ҚОРА ҚИСМАТНИНГ ҚУЛИ… (31-қисм. Иккинчи фасл. Воқеалар реал ҳаётдан олинган)

0

 

* * *

 

Машинада бўшашганча кетиб борардим-у, қалбим тун зулмати каби совуқ ва қоронғи эди. Собиржонимни кўра олмаганим жуда алам қиларди. Бунга бегона эркакнинг уйимга жойлашиб олгани, уйимда ўтириб, тап тортмай менга дўқ уришлари қўшилиб, сира ўзимни боса олмасдим. Афсуски, замонанинг зайли шу экан. Ҳеч нарса қила олмадим. Қўлим узатилган жойгача етмади.

Хўш, энди нима қиламан? Бундай бедодликка қандай чидайман? Бир умр куйиб, юрагим соғинч оловида қоврилиб ўтаманми? Нимага бундай? Дунё нима учун бунчалар адолатсиз ва шафқатсиз? Қай кўчага қадам қўймай, улкан тўсиқлар йўлимга кўндаланг бўлади. Нима, мамнун яшашга, қувонишга ҳақим йўқми?

Шу маҳал Сусанна елкамга бошини қўйиб оҳиста шивирлади.

— Сизга бир гап айтайми?

Мен бош ирғадим.

— Бизнинг ҳам ўз боламиз бўлиши керакка ўхшайди. Ҳозирги аҳволингизни кўриб эзилиб кетдим. Негаки бу ҳислар менгаям таниш. Вақти келса, тунлари сизни ухлатиб қўяман-да, мижжа қоқмайман. Олисда қолиб кетган икки шунқоримни ўйлайман, хаёлан уларни эркалайман, шўхлик қилишади, уришаман, сўнгра йиғлаб кечирим сўрайман. Баъзида икковлари билан хаёлан узоқ-узоқ суҳбатлашамиз. Гаплашиб, дардлашиб тўймаймиз. Нуқул «Қачон қайтасиз? Қачон юз кўришамиз?» деяверишади. Шундай онларда нима деб жавоб қилишни билмай азобланаман. Сукут сақлаганча кўз ёшларим дарёсига ғарқ бўламан. Шу кўйи анча вақтгача тўлқинлар гирдобида сузаман. Нафас олишга қийналаман. Бироқ сузавераман. Бирдан тўлқинлар мени соҳилга — сиз маза қилиб ухлаётган масканга итқитишади. Шундагина ўзимга келгандек, тинчланишга, тақдирга тан беришга уринаман… Йўқ, Қодир ака, мен сизга албатта фарзанд ҳадя қиламан. Мен сизни тушкунлик ботқоғига ташлаб қўёлмайман. Ҳар бир чеккан оҳингиз нақ юрагимни тешиб ўтгудай бўлаяпти. Дод солиб ҳайқиргим келаяпти. Айниқса, боя мунғайганча ортга қайтганингизни кўриб адойи тамом бўлаёздим. Ишонинг, фарзандимиз бизнинг овунчоғимиз, суянчимиз, ишончимиз, орзу-ҳавасимизга айланади.

Мен узоқ муддатли ғафлатдан сўнг кўз очган бандадек сесканиб бошимни кўтардим.

Сусанна менга кўзларида ғилт-ғилт ёш билан дардли боқиб турарди. Жуссаси титрарди.

Юрагим эзилиб, шоирнинг дардларга йўғрилган сатрларини эсладим.

 

Оллоҳим, ташаккур борлигинг учун,

Бошимга тизгинсиз дардлар ташладинг.

Беҳад хурсанд бўлдим ситамларингга,

Бандалар ичидан мени танладинг.

 

Ташаккур, тишимни тишимга қўйдим,

Руҳимда товушсиз нурли куласан.

Дардлар юборибсан, демак дунёда,

Менинг борлигимни ўзинг биласан.

 

Шеър таъсирида азбаройи кўнглим бўшаб Сусаннага юзландим.

Рост айтаяпсанми? — сўрадим ундан. — Менга қара, алдамаяпсанми?

— Нега алдарканман? Бирор марта алдаган ерим бормиди?

— Бу жуда яхши… Аммо…

Шундай деб аста бошимни эгдим.

— Нима бўлди тағин? — тоқатсизланиб мени силтади Сусанна. — Тинчликми?

— Биз… Квартирама квартира кўчиб юрсак, болани қандай уддаларканмиз?..

