ҚОРА ҚИСМАТНИНГ ҚУЛИ… (35-қисм. Иккинчи фасл. Воқеалар реал ҳаётдан олинган)

0

 

* * *

 

Овқатланиб бўлганимиздан сўнг Хурсанали поччам қаршисидагиларга аланг-жаланг кўз ташлаб олди-да, мени ташқарига имлади.

«Меҳмон атойи худо» деганлар. Истар-истамас ўрнимдан туриб унга эргашдим.

— Жиян, — деди йўлакка чиққач Хурсанали поччам. — Мен-чи, меҳмонхонада қолсам ҳам бўларди. Локигин уят бўлармикан дедим. Ахир, жиянимиз юрт сўраб турган бўлса, шу ерда яшаса. Биз меҳмонхонага кириб ётсак тўғри келмасди-да! Хуллас, анави йигитлар эгизакларим. Худо бизга қаторасига эгизак ўғимлларни бериб ташлаган.

Мен бақрайганча поччамга боқар, тезроқ мақсадга ўтишини кутардим.

— Энди гап мундай, — деди ниҳоят у гапни кесиб. — Сен шу эгизакларимни ўқишга киритиб берасан. Аммангнинг ҳурмати. Эшитса хурсанд бўлади. Хўш, нима дейсан?..

— Ахир…

Мен нимадир демоққа чоғландим. Афсуски, поччам тағин гапни илиб кетди.

— Ахир-пахири йўқ, — деди қўл силтаб. — Бугун сеникида ётиб қоламиз. Эртага ҳужжатларини топширишга оборасан. Ҳа-ми, йўқми?..

Нима ҳам дердим? Қарши сўз айтишга ожизман. Кўрсам таниб-танимайдиган ўша аммамнинг ҳурмати учун рози бўлишга мажбур эдим.

 

* * *

 

Ярим тун чўкди. Сусанна иккимиз йўлакка юпқа бир кўрпачани тўшаб, бир-биримизга суянган кўйи мудрардик. Қотиб ухлаб қолишнинг сира имкони йўқ. Ичкари хонада тоғам Мардон ва Хурсанали поччамлар галма-галига хурракнинг адабини беришаяпти. Тинглаб турсангиз, трактор ва бульдозер бир-бири билан пойга ўйнаётгандек туюлади.

Шу тахлит ўй сурганча ўтиравердим. Хуррак товушлари орасида ташқаридаги итларнинг акиллашига қулоқ тутдим. Ўзимча қандай ит эканини аниқлашга уриндим. Шундай қилсам, вақт тезроқ ўтадигандек, ўзим чалғийдигандек туюлди.

Бир пайт Сусанна негадир силкина бошлагандек бўлиб илкис бошимни кўтардим.

— Ҳа, нима бўлди? — сўрадим шивирлаб. — Йиғлаяпсанми?

У қоронғиликда менга боқиб, кўз ёшларини енгига артди.

Бу аҳволини кўриб этим музлаб кетди. Биламан, биз қанча азобларни бирга бошдан ўтказдик. Энди-энди жонимиз ҳузур ола бошлаганда, уй чақирилмаган меҳмонлар билан лиқ тўлиши, ўзимиз йўлакда қолиб кетишимиз ҳеч қайси қолипга сиғмайди. Сусанна шундан ранжиган. Менинг айбим билан у озор чекаяпти.

— Сиз бошқа хаёлга борманг, — деди у худди ичимдагини топгандек. — Меҳмонларнинг кўплигидан негадир кўнглим бўшаб кетди.

— Нимага кўнглинг бўшайди? Бирор гап бўлдими?

Сусанна оғир хўрсиниб елкамга бош қўйди.

— Болаларим эсимга тушиб кетди, — дея яна пиқ-пиқ йиғлай бошлади Сусанна. — Улар ҳозир олисда. Нима қилаётган экан? Неча йиллардан бери уларни кўришдан, бағримга босишдан маҳрумман, Қодир ака. Онажоним кечалари тушимга кириб чиқади. Йиғлай-йиғлай ухлаб қоламан. Сизни уйғотай дейман-у, аяйман. Ахир, куни билан ишлаб чарчайсиз. Кечаси мен ҳам уйғотиб олсам, нима бўлади?.. Қанийди, замон чархпалаги бир айланса-ю, икки ўғлим, онам, ука-опаларим ёнимда бўлиб қолишса…

Бу ҳасратларни жим туриб тинглаш қанчалар оғирлигини фақат ўзим биламан.

Бошимга биров гурзи билан туширган каби сал қурса ўрнимдан туриб кетаёздим.

Миям қизиб, пешонамни совуқ тер қоплади.

Хўш, қандай овутай уни? Ҳаммасига ўзим сабабчиман-ку! Қўлим калта, уёқларга сира етказа олмайман. Аслида буларнинг ҳаммасини Сусаннани никоҳлаб олишдан аввал ўйлашим керак эмасмиди?

— Сиз сира ғам чекманг, — дея мени юпата бошлади Сусанна. — Сезиб турибман. Эзилаяпсиз, мени юртимга жўната олмаганингиздан афсусдасиз. Ундай қилманг. Мен бахтиёрман. Чунки сизни севаман. Юрт нима бўпти? Бир кун келади, икковлашиб борамиз. Ўғилларимниям кўрамиз… Қўйинг, мен бироз йиғласам, кўнглим бўшайди, ҳаммаси ўз жойига тушади. Ундан кўра, бироз мизғиб олинг. Эртага ўгай отангиз ташвиши билан елиб-югуришингиз зарур.

Бу гаплардан кўнглим анча кўтарилди. Пушаймонлар нари кетди. Сусаннага меҳр аралаш боқиб, хушбўй сочларини тўйиб-тўйиб ҳидладим.

Шу кўйи ярим соатча ўтиргач, чарчоқ енгиб кўзларимни юмдим. Уйқуга кетишдан олдин худди мендан кимдир тортиб олиб қўядигандек, Сусаннани маҳкам қучоқлаб олдим.

 

* * *

 

Туш кўрибман. Сершовқин шаҳарда эмишман. Сочларим тўзғиган, қора терга ботган ҳолда атрофга аланглаб, Сусаннани қидирмоқдаман. У ҳозиргина уйдан чиқиб, каттакон дўкон тарафга қараб юрганди. Қарама-қарши тарафдан келаётган баланд бўйли, малласоч эркакни кўрди-ю, тўхтади. Мен ҳайрон бўлиб уларни кузата бошладим.

Эркак унга нималарнидир куйиб-пишиб уқтирар, Сусанна эса бошини эгганча сукут сақларди.

Шу маҳал малласоч Сусаннамнинг қўлтиғидан олди. У қаршилик кўрсатмади.

Икковлари номаълум тарафга кета бошлашди. Бу манзарани кўргандан жоним чиқиб кетса афзал эди.

Оёғимни қўлга олиб улар кетган томонга чопдим. Шаҳарга одам дегани сиғмасди. Тез югуришга йўл беришмасди. Гоҳ аёлга, гоҳ эркакка урилар, ҳар гал асабий сўкиниш билан кифояланардим.

Баъзилар азбаройи аччиқланганидан сал бўлмаса мушт тушириб қолай дерди.

Ҳансираганча марказий хиёбонга етиб бордим. Қай кўз билан кўрайки, Сусанна малласоч эркак билан шундоқ фаввора қаршисида қўл ушлашиб турарди.

— Ҳой ярамас, бевафо! — қичқирдим жонҳолатда. — Буёққа кел! Тез кел дедим!

Сусанна ҳайқириғимни эшитиб истамайгина орқасига ўгирилди. Аммо қўлларини малласочнинг қўлларидан бўшатиб олмади. Аксинча боши билан мени кўрсатиб қиқир-қиқир кула бошлади.

Жоним ҳалқумимга келай деганди. Улар тарафга юрмоқчи бўлардим. Оёқларим ўзимга бўйсунмасди.

Юрагимнинг қайсидир томири узилай-узилай дерди. Бўғзимга нимадир тиқилган каби бўғриқиб-бўғриқиб зўрға нафас олардим.

— Афсус, — дерди қалбим вужудимни турткилаб. — Барибир ажнабийлигига борди суюклигинг. Қанча орзуларинг бор эди. Ҳаммасига тупурди. Қара, ўйнаши бор экан. Охири топишибди. Сен билан ўзини тиклаб олиш учунгина яшаган экан-да! Сен овсарсан, аҳмоқсан! Агар ақлинг бўлса, уни назоратга олардинг, Қодир!.. Ҳалиям бўлса, бор, малласочнинг башарасига тушир! Токи Сусанна тан берсин! Қилмишларига пушаймонлар есин!..

Шу туртки менга қувват ато этди. Елкамни босиб турган оғир юкни бир силтаниб итқитиб ташладим-да, олдинга интилдим.

Ана, уларгу жуда яқин бораяпман. Лекин юзсизлар қилт этишмаяпти. Худди мени калака қилаётгандек тобора бир-бирларининг пинжига кириб боришаяпти.

Рўпараларига бориб таққа тўхтадим-да, сўнгги бор қичқирдим:

— Сусанна! Эсингни йиғ! Ҳозир икковингниям мажақлаб ташлайман!..

Сусанна бу ҳайқириғимдан кейин аста эркакнинг қўлидан бўшалиб нари кетди. Малласоч эса мен томон юрди.

Биламан, у бақувват, муштлари нақ калламдай келади. Лекин ҳозир менга бунинг сира қизиғи йўқ.

Асабларим, аламларим бирлашиб, қўлларимни мушт қилдим ва малласочга ташландим.

— Ўлдираман!!! Йўқ қилама-а-ан!!!

У бақувват қўллари билан томоғимдан бўғиб, ўзимни фаввора ичкарисига судрай бошлади.

Сусанна шундоқ тепамда турарди-ю, нуқул масхаралаб куларди. Ора-сирада «Ўлиб кет! Ҳолинг шу экан-ку! Нимангга чиранасан! Миша кучли! Сендақаларнинг абжағини чиқариб қўяди!» дея бақирарди.

— Ҳали шунақамидинг? — малласочга қаршилик кўрсатиш асносида бақирдим унга. — Шунча пайтдан бери олдимга похол солиб юрганмидинг? Мени аҳмоқ қилганмидинг?!

— Ажаб қилибман! — баттар масхараларди Сусанна. — Сендақа ландовурларга буям кам.

— Сени ўлдираман! Ўлдираман, ярамас!

— Миша! — Сусанна мени сувга чўктиришга уринаётган малласочга қараб қичқирди. — Чўктир уни, Миша, чўктир! Ўлигиниям биров топа олмасин! Йўқ қил уни!

Малласоч у айтганидек мени қаттиқроқ бўға бошлади.

Нафасим қайтди. Оғиз-бурним сувга тўлди. Димоғимда ёқимсиз таъмни туйиб ўқчий бошладим.

— Қ-қўйвор! Қўйвор мени!..

— Нима бўлди сизга? Кўзингизни очинг!..

Кимнингдир қаттиқ турткилашидан сапчиб туриб кетдим.

Тепамда кўзларида ёш билан Сусанна ўтирар, қўрқувдан дағ-дағ титрарди.

— Қани Миша? Қани? — ҳануз қўрқинчли туш таъсиридан чиқа олмаганим боисми, нуқул аланглардим. — Кўрсат менга уни! Кўрсат!

— Бу нима деганингиз? Ҳушингизни йиғсангиз-чи!.. Қанақа Миша?

Шундан кейингина сал ўзимга келгандек бақиришдан тўхтадим.

Нариги хонадан онамнинг ув тортиб йиғлаётгани қулоғимга чалинди.

Ҳайрат аралаш Сусаннага савол назари билан боқдим.

— Турманг бундай! — беихтиёр мени ўша ёққа судрай бошлади Сусанна. — Отамиз оғирлашиб қолди. Юра қолинг!

Югурганча Нурмат қора ётган хонага ўтдим.

У нуқул хириллар, аъзойи бадани терга ботган. Онам тепасига чўнқайганча тинимсиз йиғларди.

 

* * *

 

Қайсидир фильмда кўргандим. Ожиз бир кимса зўравон қаршисида жавдираганча туриб, ундан раҳм-шафқат кутарди.

Нурмат қоранинг бугунги аҳволига гувоҳ бўлдим-у, ўша воқеа кўз ўнгимда гавдаланди.

Қалбимни хотиржамлик, фахр туйғуси эгаллади. Шу кунимга шукр қилдим.

Ҳа, у айни лаҳзаларда мендан нажот сўраш илинжида кўзларимга ростакамига жавдираб боқарди. Бу онларни қанчалар узоқ кутдим! Ётсам ҳам, турсам ҳам фақат шу ҳақда ўйладим, Яратгандан сўрадим. Мен ҳам кимларгадир керакли одамга айланиш умиди билан яшадим…

Ана шундай хаёллар билан касалхонадан чиқдим. Тоғам ва онам мени касалхона ҳовлисида кутиб туришган экан. Уларни тинчлантирган бўлиб, уйга жўнатдим-у, ўзим бир муддат шаҳар кезишни ихтиёр қилдим.

Бугун деярли ишим йўқ. Барча юмушларни олдиндан уддалаб қўйганман. Демак, сира иккиланмай кўчаларни сайр қилсам бўлади. Уйга боргандан не наф? Чақирилмаган меҳмонларнинг дийдиёсини Сусанна тинглаб тураверсин ҳозирча. Мен асабларимни бироз тинчлантирмасам бўлмайди.

Касалхонадан анча узоқлашиб, бозор йўлига чиққач, ўнгга бурилдим. Шу ёқда янги дўкон очилган деб эшитгандим. Агар рост бўлса, Сусанна учун бирор арзигулик совға харид қилишни маъқул билдим.

Шу пайт мендан беш-ўн қадамча нарида ўрта яшар, келишган, қалин малларанг сочлари елкасини ўпган бир аёл таққа тўхтади. Ортга ўгирилиб, менга бирпас қараб қолди. Сўнг қўлидаги иккита сумкани ерга қўйди-да, рўпарадаги ўриндиққа ўтириб олди. Унинг аҳволини кўриб, беихтиёр ачиниб етдим.

Нима бало? Эри армиядами дейман? Нега бир ўзи шундай оғир сумкани кўтариб юрибди? Дунё қизиқ экан-да! Шундай эркаклар ҳам бор. Хотинини бозор-ўчарга чиқариб юборади-да, ўзи узала тушиб телевизор томоша қилади.

Мен аёлнинг рўпарасига етганда, таққа тўхтадим. Очиғи, шу паллада аёлга чин юракдан кўмаклашгим келди.

У ҳам ниятимни пайқадими, тортиниброқ ўрнидан қўзғалди.

— Кеннойи, агар қарши бўлмасангиз, юкингизни оборишим қўйсам, — дедим кулимсираб. — Қарасам, жуда қийналиб кетгандек бўлдингиз.

— Вой, умрингиздан бараа топинг, — хурсанд бўлиб менга яқинлашди аёл. — Бу зил-замбил ўлгурни шу ергача аранг опкелдим, ука! Барака топинг ишқилиб!

— Қаерда турасиз? — сўрадим сумкаларни қўлга оларканман. — Узоқмасми?

— Йў-ўқ, — дея аёл анча нарига ишора қилди. — Шу йўлнинг охиридаги домда тураман. Сизга… Малол келмайдими?..

— Йўғ-э, бу нима деганингиз? Малол келса, ёнингизга келмасдим. Қани, кетдик!..

 

* * *

 

Биз олдинма-кетин аёлнинг квартирасига кириб келдик. Квартира уч хонали экан. Бу ердаги орасталикни кўрдим-у, ҳайратдан ёқа ушлай дедим. Ичкаридаги жиҳозлар дид билан териб чиқилган. Бирор ерда чанг кўрмайсиз. Шу қадар тозаки, оёқ босишга қўрқади одам.

«Жуда озода аёл экан, — ўйладим ўзимча. — Сусанна ҳам ундан уй тутишни ўрганса бўларкан. Тўғри, биз бунақанги квартирада яшамаймиз. Ҳозирча фақат тушларимизда кўра оламиз холос. Лекин хоҳласа, одам вайронани ҳам шинам бир масанга айлантира олади…»

Ўйлаб ўйимнинг охирига етмай, уй бекаси мени ошхонага таклиф қилди.

— Кечқурун мошкичири қилгандим, — деди аёл жилмайиб. — Насибангиз бор экан. Ҳозир сузиб келаман.

— Шарт эмас, — дея туришга чоғландим мен. — Қорним тўқ. Энди борай, кеннойи!..

— Мени Мавлуда деб чақираверинг! — деди аёл. — Кеннойи десангиз, ўзимни худди қариб қолгандай ҳис қила бошлаяпман.

— Узр, — сал хижолат тортиб бош эгдим. — Буёғини ҳисобга олмабман.

— Қани, ўрнашиб ўтирволинг! Сизни мошкичири билан сийламай ҳеч қаерга юбормайман…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc