«Бозор дунё» ёхуд эрини ўзгага никоҳлатган аёл изтироби (6-қисм)

0

Ичкари хоналарнинг бирида Салима билан Нозима иккови унга тайёрланган ички ва ташқи кийимларни кўздан кечирардилар.

—   Мунча кўп нарса берманг, э-э, қизиқмисиз? — деди Салима икки тўп кийимни кўриб.

—  Майли, шуларни билар, ахир?

—   Энди бу ёғи Худодан, эгачи. Инсофни ўзига берсин, — Салима дилига келган гапларни сиртига чиқара бошлади. — Нозимахон, энди бу ҳам пешона, албатта пешонасида борки шўрни инсон кўрмай қолмайди. Биттагина тирноқни дариғ тутмаганда бу савдолар кимга керагу, кимга зарур эди? Ҳеч ақлга тўғри келадиган иш тутмаяпмиз, деявераманда ўзимга-ўзим. Ҳеч ким эрига ўзининг уйида, тағин тўшагида бировни қўшиб бермайди-да. Энди замона-замона деймизу, замонда ҳам айб йўқда, — Салима чуқур уф тортди ва индамай ер чизиб ўтирган Нозимага раҳми келди. — Тағин йўлдан уряпти деб ўйламанг-у, ғалати иш қиляпсиз. Ҳеч қаерда бунақа бўлганини эшитган эмасман. Бола керак, тўғри. Узингизни пуштикамарингиздан бўлганига нима етсин?! Айб сиздалиги сизда. Бунга хўп дейлик. Бир йилдан бери менга гапиравериб, ҳоли жонингиз қолмади. Охири мана, қиляпмиз ҳам шу ишни. Ахир, шуни уйда эмас, бошқа жойда ҳам қилса бўлади-ку? Ўлсин энди, уйингизда, ўзингизни ҳалол тўшагингизда, эрингизни қўйнига кўчадаги битта қишлоқини солиб қўйсангиз. Шунисига ҳайрон бўлавераман, шунга ақлим етмайди. Эсли-ҳушли жувон бўлсангиз, чакана меҳнат билан топдингизми бу уйу мол-дунёни. Энди эса, яйраб-яшнаб яшайдиган вақтингизда, қаёқдаги ялангоёқ сизнинг ўрнингизда ётса.

—   Ҳамма гапингиз тўғри, — атласнинг четини эзғилаб, ер чизганча маъюс гапирди Нозима, — балки ўзимга-ўзим қилаётгандирман, оғзимдаги ошни олдираётгандирман. Бунисига бир нарса дейиш қийин. Мен Мансур акамни яхши биламан. У шу кунларгача ҳам, ҳатто ҳозир ҳам кўнгани йўқ. Ҳали келса, Худо билади, нима дейди, нима қўяди? Унинг заррача ихтиёри йўқ. Бу ишни мен қиляпман. Мансур акам учун қиляпман. Ҳаммасига ўзим айбдорман, унинг эса тўрт мучаси соғ. Буни ўзи билади. Бугун бўлмаса, эртага мендан домангир бўлади. Ҳали қариш бор, белдан қувват, кўздан нур кетиши бор, ҳасса таяниш бор. Бу уй, мол-мулк ҳаммаси ўшаники ахир…

—   Қўйинг-е, гапирманг бу гапни, — жеркиб берди Салима.

— Йўқ, тўғриси менинг нимам бор, нима қилиб қўйипман. Худо олдида бандаси ҳақ гапни айтиши керак. Тўғри, давлат бор, қонун бор, биз қонуний никоҳдамиз, булар ҳаммаси тўғри. Қонун ярмини меники ҳисоблайди. Лекин, мана бу ерда, — у кўксини кўрсатди, — мана шу ерда имон деган нарса бор. — Унинг нафаси тиқилиб, ўксиниб, овози чиқмай қолди, бурнини тортиб, ёшли кўзларини енгига артиб давом этди, — зурёдсиз аёл — қуриган кудуқ. Унинг қаро ерга ҳам кераги йўқ. Мен мол-мулкка давогар бўламанми, уни қайси гўримга олиб кетаман? Шунинг учун ҳамма нарсага тайёрман. Ҳеч банда қилмайдиган ишга ўз ихтиёрим билан киришяпман. Бу ёғи Худодан. Бу инсофсиз бўлса, Мансур акамга Худо инсоф бериб қолар, ахир? Иймонли, диёнатли одам, мендан кечиб юбормас… Кечса ҳам пешонамдагини кўраман. Йил ўтган сайин бу киши олдида қалтироқ тутадиган бўлиб боряпман. Кейинги пайтларда оғзини пойлайдиган бўлиб қолдим. Шу уйда омонат юрганга ўхшайман. Қийналиб кетдим, опа! Ўзимнинг опамдай бўлиб қолгансиз, сизга юрагимни очиқ-ойдин очяпман. Бу гапларни зинҳор Мансуржон билмаслиги керак…

Энди нега уйингда шу ишни қиляпсиз деганингизга… Бу шунақа одамки, бино бўлиб бировникида бйр соатдан ортиқ турган эмас. Жўраларининг гапига бориб ҳам зуд уйига қайтади. Бировнинг тўшагида ўтиргиси келмайди. Ишонаверинг. Бошқа жойларда, бошқа ишлар билан шуғулланадиганларни жини суймайди. Икки-учта шунақа ўртоқлари бор, ўшаларниям кўргани кўзи йўқ. Бу ерга келишса ҳам жини суйиб гаплашмайди. Бошқа жойни айтасиз-а, яна бегона аёл билан? Шунинг учун ўйлаб-ўйлаб зўрға кўндирдим. Бошқа иложи йўқ. Ҳали буни кўриб жиннилик қилиб берса-я, деб ўйлаб туриппан…

—   Эркак кишининг кўзи кўр бўлади, эгачи, шуни ҳам унутманг, — гапини бўлди Салима, — минилган бўлса ҳам янги тойни кўрганда, чопгиси келиб қолади.

—   Бу ёғи Худодан. Қилдимми, қилдим. Бу ёғини Худодан кўраман. Менинг ҳам ахир айтганим бордир?

—   Ўзингиз биласиз, кўнглимга келган омади гапни айтдим… Нима бўлганда ҳам сизга куяман, сиздан ёмонлик кўрганим йўқ…

—  Узим биламан, раҳмат қўшни…

—   Кўп билан кенгаш, дейди… Бу шунақанги ишки, бировга… — Салима жимиб, ўй суриб қолди.

Эшикнинг жонсиз ғийқиллагани эшитилиб, Салима Нозима тутқазган кийимларни қўлга олиб, ваннахона томон кетди. Нозима ўтирган ерида ўтириб қолди. Салима билан кийиниб олган Каниза меҳмонхонага кириб кетишди. Нозима ташқари отланди. Қозонга шўрва солиш ва ошга тайёргарлик қилиш лозим эди. У ошхонада уймалашаркан, олдига Салима келди ва:

—  Қуриб кетгур қишлоқи, аёл кишининг ҳам кўзини ўйнатадиган бўлиб кетди. Атласнинг тўқ қизил жойларига ўхшаб ёняпти… — деди.

—  Мансур акамнинг бахти борда, — гўшт майдаларкан луқма қилди Нозима, — Худо таоло бўш жойни тўлдирар экан-да, мендан бошқани кўрган эмасди…

—  Қизиқ гапларни топиб гапирасиз-да, эгачи.

—  Йўқ, тўғри айтяпман.

—  Шунчалик юрагингиз кенгки…

Нозима бир қошини кериб, бошини қимирлатди.

—   Мансур акамга телефон қилиб қўйдим, домлани, таниш домлани олиб келади.

—  Кўндими, ишқилиб?…

—  Чакана уриндимми? Кўникди, кўнади-да.

—  Вой-ей, ажойиб аёлсиз-да…

—   Шиппагини кўрсатиб қўйдингизми, ташқари-пашқари чиқса…

—  Ташқарида бало борми?.. Ўтирсин…

—  Айтаман-да…

—   Мен уйдан хабар олиб чиқай, анов қиз ҳам мактабдан келгандир. — Салима қўзғолди.

—  Тўхтанг, — деди Нозима, — тўхтанг.

У идишга гўшт, қази солди, устига иккита нон ёпди, қўярда-қўймай Салимага тутқазди.

—  Тез қайтиб чиқинг.

Салима чиққанда Нозима ҳамон ошхонада уймаланар, анча-мунча нарсаларни тайёрлаб ташлаган эди. Шўрва ва ошнинг зирваги милтиллаб қайнарди.

Салима Канизанинг ёнига кирганда у бир қучоқ бўлиб диванда ухлаб ётарди. У изига қайтиб чикди ва «пинакка кетибдилар» деган ишора қилди. Нозима бир нуқтага тикилиб қолди. «Шўрлик бахти қаронинг кўнглидан нималар ўтаётган бўлсайкин», ўйлади Салима. Яхши кўрган, ўн уч йил бир ёстиққа бош қўйган эри билан бировнинг ётишини кўз олдига келтиряптими? «Вой-ей, нималар бўляпти ўзи?»

Салима Нозимани эзмаслик учун энди гап қўзғамасликка қарор қилган бўлса-да, тилининг учида турган гап ташқари чиқди.

—  Шошилмай, бу бетайинни уч-тўрт кун синаб кўрмадингиз-да. Ичидаги сиртига чиқармиди? Нимагадир жуда шошяпсиз…

—   Бўлган иш бўлди энди. Мансур акам айниб қолмасдан… Келинг, жон Салима опа, шу гапдан гаплашмайлик.

—  Бўлди, — нуқта қўйди Салима.

—   Хрзир хўжайин ҳам келиб қолади, — дарвоза томон қаради Нозима.

Соат бешга яқин Мансуржон домлани олиб келди. Уни тўғридаги якандозлар тўшалган, дастурхон тузоғлиқ хонага олиб кирдилар. Мансуржон нон ушатиб ўша ерда ўтириб қолди. Одатига кўра у Нозима билан алоҳида саломлашмоғи керак эди. Негадир у ошхонага, Нозиманинг олдига кирмади. Салима уларга чой олиб кирди. Чиқиб:

—   Шўрвани қуяверинг, домланинг вақти зиқ экан, — деди, — мен келинпошшони уйғотай.

—   Ўша ерда, нариги уйда оқ рўмол бор, — деди Нозима сал овози қалтирагандай ва шўрва сузишга киришди.

Домла шўрвани тез ичди. Салима келинпошшони бошига катта, узун рўмол ёпинтириб, домла билан Мансуржон ўтирган хонага бошлаб кирди. Икковлон кираверишга чўкдилар.

—   Хўўп, — деди паст бўйли, миқтигина домла, — энди бўладиган ишни қилиб қўя қолайлик, исмингиз нима қизим?

—  Каниза, — унинг ўрнига Салима жавоб қилди.

—   Яхши исм экан, — ширинсуханлик қилди домла, одатига кўра оёқларини маҳкам тортиб, алмаштирганча жойлашиб ўтирди, Мансуржон билан Канизадан рози-ризочилик сўради ва уларни дарров никоҳлаб қўя қолди, калимани ўқиб тугатаркан: — шариатда тўрттагача буюрилган, магарким молли-давлатли бўлиб, заифаларни ҳеч нимага муҳтож қилмай, рўзғор тебратиш имкони бор экан, тўрттагача никоҳ шаръийдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллалоҳу алайҳи вассаллам ҳам эр кўрган тул аёлларни боши очиқ юрмасин, деб ўз никоҳига олганлар, — дея қисқа маъруза қилди.

Салима келинни олиб чикди. Ош олиб кирди. Нозима домланинг туришига тайёрлаб кўйган тўн, чорсини Салимага тутқазди. Мансуржон домлани ташлагани кетди. Дарвоза тагидан қайтиб келган Салимага Нозима қўярда-қўймай, бир кийим тоза атлас берди. Салима уйига чиқиб кетаркан, Нозиманинг ғалати, маъюсроқ бўлиб қолганини сезди. У Салимани кузатиб, Мансур-жон келса, кўндириб, қайнсинглиси Зебохонникига кетишга қарор қилди. Бир пас олдинги воқеадан кейин ҳеч бу ерда тургиси келмай қолди. Кетса яхши бўладиганга ўхшайверди. Мансуржон ҳам ўзини ёмон сезяпти, бир-икки кун ўша ерда тургани маъқул, шекилли.

Ҳадемай Мансуржон қайтиб келди, қизиқ, уни орзиқиб кутиб турган Нозиманинг ёнига, ошхонага кирмай никоҳ ўтган хонага кириб кетди. Нозима анча вақт кутди, у чиқавермади, ўзи киришга қарор қилди. Ўша томон юрай деса, юраги гуппиллар, қанақадир йиғи халқумини бўғиб, тўлиб келаётганга ўхшарди. У ошхонада, Мансуржон хонада ўтиравердилар. Охири Мансуржон чиқиб дарвозани очди, Нозима одатига кўра гараж эшигини очишга шошилди, эшикни очиб ичкарида ёпқични ушлади. Машина ўрнига кириб ўчди-ю, Мансуржон қимирламай ўтираверди. Ўнг томондан Нозима кирди, эрининг ёнига ўтирди. Улар бир-бирларига бурилдилар. Бирдан Нозима эрининг бўйнига осилиб, бўғзида турган фиғонини қўйиб юборди. У ич-ичидан эзилиб, хиқиллаб йиғларди. Мансуржон унинг сочларини силади.

—  Нима қилиб қўйдингиз, Нозима?

—  Ҳаммаси яхши бўлади, — хиқиллади Нозима.

—   Мен бунга чидай олмайман, — деди Мансуржон ҳамон унинг бошини силаб, унинг ҳам овози қалтираб чиқаётган эди.

—   Чиданг, жоним, сиздан ўтинчим шу. Бошқа иложимиз йўқ.

—   Йўқ, — деди яна Мансуржон, — худди тушга ўхшайди. Кеча тушимда ҳам қўрқиб чикдим, худди сиз эрга тегиб кетяпсиз, тўйингиз бўляпти. Мен эсам дод дейман холос, овозим чиқмайди.

Нозима энди тинчланди.

—   Мансур ака, ўзингизни қўлга олинг. Биз ҳеч қачон бир-биримиздан ажралмаймиз. Барибир, бир чора ўйлаб топишимиз керак эди. Мана шунга тўхтадик. Нима ҳам қиламиз?

Мансуржон унинг сочлари орасига юзини тиқиб ҳидлар, Нозимани сира бағридан бўшатгиси келмасди.

—   Мансур ака, қоронғи тушиб кетди. Анови хотин нима бало деб ўйламасин. Бахт ҳам ўзимизники, бахтсизлик ҳам. Ҳаммасини бирга тортамиз. Мен секин Зебохонникига борай… Бир кун-ярим кун ўша ерда туриб тураман. У ҳамма нарсани тушунадиган хотин. Худди онамиз раҳматликнинг ўзи, умри ўхшамасин…

—   Бир қадам силжимайсиз. Мен унинг олдига кирмайман, вассалом. Шу ерда десангиз шу ерда эрталабкача ўтиравераман. Мени ҳайдаманг, жоним.

—   Энди тентаклик қилманг, асалим. Мен чидайман. Сиз учун ҳамма нарсага тайёрман.

—  Йўқ, кирмайман, тамом.

—  Кирасиз, келажагимиз учун ҳам кирасиз. Кирмасан-гиз, мендан ҳам ажраб қоласиз. Фикрим қатъий. Ўжарликда сиздан кам эмасман. Бўпти, кетмайман. Кирасизми?

Нозима ўзини илгаригидек шўх-шодон тутишга ҳаракат қилди. Бўлар иш бўлганда, энди бу тентаги иш кўрсатиб турмасин тағин.

—   Фақат бир илтимос, — Мансуржоннинг юзларига юз суриб эркаланди Нозима ва яна гапини қайтарди, — фақат бир илтимос, бегим, ён хонани ҳам спални қилиб қўйдим, бу ёқдаги каравотларни олиб кирдим. Менинг спалнийимдан фарқи йўқ, у менинг азиз тўшагимда ётмасин. Хўпми? Ваъда берасизми?

Мансуржон индамади. Улар гаражда тонггача қолиб кетдилар.

—   Вой, менга бир пиёла чой ўзи етарли, — деди Каниза чиройли товокда турли хил нонушталар кўтариб кирган Нозимага.

Икковлон нонушта қилдилар.

—  Уйга кетгим келяпти, — деди бир вақт Каниза.

—   Болаларингиз кўзингиздан ўтаётгандир-да, Худо хоҳласа, улар тинч-омон юришиб туради, — тинчлантирди уни Нозима.

Каниза оёғи остига тикилганича ўтириб қолди. «Хайрият, шунчалик деди-ю». Нозима бу гапдан қувват олди, юраги хотиржам тортди. «Бу шаҳарга чидамайди» — яна кўнглидан ўтказди у.

—  Энди Канизахон, эгачи, опа-сингил бўлиб қолдик, бундан буён қиёматли бўлиб кетамиз. Ҳаммаси ўтиб кетади. Бу тилла бош нималарни кўрмайди бу дунёда. Мансур акам унутиб юборсалар ҳам, мен сизни ва бизга қилган яхшилигингизни у дунё бу дунё унутмайман. Уч-тўрт кун Аллоҳ сизга сабр-қаноат берсин, илойим.

Каниза ерга қараб ўтираверди, чуқур уф тортди.

—   Сиқилманг-а, жон сингилжон. Ҳозир зўр кинолар бор, қўйиб бераман, — деди хавотирга тушган Нозима.

—   Опа, — деди ҳануз ерга тикилганча Каниза ва сукут қилди. Нозима кутиб турганини сезди ва гапини қолганини айтди: — туғадиган бўлсам, бир дўхтирга…

—   Бор, жуда яхши, ўзимга қарашли дўхтир бор. Ҳозир телефон қиламиз. Нима?.. — Нозима хавотир гапирди бу гапларни.

—  Йўқ, ўзим, энди туғмайман деб…

—  Ҳа, тушунарли, — деди Нозима.

Нозима у ёқни бу ёқни йиғиштириб, дўхтирга телефон қилди. Кийиниб олган Нозима Канизага қараб:

—  Ечинг товусни, — деди ва ичкаридан янги, қалин жун жемпер билан узун, қора аёллар чарм плашини олиб чиқди. Уларни кийгизар экан, — кечаси номига қор учқунлади-ю, ташқари жуда совуқ, — деди.

Кета туриб Нозима эрига телефон қилди:

—  Мансур ака, биз ташқари чиқяпмиз, тез қайтамиз, — деди.

Улар гинекологияга бориб, ишларини битказиб қайтишди. Таксида бориб келишди. Келаётиб, Каниза жуда-жуда бозорга киргиси, таниш-билиш шерикларига ўзини кўз-кўз қилгиси келди.

Соат учларда телевизор кўриб ўтирган Канизанинг ёнига Нозима кирди, у кийиниб олган эди.

—  Овқатларни тайёр қилиб қўйдим.

—  Вой, ҳозирроқда овқат едик-ку.

—   Кечқурунга. Мен Мансур акамларнинг синглисиникига кетяпман, сиз яхши ўтиринг, зерикманг, бу киши ҳам узоқ юрмайдилар, келиб қолишади, — деди у. — Мансур акамга ўзингиз қарарсиз, ошхонада овқатлар тайёр…

Кенг уйнинг келинчаги бўлиб қолган Каниза уйнинг хоналарини роса айланди, томоша қилди. «Одамлар бунча нарсани, бунча пулни қаердан топишар экан-а?» ўйларди у, сон-саноқсиз гиламлар, уй жиҳозлари, кийим-кечаклар, майда-чуйдаларни кўздан кечирар экан. Меҳмонхонага қайтиб кирар экан, энг зўр шоколад плиталаридан тўрттасини халтасига жойлаб қўйди.

Куёв бола ҳам келди. Аввал ташқарида сигнал чалди, сўнг ҳовлига кириб, у ёқ бу ёққа қаради-да, дарвозани очиб, машинасини олиб кирди. Гаражга яқин қолганда тўхтатиб ўчирди.

Каниза деразадан уни бошдан-оёқ кузатди. Келишган эркак экан. Ўттиз бешларда бўлса керак. Роса кучга тўлган маҳали. Хотинини қидиряпти. Унга пешвоз чиққиси келди-ю, уялди. Шу ерда кутишга қарор қилди. У кириб кела бошлади. Ҳар ҳолда Канизанинг юраги гупиллади, диванга ўтириб олди.

—  Яхшимисиз… — саломлашди Мансуржон паст товушда, унинг овози хотиржам эмасди.

Каниза ўрнидан турди, ерга боқиб, Мансур Нозимани сўрамаса ҳам:

—  Опамникига кетдилар, — деди.

«Такдирга тан бериб, бизга қўшилиб бўпти, бемалол «опамникига» деди» ўйлади Мансуржон.

—   У ерда нима қиларкан? — деди-ю, сал ўнғайсиз ҳолатга тушди у, Каниза унга ғалати қараш қилган эди.

—  Майли, кўргиси келгандир, мен ҳозир, сиз бехавотир ўтираверинг, — Мансуржон чиқиб кетди. «Жон офати-ю» ўйларди у ваннахонада бет-қўлини юваркан. Сочиққа артинаётиб, жағларини силаб кўрди, соқол олишга тутинди. Тишини ювди, энг ширин уфордан сепди. Ўзини роса тартибга солиб, энг суйган халатини кийди-да, келинпошшонинг истиқболига юрди. У қандайдир хушчақчақ эди, кайфияти кўтаринки, ҳазил-мутойибага мойил, кечаги кечинмалардан асар ҳам йўқ эди. Ҳозир чойхонада ҳам ўртоқлари нуқул аёллардан гапиришди. Тўғрида, бу ҳам бир неъмат, эркак кишига берилган ризқ. Ҳозир истиқболига кириб бораётган нозаниннинг танаси, бели, кўксию сонлари қандай бўлса экан? Унинг гап-сўзи, тотли шивирлашлар, хатти-ҳаракатлари бошқача бўлса керак… Бахтинг бор экан Мансуржон… Ҳаёт қанчалик тилсимот, қандайин гўзалликларга, мўъжизаларга тўла… Эҳ, Мансур! Бу сенга Аллоҳнинг марҳамати. Анови қози, аптекачи дўстларингга ўхшаб беъмани-бетасир юрмаганингни оқибати, ўшаларнинг мукофоти… Энди сур, сен ҳам!

Тилаволди Жўраев

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here