— Э, шунгаям қайғуриб ўтирибсизми? Биз ҳарқалай соғ-саломатмиз. Боламиз ҳам биз қаерда бўлсак, ўша ерда бўлади. Нима есак ўшани ейди. Азизим, «чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди» деган ҳикмат бор. Эшитгандирсиз?..

Бу гапдан сўнг мен анча жонландим. Сусанна ҳақ эди. Суюкли фарзандимизни ҳеч қачон азобга қўймаймиз. Бу ишни уддалай оламиз.

 

* * *

 

Телбанинг ишини Худо ўнглабди деб бекорга айтишмаган экан. Ярим тунда қўним топиш қайғуси миямни кемириб борарди. Тағин суваракзор бетон кулбачага киришдан безор эдим. Мен-ку, майли, буни Сусаннага ортиқ раво кўргим келмасди. Бир маҳал йўлимиздан гандираклаганча пакана, тепакал, кийимлари абгор, ҳасса таянган бир пиёниста эркак чиқиб қолди. У бизнинг яқинлашишимизни кутиб, қаршисига етганимизда, олдимизни тўсди.

— И-илтимос, яримта ароққа пул бериб туринг! — ялина бошлади пиёниста. — Жуда зарур бўп турибди. Йўқ деманг!.. Пул бериб тури-инг!

— Агар мениям илтимосимни бажарсанг, бераман, — дедим хаёлимга келган фикрдан қувониб. — Хўш, рози бўласанми?

— Нима илтимос? Юк кўтаришми?

— Йўқ, бир кечага бизга жой топиб берасан.

— Жой?.. — менга мамнун боқди у. — Ижарагами? Униям ҳақини тўлайсизларми?

— Албатта тўлаймиз.

— Ароққаям қўшиб берасизлар-а?

— Айтдим-ку!

— Гап йўқ. Менинг квартирам уч хонали. Битта хонада ётаверасиз. Фақат… Ҳақини тўламай қочиб кетиш йўқ!..

— Биз унақалардан эмасмиз. Қани, бошла!..

Пиёниста илдамлаганча олдимизга тушди-да, бизни уйи томон бошлади.

 

* * *

 

Орадан уч кун ўтди. Пиёниста жуда одамохун эркак чиқиб қолди. Бизни квартирасидан ҳайдамади. Унга уч кунлик ижара ҳақини ҳам тўлаб қўйдим. Энди уч кунгача ётар-турарни ўйламасак бўлади. Аммо чўнтакда ҳемири қолмаган.

Эрта тонгда уйғонгач, сўнгги нон бўлаклари билан чой ичдик. Иш йўқ. Иккаламиз ҳам уйдамиз. Кайфиятимиз тушкун. Кайфият бўлмагач, одамнинг суҳбати ҳам қовушмай қоларкан. Мен-ку, бўларим бўлиб аламимни синиқ курсидан олмоқда эдим. Нуқул курсини тақиллатар, шу йўл билан ўзимни чалғитишга уринардим. Сусаннанинг қаршисида шу қадар хижолат торта бошлаган эдимки, гарчи жуфти ҳалолим эканини билсам-да, унга қўл теккизишга, ширин сўзлашга ҳақсиздек ўтирган еримдан кўз ташлаш билангина кифояланардим.

Шу кўйи кечгача ўтирдик. Уй эгаси бир неча марта ҳассасини тўқиллатганча эшигимиз ёнига келиб кетди. Ҳойнаҳой, биздан хавотир олди. Чиқиб саломлашмоқчи бўлдим-у, негадир кўнглимга сиғмади. Ўз ташвишларим, хаёлларим билан бирга қолишни хоҳладим. Нуқул қалбимни сиқувга олдим. Ундан маслаҳат кутдим. Бахтга қарши қалбим ғиқ этмас, сукут сақлашдан нарига ўтмасди.

Ёруғ дунёга сиғмай дераза қаршисига бордим. Катта кўча, катта-кичик одамлар, ранг-баранг бинолар, кўчани тўлдириб у ёқдан-буёққа ғиз-ғиз қатнаётган машиналар ҳам менга юпанч бера олмасди.

Буёқда эса кеч тушиб бораяпти. Тушлик ҳам қила олмадик. Сусанна каравотда жимгина китоб ўқир, ора-сирада мен тарафга маъюс нигоҳ ташлаб қўярди.

Кутилмаганда у ўрнидан сакраб турди. Китобини ёстиқ остига беркитди-да, қўлларини қовуштириб менинг ёнимга борди.

— Қорним очди, — деди Сусанна шивирлаб. — Ортиқ чидай олмайман. Бирор йўлини топайлик!..

