ҚОРА ҚИСМАТНИНГ ҚУЛИ… (34-қисм. Иккинчи фасл. Воқеалар реал ҳаётдан олинган)

0

 

 

* * *

 

Камбағалнинг дарди ариса дунёда ундан-да бахтлироқ, қувноқроқ одам бўлмайди.

Биз эндигина ҳақиқий ҳаётни кўргандек эдик. Раҳмонали ака берган квартирада иккимиздан бўлак ҳеч ким йўқ. Уй эгасининг қош-қовоғига қараш, пиёнисталарнинг шовқинидан азобланиш балоси бизни четлаб ўтди. Сусанна ҳам эркинлик сабабми, пазандаликка берилди. Ҳар куни турли мазали таомлар пишириб мени сийлайдиган бўлди. Дам олиш кунлари биргалашиб кўча айланиш, шаҳарда сайр қилишга одатландик. Бу росмана бир мустаҳкам оиланинг ҳаёти эди.

Ишларим ҳам юришиб борарди. Бошлиқлар менга энг долзарб мавзулардаги мақолаларни ишониб топширадиган бўлишди.

Таниш-билишлар орттирдим. Ассосийси, эртага қандай кун кўриш, нима еб, нима ичиш ҳақида қайғуриб ич-этимни емайдиган, жуфтимнинг қаршисида мулзам туриб қолмайдиган бўлдим.

Шундай кунларнинг бирида қайсидир туманга бориб материал тайёрладим. Энди редакцияга қайтиб буни қоғозга туширишим лозим эди. Агар кечгача мақолани раҳбарнинг столига қўймасам, гап эшитишим турган гап.

Шошиб автобусдан тушдим-да, редакцияга чопдим. Азбаройи шошилганимдан йўлакда турган ҳамхонам Юнус акани пайқамай қолаёзибман.

Билагимдан маҳкам ушлаб қолгач, жуда хижолат тортдим.

— Узр, ака, сизни пайқамай қолдим, — дедим унга бош ирғаб. — Жуда шошаётгандим. Биласиз-ку…

— Шунақа экан-да! — ҳазил аралаш гина қилган бўлди Юнус ака. — Одамлар кучайса танимай қоларканми?

— Йўғ-э, унақа деб одамни хижолатга қўйманг! Айтдим-ку…

— Ҳазиллашдим, — дея елкамга қўлини қўйди Юнус ака. — Аслида бошқа нарсани айтмоқчийдим.

— Нимани? — беихтиёр ҳушёр тортдим. — Тинчликми, ака?

— Хонада хотининг ўтирибди. Сени кутаяпти.

— Нима?

Бу хабарни эшитиб капалагим учди. Хаёлимдан «тағин Шарифа келибди» деган ўй қуюн тезлигида ўтиб, этим музлаб кетди. Бироқ Юнус акага сир-бой бермаслик учун ўзимни тутдим.

— Анчадан бери ўтирибдими? — дедим бўшашиб. — Бирор нарса демадими сизга?

— Йўқ, ҳеч нарса демади. Бир соатча бўлди, ўтирибди.

Кайфиятим зумдаёқ бир пул бўлди. Руҳим тушганча хаёлан унга берадиган жавобларимни чамалаб кабинет томон йўл олдим.

«Ҳеч ёруғ кун йўқ экан-да!» ўйлардим ўзимча. Энди тинч ҳаёт бошладим деганимда қаердандир ташвиш мўралаб тураверса! Тағин алимент илинжида келгандир ҳойнаҳой!

Жаҳлимни жиловлай олмай зарда билан эшикни очдим…

Ажабо! Ичкарида мени ҳайратда қолдириб Сусанна ўтирарди.

У кирганим ҳамоно даст ўрнидан турди-да, келиб кўксимга бош қўйди.

Мени бояги асабийлик ҳали тарк этмаганди. Қовоғимни уйганча ундан сўрадим.

— Нима бўлди? Ҳеч ишхонамга келмасдинг. Тинчликми ишқилиб?

Сусанна кўзларимга тик боқиб жилмайди.

— Кутмаганмидингиз? Тўғрисини айтинг, кутмагандингиз-а?

— Албатта, — дедим асабий оҳангда. — Ташқарида биттаси эсхонамни чиқараёзди. Хотинингиз келди эмиш. Шарифамикан деб бўларимча бўлаёздим. Қани, ўтир-чи! Нима гап?

Сусанна ўтиришга шошилмади. Дераза қаршисига борди-да, мени ёнига чорлади. Бордим.

— Сизга зўр янгилик бор, — деди шивирлаб.

— Қанақа янгилик? Айта қолсанг-чи юрагимни ҳовлиқтирмай! Биласан-ку, бунақанги «янгилик»лардан юрак олдириб қўйганман.

— Сиз ота бўласиз! — деди Сусанна янада пастроқ товушда. — Эшитдингизми? Ота бўласиз деяпман!

— Нима?

Бу жуда зўр хабар эди. Йўқ, шунчаки хабар эмас, ҳақиқий хушхабар эди…

Сусаннанинг бир оғиз гапи вужудимдаги бор ғуборларни булоқ суви каби ювиб кетгандек, елкамдан тоғ ағдарилгандек тўсатдан енгил тортдим. Шу қадар енгил тортдимки, қўйиб беришса, осмону фалакка учиб кетгудек шаҳдим бор эди.

— Ростданми? — қичқириб юбордим. — Алдамаяпсанми?

Сусанна бош чайқади.

— Лекин хурсанд бўлишга шошилманг! Сизга ёмон хабарим ҳам бор.

— Ие, бу нима деганинг? Олдин ёмонидан гапирсанг бўлмасмиди унда?

— Йўқ, тўғри келмасди.

— Айтақол ўша ёмон хабарингниям! — дедим ҳануз хурсандчилигимни яшира олмай. — Энди менга ҳеч қандай ёмон хабар таъсир қилмайди. Гапиравер!

Сусанна бир жилмайиб қўйди-да, ортга тисланди.

— Уйимизни меҳмон босди. Фақат жаҳлингиз чиқмасин! Шундай бўлиши керак эди.

— Қизиқ экансан-ку! — дедим елка қисиб. — Бизнинг уйгаям меҳмон келади-ю, жаҳлим чиқармиди? Хўш, кимлар экан азиз меҳмонларимиз?

— Уф-ф, — Сусанна оғир хўрсиндида давом этди:

— Ким бўларди? Ўгай отангиз, онангиз, тоғангиз…

— Йўғ-э, — деб юбордим беихтиёр. — Ҳазиллашаяпсанми? Мени кўришга кўзи бўлмаган одамлар уйимга меҳмонга келарканми? Балки бошқа одамлардир?

— Худди ўзи. Онангиз таништирди.

— Шунақами? Шунчаки меҳмонга келишибдими?

— Йўқ, азизим, шунчаки эмас. Ўгай отангиз оғир касал. Уни тезда касалхонага ётқизмасангиз бўлмасмиш.

— Менга зарил кептими? — дедим шартта. — Бир вақтлар ит кунини кўрсатган одамга-я? Бориб айт, қайтиб кетаверишсин! Уларни кўришга тоқатим йўқ. Асабим бузилади тағин.

— Ундай деманг! Буни қайтар дунё деб қўйибди. Яхшилаб ўйланг, мулоҳаза қилинг. Сизга кўрсатган қора кунлари учун худонинг ўзи уни жазолаб турибди-ку! Сиз бундан хурсанд бўлишингиз керак. Худога шукрлар қилишингиз зарур. Қаранг, биз кўчада эмасмиз. Устимиз бут, қорнимиз тўқ. Улар эса кимлардандир бизнинг қаерда яшаётганимизни аниқлаб, ўзлари бош эгиб келишибди. Демак, сиз ғолибсиз! Худо сизни ярлақабди! Бунинг нимаси ёмон?

Мен бир муддат Сусаннага тикилиб қолдим. Қанчалар ақлли ва фаросатли аёл бу! Менинг кўзимни очаяпти. Ғафлатда қолиб кетган тафаккуримни уйғотаяпти. Бундай аёл билан бир умр бир ёстиққа бош қўйиш ҳузурнинг ўзи эмасми?

Унга нисбатан азбаройи меҳрим товланиб, ҳурматим ошганидан аста бориб бағримга босдим-у, йиғлашдан бери бўлиб базўр пичирладим.

— Яхшиям сен борсан, Сусанна!

 

* * *

 

 

Биз кўп қаватли уйларни оралаганча ёнма-ён юриб борардик. Хаёлларим тамоман чалкашиб кетган. Вужудимга муз югурган. Қалбимни ўтмишнинг оғир юки эзиб турарди. Сурункали касаллик каби бағримга чиппа ёпишиб қолган дард қайта қўзғалгандек, томоғим қуруқшар, бошимда ҳозир-ҳозир оғриқ турадигандек қизий бошлаганди.

«Ишонгим келмайди, — ўйлардим ўзимча Сусаннага зимдан назар ташлаб. — Нурмат қоранинг касалга чалинадиган чамаси йўқ эди. Тағин ёмон бир ниятда келган бўлмасин. Ишониб бўлармиди бундайларга. Менинг ишли бўлганимни, ҳаётим изга туша бошлаганини эшитган бўлса, чиркин ниятлар риштасига ўралиб қолган бўлиши ҳеч гап эмас. Нима бўлганда ҳам ҳушёр бўлганим маъқул. Сусанна нима? У ёмонлик ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайди. Табиати шунақа. Фақат олдинга боқади. Атрофида туман бўлиши муқаррарлигини пайқамайди…»

Биз «дом»нинг энг юқори қаватига шошилмасдан кўтарилдик. Ҳамон ўгай отамнинг, онамнинг, тоғамнинг мен билан қандай кўришиши, ўзларини қандай тутиши, гапни нимадан бошлаши ҳаяжонга соларди. Хаёлан турли тахминларга борар, ўйлаб ўйларимнинг охирига ета олмасдим.

Эшикка яқин келгач, Сусанна менга маъноли қараганча бир муддат тек туриб қолди. Чамаси, нимадир дейишимни кутди.

— Сен индама, — тайинладим унинг мақсадини сезгандек. — Орамизда нима гап-сўз бўлишидан қатъи назар жим туравер.

— Улар жанжаллашиши мумкин деб ўйлайсизми? — сўради Сусанна тушунмай. — Ўзим кўрдим, ўгай отангиз бир аҳволда эди. Жанжал юрагига сиғармиди?

— Барибир гапирма! Мен олдин уларнинг ҳаммасини кузатиб кўришим керак.

— Хўп, — бош силкиди Сусанна. — Индама десангиз, индамайман. Қийинмиди?!.

 

* * *

 

Остона ҳатлаб ичкарига қадам қўйишимиз билан тоғам Нормат биринчи бўлиб ўрнидан турди. Анча озиб, сочлари оппоқ тусга кирибди.

Унинг кетидан онам ҳам инқиллаганча ўрнидан қўзғалди. Тўрдаги кўрпача устида эса Нурмат қора шифтга тикилганча ётарди. Мени кўриб негадир кўзларини юмиб олди.

Уларга бир муддат жим тикилиб қолдим. Ҳатто, саломлашиш ҳам ёдимдан кўтарилгандек лол эдим.

— Ие, жиян, бормисан? — тоғам биринчи бўлиб менга пешвоз чиқди. — Қани, сени бир бағримга босай!

Кўнгилнинг совуғи қишнинг қаҳридан-да кучлироқ бўларкан. Тоғам билан қучоқлашиб кўришардим-у, танам янада музлаб кетгандек туюларди. Аммо на илож? Уйга келган меҳмоннинг дилини ранжитиш гуноҳ. Ўзимни мажбурлаб ундан ҳол сўрадим.

— Соғ-омонмисиз? Кеннойимлар, болалар яхшими?

Ҳали салом-алигимиз ниҳоя топмай, онам келиб кўксимга бош қўйди-ю, ув тортиб йиғлай бошлади.

Худди шундай аянчли манзарани бир пайтлар болалигимда ҳинд киносида кўргандим. Уйдан шафқатсизларча ҳайдалган болакай улғайгач, уни ўша ўзини ҳайдаб солган яқинлари излаб келишганди…

Ҳа, болакай уларни кечирган. Бироқ қандай?.. Мен кечиришни, қачонлардир яқин бўлган, ҳозирга келиб ноқариндошга айланганларим билан қайтадан апоқ-чапоқ бўлиб кетишни сира тасаввур эта олмасдим.

Онам бўлса йиғлашдан тўхтамасди.

— Қўйинг, йиғлайверманг! — дедим ниҳоят унинг икки елкасидан тутиб. — Яхши экансиз, кўрдим. Кўнглим хотиржам бўлди.

Шу маҳал Нурмат қора ётган ерида инграниб сўз қотди.

— Қодирбой, мени баннисага ётқиз! Ўлиб қоламан!

Ўгай отамнинг овозини эшитдим-у, беихтиёр онамни қўйиб юбориб, тепасига яқинлашдим.

Унинг кўз қарашларида илгариги ғазаб, нафрат учқунлари кўзга ташланмасди. Аксинча, нигоҳлари нур янглиғ сўниқ, юзларига афсус нуқси уриб қолганди.

Ачиниш билан онамга юзларндим.

— Нима бўлди унга? — сўрадим гоҳ онамга, гоҳ тоғамга боқиб. — Тинчликми ўзи?

Онам бошини эгди.

— Инсульт бўп қолди, — деди шивирлаб. — Чап тарафи ишламаяпти. Даволатишга пул йўқ, болам. Бир иложини қилгин!

— Мени тузат, Қодирбой! — ёлвора бошлади Нурмат қора. — Хор бўлиб ўлмайин тағин, тузат мени! Ҳеч кимга кераксиз бўп қолди-им!

Онам Нурмат қоранинг инграшларига чидай олмадими, бориб тепасига ўтирди-да, пиқиллаб йиғлай бошлади.

Хўш, бундай лаҳзаларда қандай йўл тутадилар? Ким кимни юпатгани маъқул? Одамнинг бошига оғир савдо тушганда, атрофидагилар мурувват кўрсатишлари шарт. Бу кони савоб. Аммо кўнгил ўзингга бўйсуна қолмаса-чи? Ҳар лаҳзада қайсарлик қилса, сенга ўзга йўл кўрсата бошласа-чи? Қандай ўзингни қўлга оласан ва қайсар кўнгилни рад этасан?..

Шу тахлит ўйлар миямда чархпалак каби айланарди. Сира бир тўхтамга кела олмасдим. Қаршимда душмандан баттар ёқимсиз одамлар турганини билсам-да, бир вақтлар мени ит кунига солган кимса айни паллада ҳимоясиз, ожиз бандага айланиб, мендан нажот кутаётганини кўриб турган бўлсам-да, барибир хаёлларимни жамлаб ололмасдим.

Хайрият, яна Сусанна мени ўзимга келтирди.

— Биламан, — деди Сусанна русчалаб. — Булар инсонмас, шунчаки одамлар. Иккала сўзнинг ер билан осмонча фарқи бор. Лекин ҳозир шу одамлар сизнинг кўмагингизга муҳтож бўлиб турибди. Юз ўгирсангиз гуноҳ бўлади. Худо кечирмайди сизни. Танангизга ўйлаб кўринг!

Бизнинг ўзга тилдаги гапларимизга тушунмаса-да, онам менга яқин келиб бошини қуйи солганча сўз бошлади.

— Болам, — деди йиғи аралаш. — Бошингдан кўп оғир кунлар ўтди. Ҳеч қайсимиз ёнингда турмадик. Отангнинг қилиқлариям ҳали эсингдан чиқмаган. Аммо нима қилайлик, болам? Яхшиям сен катта шаҳарга келиб ўрнашдинг. Сендан бўлак кимга зорланамиз? Ахир, сени тўққиз ой қорнимда кўтариб юрганман. Оқ сутимнинг ҳурмати йўқми?

— Бас, — дея онамнинг оғзини кафтим билан ёпдим. — Юрагимни эзаверманг сизам! Ўтган кунларни эслатиб дардимни орттирасиз холос. Бас қилинг!

— Ёрдам қиласанми? — жавдираб менга тикилди онам. — Отангни касалхонага ётқизасанми?

— Ҳа, — дедим қатъий оҳангда. — Кўнглингиз хотиржам бўлсин!

Онамнинг сўнгги сўзларидан кўнглим тоғдек кўтарилганди. Яратганнинг адолатли ҳукми қаддимни ростлаб, вужудимга илиқлик ато этганди.

Сусаннага зимдан назар ташладим. Унинг ҳам кўзларида қувонч нурлари порлар, нуқул онамни қучиб жилмаярди.

Шу тобда эшик безовта тақиллай бошлади. Сусанна иккимиз бир-биримизга ҳайрон бўлиб боқдик.

Ким бўлиши мумкин? Бу эшик кўчиб келганимиздан бери атиги иккинчи маротаба тақиллаяпти.

Бир муддат ўй суриб турган бўлдим-да, эшик томон йўналдим. Сусанна ҳам ортимдан қолмади.

Эшикни очиб ҳайрон бўлдим. Қаршимда тўрт норғул йигитларни бир сафга тизганча семиздан келган, юзлари қип-қизариб кетган, узун чопонининг бир этагини белбоғига қистириб олган олтмиш ёшлар оралиғидаги эркак турарди.

Мен уни танигандек бўлдим-у, негадир эслай олмадим.

— Қани менинг жияним Қодирбой? — баланд овозда сўради у саломимни ҳам кутмай. — Чақиринг жиянимни!

— М-мен Қодирман, — дедим елка қисганча Сусаннага маъноли қараб. — Кечирасиз, ким бўласизлар?

— Ие, жиян, ўзингмидинг? Қара-я, ўзгариб кетибсан!.. Мен поччанг Хурсанали бўламан-ку! Танимадингми?

Шундан кейингина эсладим. Аммам Холниса… Олис вилоятда яшайди. Лекин бир билан борди-келди қилмасди. Бувим раҳматли айтиб берганди. Ниманидир талашишганми, ишқилиб, орада жанжал чиққан. Шундан кейин аммам қариндош-уруғлар билан юз кўрмас бўлиб кетган экан.

— К-киринг, почча, — дедим тутилиб. — Остонада турманглар!..

Хурсанали поччам йигитларни эргаштириб ичкарига кирди ва шоша-пиша қўлидаги тугунларни уй бурчагига ташлади.

Аммо меҳмонлар борлигини кўриб бироз ўнғайсизлангандек туриб қолди.

Онамни, тоғамни таниди чоғи, иккиланган кўйи бош ирғаб сўрашган бўлди ва секин менга яқин келиб қулоғимга шивирлади.

— Жиян, бу… Меҳмонлар боракан… Биз… Бемаврид кеп қолдикми дейман?

— Э, почча, бу нима деганингиз? — қўл силтаб уни ичкарига бошладим. — Ҳаммалари ўзимизникилар. Кираверинглар!..

Хурсанали поччам бу гапимдан кейин жонланиб қаққайиб турган йигитларга буюрди.

— Қани, ўғилларим, сўрашмайсанларми қариндошларминан? Ие, сўраш тез! Мана бу Қодир аканг!

Йигитлар келиб мен билан, сўнгра онам, тоғам билан сўрашди.

Улар Хурсанали почча тугул, ўғиллари билан ҳам совуққина кўришишди. Буни, айниқса, онамнинг тез-тез лаб буриб олишидан пайқаш қийин эмасди.

Ушбу манзара баттар энсамни қотириб, хотинимга ул-бул олиб келишни буюрдим.

Сусанна тезда дастурхонни янгилашга тушди.

Хурсанали поччам кўрпачага ўрнашиб ўтириб олгач, хона ичини зимдан кузатди. Ўзича гоҳ елка қисди, гоҳ бош чайқади. Нималарнидир хомчўт қилган бўлди. Ора-орада ҳиссиз нигоҳларини шифтга қадаганча тек ётган Нурмат қорага ачиниш назари билан қараб қўйди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc