотгач, ҳеч қачон бахтга эриша олмайман. Буни вужуд-вужудим билан ҳис этиб турибман. Гарчи ҳаётим тўкис бўлган тақдирда ўзимни Сусанна билан бирга ҳаёт кечирганчалик бахтиёр ва эркин ҳисоблай олмайман.

На илож? Бошимни минг деворга урмай, пешонага битилгани бўларкан. Тоқат қилишга, қўл силтаганча кетишга мажбурман.

— Майли, — дедим титроқ аралаш Сусаннага қўл чўзиб. — Хайр энди! Орамизда яхши-ёмон гаплар ўтган бўлса, кечиргин! Мен билан ўтказган оғир кунларингга рози бўлгин!

Сусанна бу гапларимни эшитди-ю, сесканиб бошини кўтарди.

— Ие, бу нима деганингиз? — деди у зўрма-зўраки жилмайиш қилиб. — Мендан воз кечаяпсизми? Шунчалар жонингизга текканмидим?

— Нега жонимга тегаркансан? Яқинларимнинг сенга гапирган гаплари, қилиқлари мени адойи тамом қилаёзди. Биламан, сен кўнгимни оғритмаслик учун шу саволларни бердинг. Аслида бир дақиқаям ёнимда қолгинг йўқ.

— Бекорларни айтибсиз! Ҳеч денгизда бўлганмисиз?

— Йўқ, нимайди?

— Тасаввур қилинг, денгиз ўртасида кема сузиб бораяпти. Кемада фақат иккимиз. Кутилмаганда бўрон турди-ю, тўлқинлар пишқира бошлади. Кемамиз ҳалокат ёқасида қолди. Агар шунда мен жонимни асраб қолиш илинжида ўзимни сувга отсам нима бўлади? Сиз ҳалок бўласиз-ку! Мен-чи? Жонимни асраб қолиб, бир умр азобда ўтаманми? Асло! Биз ҳам ҳозир худдди шундай кемада бирга олдинга сузиб бормоқдамиз. Денгизнинг инжиқликлари, фалокатлари кўп бўлади. Чидашга мажбурмиз. Ҳар биримиз жон сақлаш учун ўзимизни четга олаверсак, бу ҳаёт ҳаёт бўлармиди?!. Йўқ, мен сизни ташлаб кетолмайман. Майли, синглингиз нима деса деди. Менга нима? Менга туҳмат қилган бўлса, Худо жазосини беради. Энди бормаймиз, қўямиз, вассалом!

— Демак… Сен мендан воз кечмайсан, шундайми? — сўрадим беихтиёр кўзларим чақнаб.

Сусанна бу саволимга жавобан, қўлтиғимга кирди-да, секин туртди.

— Юринг, кеч бўлиб кетди. Тезроқ квартирага етволайлик!

 

* * *

 

Қоронғиликда зиналардан кўтарилиб, таниш квартира рўпарасига етгач, мамнун жилмайиб эшикни тақиллатдим. Зум ўтмай, остонада уй эгаси Холмат бобо ҳозир бўлди.

У иккаламизга ҳайрат аралаш боқди-да, боши билан «кир» ишорасини қилди.

Тушунмадим. Чолнинг бунақа одати йўқ эди чамаси. Нима бўлди экан? Ё кетмасдан бурун бирор ножўя иш қилганмидик?

Шундай хаёллар исканжасида ичкарига кирдим. Сусанна хонамизга кириши билан Холмат бобо мени нари тортди.

— Сенга бир гапни айтишим керак, — деди у салмоқ билан. — Квартира сотиладиган бўп қолди. Ўғилларим қўйишмаяпти. Мана ижара учун берган пулинг. Майли, мен мингдан минг розиман. Энди бошқа уй топишинг керак, болам.

— Ҳозир-а? — сўрадим хавотир аралаш.

— Иложи бўлса, ҳозир. Ҳали замон ўғлим келади. Сизларни бу ерда кўрса, жаҳли чиқиши мумкин. Очиғи… Сал муштумзўрроқ. Вақти келса, менгаям дўқ урворади. Эркалатиб ўстирганман-да баччағарни!..

Мен бўшашганча ортга тисландим.

— Нима қиласизлар? — жавдираб менга тикилди қария. — Ҳозир чиқиб кетасизларми?

— Нимаям қилардик? — елка қисиб жавоб қилдим. — Чиқиш керак бўлса, чиқаверамиз-да! Бошқа йўл ҳам йўқ.

Шундай деб қўрқа-писа Сусанна ўтирган хона эшигини очдим. У астойдил кийим алмаштиришга тушиб кетибди.