Бу сўзлардан кўра менга ўлим афзал эди. Нима бўлсам, шу қисқа фурсат ичида бўлдим. Миям ғувиллаб, бўғзимга нимадир тиқилгандек туюлди.

Яна Сусанна жимликни бузди.

— Менда зўр ғоя бор, — деди у. — Агар шуни қойиллатсак, кечки овқатга пул топган бўлардик.

— Қ-қанақа ғоя? — сўрадим тутилиб. — Нима қилиш керак? Айтавер!

— Квартирада бир уюм қоғоз кўргандим. Ўшаларни тахлаб қоғоз қабул қиладиган пунктга олиб чиқасиз-да, пулига нон оласиз. Агар ортса, помидор, пиёз олсангизам бўлади. Ўтган сафаргидек мазали нон пишириб бераман.

Бу фикр ажойиб эди. Ботқоққа ғарқ бўлиш арафасида турган одамга арзимас туртки ҳам катта кўмак беради. Лекин айни дамда ожиз, уқувсизлигимдан хафа бўлиб кетдим. Ўзимни хотинимнинг олдида ўта ожиз, нотовон кимсадек ҳис этиб, ер ёрилса-ю, кириб кетишни хоҳладим.

— Эҳ, сен, — койирди қалбим. — Бошида ваъдаларинг қандай эди? Дунёни остин-устун қилиб бўлса ҳам рўзғорингни бут сақламоқчи эдинг-ку! Буёғи неча пулдан тушди? Битта нонга зор бўлиб тумшайганча ўтирибсан. Эркак деган ҳаракатини қилмайдими? Ўзини ўтга, чўққа уриб пул топмайдими? Сен бўлсанг, уйга қамалиб олганча осмонга термилишдан нарига ўтолмайсан. Ким уйга қамалволиб пул топибди? Ҳеч ким. Бу дунёда қимир-қимирдан бўшамасанггина, ниятларинг ижобат бўлади…

Қалбимнинг ҳайқириғидан ичим узилиб кетаёзди. Аламим келиб қўлларимни мушт қилдим-у, йўлакка чопиб чиқдим.

Йўқ, тоқатим тоқ бўлди!.. Мен тирикчилик пайига тушаман. Нима бўлмасин, эртага тонгда уйдан чиқиб кетаман ва пулсиз қайтмайман!..

 

* * *

 

Эртаси куни тонгда уйғондим. Сусаннани уйғотишни хоҳламадим. Эҳтиёткорлик билан юзидан бўса олдим-у, апил-тапил кийиниб кўчага отилдим.

Ҳозир нима қилишни билардим. Шу ишим натижа беришини сезиб турардим. Қандай бўлмасин, бошимга не ташвишлар ёғилмасин, ижара уйга қуруқ қўл билан қайтмасликка аҳд қилгандим.

Ҳа, мен мардикор бозорига бораман. Шундан бўлак юмуш қўлимдан келмайди. Жонимни жабборга бериб ишлайман, аммо уйга, Сусаннанинг қошига қўлимда пул билан кириб бораман…

Эрта турганнинг ризқини Яратганнинг ўзи бериши рост экан. Бозорга кириб келибоқ, иш топдим. Тўрт киши ўрта яшар бир эркакнинг эски уйини бузадиган бўлдик. Бу мен учун айни муддао эди. Мардикорчиликда қўл-оёғинг лойга ботмай, оғир юк кўтармасдан пул топадиган иш кам учрайди. Уй бузиш биздайларга иш бўлибдими? Тўрт бирдай йигит қотириб ташлаймиз уй бузишни!..

Бу одам инсофли чиқиб қолди.

— Олдин ўтириб нонушта қиласанлар, — деди у бизни тузалган хонтахта томон бошлаб. — Қорни тўқ бўлса одамнинг иши унади, жўралар! Қани, мана бу лағмонни паққос туширларинг! Мана, камига норин ҳам пиширтирганман. Фақат имилламасдан, тез-тез овқатланларинг! Вақт кетмасин!..

Тахмин қилганимдек, тўрт хонали эски уйни аср намозига қолмасдан бузиб, ашқол-дашқолларини тартиб билан тахлаб қўйдик.

Мен ич-ичимдан мамнун эдим. Шерикларимга қўшилиб уй эгасининг келишини, қўлга ваъда қилинган пулларни олишни интиқиб кутардим-у, кўз ўнгимда Сусаннанинг қўлимда майда-чуйдалар солинган халтачани кўргач, мамнун жилмайишини тасаввур этардим. «Ўжарсиз, ўжар» дея елкамга муштлаб қўйиши муқаррарлиги кўнглимни тоғдек кўтарарди.

Ярим соат деганда, ниҳоят уй эгаси кириб келди. У ўсиқ мўйловини бураб-бураб олганча ишимизни кўздан кечириб чиқди-ю, кутилмаганда шанғиллаб қолди.

— Вей, бу нима қилганларинг? — ўдағайлай кетди у бизларга. — Қара, ҳаммасини чалкаш-чулкаш қилиб ташлабсанлар-ку, ярамаслар! Тахталар уёқда, ёғоч, ғиштлар буёқда!.. Ким сенларга шундай тахла деганди-а?.. Ишлашни биласанларми ўзи?..

— Бу нима деганингиз? — новчагина, қиррабурун шеригимиз уй эгасига яқин борди. — Ҳаммасини айтганингиздай қилдик. Нима ёмон иш қилибмиз?

— Сен, бола, менга ақл ўргатма! — унга хезланди уй эгаси. — Менга бунақаси кетмайди. Тамом, бир тийин ҳам ололмайсанлар!.. Мен бу ишинг учун пул тўламайман!

— Ие, келишув-чи? — барчамиз бараварига уй эгасига яқинлашдик. — Бозорда келишгандик. Мана, уйингизни буздик! Кун бўйи қора терга тушиб ишладик. Нега пул бермайсиз?

— Нима, мени ўртага олиб урмоқчимисанлар? — бизларга аланглади у ранги бўзариб. — Ҳозир жиянларга қўнғироқ қиламан, дабдалангни чиқарворишади.

— Э, нима деяпсиз? — совуқ кулимсиради қиррабурун шеригимиз. — Биз ҳақимизни сўраяпмиз холос.

— Шунақами? — уй эгаси нари кетди-да, хонтахта томон ишора қилди. — Яхши, ҳақ сўрайдигган бўлсанг, билиб қўй, мен ҳам баъзи нарсаларни ҳисоб-китоб қилиб қўймасам бўлмайди шекилли. Масалан, сенларни кун бўйи боқдим. Норин, қўй гўштидан димлама, лағмон… Хўш, уларнинг пулини ким тўлайди? Катта холанг тўлайдими?

— Мардикорларга овқатни текин беришмайдими? — орага тушдим мен. — Ҳеч қачон пулга овқатланмаганмиз.

— Мен текин бермайман! Агар-чи, ҳозир еган овқатларингни ҳисоблайдиган бўлсам, ўзларинг қарзга ботасанлар! Ундан кўра, жаҳлимни чиқарма-да, сурларинг!..

Биз бу одам билан тортишиб ўтиришдан наф чиқмаслигини тушуниб етдик. Ноумид шайтон деганларидек, норози ғудранганча орқага қарай-қарай, олдинма-кетин ҳовлидан чиқиб кетдик.

 

* * *

 

«Бечорани туя устида ҳам ит қопади» деганлари шу бўлса керак. Эрталабки шаштим, ниятларим бир пул бўлди. Тағин шом маҳали уйга қуруқ қўл билан қайтмоқдаман. Буёғига пешонамга қандай битиклар битилган, келгуси тақдирим қандай кечади, билмайман. Миям умуман ишламаяпти. Худди жонсиз ҳайкалдек теваракка ҳиссиз тикилишдан нарига ўта олмайман. Нима қилай? Омад ҳар қадамда мендан юз ўгираверса! Синовлардан, қайғули лаҳзалардан бошим чиқмаса…

Бас, энди чидай олмайман! Ўзим учун яшашга маҳкумман. Худди пиёниста отам каби дарбадар кезишдан, ўтган куним учун яшашдан бўлак чорам қолмади. Балки ҳар бир яхши-ёмон одат қон суради дейишгани шудир. Менинг ҳам пешонамда отамга ўхшаб ёлизлик, пиёнисталик, ватансизлик қисмати бордир. На илож? Тақдирдан қочиб қутулиб бўлармиди?!. Ўзимни ўнг-чапга уриб қанча силтанмай, Худонинг айтгани бўлади.

Ҳа, Сусаннанинг жавобини бераман. Иложи бўлса, агар рад этмаса, ўша жанжалкаш аёлга ўзим бориб ёлвораман. Ёки ҳозирги квартирада қолдираман-у, ўзим бу шаҳардан бош олиб кетаман. Қаерга боришнинг, қай аҳволда бўлишнинг мен учун аҳамияти, қизиғи йўқ энди. Фақат Сусаннанинг қаршисида мулзам бўлмасам, омадсизлигим туфайли уни ҳам азобламасам бўлди…

Шундай ўйлар билан кетиб бораётганимда, беихтиёр туртиниб кетдим. Ён тарафда бетон ариқча бор эди. Бориб тиззамни бетонга урдим.

Оғриқ зўридан инграб юбордим. Бироқ андиша устун келиб тишимни тишимга босдим ва аста ўрнимдан турдим.

Бир маҳал ариқча ичида сочилиб ётган қоғоз пулларга кўзим тушди.

Аввалига ишонқирамадим. Кўзларимни бир неча марта юмиб очдим. Йўқ, ростакам пуллар!..

Наҳотки, Яратган эгам раҳмимни еди? Мана шу оддий қоғозлар сабаб сал бўлмаса суюклигимдан воз кечаёздим-ку!..

Худди пулларимни биров югуриб келиб териб оладигандек теваракни ўғринча кузатдим. Яқин орада ҳеч ким кўринмагач, жонҳолатда пулларни териб чўнтакка урдим. Сўнгра оғир гуноҳ қилиб, гуноҳини бировлардан беркитмоқчи бўлаётган банда каби бирпас жойимда қотганча туриб қолдим. Турардим-у, қўлларим чўнтакдаги пулларни чамалаш билан овора эди.

Ҳа, бу ижара ҳақига, егуликларга бемалол етади. Бир ойгача Сусанна иккимиз уйда ўтириб дам олсак ҳам тугамайди.

— Хайрият, — дедим чанг теккан кийимларимни қоқа-қоқа. — Бир ташвишдан холи бўлдим. Энди ҳеч нарсани ўйламайман. Ҳасми ҳалолимнинг кўзларига тик боқишдан қўрқиб кун ўтказмайман. Ҳозир бораман-у, ундан суюнчи оламан. Маҳкам бағримга босиб, уни бўсаларга кўмиб ташлайман!.. Минг шукр, Сусаннадан айрилмайдиган, бирга яшайдиган, уни эркалашда давом этадиган бўлдим!..

 

* * *

 

Уйга киришга шошилмадим. Катта дўконлардан бирига кириб рўзғорга ярайдиган нарса борки, ҳаммасини харид қилдим. «Ғалаба»ни «ювиш» ниятида ичкилик олишни ҳам унутмадим. Тўғри-да, бугунги кун ҳақида сўзлаб берсам, Сусанна қотади. Ичкилик ичишимга сира қаршилик қилмайди…

Оёғимни қўлга олиб квартирамизга жўнадим. Шошилганда акс бўлади шекилли. Қанча тез юрмай, сира йўлим кўпая қолмасди.

Ўзимча йўлдан нолий-нолий ниҳоят квартира эшигига етдим. Эшик қия очиқ экан.

— “Пиёниста чол тағин улфатчиликни бошлаб юборибдими дейман? — кўнглимдан ўтказдим беихтиёр юрагим ғаш тортиб. — Шу одам сира чарчамас экан-да!.. Кеча-ю кундуз ичади-я! Жони темирданми нима бало?”

Эҳтиёткорлик билан ичкарига қадам қўйдим. Пиёниста кўринмади. Сал енгил нафас олиб хонамизга кирдим.

Сусанна каравотда ўтирганча негадир пиқ-пиқ йиғлар, полда буюмлар жойланган каттакон сумка турарди.

Бу манзарани кўриб жон-поним чиқиб кетаёзди. Шоша-пиша қўлимдагиларни четга қўйдим-да, Сусаннани қучдим.

— Ҳа, жоним, сенга нима бўлди? Нега йиғлаяпсан? Ким хафа қилди сени? Анави сумка нима?

У бош силкиб қўйди холос. Менинг келганимдан қувонмади ҳам.

— Гапирсанг-чи! — қисталанг қила бошладим. — Бирор кор-ҳол бўлдими?

У ёшли кўзларини енгига артиб ниҳоят бош кўтарди.

— Мен ўйлаб кўрдим, — деди хўрсиниб. — Ортиқ сизминан қололмас эканман. Шундай қиламан. Фақат мени йўлдан қайтарманг! Сабабини сўраманг! Фойдаси йўқ. Мен бир қарорга келиб бўлганман.

Мен нималар бўлганига ҳамон тушуна олмасдим.

Сусаннанинг гаплари бағримни парчалаб ташлаган каби бўғриқа бошладим. Нима қилишни билмай, бир-икки қадам ортга тисландим-у, бошимни чангаллаганча ўтириб қолдим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here