ҚОРА ҚИСМАТНИНГ ҚУЛИ… (32-қисм. Иккинчи фасл. Воқеалар реал ҳаётдан олинган)

0

 

* * *

 

Орадан бир неча дақиқа ўтгач, Сусанна зарда билан қўлига сумкани олди-да, ташқарига йўналди.

Ортиқ бу тахлит ўтиришим мумкин эмасди. Шошилишим, уни тўхтатиб қолишим шарт эди.

Даст ўрнимдан турдим-да, билагига ёпишдим.

— Бу адолатданмас, — дедим мажбуран жилмайишга уриниб. — Ҳа, бир-бирини осонгина ташлаб кетиш жониворларга хос. Биз одамлармиз. Нега энди бекордан-бекорга мендан воз кечиб кетишинг керак экан?

— Қўйворинг, — силтанди Сусанна. — Керакмас менга бунақа ҳаёт, керакмас!

— Э, йў-ўқ! — Сусаннанинг билагини маҳкамроқ сиқдим. — Бу иккаламизнинг ҳаётимиз.

— Энди ўзингизники! Тамом! Ҳаммасига тупурдим! Мен чидай олмайман! Кетаман!

— Шунақами?.. — дедим унинг сўнгги сўзлари кўнглимга тиғдек ботиб. — Демак, менгаям тупурибсан-да?!. Ахир, кетишинг сабабини айтсанг-чи! Менам нега сендан айрилганимдан хабардор бўлиб қолай-да!

Сусанна сал бўшашиб қўлидаги сумкани полга қўйди ва кўзларимга совуқ термилди.

— Менгача нечта қизнинг бошини айлантиргансиз? — сўради у титраб. — Ҳа, нега жим бўлиб қолдингиз? Эшитдим ҳаммасини! Биттасини бир ой хотин қилиб қочворганмидингиз? Уйда хотинингиз туриб ўша қанжиқминан ош-қатиқ бўлиб юрганмидингиз? Балки ҳозир ҳам учрашиб юргандирсиз? Мениям жонингизга теккан куни ора йўлда ташлаб қочмоқчимидингиз? Асло, азизим! Мен ундайлардан эмасман! Яхшиси, обрўйим оёқости бўлмасдан кета қолай! Яхши қолинг!..

— Бу нима деганинг, аҳмоқ? — бақириб қайтадан Сусаннанинг билагига чанг солдим. — Ўйлаб гапираяпсанми? Нега билиб-билмай менга айб қўйяпсан? Ким айтди сенга буларни?

— Нима фарқи бор? Айтишди, мен эшитдим. Огоҳлантиришди, фурсат борида этагимни йиғиштира қолай дедим. Ёмонми? Нотўғрими?..

Мен иложи борича ўзимни босишга, тинчланишга уриниб, Сусаннани ичкарига етакладим.

— Юр, сенга ҳаммасини ўзим айтиб бераман! Ўшанда тушунасан. Тушунмасанг, ўзинг биласан. Зорим бор, зўрим йўқ!

— Нимани тушунтирасиз? Бу ишлар бўлган. Ҳақиқат. Айтишга гап қолибдими?

— Сен юргин-чи! Мунча шошилмасанг? Улгурасан кетишга.

Сусанна уф тортганча ичкарига қайтди.

 

* * *

 

Сусаннанинг ғамгин ҳикоясидан сўнг ҳаммаси равшан бўлди. Барчаси ўша тун Шарифага қўнғироқ қилганимдан кейин бошланган. Уларнинг телефони қўнғироқ қилинган рақамларни хотирасида сақлаб қоларкан. Бугун Шарифа унга қўнғироқ қилган-у, дардини тўкиб солган. Устимга ўзи хоҳлаганча мағзава ағдарган. Бу майлийди. Менга Сусаннанинг бу ғийбатларга чиппа-чин ишонаётгани алам қиларди.

— Сен кимга ишонаётганингни биласанми? — сўрадим нима қилишни билмай. — Ахир, у сенга душман-ку! Аёллар орасида «Эр бермак, жон бермак» деган мақол айланиб юришини билмайсанми?

— Менга энди барибир, — деди Сусанна паст тушишни истамай. — Бошида билмагандим. Агар билганимда, бошимга бу кунлар тушмасди. Хотинбоз бир эркакка алданиб ўтирмаган бўлардим.

