МИБнинг «фалсафаси» нима? Ёхуд муносабатга таҳлилий муносабат

0

Мажбурий ижро бюроси мутасаддилари Пайариқдаги ҳолат бўйича муносабат билдирди.

Энди шу берилган муносабатни таҳлил қилиб чиқсак. Матнда айтилишича, Мажбурий ижро бюросининг Пайариқ туман бўлими ходимлари томонидан “Гулзор” маҳалласида яшовчи истеъмолчининг 7 млн 397 минг 564 сўм қарздор эканини айтишган ва қарздорлик зудлик билан тўланмаса, чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилган. Ҳолат Пайариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутасаддилари томонидан ўрганилиб, истеъмолчининг 232 минг 751 сўмлик ортиқча тўлови борлиги аниқлангани билдирилган.

Мажбурий ижро бюроси томонидан олиб борилган ўрганишда Бюронинг Пайариқ туман бўлими давлат инспектори А. Абдукаримов, туман электр тармоқлари корхонаси томонидан тақдим этилган қарздорлик рўйхати асосида Пайариқ тумани “Гулзор” МФЙда яшовчи М. Жўрақуловага электр энергиясидан 7 млн 397 минг 564 сўмлик қарздорлиги мавжудлигини маълум қилган.

Яъни соддароқ қилиб айтадиган бўлсак ва ҳар ойда МИБ инспектори ўзига бириктирилган ҳудудда камида бир марта айланишини (аслида эса бир марта эмас, қуйида нима учун бундай деяётганимизни тушунасиз) ҳисобга олсак, демак бурунги ой бу истеъмолчида 232751 сўм аванс тўлови бўлиб, бунга қўшимча 7397564 сўм қарз пайдо бўлган, деган маъно чиқади. Бу дегани – бир ой давомида ушбу истеъмолчи гўёки 7397564+232751=7630315 сўмга электр энергияси ишлатганлиги аён бўлмоқда. Яъни, истеъмолчи 33 378, 4 кВ*с электр энергияси ишлатган бўлиб чиқмоқда.

Тасаввур қиляпсизми, ўртача бир хонадоннинг бир ойлик 300 кВ*ч (аслида Пайариқ томонларда мунтазам электр энергияси ўчишини ҳисобласак, у ерларда истаса ҳам унча ишлата олмаслиги аниқ)дан 110 (Бир юз ўн) (!!!) баравар кўп ишлатди дегани.

Хўш энди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.05.2017 даги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига назар соламиз. Унда жумладан, шундай дейилган:

2. Қуйидагилар Бюронинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш.

Хўш, шунча истеъмол аниқланган экан, бу биринчи галда ноқонуний уланишни англатмайдими? Нега унда МИБ инспектори бу вазиятни кўриб чиқмади? Бу фармондаги вазифанинг фақатгина ўзига керакли томонини кўриш эмасми? Боиси МИБ инспектори бориб, ноқонуний уланишларни деярли аниқлашга чиқмайди. Чунки уни раҳбарияти эрталабдан-кечгача “пул-пул, тушум, тушум” деб бошини ейди. У ётса ҳам, ухласа ҳам, қандай қилиб бўлса-да, пул тушумини ўйлайди. МИБнинг ўзига керакли томони – ҳақми-ноҳақми, “катта лаққани” тушум қилиб, раҳбариятдан мақтов, мукофот пули олиш ва режани бажаришини исботлайди.

Фармонни ўқишда давом этамиз: Энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш.

Эътибор беринг, “Истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш” ва берилган муносабатдан иқтибосга қаранг: “туман электр тармоқлари корхонасидаги истеъмолчининг шахсий ҳисоб варақаси ўрганилиб, натижада ушбу қарздорлик 09.06.2016 йилда туман Электр тармоқлари корхонаси ходими Акбар Пўлатов томонидан хонадондаги мавжуд ҳисоблагич кўрсаткичи дастурга нотўғри киритилиши оқибатида ҳосил бўлганлиги аниқланган”.

Мана шу истеъмолчиларнинг қарздорлигини камайтирилишини таъминлаш фақатгина истеъмолчига ҳақ ёхуд ноҳақ ёзилган қарзни ҳар қандай йўл билан бўлса-да ундириб эмас, балки ўша дастурга кўрсаткичлар тўғри киритилишини назорат қилиш ва бунақанги катта кўрсаткични кўрганда: “Эй, биродар, шошма-чи, бу қурғур, бундан 15 йил аввал яратилган ва устида деярли янгиланиш ишлари олиб борилмаган (чунки дастур яратувчиси бўлмиш “Фидо-Бизнес” корхонасига “Ўзбекэнерго” ёки МИБ ушбу маънан эскирган ва бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган ПК “Электроучёт” дастурини модернизация қилиш учун бир тийин пул ажратгиси йўқ) дастурда хато ўтмадимикин, шунча ҳам катта қарз бир ойда қандай пайдо бўлиб қолди, бир шу туман электр тармоқларига бориб аниқлай-чи, яна шунақа вазиятлар бордир, бориб, кўриб, бартараф қилай, балки Фармонда ёзилганидек, истеъмолчиларнинг қарздорлигини камайтирилишини таъминларман”, дейиш билан бўлмайдими?

Аслида бўлади, лекин амалда йўқ. Нега дейсизми? Чунки биринчидан, аввал айтиб ўтганимиздек, МИБнинг ўзига керакли томони – ҳақми-ноҳақми, “катта лаққа“ни тушум қилиб, раҳбариятдан мақтов, мукофот пули олиш ва режани бажариш ва иккинчидан, МИБчи бошини оғритиб, бир нарсани таҳлил қилиб, фикрлашдек қийин бўлган жараёнга берилиб нима қилади? Агар айбдор бўлмаса, истеъмолчи ўзи исботлайверсин – мана МИБчининг фалсафаси!

Яна Фармонга қайтамиз ва эътибор берамиз: Энергия ресурсларини сотиш ва истеъмоли ҳисобини юритишда иштирок этиш.

Пайариқда бўлган вазиятда МИБ инспектори шу талабни бажардими? Табиийки йўқ, у истеъмолчи қарзи ва кўрсаткичини, аввалда айтганимиздек, ҳеч бир таҳлил қилмасдан, яъни ҳисобини юритишда иштирок этмасдан (чунки истеъмолчининг эшигига тақиллатишдан аввал ҳар қандай теран фикр юритувчи ходим бунақанги рақамларни кўриб, истеъмол ҳисобини юритишдан шубҳаланар эди ва аниқлик киритар эди, яъни “истеъмол ҳисобини юритишда” фармонда айтилганидек иштирок этар эди) дабдурустдан қарзни истеъмолчига илдирмоқчи бўлди. Нега дейсизми? Чунки икки марта айтганимиз аксиома бор: “МИБнинг ўзига керакли томони – ҳақми-ноҳақми, “катта лаққа“ни…»

Бундай ишлаш орқали МИБчи вазиятни, тизимдаги мавжуд муаммо ва ҳолатни ўрганмайди ва фақатгина тушум қилишни ўйлайди, холос. Ҳолбуки, Президент фармонининг яна бир бандига қараймиз ва гувоҳ бўламизки, бу банд ҳам бажарилмаган:

Комплекс таҳлил ўтказиш, тизимли муаммоларни аниқлаш, энергия ресурслари учун ҳисоб-китоб қилинишини таъминлаш ва мажбурий ижро тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Ўқувчида табиий савол туғилиши мумкин: “Фармонда шунча талаб бор экан, МИБ ушбу ҳаракати билан фармоннинг нақ 4 бандини қўпол равишда бузибди, нега МИБга нисбатан чора кўрилмайди?”

Яна фармонга қайтсак: “Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш, суриштирув ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш”

Энди эса ўша MIB томонидан билдирилган муносабатдан иқтибос келтириб, “маъмурий ҳуқуқбузарликлар (яъни, бу ерда ҳам МИБ инспекторининг юқоридаги 4 та бандни бажармаганлиги ва ТЭТК ҳисобчисининг дастурга нотўғри кўрсаткич киритганлиги) тўғрисида юритган “ишлари”га қараймиз: “Шундан сўнг, 2018 йил 12 июнь куни давлат инспектори А. Абдукаримов томонидан тумандаги “Энергия ресурслари ва сув таъминоти бўйича мавжуд умидсиз ва асоссиз ҳисобланган қарздорликларни ўрганиш тўғрисида” тузилган ишчи гуруҳ аъзолари билан хатлов ўтказилиб, далолатномага асосан электр энергиясидан асоссиз ҳисобланган қарздорлик истеъмолчига амалий ёрдам кўрсатиш орқали ҳисобдан чиқарилган ва 232.751 сўмлик ортиқча тўлови мавжудлиги аниқланган”.

Эътибор беринг, шундан сўнг, яъни бечора истеъмолчини “7 млн 397 минг 564 сўмлик қарздор эканини айтишганини ва қарздорлик зудлик билан тўланмаса, чора кўрилиши ҳақида огоҳлантириши” каби асабга тегувчи гаплар билан оромини бузгандан сўнг!

Яна фармонга қараймиз:

4. Бюро ва унинг ҳудудий тузилмаларига энергия ресурсларини етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасидаги вазифаларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

энергия ресурслари етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги ҳамда ҳаққонийлиги, ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан, шу жумладан, хўжалик юритувчи субъектларда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши билан келишмаган ҳолда текширишлар ўтказиш;

Мана сизга ҳаққонийликнинг текширилиши!

Яъни, ўзлари қилиб қўйган хатони англаб етгач, ўзи ярим соатлик ишга, «важоҳатлироқ кўринсин, авом халқ тушунмайди», деган фикр билан ишчи гуруҳ тузиб, “амалий ёрдам” берилганмиш. Тасанно!

Мана сизга МИБ фаолиятига қисқа бир назар. Сабаб – яна учинчи марта айтганимиз аксиома бор: “МИБнинг ўзига керакли томони – ҳақми-ноҳақми, “катта лаққа“ни тушум қилиб, раҳбариятдан мақтов, мукофот пули олиш ва режани бажариш”.

Хулоса ўзингиздан, азиз ўқувчи!

Лазиз Хўжақулов 

Манба: ЎзА

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here