Интерпол тарихидаги ғаройиб қидирув ёхуд халқаро жиноят қидирув полицияси нега раҳбарини йўқотиб қўйди?

0

Октябрь ойи бошида Интерпол раҳбари, 64 ёшли Мэн Хунвэй 29 сентябрь куни Хитойга жўнаб кетгач, бедарак йўқолгани ҳақида хабар тарқалди. Кейинроқ эса унинг Пекинда ҳибсга олингани ва тергов қилинаётганлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳодисага боғлиқ равишда kun.uz нашри махсус мақола эълон қилди. Қуйида ушбу мақола билан танишишингиз мумкин.

Тафсилотларга ўтишдан олдин Интерпол тарихига назар ташласак.  Интерпол (International Criminal Police Organization–INTERPOL) – халқаро жиноят қидирув полицияси ташкилоти бўлиб, умумий жиноятчиликка қарши курашадиган дунёдаги энг йирик халқаро ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади. Ташкилот бош қароргоҳи Франциянинг Лион шаҳрида жойлашган ва Интерполга 192 давлат аъзо бўлган.

Қачон ташкил этилган

Халқаро жиноят қидирув полицияси ташкилотини тузиш ғояси 1914 йилда Монакода бўлиб ўтган жиноят қидирув полицияси халқаро конгрессида пайдо бўлган. Ўн тўрт мамлакатнинг юрист ва полиция ходимлари халқаро жиноятчилик бўйича маълумотлар юритувчи бўлим ташкил қилиш ва жиноятчиларни экстрадиция қилиш жараёнларини умумлаштириш имкониятларини кўриб чиқишган.

1923 йилда иккинчи бор бўлиб ўтган жиноят қидирув полицияси халқаро конгрессида бу ғоя амалга татбиқ этилган ва маркази Австриянинг Вена шаҳрида бўлган халқаро жиноят қидирув полицияси комиссияси (International Criminal Police Commission, ICPC) тузилган.

1938 йилда Австриянинг фашистлар Германияси томонидан босиб олиниши ва бош қароргоҳининг Берлинга кўчирилиши сабабли ташкилот фаолиятини тўхтатган.

Ташкилот 1946 йилда Бельгия ҳукумати ташаббуси билан қайта ташкил этилган. Унинг бош қароргоҳи Парижда жойлашган. INTERPOL (international police) атамаси ҳам ўшанда пайдо бўлган.

1956 йилда Интерполнинг ҳозирги номи ва низоми қабул қилинган. 1989 йилда ташкилот бош қароргоҳи Лион шаҳрига кўчирилган.

Нима билан шуғулланади

Интерпол мавжуд қонунчилик ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси доирасида фаолият юритаётган жиноят полицияси барча органларининг ўзаро ҳамкорлигини (ҳаттоки айрим давлатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилмаган бўлса ҳам) таъминлайди.

Интерпол мутахассислари халқаро жиноятлар ҳақидаги маълумотлар, жиноятчиларнинг бармоқ излари ва фотосуратларини рўйхатга олишади. Турли мамлакатларда ўғирлаб кетилган автомобиллар, санъат асарлари ва қимматбаҳо буюмлар, бедарак йўқолганлар, шахси аниқланмаган жасадлар, барча давлатлардаги қирқма ўқотар қуроллар бўйича картотека юритади.

Ташкилот халқаро жиноятлар содир қилишда гумонланаётганларни, жумладан, жиноят содир этилган мамлакат ташқарисида қидириш билан шуғулланади. Жиноятчи қўлга олинган тақдирда, у дипломатик каналлар орқали жиноят содир этилган ёки жиноятчи фуқароликка мансуб бўлган давлатга топширилади.

Ташкилот котибиятида тўртта бўлим фаолият кўрсатади, булар: маъмурий, полиция, илмий-тадқиқот ва техник таъминот бўлимларидир. Полиция бўлими ноқонуний қурол савдоси ва халқаро терроризмга қарши кураш, сохта пул ясаш ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни қайта ишлаш бўлимларидан иборат. Махсус бўлинма гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний тарқалиши ҳақидаги маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш билан шуғулланади.

Интерпол низомида сиёсий, ҳарбий, диний ва ирқий тусдаги ишларга аралашиш қатъий тақиқланган. Интерпол асосий эътиборни коррупция, одам савдоси, интеллектуал мулк ҳуқуқининг бузилиши, пул “ювиш” ва терроризмга қарши курашга қаратади.

Хитой ва Интерпол

1984 йил сентябрда Хитой Халқ Республикаси Интерпол ташкилотига қабул қилинди. Ислоҳотлар ва очиқлик даврига қадам қўйган Хитой учун Интерполга аъзо бўлиш ташқи дунё билан алоқаларнинг кенгайиши, Хитой ҳукуматининг трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашга ҳисса қўшиш истагидан далолат берарди.

ХХР раиси Си Цзиньпиннинг ички сиёсатида коррупцияга қарши кураш муҳим ўрин тутиши ҳисобга олинса, Пекиннинг хориж ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорлиги долзарб аҳамият касб этади. Хитой БМТнинг коррупцияга қарши кураш ва трансчегаравий уюшган жиноятчиликка қарши кураш конвенциялари доирасида дунёнинг юздан ортиқ давлатлари билан юридик ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Интерполнинг сўнгги президенти

2016 йилда Интерполнинг Индонезияда бўлиб ўтган 85-сессиясида ХХР жамоат хавфсизлиги вазирининг ўринбосари Мэн Хунвэй ташкилотнинг янги президенти этиб сайланди.

Мэн Хунвэй 1953 йилда туғилган. У 2004 йил апрелда ХХР жамоат хавфсизлиги вазирининг ўринбосари лавозимини эгаллаган, ўша йилнинг августида Интерполнинг ХХРдаги марказий миллий бюроси раҳбари бўлган.

Мэн Хунвэйнинг Интерпол президенти этиб сайланишини ўша пайтда айрим ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар танқидий қарши олганди. Улар Хитой бу тайинловдан мамлакат ичидаги ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши курашда фойдаланишини иддао қилганди.

Ўтган ҳафтада ОАВда Хитойга учиб кетган Интерпол президенти бедарак йўқолгани ва ташкилот ўз раҳбарини қидираётгани ҳақида ғаройиб хабар тарқалди.

Хитойнинг South China Morning Post газетаси эса Мэн Хунвэй Хитойга 29 сентябрь куни учиб келиши билан терговга олиб кетилганини хабар қилди.

Интерпол ХХР ҳукуматига ташкилот президенти Мэн Хунвэйнинг турган жойи борасидаги маълумотни аниқлаштириш учун расмий сўров юборди.

Хунвэйнинг рафиқаси Грейс Мэннинг таъкидлашича, эри йўқолиши олдидан унга пичоқ сурати илова қилинган хабар жўнатган.

Аёлнинг Лионда журналистларга маълум қилишича, унинг фикрича, эри жўнатган сурат орқали хавф остида эканлигини маълум қилмоқчи бўлган. Аёлнинг айтишича, эри суратни юборишидан 4 дақиқа аввалроқ “Қўнғироғимни кут” деган ёзувли хабар жўнатган. Грейс Мэннинг айтишича, шундан кейин эри билан алоқа узилган.

7 октябрь куни Мэй Хунвэйнинг истеъфога чиққани хабар қилинди.

“Бугун 7 октябрда Интерполнинг Лиондаги бош котибияти жаноб Мэн Хунвэйнинг Интерпол президенти сифатида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш ҳақидаги илтимосномани олди”, деб маълум қилди ташкилот.

Le Parisien газетаси Мэн Хунвэй коррупцияда айбланаётгани ҳақида ўз манбаларига таяниб хабар берди. Газета илгари сураётган тахминга кўра, Мэн Хунвэйга нисбатан “кибержиноятчиликка қарши курашиш соҳасида фаолият кўрсатаётган компаниялардан бирига шартнома олишда ноқонуний ёрдам бериш” айблови қўйилиши мумкин.

Сўнгги хабарларга кўра, Интерпол президенти лавозимини катта вице-президент Ким Чон Ян эгаллайди.

Интерполнинг янги раҳбари сайловлари ташкилот бош ассамблеясининг БААда 18-21 ноябрда ўтказиладиган сессияси доирасида бўлиб ўтади.

Дилшод Асқаров

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here