— Жуда соз! — дея ўрнимдан турдим. — Афсус, ҳаётингни ғурбатга айлантирдим. Кечириб қўясан! Менам бунчалар ишонувчан, лақма эканингни билсам, сенга кўз тикмаган бўлардим. Нимаям дердим? Агар кўришмасак, мендан рози бўл! Фақат мени қарғама. Қарғишга арзигулик гуноҳ қилмадим. Хайр!..

Шундай дедим-у, сўнгги бор Сусаннага дардли қараш қилиб ташқарига чиқиб кетдим.

 

* * *

Энди ростакамига дунёсига қўл силтагандим.

 

Шаҳар кўчаси бўйлаб илдам юриб борардим-у, қаерга кетаётганимни фаҳмлай олмасдим. Гўёки дунёни сув босса тўпиғимга чиқмайдигандек паришон эдим. Фақат бир нарсани сира унутмасдим. Тезроқ шу ерлардан нари бўлишим керак. Агар шундай қилсам, енгил тортадигандек туюларди.

Шу тахлит тун бўйи бедор кездим. Уйқу ҳам элтмади. Пиёда кўп масканларни кездим. Чалкаш хаёлларимгина менга ҳамроҳ бўлди.

Қанча вақт йўл босдим, билмайман. Тонг оқаринқираб, Эски шаҳарга яқинлашиб қолибман. Араваларнинг ур-сури, бозорчиларнинг узуқ-юлуқ шанғиллашлари қулоқни қоматга келтиради.

Бекатга яқин қолганда таққа тўхтадим. Хўш, энди нима қилдим? Қайга бораман ва нима қиламан?..

— Э, барибир эмасми? — дедим ўзимга ўзим. — Бўлар иш бўлди. Мана, тағин ёлғизлик кўчасида шумшайганча қолиб кетдим. Яқин ўтмишим бошимни еди ҳисоб. Буёғига ўғирлик қиламанми, мардикорчиликка бораманми, ҳеч кимга қизиғи йўқ. Қачон уйга қайтишим, нима еб, нима ичишим ҳақида қайғурадиган одам ҳам қолмади. Ишқилиб, касалга йўлиқтирмагин, Парвардигор! Танамни абгор қилиб кўчаларда хор қилиб қўймагин!

Бир маҳал арава тортиб юрганлар орасида жуда таниш одамни кўргандек бўлдим.

Аввалига ишонқирамадим. Яқинроқ бориб разм солдим. Ҳа, худди ўзи. Синфдошим Шавкат.

— Қизиқ, бу шаҳарда нима қилиб юрибди? — дедим ўзимча унинг ортидан қолмай. — Адашмасам, чўлда шоликорлик қиларди. Нимага арава тортиб юрибди?

Эргашиб кетаверишга бардошим етмай маҳкам елкасидан ушлаб қолдим.

Шавкат таққа тўхтади-ю, бир сесканиб орқасига ўгирилди.

— Ие, Қодир, ўзингмисан? — Шавкат негадир мени кўриб қувониб кетмади. Маъюс кўришди. Унинг бу қилиғи баттар кўнглимга хижиллик солди.

— Арава тортаяпсанми? — сўрадим эътибор бермасликка уриниб. — Тинчликми?

— Қаердайдинг, хумпар? — деди Шавкат жавоб бериш ўрнига. — Бувинг раҳматли сени…

— Нима?.. — Бу хунук хабарни эшитганим ҳамоно сал қурса Шавкатни бўғиб қўяёздим. Ўзимни аранг тутиб бақириш билан чекландим. — Нима дединг, ўртоқ? Бувим…

— Ҳа, уч кун бўлди, — деди бош эгиб Шавкат. — Менам жанозани ўтказдим-у, буёққа келдим. Бир бориб қўйсанг, ёмон бўлмасди…

— Раҳмат, дўстим! — жазава ичида Шавкатнинг елкасига қоқдим-да, хайрлашишга тутиндим. — Агар сени кўрмасам, бир умр армонда… ўтиб кетарканман. Шундоғам бувижонимни кўролмай қолдим. Майли… Яхши қол, мен қишлоққа жўнайман! Хайр!