— Кийим алмаштириш ортга сурилади, — дедим деворни аста муштлаб. — Бу ердан ҳам ҳайдалдик. Тез чиқиб кетмасак бўлмасмиш.

Сусанна ҳеч нарса демади. Фақат оғир хўрсиниб қўйди холос.

 

* * *

 

Қисқа фурсатда заъфарон қиёфага кириб қолгандек эдим. Қоронғиликда номаълум тарафга ёнма-ён кетиб борардиг-у, бу ҳаётдан норозилигим аламини сочларимдан, кийимларимдан, юз-кўзларимдан олгим келарди.

Аҳволим ёлғиз ўзимгагина аён. Айни дамда бебош бир дарё соҳилида муаллақ турибман ва олисдан яқинлашиб келаётган тўфон бир зарб билан мени тўлқинлар қаърига ташлайдигандек туюларди. Сусаннани учратганимдан, Наргизанинг хаёли билан яшайвермаганимдан афсусланардим.

— Агар телбадек марҳумлар билан тиллашиб юраверганимда, — дердим ўзимга ўзим. — Бу кунлар бошимга тушмасди. Гўзал бир аёл қаршисида мулзам бўлмасдим. Ёлғиз бошим гуноҳкорона эгилмасди. Нима қилай? Тилим қисиқ. Ҳаддим сиғиб бирор сўз айтишга-да ўзимда куч ва журъат топа олмаяпман. Ҳозир нимадир десам-у, Сусанна жаҳл аралаш менга юзланиб ҳаммасини тўкиб солса қай ҳолга тушаман? Нимага таксидан тушган заҳоти хайрлашиб кета қолмадим? Шунда ҳозир у менинг аччиқ қисматимга шерик бўлмасди. Ўша таниш аёлникига бориб шартларига кўнарди, ёки қандайдир йўл топиб келишарди. Ўша квартирада яшашда давом этарди…

Бир маҳал Сусанна мени қаттиқроқ қучди-да, тўхташга ундай бошлади.

— Ана, келаяпти, — деди у боши билан олдинга ишора қилиб. — Ҳов анави аёлни кўраяпсизми?

Ҳақиқатан, анча нарида яшил кийимли ўрта яшар ажнабий аёл биз томон яқинлашиб келарди.

— Ҳа, кўрдим, нимайди? — сўради ундан. — Танишингми?

— Бу ўша аёл. Мени ўғлига олиб бермоқчи бўлган… Ҳозир келса, тағин бошлайди дийдиёсини.

— Э, намунча қўрқмасанг? — дедим дадилланиб. Шу аснода дардларим, хавотирларим бироз аригандек бўлди. — Келса келаверсин!

Аёл рўпарамизга келгач, таққа тўхтади ва Сусаннага масхараомуз назар ташлади.

— Ҳа-а, келинчак? — дея бир менга, бир Сусаннага менсимай боқди у. — Энди бу йигитни йўлдан урдингми? Ҳой, ука, ишонманг бунга! Ҳали шошмай туринг, бошқасини ёқтириб қолаверадиган одати бор. Ўшанда сизниям чув тушириб кетади.

Сусанна индамас, лаб тишлаган кўйи танишининг сўзларини жим тингларди холос.

Бу аёлнинг гаплари ҳамиятимга тегди. Сусаннани қўйиб юбордим-да, аёлга яқинроқ бордим.

— Кимсан ўзи? — атайин «сен»лаб сўрадим. — Нега бировга туҳмат қилаяпсан?

— Вой, нимага мени сенлайсан? — тутоқиб кетди аёл. — Туришингга бир қара, қишлоқи! Сенга ким қўйибди катта кетишни?

— Агар яна бир марта хотинимга туҳмат қилсанг, — дедим кўрсаткич бармоғимни аёлнинг кўзларига тўғрилаб. — Мана шу яшил шишага ўхшаган кўзларингни ўйволаман, алкаш!

— Ўзинг алкашсан, билдингми? — бўш келай демасди у ҳам. — Қаёқдаги ўзингга ўхшаган қаланғи-қасанғига уйланволиб, одам бўп қолдим деб ўйлаяпсанми?

— Ўчир чакагингни! — бақирдим зўрға ўзимни тутиб. — Яхшиям аёл кишисан, бўлмаса…

Шунда Сусанна билагимдан тортиб кетишга ундай бошлади.

— Қўйинг, шу билан тенг бўлмайлик! — деди мени судраб. — Ўзи ким-у, гапи ким бўларди. Яхши одам бўлганда, қизи эрини ўлдириб қамалиб кетмасди. Кетдик!

Мен аёлнинг гапларини сингдира олмай анча ергача сўкиниб бордим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here