Мулланинг олдида тилингни тий! (ёхуд ўқ еган домла)

0

Ҳазратнинг мухлисларидан бири меҳмонга чақирибди.
Ўрдак овлаган экан…
Ўша кезда водийдан айрим илм аҳллари ҳам ушбу меҳмондорчиликка ташриф буюришибди. Овланган ўрдаклар пишгунча ўзаро суҳбат, савол-жавоблар асносида водийдан келган, Ҳазратнинг ёнида ўтирган меҳмон норози кайфиятда ҳаммага эшиттириб сўз қотибди:
– Тақсир! Бизга айрим гапларингизни айтиб боришяпти, ўша гапларингиз мазҳабга мувофиқмас-ку!

Орага совуқ жимлик чўкибди. Ҳамма, энди нима жавоб бўларкин, дегандек Ҳазратга тикилибди.

– Бизга ҳам сизнинг гапингиз, деб ҳар хил гапларни айтиб келишади. Фақат биз Тошкент билан водийнинг орасида тоғ бор, гапнинг ярми йўлда тушиб қолган бўлса керак, деб индамай қўя қоламиз –  дебдилар Ҳазрат.

Жавобнинг салобатидан ҳалиги домла ғалати аҳволда қолибди. Бошқаларнинг юзига эса илиқ табассум югурибди…

Пишган ўрдак дастурхонга тортилибди.
Ҳалиги домла ўрдак гўштидан бир луқма оғзига солибди. Гўштнинг ичида ўқнинг золдири қолиб кетган эканми, домланинг оғзидан «Қарс!» этган овоз чиқибди…
Ҳамма домлага қарабди. Ҳазрат мийиғларида кулиб:
– Ҳа домла, ўқ едингизми!?-, дебдилар…
Домла тишини ушлаб, бошини сарак-сарак қилиб:
– Едим тақсир, ўқ едим, – дебди…