КЎК КАБУТАР…

0

 

 

***

 

Анна уйда ўтирганча ўғлини кутарди. Мана, соат тунги учга бонг урди. Ундан дарак йўқ…

Ҳа-а, у ярамас ўша ётоқхонада анави малласоч билан айш қилаётган бўлса керак. Худойим, ахир у СПИД билан оғриган дейишади-ку!.. Наҳотки, унинг ўғли ҳам шу касалга йўлиқса?..

Ана, у тобора озиб боряпти. Сал ўтиб худди шам каби эрийди-ю, бу дунёни тарк этади. Анна эса бир умр ўғли нимадан ўлганини бировга айтолмай яшайди. Эҳ, нега ўшанда уйланишига қаршилик қилди? Ҳаммаси яхши бўларди. Бу балолар йўқ эди…

Нималар деяпти ўзи? У қиз ўғлидан олти ёш катта бўлса, устига-устак боласи бор. Буям майлийди, гўдакни давлатга топшириб, ўзи Москвага эр қидириб келибди. Ўғли эса ўшанга ёпишди-қолди…

Ўшанда нималар қилмади. Черковга қатнади, ялинди-ёлворди… Ишқилиб, уни кўндирди. Ўғли у қиздан воз кечди. Энди эса…

Тўхта, нималар деяпти ўзи? Қанақа ётоқхона? Қанақа СПИД?.. Балки дўстлари билан бирор ерда ўтиргандир? Ие, ичволиб муштлашаётган бўлса-я?.. Ёлғиз бўлса, кўплашиб қонига ботириб қўйишган бўлса-чи?..

Анна шоша-пиша телефонга ёпишди. 09 рақамини терди-да, шу кеча содир бўлган кўнгилсиз ҳодисалар ҳақида суриштирди. Ҳаммасини айтишди.

— Сизларга ёш йигит келмадими? — ҳар эҳтимолга қарши сўради у.

— Ёши нечада?

— Йигирма еттида.

— Қанақанги кийимда?..

Анна айтишга улгурмади. Алоқа узилиб қолди…

Шу тобда эшик қўнғироғи жиринглади. Бориб очди. Остонада ўғли бир малласоч қизни қўлтиқлаб турар, ғирт маст эди.

— Ойи, танишинг, бу Ирочка! — деди ўғли ичкарига киргач.

Анна шу қилиғи учун уни боплаб уришмоқчи эди-ю, бегона қизнинг олдида уялди.

— Ойи, майлими, Ира бизникида тунаб қолса? — сўради Олег. — Ётоқхонасига кеч бўлди. Эшикларни очишмайди кечаси…

— Сиз қаерликсиз? — қизга ўгирилди Анна қовоғини уйиб.

— Ставрополликман.

Анна индамади. Секин хонасига кирди-да, эшикни ичкаридан тамбалади…

Мана шунақа. Ўғлинг катта бўлган сари онага қийин кечаркан. Гўдаклигида ойнадан тушиб кетмасин, деб қайғурди. Квартирасини биринчи қаватга алмаштирди…

Уф-ф… Эри ҳам эрта кунда ўлиб кета қолгани-чи…

Эрталаб ўзининг илмий тадқиқот институтига кетди-ю… Кечқурун қўнғироқ қилишди. Оламдан ўтибди…

Анна уни дафн қилди. Ўғли билан ёлғизлани-иб қолаверди…

Бир куни туш кўрибди. Эри тепасига келиб, жилмайганча унга тикилиб ўтирганмиш.

— Ахир, сен ўлгансан-ку!.. — ҳайрон бўлди Анна.

— Мен бир аёлни севиб қолдим, — жавоб қилди эри. — Ундан сира воз кечолмадим. Лекин сени хафа қила олмасдим. Шунинг учун ўзимни ўликка солиб қўя қолдим. Аслида тирикман…

Эрталаб Анна кўзида ёш билан уйғонди. Эри ҳақиқатан ўлганига ишонса-да, туш таъсирида ўзига кела олмасди…

Демак, тириклигида қайсидир аёлни севган экан-у, оиласидан воз кечиб кета олмаган экан-да!.. Шу сабабли осонгина ўлиб қўя қолибди. Эҳ, яхшиси, ўша аёлникига кетса алам қилмасди. Тириклигини билиб тинч яшарди…

 

***

 

 

Бир куни Олег хурсанд бўлиб уйга қайтди. Ҳар қачонгидек ёнида Ира ҳам бор эди.

— Ойи, биз турмуш қурдик! — деди у Аннанинг елкасига бошини қўйиб. Она қотиб қолди.

— Нима?!

— Биз турмуш қурдик. Бизни табрикланг!..

— Қ-қачон? Қаерда?..

— Тўйни ресторанда ўтказдик.

— Унда… Нега менга айтмадинг?.. Онангсиз тўй қилдингми?

— Ҳа, сизга айтмадим. Чунки иш бузилишидан қўрқдим…

— Қайси пулингга тўй қилдинг?

— Қарз кўтардим.

— Нега мендан пул сўрамадинг?..

— Айтдим-ку, қўрқдим!..

— Иранинг ота-онаси ҳам келдими тўйларингга?

— Йўқ.

— Нега?

— Билмадим.

— Нега билмай туриб уйланасан?.. Ким ўзи бу қиз? Келиб чиқиши қанақа? Суриштирмадингми?

— У университетда ўқийди… Тартибли қиз…

Ира ҳаммасини эшитиб турарди. Бир маҳал шартта қўлига нарсаларини олди-да, Олегнинг хонасига йўл олди.

Анна  тош қотганча қолаверди…

 

***

 

 

Орадан етти ой ўтди. Олег аразлаб уйдан чиқиб кетган. Онасининг таъмалари жонига текканди. Талабалар ётоқхонасидан бир хонани ижарага олиб, ўша ерда Ира икковлари яшашди шу кунгача. Иранинг ой-куни яқин…

Бирибир она-да! Олег Аннани соғинди. Айниқса, кечалари тушига кириб қолса, ярим тун бўлишига қарамай, уйғониб кетар, ёстиқни қучоқлаганча онасини ўйлаб чиқадиган бўлди.

— Юр, ойимни кўриб келамиз! — деди ниҳоят бир куни.

Ира ҳам жуда оғир-босиқ аёл. Гина-кудуратларни тез унутади. Қолаверса, Олегни севади. Уни сира хафа қилгиси келмайди.

— Бўпти, борамиз… Кийинишимга ёрдамлашвор!..

Олег Иранинг кийинишига ёрдамлашиб, ўзи ҳам эгнига плашчини илди.

Икковлари етаклашиб, трамвай бекатига чиқишди. Одам бекатда унчалик кўп эмасди. Фақат қиш бўлгани сабаб ер музлаган, агар эҳтиёт бўлиб қадам босилмаса, йиқилиб тушиш ҳеч гапмас…

Олег Ирани қўлтиғидан тутиб, оҳиста бекатга яқинлашди…

Ким билибди?! Ира аксига олгандек, пошнаси баланд этигини кийиб олганди. Кутилмаганда тойиб кетди. Олег қаёққа қараганди, Худо билади. Аёл унинг қўлтиғидан чиқиб, асфальтга қулади. Олег жонҳолатда уни турғазишга тутинди…

Кеч эди. Ира асфальтга мияси билан тушган экан. Қон сизиб юзларигача тушиб келганини кўргач, ўйлаб ўтирмай, такси тўхтатди-да, хотинини касалхонага олиб кетди…

— Афсуски, хотинингиз шол бўлиб қолади энди!.. — врач ичкаридан чиқиб келиб Олегнинг елкасига қўлини қўйди. — Биз қўлимиздан келганини қилпмиз…

— Ўчиринг овозингизни!.. — касалхонани бошига кўтариб қичқирди Олег. — Мен ўзим жарроҳман!.. Нега врачнинг хотини шол бўлади? Нега?..

— Ўзингизни босинг, ука!.. Биз қўлимиздан келган ҳамма ишни қилдик!.. Нима қилайлик, пешонасида шу кунлар бор экан!..

Орадан уч кунлар ўтиб, Ирани уйга олиб келишди. Сочлари қириб ташланганди. У кўзлари очиқ бўлса-да, худди жонсиз ҳайкалдек бир нуқтага термулганча ўтирар, гўё ҳеч кимни сезмаётгандек, эшитмаётгандек эди…

Иранинг тезроқ соғайиб кетиши учун Анна бир танишидан дала ҳовлисини сўраб олди. Ҳаммалари ўша ёққа кўчиб ўтишди…

Кўз очиб юмгунча баҳор келиб, кунлар анча исиб қолди. Ирани ҳар куни тушга яқин боққа олиб чиқиб қўйишар, у у ёқдан-бу ёққа шаталоқ отиб чопаётган эчкиларни томоша қилиб кун ўтказарди.

— Фариштани ўлдиришди! — деб қолди боғбон чол Ирани кўрсатиб.

— Нима? — Анна ҳеч нарсага тушунмай, қарияга ҳайрон бўлиб боқди. — Қанақа фаришта?

— Ҳа, бу фаришта, одам эмас. Одамлар фариштани ўлдиришди…

“Ақлдан озибди чол, — кўнглидан ўтказди Анна. — Қаёқдаги гапларни гапиради-я!.. Тўхта, Ира балки ҳақиқатан фариштадир?.. Шунинг учун ота-онаси ҳақида гапирмас?.. Балки фаришта бўлгани учун ёруғ дунёнинг бор дардини ўзига олгандир?..”

 

***

 

 

Яна куз келди. Ира энди ўзи мустақил юра оладиган бўлди. Фақат ҳамон гапирмасди.

Олег эса уйга кам келарди. Кўп вақтини ишда ўтказарди… Балки ўзига бошқасини топиб олгандир?.. Ким билсин? Бемор хотинга термулиб ўтиравериш жонига теккан бўлса…

Ира бу нарсаларга эътибор қилмасди. Ҳеч кимни кутмасди, ҳеч кимга ёлворган нигоҳлар билан боқмасди. У бошқа бир дунёда яшарди. Ердан жудаям узоқда… Аллақандай тўлқинлар қаърида ҳаёт кечирарди…

Ана, ниҳоят у кутган онлар яқинлашди. Ира осмонга парвоз қилди. Эҳ, осмон қанчалар тиниқ ва сокин!.. Нафас олиш ҳам осон бу ерда… Ана, ҳар-ҳар ерда ўзига ўхшаган кабутарсифат қушлар учиб юришибди… Ҳов анависи ким бўлди? Қизиқ, кабутарнинг сариғини биринчи кўриши… Тўхта, бу… Ахир онаси-ку!.. Нега терс ўгирилиб олди? Гўдаклигида ташлаб кетгани етмагандай, ҳозир ҳам юз ўгирмоқчими?..

Ира кўк кабутар қиёфасида эди. Аслида кўк кабутарлар ёруғ дунёга тегишли эмас. Баъзан адашиб туғилиб қолишади-ю, барибир ҳеч қанча ўтмай ўз маконларига парвоз қилишади. Парвоз қилишганда ҳам шунчаки… Бошқалардек эмас, ёруғ дунёдаги энг оғир дардларни ўзлари билан олиб кетишади. Улар кетиши билан кимлардир енгил тортади, кимлардир анчадан бери нуқул кўнгилсизликка йўлиқаётган бўлади-ю, бирдан омадлари кела бошлайди…

Хўш, Ира кетиб кимга яхши бўлди? Олеггами? Йўқ, у истамайди Олегга яхши бўлишини. У Ира касал бўлиб ётиб қолгандан сўнг бошқа аёл билан дон олиша бошлаган. Ира ҳаммасини биларди. Лекин гапира олмасди. Негаки, фаришталар гапирмайдилар…

Шу пайт ҳалиги сариқ кабутар беихтиёр Ирага яқин келди. Уни айлана-айлана эринмай кузатди. Қанотлари билан Иранинг кўм-кўк қанотларини силаб кўрди. Кўзларига боқиб ўзича нималарнидир хомчўт қилган бўлди.

— Сен… Бу ерларда нима қилиб юрибсан? — ниҳоят таниб Ирани сўроққа тутди у. — Бу ер меники!.. Уни ҳеч кимга бермайман!.. Йўқол!..

— Ойи, бу нима деганингиз? — йиғлагудек бўлиб онасига термулди Ира. — Сиз менинг онамсиз, ахир! Ҳайдаганингиз нимаси? Ундан кўра мени бағрингизга боссангиз-чи!..

— Нима?.. Бағримга босай?.. Бекорларни айтибсан! Мен сени чақирмаганман бу ерга!.. Бор, йўқол!..

— Ҳеч қаёққа кетмайман! — деди Ира. — Менам худди сизга ўхшаган фаришта эканман. Касалга чалинганимда айтишди менга!

— Қайси гумроҳ шундай деди? Гапир!..

— Сизга барибир эмасми?.. Энг асосийси, сизни қидириб топдим.

Сариқ кабутар бирдан маъюс тортиб, қанотларини ёйиб юборди.

— Эҳ, қизим-эй, нималар қиляпсан ўзи?.. Ҳозир-ку, кимсасиз жойдамиз. Яна пича учиб борсанг Азроил ҳузуридан чиқасан… Йўқ, сени кўриб қолишини истамайман!..

— Ўша Аізроилингиз билан гаплашганман. Ўша мени бу ерларга юборди…

— Юборса юборгандир. Аммо сен ҳозирча ярим йўлдасан. Эсинг борида қайт!.. Қорнингдаги болани нобуд қилганинг етар!

— Қанақа бола?.. — ҳайрон бўлиб сўради Ира.

— Сен ҳомиладор эдинг ўша йигитдан. Лекин боланг нобуд бўлиб қолди… Ўйлаб кўр, биз отанг билан ҳамиша қайғурамиз сен ҳақингда. Ҳали яшашинг лозим, болажон.

— Сен фариштасан, ёруғ дунёнинг дардини олиб келишинг керак, деди-ку азроил!..

— Унга қолса нималар демайди. Фаришталар ҳов анави ёқда. Ҳозир гапингни эшитиб қолишса, ранжишади. Қўй, бўлмаган гапларни гапирма!.. Тез қайт орқангга!

— Йўқ… Мен яна дард тортиб қийналишни истамайман!.. Жон ойи, мени шу ерларда олиб қолинг! ёруғ дунёда хор бўлиб яшагандан кўра…

— Ҳе, тилинг қурсин! — тўсатдан қичқириб юборди сариқ кабутар. — Гуноҳларинг шундоқ ҳам кўп. Сен аввал боргин, кейин менга раҳмат дейсан!

— Сизни соғиниб яшайманми?

— Соғинсанг, кечаси ётаётиб менинг исмимни айтиб чақир!.. Тушларингга кираман. Дийдоримга тўясан…

Сариқ кабутар сўзини тугатиб улгура олмади. Узоқдан катта бир тўфон келиб, икковларини ҳам учириб кетди. Ира тўфон орасида қолиб бақирмоқчи бўлар, аммо оғзига тўлиб қолган чанг ҳатто нафас олишга қўймасди…

— Кислород!.. Тез кислород беринглар!.. Ўзига келяпти!

Бу товушлар ойисиникига ўхшамади. Бирпас инқиллашдан кейин нафас олиши енгиллашиб, аста кўзларини очди. Тепасида Олег йиғлаб турарди…

— Ира, жоним, тирикмисан?..

— Ойим қани?.. — шивирлади Ира. Олег Аннани — ўз ойисини сўраяпти, деб ўйлади шекилли, шошиб жавоб қилди.

— Шу ерда!.. Хавотир олма! Йўлакда турибди ойим!

— Нима?.. Уям мен билан келдими бу ерларга?

— Албатта. Сени касалхонага иккаламиз опкелдик.

— Қанақа касалхона?.. Мен нариги дунёда эдим-ку!..

— Нималар деяпсан? Оғир бўлиб қолдинг бирданига. Биз тезда сени машинага ўтқазиб, шу ерга олиб келдик… Қўй, мени қўрқитма!.. Худога шукр, тирик қолдинг. Қара, гапириб ҳам юбординг.

— Ойим ёрдам берди, — деди Ира кулимсираб. — Эшитяпсизми, мен ўз онамни учратдим у ёқда.

— Уф-ф!..

Олег хўрсиниб врачга юзланди.

— Дўхтир, буни қандай тушунса бўлади-а?

— Нега жиғибийрон бўляпсиз? — кулди врач. — Хотинингиз комага тушиб қолганди… Ахир, одам комада нималарни кўрмайди. Ўлим билан олишади.

— Онамни кўрдим деяпти. Бу… Бўлиши мумкинмас…

— Ҳечқиси йўқ. Кўрган бўлса кўргандир. Асосийси, тирик қолди. Бе, тажрибамдан биламан. Қанча беморлар комадан чиқмай ўлиб кетишган. Ира бўлса, аксинча, оғир касалдан ҳам биратўла халос бўлиб қайтди… Тўхтанг, бу жуда ғалати ҳақиқатан… Шол бўлиб ётган аёл бирдан комага тушса-ю, касалидан халос бўлиб уйғонса…

  Врач бошини чангаллаб у ёқдан-буёққа юра бошлади.

— Ҳа, бу сира ақлга сиғмайдиган иш… Текшириб кўриш лозим… Қизим!..

Ира ухламаганди. Кўзларини очиб врачга тикилди.

— Сиз қаерда бўлиб қайтдингиз?

— Мен… Кўзимни очганимда кабутарга айланиб, қандайдир кимсасиз ерларда учиб юрардим. Кўк кабутарга айлангандим…

— Ўша жойларда дарахтми, ё гулларми, ишқилиб, экин-тикинлар бормиди?

— Йўқ, саҳрога ўхшаган жой эди. Тинимсиз иссиқ шамол эсиб турганди…

— Ҳа-а, — деди врач ниманидир тушунган кўйи, — Демак, қизимиз ҳали ярим йўлда экан. Худога шукр!.. Сал нарига бориб қолса… Худо кўрсатмасин!.. Омадингиз бор экан, укам!..

 

***

 

 

Ирани бир ҳафта деганда уйга олиб кетишди. Бироқ Анна жуда хавотирда эди. Тузалгандан сўнг Ира негадир ўзгариб қолди. Қандайдир бепарвоми-ей, хаёлпарастми-ей… Ҳеч нарса билан иши йўқ. Ҳатто, эри борми-йўқми, келадими-келмайдими, умуман парвоига келтирмайди. Кимнингдир бақир-чақирини эшитса, бир лаб буради-ю, кулиб қўя қолади…

Ўзича кўк кабутарлар ҳақида гапириб қолиши-чи?.. Қизиқ, кўк кабутар борлигини Анна биринчи маротаба эшитиши. Умрида кўк кабутарни кўрмаган. Нега келини нуқул кўк кабутар, кўк кабутар деб хиргойи қилаверади?..

Бир куни шу ҳақда сўрагиси келди. Аввалига қўрқди. Бирор ёмон нарса бўлса-ю, Ира тағин касал бўлиб қолса деб анча пайтгача сўрай олмади…

Барибир тинчи йўқолганди. Қош қорайиб, ўғлининг келадиган маҳали яқинлашгач, таваккал сўради.

— Ира, кўк кабутар дегани нимаси ўзи?

Ира бирдан унинг кўзларига боқди. Бирпас қовоғини уйиб тургандан сўнг кулиб юборди.

— Буми?.. Бу мен, ойи!..

— Бўлмаган гапларни гапирмагин, қизим! — деди Анна безовталаниб. — Сен одамсан. Қанақасига кўк кабутар бўларкансан?..

— Шунақасига?.. Фаришталар кўк кабутар қиёфасида бўлишаркан. Буни ойим билан учрашиб қолганимда билдим…

— Ойинг билан қаерда учраша қолдинг? У болалигингда ўлиб кетган бўлса…

— Қаерда бўларди? Уёққа борганимда учрашдим… Ойим-чи, сап-сариқ кабутар экан…

— Хўш, нима бўпти?

— Демак, мен фариштаман. Бу дунёнинг дардларини елкамга ортаман-у, ажойиб кунларнинг бирида яна у ёққа равона бўламан…

— Жинни бўлма! — Иранинг елкасидан тутиб ўзига қаратди Анна. — Бир касал бўлдинг, ҳаммамизни қўрқитдинг, етар!.. Энди буёғига соғ-саломат юргин!..

Афсуски, ўша тун ҳаммасини барбод қилди. Ира уйқуга ётди-ю, жилмайганча жон берди…

У олис-олисларда кўк кабутар қиёфасида учиб юрар, ойиси энди уни сира ҳайдамасди. Балки икковлашиб фаришталар макон тутган томонга кетиб боришарди.

Виктория ТОКАРЕВА

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc