Институтни битирмай «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» унвони билан тақдирланган санъаткор

0

Бугунги қаҳрамонимиз Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров кино ва театр санъатига бирдек салмоқли ҳисса қўша олган ижодкорлардан. Унинг яратган роллари ҳамиша томошабинлар диққат марказида, қанча кўрсангиз ҳам зерикмайсиз. Ижролари бир-бирига ўхшамайди, уларнинг бари ўзга дунё…

 

— Иқтидор Яратган томонидан берилади, аммо у ниҳол сингари парваришланмаса, нобуд бўлади. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, агар санъаткорлар оиласида туғилмаганингизда бу соҳанинг этагини тутаолармидингиз?

— (ўйланиб) Билмадим, аввало, ҳаммаси тақдир инъоми. Дирижёр Аҳмад Ихтиёровнинг фарзанди эканлигимнинг ўзи бахт. Дадам маҳаллий театрнинг бош дирижёри, тартиб-интизомни яхши кўрадиган, ўта қаттиққўл ижодкор эди.

Болалигим бевосита театр билан боғланиб кетган. Кўчада тўп сурганим ёки шўхлик қилганимни эслолмайман. Кичиклигимдан театр репетицияларида қатнашардим, спектаклларда иштирок этардим. Эсимни танибманки, юрагим санъаткор бўлиш умидида ёнарди. Аммо отам ҳамиша менга оғир ишларни буюрарди. Бир куни жаҳлим чиқиб, «Дада, бу ишларни мен қилишим шартми? Ахир мен санъаткор бўламан-ку», деганимда бироз сукут сақлаб: «Санъаткор, аввало, ўзидаги, ундан кейин ҳаётдаги ифлосликни кетказа олиши шарт!» деганди.

Онам раҳматли эса оқила аёл эди. Тўрт фарзанд учун жонини ҳам беришга тайёр эди. Акам раҳматли ҳам болалигидан санъаткор бўлишни орзу қиларди. 14 ёшида халқаро танлов лауреати бўлганди, афсуски, 16 ёшга тўлмай, оғир хасталикдан вафот этган. Опам ҳам онам сингари уй бекаси бўлди, ҳаётда ўзи эмас, атрофдагилар муваффақиятга эришиши учун кўмаклашди. Укам эса қўли гул уста, 70 ёшни қаршилаган бўлса-да, ҳалигача унинг меҳнати харидоргир.

— Устоз санъаткорлардан бири сизни «Омадли», дея таърифлаганди. Ютуқларингиз замирида иқтидордан ташқари омаднинг ҳам ўз ўрни бор, шундайми?

— Тўғри, мен энг омадли инсонман. Ўзингиз ўйлаб кўринг, пойтахтга келганимда қўлимда эски жомадон: ичида 1-2 та кийим, 3-4 та китобдан бўлак ҳеч нарса йўқ эди. Ҳатто бўйим ўсиб кетганлиги боис, отам олиб берган костюмнинг енги ҳам калта бўлиб қолганди.

Институтга ижодий имтиҳон топшириш вақти жуда қизиқ воқеа бўлганди. Саҳнага чиқиб «Ойхон» ариясини куйлаганимда, ҳамма жим бўлиб қолган. Шунда Раззоқ Ҳамроев ташқарига чиқиб тур, деб ишора қилган. Ҳафсалам пир бўлиб, эшик ортида турганимда, устозлар «Жуда зўр ижро», дея мақташаётгани қулоғимга чалинган. Биринчи курснинг илк семестри тугамай, Муқимий номидаги мусиқали комедия театрига ишга чақиришган. Раззоқ Ҳамроев, Лутфихоним Саримсоқова, Сойиб Хўжаев, Машраб Юнусов, Абдураҳим Абдураҳмонов, Суръат Пўлатов каби санъаткорлар билан бир саҳнада туриб ижод қилганман. Институтни битирмай «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» унвони билан тақдирланганман. Буларнинг бари бахт, омад!

— Сойиб Хўжаев «Ягона шогирдим Бахтиёр, бошқаси керак эмас», деганининг ўзи ҳам бахт…

— (кулиб). Жуда тўғри. Сойиб акани жуда кўп эслайман. Унинг қалби санъат меҳри билан ёнарди. «Ёр-ёр» фильми учун 30 дан зиёд жуфтлик актёрлар кастинг топширганди. Уларнинг деярли ҳаммаси ўз даврининг етук актёрлари эди. Режиссёр Сойиб ака билан ўйнаган кичик ижромизни кўрди-ю, «Бўлди, номзодлар тасдиқланди», деди. Нафақат театр ва кинода, балки ҳаётда ҳам ота-боладек эдик. Сойиб акага шогирд бўлишни истаганларнинг сон-саноғи йўқ эди. Аммо у мендан бошқа шогирд олишни истамасди.

— «Ёр-ёр», «Ажойиб хаёлпараст», «Етинчи жин»… Бу фильмларда мураккаб техника ёки компьютер графикаси йўқ. Аммо ҳалигача томошабинларни ўзига жалб қила олади. Чунки ундаги ижроларда содда ва самимийлик бор. Шундай эмасми?

— Мен санъатшунос ёки театршунос эмасман. Санъаткор бўла туриб, бошқалар ижодига баҳо беришга ҳақли эмасман. Аммо шуни очиқчасига айтаман, ҳозир санъат учун жонини берадиган актёрлар жуда кам.

Санъат пул топиш манбаи эмас. Саҳнага чиқиб, икки оғиз сўз ёки бачкана латифа айтган билан санъаткор бўлиб қолмайди. Талабалик чоғимда янги русумдаги магнитофон урфга чиққанди. Шуни харид қиламан, деб икки ойлик стипендиямни йиғиб, дўконга борганимда ҳам пулим етмаганди. Шунда танишларимдан бири қўлимга бир даста пул тутиб «Фалон куни тўйга бориб, икки оғиз сўз билан келин-куёвни табрикласанг, шу сеники бўлади», деганди. Ўйлаб ўтирмай, рад этгандим. Чунки санъаткор бошқа ишларга чалғиса, ўз қолипидан чиқиб кетади. Тўй хизматидан келиб, шоша-пиша саҳнага чиққан артистнинг гап-сўзи, хатти-ҳаракатларидан ҳам тўйнинг ҳиди анқиб туради.

Ҳозирги шароит билан аввалгисини тенглаштириб бўлмайди. Аввалги актёрлар кичик эпизод роли учун ҳам спектаклдан 2 соат олдин театрга келиб тайёргарлик кўрарди. Устидаги кийими ювилиб, дазмолланаверганидан матоси юпқалашиб қолган бўлса ҳам маънавият бор эди. Китоб ўқирди, театр ва кино ҳаётида яшарди. Ҳозиргилар-чи?!

— Кинода 60 дан зиёд, театрда эса 120 га яқин роллар яратиб, томошабинларнинг севимли актёри бўлдингиз. Аммо қилинган иш доим ҳам муваффақиятли, роллар эса омадли бўлавермайди…

— Сойиб ака «Ролни ўйнама, унинг ҳаётида яша», деб уқтирарди. Актёр қаҳрамонининг қувонч-ғами билан яшагандагина роль муваффақиятли чиқади. Ижодкор ролни салбий ёки ижобий дея талқин этишга ҳақли эмас. Чунки ҳаётда ёмон инсон ўзини бу тоифага мансуб деб ҳисобламайди. Агар у ўзидаги салбий жиҳатларни билганида сўзсиз ёрилиб ўларди (кулиб). Актёр ҳамиша салбийми, ижобийми, ўз ролини ҳимоя қила олиши керак. Ролларимнинг ҳеч бирини омадсиз деёлмайман. Ижодимда ҳар бирининг ўрни бор.

— Режиссёрлик соҳасига кўл уришингизга нима туртки бўлган?

— «Ёш гвардия» (ҳозирги Ўзбек давлат драма театри) театри очилганда ўзбек аёллари «дод» деди. Спектаклларда халқнинг миллий маънавияти инобатга олинмасди. Шундай қалтис жараён вақтида раҳбарлар мени олдига чақириб, елкамга театрни оёққа қўйиш вазифасини юклашди. Бу жуда қийин иш эди. Ўша пайтнинг машҳур актёрларидан бири олдимга келиб «Ёш гвардия» кассасига келиб, бешта одам чипта сотиб олса, театр кўчасини супураман», дея истеҳзоли кулганди.

Жуда оғир кунларни енгиб ўтишимга тўғри келди. Аввало, репертуарни янгиладим, яхши актёрларни ишга таклиф этдим. Хуллас, икки йил деганда, спектакллар аншлаг бўлди. Аммо раҳматли дадам қўнғироқ қилиб «Нега мусиқа театридан кетдинг?» деб йиғлагани кўнглимни мулзам қилганди.

Режиссёрлик жуда мураккаб соҳа, турган-битгани бош оғриқ. Фильм ёки спектакль муваффақиятли чиқса, қарсакларнинг бари актёрларга чалинади. Танқидлар эса режиссёрга айтилади.

— Шогирдлар…

— Жуда кўп. Ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ҳам дарс бердим. Учта курсни ўқитиб, ёшларнинг актёр бўлиб шаклланишларига ўз ҳиссамни қўшдим. Мурод Ражабов, Саида Раметова, Матёқуб Матжонов каби актёрларни катта саҳнага олиб чиқдим. Уларнинг бари машҳур, эл хизматида юришибди.

— Футболга қизиқишингиз ҳақида кўп эшитганмиз. Ўйинларни таҳлил қилишга ҳам уста экансиз…

— (кулиб) Футбол жону дилим. Ҳеч бир ўйинга бефарқ эмасман. Аммо анча йиллардан буён футбол ўйнолмайман. Шифокорлар соғлиғим ҳақида қайғуриб, тўп тепишни тақиқлашган.

— Фарзандларингизнинг бирортаси касбингизни давом эттирмаётганидан афсусланмайсизми?..

— Йўқ! Санъаткорнинг юраги ловуллаб ёниши керак. Уни пуфлаб ёндирсангиз ҳам ўзи аланга олмаса, бефойда. Барибир, ўчиб қолади. Қизим Хумора хореограф. Қизалоқларга рақс сирларини ўргатади. Ўғлим Дониёр мусиқа мактабининг скрипка бўлимини тамомлаган. Дониёр учун Германияга атайин бориб, скрипка ҳам сотиб олиб бергандим. Аммо мусиқа мактабини тугатиб, «Скрипка чалмайман», деди. Ҳозир бошқа соҳада фаолият юритади.

— Кўз тегмасин, тарғибот тадбирларида жуда фаолсиз. Шундай тадбирлардаги иштирокингизни кўриб, «Бахтиёр ака анча ёшарибди», деган ўй хаёлимиздан ўтди…

— Ростдан-а, ёшларга қўшилиб қариликни унутгандирман-да (кулиб)! Шукрки, 78 ёшдаман. Қарилик гаштини суриш, набиралар ардоғида бўлиш насиб этяпти. Доим тонгда Қуръон ўқиб, дуо қиламан. «Ёшлар бахтли бўлсин! Ҳаммаёқ ағдар-тўнтар бўлаётган замонда юртимизга ёвларнинг кўзи тегмасин», деб ният қиламан.

— Илоҳим, айтганингиз келсин. Умрингиз узоқ, тану жонингиз соғ бўлсин.

Наргиза МУРОДОВА
 суҳбатлашди.

(«Ҳордиқ плюс» газетаси хазинасидан)

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here