КУН КУЛГИСИ…

0

 

 

РЕСТОРАН ОФИЦИАНТИ МОНОЛОГИ

 

Биласиз, ресторанимизга обрўли мижозлар ташриф буюради. Аммо ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин экан. Кунларнинг бирида ёши саксондан ошган бир кавказлик қария кириб келди-да, рўпарамга ўтирди. Бошини уёқдан буёққа қимирлатиб олгач, хириллаган овозда сўз қотди.

— Харчо (қўй гўштидан тайёрланадиган кавказча суюқ таом) егим келяпти!

Мен мулойим овозда жавоб қилдим.

— Харчо йўқ эди-я, ота!

Қария ҳеч нарса бўлмагандек, талабини такрорлади:

— Харчо егим келяпти!

Тушунтар бошладим.

— Ота, бу таомнома ўтган йилигиси. Эскирган. Янги таомномага буюртма берганмиз. Лекин босмахонадагилар ҳали жўнатишмади. Қоғоздан муаммо чиқибди уларда. Шунинг учун эски таомномани қўйдик. Аслида бизда харчо йўқ.

Қария мени жим ўтириб тинглади. Сўнгра бошини сарак-сарак қилиб гап бошлади.

— Харчо бер, харчо дедим!

— Харчо йўқ, йўқ! — сал қурса бақириб юбораёздим. — Харчо қўй гўштидан тайёрланади. Бугун эса қўй олиб келишмади. Базадан жўнатишмади. Мол гўшти жўнатишди. Директоримиз база раҳбарига қўй масаласида қўнғироқ қиллганди, у қаергадир жўнаб кетибди. Демак, қўй гўштисиз харчо тайёрлай олмаймиз.»

— Харчо егим келяпти! Харчо бер!

Жон-поним чиқиб кетди.

— Қанақа харчо, ота? Намунча бир гапга ёпишиб қолдингиз? Харчо тайёрлашни билиш керак. Биладиган ошпазимиз Цугульков бугун ишга чиқмади. Хотинининг кўзи ёрибди. Хурсандлигидан кўпроқ ичворган экан, мазаси қочибди. Шу аҳволда қандай харчо тайёрласин, ота?

Қария ниҳоят тушунди шекилли, аста ўрнидан турди-да, қўлимни сиқди. Сал ўзимга келгандай, ҳушим, жаҳдим жойига тушгандай енгил тортдим. Ҳатто, пешонамда пайдо бўлган маржон-маржон терларни артиш ҳам эсимга тушди. Афсуски, қулоқларим остида яна ўша таниш, ёқимсиз сўзлар такрорланди.

— Харчо егим келяпти! Харчо бер!

Бу гапни эшитдим-у, аъзойи баданим дағ-дағғ титраб, қандай бақириб юборганимни-да сезмай ққолдим.

— Йўқ харчо, йў-ўқ! Плита куйиб кетди, эшитдингизми? Плюс билан минус тўқнашиб кетибди. Ёниб кетди, ёниб! Иккинчи плитада харчо пишириб бўлмайди!..

Қария эса ҳайратдан кўзлари катта-катта очилганча менга бақраярди. Тикилиш асносида мўйловини силаб-силаб олганига ҳам кўзим тушди.

Бақряпман-у, хаёлан «Агар яна бир марта харчоласа, ўлдираман бу чолни!» деб қўйяпман.

Қария бўлса, туриб-туриб, барибир бир гапни такрорлайверди.

— Харчо бер менга!

Йў-ўқ, мен одам ўлдира олмас эканман. Қаршимдаги қарияга қўл кўтара олмадим. Аксинча, нимадир миямга қаттиқ урилган каби гандираклаб кетдим ва дод деб йиғлаб юбордим.

— Илтимос, менга раҳмингиз келсин, жон ота! — беихтиёр ялина бошладим унга. — Мен касалман, тушуняпсизми? Касалмандман! Қон босимим баланд. 220 га 150 юради. Худди трансформаторга ўхшайди. Хотиним ҳам жинни бўлиб қолган. ҳар куни кечаси билан уйимиз атрофида айланиб, қўшиқ айтади. Ўғлим дудуқ! Неварам «икки»чи… Харчо йўқ, ота, йўқ!

Шундай деяпман-у, юм-юм йиғлаяпман. Қария ҳам мени маҳкам қучоқлаганча қўшилиб йиғлар, кўз ёшларини қур-қур енгига артиб, минғирларди:

— Харчо бер менга, болам, харчо!

Билмадим. Негадир бошим гир-гир айлана бошлади. Мувозанатни йўқотдим ва гурс этиб полга қуладим. Яхшиям ҳамкасбларим вақтида етиб келишди. Мени кўтариб олиб ҳушимга келтиришди.

— Э, тупур бунақаларга! — дейишди улар менга. — Бундайлар билан тенг бўлма! Улар бизни ҳеч қачон тушунишмайди. Тупур, тупур ҳаммасига!..

Ҳа, мен ҳамкасбларимнинг маслаҳатини ерда қолдира олмадим. Безбет қарияга қараб уч-тўрт карра тупурдим-у, ошхонага кириб унга харчо олиб чиқиб бердим.

Григорий Горин
Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc