Суд залидан репортаж: одам савдоси билан шуғулланган 21 ёшли қизга жазо тайинланди

0

Тошкент шаҳар Миробод туманидаги Абдулла Авлоний маҳалласида ўтказилган очиқ суд мажлисида ушбу жиноят иши кўриб чиқилди.

Инсон ҳуқуқини поймол қилиб, эркини чеклашдек мудҳиш иллат – одам савдоси замирида чиркин бойлик орттиришдек мақсад яширинган. Ҳар йили миллионлаб одамлар бу иллат домига илинади. Аммо одамфурушларнинг алдов, зўравонлик йўли билан ёшлар ва аёлларни ўз гирдобига тортаётгани, ачинарли деб ёзади ЎзА.

Тан олиш керакки, дунё миқёсида тобора долзарб муаммога айланаётган одам савдоси муаммосидан мамлакатимиз ҳам холи эмас. Мазкур муаммонинг олдини олиш, унга қарши курашиш, одам савдоси жабрланувчиларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш борасида бир қатор амалий саъй-ҳаракатлар қилинмоқда.

Тошкент шаҳар Миробод туманидаги Абдулла Авлоний маҳалласида ўтказилган очиқ суд мажлиси айни йўналишда жиноят содир этган фуқарони тўғри йўлга бошлаш мақсадида ташкил этилди.

К.И. ўзи таниш бўлган ёки эндигина танишган хотин-қизларнинг ишончига кириб олгач, катта пул беришни ваъда қилиб, уларни Қозоғистон Республикасига ишга юбориш билан шуғулланиб юрган. Унинг бу ишларида ижтимоий тармоқлар жуда қўл келган. Ўзи топган қизларни “Александра” исми билан реклама қилиш билан ҳам шуғулланган.

“Қинғир иш қирқ йилдан кейин ҳам билинар”, деганларидек, одамларнинг ишончини суиистеъмол қилиб “жонли” товарларнинг ортидан мўмай даромад топишни одат қилиб олган қизнинг қилмиши ошкор бўлди.