 

* * *

 

Йўловчи машинага ўтириб йўлга чиққач, ташқарида ёмғир шивалай бошлади. Бу ҳаво ичимни туман каби чирмаб олганди. Икки дард орасида тўлғонар, қўйиб беришса, бетиним ҳайқиришга чоғим бор эди.

Ҳа, қисмат мени жуда-жуда олисга итқитиб ташлади. Энг яқин инсонларни кўришдан, уларнинг товушини эшитишдан, меҳрига қонишдан мосуво бўлдим.

Ўзини кўрмасам-да, бувижонимдан кўнглим тўқ эди. Фақат ўша кишигина мени соғиниши, эслаши, алқашидан умидвор юрардим. Энди-чи? Буни ҳам Худо менга кўп кўрди. Энди бувим йўқ. Ҳеч қачон қайтмайди. Бундан кейин ўша қадрдон ҳовлига юрак ютиб бора олмайман. Бора олганимдаям, ярам бардамалайди, ўтган кунлар ёдимга тушиб баттар азобланаман…

Шундай хаёллар исканжасида қишлоққа тушдан сўнг кириб бордим.

Бу гал илгаригидек табиат, қишлоқ гўзаллигига эътибор берадиган аҳволда эмасдим. Қалбимни икки дард кемириб борарди. Бир дарднинг чўғида куйиб улгурмай, иккинчиси забтига оларди.

Узоқдан ҳовли дарвозаси олдида қаторлашиб ўтирган эркакларни кўриб юрагим орзиқди. Хўрлигим келиб хўрсина бошладим.

Бошимдаги дўппини бостириброқ олдим-да, қадамимни тезлатдим.

Йўқ, бу менга бўлган ҳурмат эмасди. Қишлоқда одат шунақа. Фотиҳага катта келадими, кичикми, ўтирганлар даст ўрнидан туриб қўл қовуштирганча фотиҳачини қарши олишади.

Мен лабларим билинар-билинмас титраб, бўш жойга чўкдим. Қишлоқ имоми тиловат қилди. Юзларга фотиҳа тортилгач, таомилга кўра яқин қариндошлар билан қучоқ очиб кўришиб, бир-биримизга ҳамдардлик билдирдик. Шундан кейингина ичкарига кирдим.

Онам, холаларим ва шу каби узоқ-яқин қариндошлар жамланишган экан.

Мени кўришлари билан йиғи-сиғини бошлашди. Бундай лаҳзаларда азалдан ўзимни тутиб тура олмасдим. Кўз ёшларим икки юзимни ювганча онамни бағримга босдим.

— Болагинам-эй, — ув тортиб йиғларди онам. — Бувинг раҳматли ўладиган куниям қўшиқ айтиб йўлингни пойлади. Юраклари эзилиб кетди сени кўрармиканман деб.

Мен индамадим. Сукут сақлаганча бир муддат туриб қолдим. Сўнгра ҳеч кимга эътибор қилмай, бувим яшаган хонага кирдим. Деворга бувижонимнинг сурати осиғлиқ эди.

Хаёлан саломлашдим. Кўзларимиз тўқнашди. Бувим гўёки ўлмагандек эди. Менга тикилганча жилмайиб турарди.

— Бу дунёда ёлғиз сизга суяниб яшардим, — кўнглимдан ўтказдим. — Энди нима қилай, айтинг? Туққан билан одам ота-она бўла қолмас экан. Сиз мени фарзандларингиздан-да азизроқ кўрардингиз. Мени еру кўкка ишонмасдингиз. Энди ким мени азиз қилади, бувижон? Кимга керакман? Энди сиз йўқсиз. Мана шу суюкли хонангизга бундан буён юрак ютиб эркин кириб кела олмайман. Буни сезиб турибман. Чунки сиз йўқсиз. Сиз бўлмаган масканга оёқ босишимдан не наф? Фақат… Мендан ранжиманг! Қаерда бўлмай, ҳамиша қалбимдасиз, сиз мен билан биргасиз. Негаки сизсиз менга бу ёруғ дунё тор, файзсиз. Агар сиз кўнглимда яшамасангиз, унинг бағрига сиғмайман. Бувижон, мени дуо қилинг! Ёмонликлардан, азоблардан, тушкунликлар ботқоғига ботаверишдан чарчадим. Менга яна суянч бўлинг! Мени ёлғизлатиб қўйманг!..

Бир аҳволда ҳовлига чиқдим. Яқинлар менга негадир сирли қарашар, онам эса яқинлашишга иккиланган кўйи бир четда мунғайиб турарди.

Юрагимга қил сиғмади. Ҳеч ким билан гаплашишни, дардлашишни хоҳламадим.

Хаёлларимни кўксимга опичлаганча кўчага йўл олдим. Ортимдан кимларнингдир «Ҳой, Қодир, тўхта! Қаёққа кетмоқчисан? Бувингнинг маъракасини ўтказиб кетмайсанми?» дея ҳайқиришлари қулоғимга чалингандек бўлди. Бироқ улар томон ўгирилишга, жавоб қайтаришга ўзимда куч топа олмадим.

Мен зудлик билан шаҳарга жўнашим, қора қисматим йўриғига тушишим шарт эди. Шундагина ўзимни тинчланадигандек, ғамларни унутадигандек ҳис этардим.

 

* * *

 

Чамаси эллик-олтмиш қадамча юриб, эски, ташландиқ зовурдан ўтиб қолаёзгандим. Онамнинг қичқириғини эшитиб таққа тўхтадим.

У югурганча орқамдан келар, тез-тез кўз ёшларини енгига артиб оларди.

— Мунча шошмасанг кетишга? — дея олдимни тўсди онам етиб келиб. — Мундай қариндошларминан гаплашиб ўтирмайсанми?

— Кўнглимга сиғмайди, — дедим бош эгиб. — Бу ерда турсам, баттар қийналаяпман. Ундан кўра, кетавеганим дуруст.

Онам бироз ўйланиб турди-да, кўзларимга боқди.

— Бувинг, бобонг сени атак-чечаклигингдан катта қилишди, — лаблари пулкиллаб сўз қотди онам. — Ўзлари едирмай едиришди, ичмай ичиширди. Энди қуруқдан-қуруқ келиб-кетмагин-да!

Бу гапларни тушунмадим. Онамнинг ниятини англай олмай, елка қисдим.

— Бу нима деганингиз? Нима қилишим керак эди?

— Фарзанд деган ота-онаси оламдан ўтгач, атаганини уйда қоладиганларга ташлаб кетмайдими? Марҳумларнинг маъракаси, ҳайити дегандай… Ўзига яраша маросимлари бўлади-ку!..

— Ҳа-а, шундай демайсизми?.. Биласизми, ҳозирги аҳволимда бировга ёрдам бера олмайман. Зўрға кунимни кўриб юрибман. Ҳозир шаҳарга борсам, чўнтагим қурийди, буни биламан. Демак, қандайдир иш топиб тирикчилик пайида бўлишим керак.

— Юраверган экансан-да қаёқдаги қаланғи-қасанғи хотинга уйланиб! — энди койишга ўтди онам.

Бу гапи менга оғир ботди. Гарчи қишлоққа келгач, барибир Сусанна ҳақида ҳақоратли сўзларни эшитишни олдиндан сезган бўлсам-да, барибир кўтара олмадим.

— Сусаннани назарда тутган бўлсангиз, — дея онамга совуқ тикилдим. — Адашасиз. У жуда яхши аёл. Баҳоси йўқ. Менминан қанча оғир кунларни кўрмади… Охири… Хуллас, менга бошқа бундай гапларингизни гапирманг!.. Ҳар ҳолда, сизларга ўхшаб хўрлаб қўймади…

— Жа жигарингдан урибди-да ўша армани!.. Бўпти, пул бермасанг берма! Лекин-чи, ўша хотинингни етаклаб пешонамизга келмагин!.. Кечирмайман!..

— Хотирингиз жам бўлсин! Уйингизга қадам босмайман!.. Уни ҳеч қачон кўрмайсиз!.. Айтганча… Пулим кўпайса, албатта қишлоққа келиб, бобом, бувимнинг ҳақига худойи қилганим бўлсин!..

Шундай дедим-у, хайр-маъзурни-да нася қилиб жўнаб қолдим.

То шаҳарга қатнайдиган машиналар турадиган жойга етгунча онамнинг аччиқ гаплари юрагимдан чиқмади. Кўнглим оғриди. Аламга тўлдим. Дунёдан тўйиблар кетдим. Тезроқ ўлишни, бувижонимнинг ёнига кетишни хоҳладим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc