ҚОРА ҚИСМАТНИНГ ҚУЛИ… (30-қисм. Иккинчи фасл. Воқеалар реал ҳаётдан олинган)

0

 

* * *

 

Шу аҳволда алламаҳалгача кўча кездик. Хўш, қайдан паноҳ топамиз қоронғида? Кимнинг эшигини тақиллатамиз? Шаҳарда кечаси эшик тақиллатган одамни ҳеч ким хушламайди. Ё ўғрига, ё пиёнистага йўйишади. Жаҳлдорроқ одамнинг эшигини чертсангиз, нақ балога қолиб кетишингиз ҳеч гапмас.

— Мана шу ерда тўхтайлик, — деди Сусанна негадир инграб. — Туфлим оёғимни ғажиб ташлади. Ортиқ юришга ҳолим йўқ. Юринг, анҳор бўйида бирпас ўтирамиз!

— Хўп, — дедим унга ачиниш билан боқиб. — Анҳор бўйида ўтирамиз. Сени чарчатиб юбордим.

Анҳор бўйи сокин эди. Сувнинг шилдираб оқиши қалбга ёқимли туйғулар бахш этиб, хаёл суришга ундарди.

— Энди қаерга борамиз? — сўрадим эҳтиёткорлик билан. — Ғирт дайдиларга айланиб қолдик-ку!

— Нима қипти? — деди у бош чайқаб. — Кўчада бизни ит ермиди? Эрталабгача шу ерда ўтирсак ҳам бўлаверади. Ёруғ тушгандан кейин уй қидирамиз. Нима дейсиз?

— Уйқусиз сен қийналиб қоласан, — дедим норози оҳангда. — Тонггача ўтириб чиқишнинг ўзи бўладими?!.

— Нега уйқусиз ўтирарканман? — эркаланиб елкамга бош қўйди Сусанна. — Сизнинг елкангизга мана шундай бошимни қўяман-да, ухлайвераман.

— Фақат мени қарғама! Мен ҳам шундай бўлишини хоҳламагандим.

— Яна эски ашулангизни бошладингизми? Бас қилинг! Агар тағин бир оғиз гапирсангиз, юзингизни чимдиб оламан. Кўкариб қолади. Хўш, гапирасизми?

— Йўқ, йўқ, йўқ!.. Тавба қилдим!

Мен кула-кула севгилимни маҳкам қучиб, кўзларимни юмиб олдим.

 

* * *

 

Орадан бир соатча вақт ўтди. Ҳаво тобора салқин тортиб борарди. Сусаннанинг титраётганини ҳис этиб эгнимдаги костюмни ечдим-да, елкасига ташладим.

— Фойдаси йўқ, — деди у ўрнидан қўзғалиб. — Барибир совуқ.

— Нима қилсак экан-а? — бошим қотиб секин ўрнимдан турдим. — Бу тахлит ўтираверсак, сен шамоллаб қолишинг ҳеч гапмас.

— Спирт бўлсайди, — деди Сусанна турган ерида бир-икки сакраб. — Қизиб кетган бўлардик ҳозир.

— Нима? — мен ҳайрон бўлиб севгилимга боқдим. — Сен… Ичкилик ича оласанми?..

— Нима қипти? — елка қисди Сусанна. — Байрамларда коньякми, виноми бўлса татиб кўрардим. Бунинг нимаси ёмон?..

— Ахир… Аёл киши пиёниста бўлиб қолиши мумкин-ку!

— Ҳечам-да! Пиёниста бўлиш учун қанча ичиш керак? Биласизми шуни? Кун бўйи ётволиб ичиши керак. Замонавий аёллар эса туғилган кун, тўй-ҳашамларда пича ичса ҳеч нарса қилмайди.

— Гапинг ростми? Ичкиликка берилиб кетмайсанми ишқилиб?

Сусанна бу гапимдан сўнг жиддийлашди. Энсаси қотган каби нари кетди.

— Майли, — дедим ҳовлиқиб. — Пул бўлса бор, ароқ сотиб олсак бўлади. Бироқ… Эртага квартира ҳақи…

— Бир гап бўлар, — деди Сусанна. — Ҳозиримизни ўйлайлик. Мен ортиқ анҳор бўйида қололмайман. Этим увишиб кетаяпти.

Мен нима қилишни билмай атрофга алангладим. Ҳов нарида бетондан қурилган уйсифат кулбага кўзим тушди.

— Қарагин, — дедим ўша томонни кўрсатиб. — Ҳув анави бетон уйчани кўраяпсанми?

— Ҳа, кўраяпман.

— Юр, ўша ерга борайлик! Балки бир кеча жон сақлашга яраб қолар? Агар ичи бўш бўлса, сен айтгандек дўкондан ароқ сотиб олардик-да, маза қилиб ичардик. Очиғи, ўзим ҳам анчадан бери ичмадим. Эр-хотин бир ўтирсак ўтирибмиз-да! «Биздан биров қўрқармиди?!»1.

Сусанна бу ҳазилимга эътибор қилмади. Мени ўша бетон кулбача тарафга судради.

 

* * *

 

Бу уйча нима мақсадда қурилганини англай олмадим. Ичкари бўм-бўш, лекин қўнғиз ва суваракларнинг товуши атрофни тутганди.

— Бу ерда қумурсқа кўп экан, — дея пинжимга кириб олди Сусанна. — Мен улардан қўрқаман. Кечаси қулоғимга кириб кетади.

— Қўрқма, — дедим уни овутишга уриниб. — Ҳозир дўкондан ичкилик опкелсак, ҳаммаси жойига тушади. Ароқнинг ҳидини туйишса, тирақайлаб қочишади ярамаслар.

— Ҳазилниям қотирасиз-да! — кулди Сусанна. — Ерда ухлаймизми?

— Бирор йўлини топармиз. Олдин дўконга ғизиллайлик! Тағин ёпилиб қолмасин!..

Биз кўз очиб юмгунча яқин атрофдаги дўкондан ичкилик, газакка бир бўлак колбаса, газли ичимликлар, ичишга пиёла харид қилиб қайтдик. Сўнгра эски газетани ерга ёйиб, «топган-тутганлар»имизни газета устига қўйдик.

Мен шоша-пиша шиша қопқоғини очдим-да, пиёлани яримлатиб ароқ қуйдим ва Сусаннага узатдим.

У бадбўй ҳиддан бир сесканиб олди-да, таваккал пиёладагини сипқорди. Бироқ кейинги узатганларимни олмади. Бир пиёла билан чекланди.

Кўрибсизки, қолган ароқни кетма-кетига симиргач, ярим соат ўтиб-ўтмай, баданим қизиб, кайфиятим кўтарилди.

Тушунардим. Ажнабий аёллар ростдан ҳам байрам, тўй-ҳашамларда бу оғуни ичишади. Шундай қилса, байрам-байрамдек ўтади дея ҳисоблашади. Мен ҳам бунга кўникишга, тақдирга тан беришга мажбур эдим. Қолаверса, ҳозирги аҳволимда ҳеч бир аёл Сусанначалик менга ҳамроҳ, ҳамдард бўла олмайди. Ҳеч бирининг бардоши етмайди. У-чи?.. Қандайдир йўл билан вазиятдан чиқишга, турмушимизни асраб қолишга ҳаракат қилаяпти. Мени овутишга, дард чектирмасликка интилаяпти. Нега энди шу иши учун уни айблашим керак? Атиги оқ оғудан бир пиёлагина татиб кўрган, пиёнисталикка ружу қўймаётган бўлса. Совқотишига, кўчада қолиб кетишига ўзим сабабчиман-ку!..

— Сиз сира ташвиш чекманг, — дерди ичкилик таъсирида кайфияти кўтарилган Сусанна. — Ҳали бизнинг ҳам ўз уйимиз бўлади. Сиз ҳам, мен ҳам тайинли иш топамиз. Ҳар ойда маош оладиган бўламиз. Ижара уйда бировларнинг қош-қовоғига тикилиб ҳадиксирамаймиз. Ўша синглингиз ҳам керак бўлса ўзи бизни қидириб келади.

— Э, — қўл силтаб қўйдим норозиланиб. — Сен мени тинчлантириш учун шундай деяпсан. Сира ишонгим келмайди ҳаётимиз изга тушишига.

— Нега энди? Бир умр шу бетон уйчада қолиб кетмаймиз-ку, ахир! Секин-секин ҳаммаси яхшиланиши керак-ку!..

Индамадим. Ичкиликнинг, Сусанна айтган ёқимли сўзларнинг кайфи аралашиб хаёлим олис-олисларга парвоз қила бошлади. Кўз ўнгимдан мўлтирабгина йўлимга кўз тикаётган бувижоним, онам, Нурмат қора, ҳамма-ҳаммалари тизилган ҳолда бир-бир ўта бошлашди.

Мен улар билан хаёлан салом-алик қилиб Қўйлиққа қайтдим. У ердаги квартирам ёнида аллақачон тетапоя бўлиб қолган ўғлим Собиржон темир тўсиққа суянганча йўлимни пойларди. Қур-қур орқасида бир тўп карамни қучоқлаган кўйи тирсайиб олган Шарифага ўгирилиб, «дадам! дадам» деб қўярди. Шарифа эса пинагини бузмас, ҳадеганда Собиржонни жеркиб ташлагиси келарди.

— Ўғли-им! — беихтиёр ўрнимдан сакраб туриб кетдим. — Собиржон! Қайдасан?

— Нима бўлди? — сўради Сусанна тушунмай. — Қани Собиржон?

Мен бўшашганча қайтадан ерга чўкдим.

— Ўғлимни соғиндим шекилли, — дедим бетон уйча туйнугидан самога маҳзун термилиб. — Собиржонни қанчадан бери кўрмадим. Кап-катта бўп қолгандир. Мени қўмсам инжиқлик қилаётгандир.

— Бора қолинг унда, — дея икки юзимни кафтлари орасига олди Сусанна. — Нега қараб ўтирибмиз. Юринг, бирга бориб кўриб келамиз!

— Ярим тунда-я? Аблаҳ онаси уйга киритармиди.

— Киритмай кўрсин-чи! Адабини бериб қўяман ўзим.

— Тўхта, балки қўнғироқ қилсаммикан? Менда телефон рақами бориди.

— Ў, зўр бўлади! Тез бўлинг! Қўнғироқ қилинг! Мана, менинг телефонимни олинг!

Ҳовлиқиб унинг қўлидан телефонни олдим-да, керакли рақамларни тердим.

Гўшакдан негадир бегона эркакнинг товуши эшитилди. Бу товуш таниш эди. Бир пайтлар менинг бахтимга чанг солган эркак. Худди ўзи. Сира адашмадим.

— Сенга ким керак? — дағал оҳангда сўради у. — Кимсан?

— Ўзинг кимсан? — дедим жаҳлим чиқиб.

— Менми? Шу уйнинг хўжайиниман.

— Нима?..

Бу гапни эшитиб устимдан кимдир бир челак сув қуйгандек сесканиб кетдим.

— Қанақа хўжайин, баттол? — дея бақирдим. — Бу уйнинг ҳақиқий хўжайиниминан гаплашиб турибсан-ку! Нима қилиб ўтирибсан менинг уйимда?

— Вей, сени танидим, — деди у овозини бир парда баландлатиб. — Бу ерга иккинчи марта қўнғироқ қилмагин, уқдингми?

— Жа қўрқитвординг-ку, жигар! — дедим киноя аралаш. — Гапни кўпайтирмай, боламнинг онасига бер гўшакни!

— Вой итдан тарқаган-ей! Ҳали сен менинг хотинимни телефонга чақирадиган бўлдингми? Қани, манзилингни айт тез! Ҳозир бориб йўқ қилиб юбораман сени!..

— Сенми? Қўлингдан келармикан?

— Ўшанда кўрасан, хунаса!

— Қўй, овора бўлиб меникига келиб ўтирасанми? Йўлкира кетади, вақтингни йўқотасан. Яхшиси, мени кут! Ўзим олдингга бораман! Эркак бўлсанг, ўша ерда гаплашамиз!..

Шундай дедим-у, телефонни ўчириб Сусаннага узатдим.

— Ҳа, ким экан? Нега уришдингиз? — сўради Сусанна хавотирланиб. — Биринчи хотинингизми?

— Қаёқда? Эри! Мени йўқ қилиб юборармиш, ифлос. Ҳозир борай, кунини кўрсатаман!

— Бўлди, кетдик унда! — йўлга отланди Сусанна. — Кўрамиз, ким кимни йўқ қиларкан!

Мен яқиндагина ичкилик ичганимга, кайфим тарқамаганига-да қараб ўтирмадим.

Айни чоғда кўзимга ҳеч нарса кўринмас, қандай бўлмасин рақибдан, бахтимнинг кушандасидан ўч олиш пайида эдим.

 

* * *

 

Ҳеч қачон ўғлимга нисбатан қалбимда бугунгидек соғинч ҳиссини туймагандим. Унинг чақалоқликдаги уйқу орасида кулимсираб қўйишлари, ўзича нималардир демоқчидек оғиз очишлари, қорни очса чирқираб йиғлашлари хаёлимда гавдалангани сайин тўкилиб борардим. Бунга ўзга бир эркакнинг ўғлимни эркалашлари, ёки уришиб ташлашларини тасаввур қилишим қўшилиб, дардим юз чандон ошарди.

Чўнтакка ҳам қараб ўтирмай, такси тўхтатдим. Агар биз Қўйлиққа бориб қайтсак, ёнимда арзимаган пул қолади. Бу пулга на ижарада туриб бўлади, на тирикчилик қилишга имкон қолади.

Барибир бу ҳақда ўйлашни хоҳламасдим. Алам ва ўч ўти мени олдинга етакларди.

Асосийси, Шарифани кўраман. Ёнимда Сусанна уйга кириб боради. Демак, менинг адойи тамом бўлмаганимга ўзи гувоҳ бўлади. Тан беради. Эри билан ўзини, кейин мени Сусанна билан ёнма-ён қўйиб кўради. Қилмишларидан пушаймонлар чекади. Ҳаваси келади. Ҳасад оловида жизғанаги чиқади. Бу тунни узлатга алмашади. Ширин уйқудан мосуво бўлади. Худо хоҳласа, бир умр тош кўнгли азобу уқубатларга кўмилиб яшайди. Лекин дардини бировга айта олмайди. Айтишга юраги бетламайди…

Машина манзилга яқинлашиб қолганда, Сусаннага юзландим. У ёнимда ўтирганча ухларди.

Безовта қилмаслик учун то кўп қаватли уй қаршисида тўхтагунимизча индамадим. Фақат тушаётганимиздагина оҳиста туртиб уйғотдим…

Биз икковлашиб юқори қаватга кўтарилдик. Квартира яқин қолгани сари кўнглим баттар безовталанар, худди узоқ йиллик ҳарбий хизматдан уйга қайтаётгандек ҳаяжонланардим. Хаёлан ўғлимга аталган энг ширин сўзларимни такрорлардим.

Квартира чироғи ўчиқ экан. Сусаннага сирли қараш қилиб эшикни тақиллата бошладим. Ҳадеганда жавоб бўлавермагач, қаттиқроқ тақиллатдим. Шундан кейингина ичкарида чироқ ёниб Шарифанинг таҳдидли овози янгради.

— Ким у?

— Оч эшикни! — бақирдим. — Бу менман! Ё ҳалиям танимадингми?..

Шарифа ортиқ ҳеч нарса демади. Шарақлатиб эшик зулфинини суғурди.

Эшик очилди.

Шарифа рўпарамизда қотиб турар, ичкари хонада эса «уйнинг хўжайини» чиқишга шошилмай, кимгадир қўнғироқ қилиш билан банд эди.

 

* * *

 

Нигоҳлар тўқнашди. Қалбимни совуқ ҳислар қуршади. Бир неча сония ичида яқин ўтмишда бошимдан ўтказган аламли лаҳзалар кўз ўнгимда гавдаланди.

Қачонлардир мен учун фариштадек азиз бўлган Шарифа айни лаҳзаларда жуда ёқимсиз туюлиб кетди. У бозорчи аёллар нуқси урган юзлари терсайганча гоҳ менга, гоҳ Сусаннага ўқрайиб қўярди.

Аста ортга тисландим-да, ичкарига мўраладим.

— Қани эркак? Нега чиқмаяпти? — бақирдим бор овозда. — Менинг уйимга кирволиб хўжайинбўп қолган ўша зўравонни чақир, гаплашамиз шу ерда!

— Ҳа-а, ўзинг қўрқиб хотинчангниям етаклаб келдингми? — жавоб ўрнига мендан-да қаттиқроқ қичқирди Шарифа. — Ўла қўрқоқ!..

Сусанна чидолмади. Шарифага яқин борди-да, икки қўлини белига тиради.

Бу манзарани кўриб беихтиёр кулгим қистар, айниқса, Шарифанинг қўрқа-писа ортга тисарилиши мени янада жонлантириб юборганди.

— Бу ерга биз уришиш учун келмадик, — деди Сусанна босиқлик билан. — Уришадиган бўлсам, мени ўзим дабдалангни чиқариб ташлайман. Ўзингни босгин-у, Қодир акамга фарзандини кўрсат! Кўрсатсанг бас, биз кетамиз!

— Қанақа фарзанд? — Шарифа йўлакка ўтиб олди-да, қичқирди. — У Қодир акангнинг боласимас, эшитдингми? Ана, Собиржоннинг отаси ичкарида ўтирибди!.. Йўқолларинг! Ҳали замон милиционерлар келади. Обрўйинг борида туёғингни шиқиллат иккалангам!

— Нима? — тутоқиб ичкарига киришга уриндим. Лекин Шарифа эпчиллик билан эшикни тамбалаб олди. — Қани ўша отаси? Кўрсат менга! Нимага ҳажиқизларга ўхшаб беркинади? Нега менинг уйимга эгалик қилади? Чиқсин буёққа, чиқсин!..

Бир пайт зина томондан икки милиционернинг қораси кўринди. Улар то мен ўзимни ўнглаб олгунча яқинлашиб қаршимизда тўхташди.

— Нима тўполон? — сўради улардан бири дўқ аралаш. — Нимага бақир-чақир қилаяпсиз?

— Мана бу менинг квартирам, — тушунтиришга тушдим. — Квартирамда ҳозир ўзим яшамаяпман. Қандайир бегона одамлар кириб олишибди. Чиқиб кетишмаяпти.

— Хўш, шунга бақириш керакми ярим кечада? Ана, ҳудуд нозирига арз қилинг, маҳалла оқсоқоли бор.

— Ие, сизлар кимсизлар унда? Нимага мени айбдор қилаяпсизлар?

— Чунки сиз ярим тунда бировнинг уйига бостириб кирмоқчи бўлгансиз. Бизга устингиздан шикоят қилишди. Агар ҳозироқ кетмасангиз, қамаб қўйишимиз мумкин.

Шу заҳоти Сусанна қўлтиғимдан олиб олдинга етаклади.

— Юринг, кета қолайлик! Кези келса, албатта маҳалла қўмитасига арз қиламиз. Юринг, кетдик!

Мен Сусаннага қаршилик билдирмадим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc